close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

008. Анфол (ўлжалар) сураси

Мадинада тушган, 75 оятдан иборат

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан) 

1. (Эй Муҳаммад), сиздан ўлжалар ҳақида сўрашади. Сиз: "Ўлжалар Аллоҳ ва Унинг Расулиникидир, бас, агар мўмин бўлсангизлар Аллоҳдан қўрқинглар, ораларингни ўнгланглар, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилинглар", денг.

Бадр жангида қўлга киритилган ўлжа мол-мулклар хусусида саҳобалар тортишиб қолишди. Чунки душманга қарши курашда шижоат ва мардлик кўрсатган ёш жангчилар барча ўлжага ўзларини ҳақдор санашар эди. Уларнинг ортларида мададкор бўлиб турган мўйсафидлар эса "агар бизнинг ёрдамимиз бўлмаганида сизлар ғалаба қозона олмас эдинглар", дейишарди. Улар орасида Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиб турган бир гуруҳ ҳам бор эди, улар ҳам "ўлжалар бизнинг ҳақимиз", дейишар эди. Мазкур оятда хабар бериляптики, душманни енгиш ва зафар қозониш Аллоҳ тарафидандир, бунда ҳеч кимнинг ёрдами иш беролмайди, ўлжа молларнинг эгаси Аллоҳ ва Унинг элчиси Пайғамбардирлар, Расулуллоҳ нимага буюрсалар, шунга кўра тақсим қилинади.

2. Аллоҳ зикр этилганида дилларига қўрқув тушадиган, оятлар тиловат қилинганида иймонлари зиёдалашадиган ва Парвардигорларига таваккал қилувчилар ҳақиқий мўминлардир.

3. Улар намозларини адо этишади ва берганларимиздан эҳсон қилишади.

4. Ана шулар чин мўминлардир. Парвардигорлари ҳузурида уларга мартабалар, авф этилиш ва мўл-кўл ризқ бордир.

5. (Эй Муҳаммад), бу ҳолат мўминлардан бир гуруҳи ёқтирмай турган бўлса ҳам Парвардигорингиз уйингиздан ҳақ ҳукм билан чиқарганига ўхшайди.

Кофирларга қарши жанг қилиш учун Аллоҳнинг буйруғи келганида айрим саҳобийлар аскарнинг озлиги ва урушга тайёргарлик кўрилмагани баҳонасида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан тортишишган, кўпчилик саҳобийлар эса буйруқни эшитишлари билан жангга тайёрликларини билдиришган эди. Оят шу воқеага ишора қиляпти.

6. Худди ўлимга ҳайдаб кетилаётганларидек ва буни кўриб туришганидек сиз билан аниқ ҳақиқат ҳақида баҳслашишмоқда.

Бундай катта қўшинга тайёргарликсиз кириш ўлим билан баробар-ку, деб таҳликага тушаётганлар Аллоҳнинг мадад ва ғалаба беришини ўйламай, Пайғамбар билан баҳслашишяптими? Маккаликлар карвонини қўлга олиб, ўлжаларга эга бўлиш уларнинг Мадинага юриш қилган катта қўшинига қарши жанг қилишдан яхшироқ-ку, деганлар Аллоҳнинг иродаси ва ҳикматини ўйлашмайдими?

7. Ўшанда Аллоҳ иккисидан бирини сизларга ваъда қилган эди, сизлар эса қуролсизини қўлга киритишни истайсизлар. Аллоҳ эса Ўз каломи билан ҳақиқатни рўёбга чиқаришни ва кофирларнинг илдизини қуритишни ирода қилган эди. 

8. Мушриклар яхши кўришмаса ҳам У ҳақни ҳақ, ботилни ботил кўрсатиш учун шуни ирода қилган эди.

9. Парвардигорингиздан ёрдам сўраганингизда: "Сизларга кетма-кет келувчи мингта фаришта билан ёрдам бераман", деб ижобат қилганини эсланглар.

Бадр жанги бошланишида Аллоҳ таоло мўминларга мингта фаришта билан ёрдам беришни ваъда қилган эди, кейин уч минг, ортидан беш минг фаришта ёрдамга келди. Бу ҳақда Оли Имрон сурасида батафсил сўз келган.

10. Аллоҳ буни дилларингиз хурсанд бўлиши ва шу билан таскин топиши учун қилди. Ғалаба эса Аллоҳнинг ишидир. Аллоҳ ҳақиқатан қудратли ва ҳикматлидир.

11. (Эй мўминлар), ўшанда хотиржам бўлишингиз учун Ўзидан омонлик билан мудроққа солганини, сизларни поклаш, шайтон васвасасини кетказиш, дилларингизни қатъий, қадамларингизни собит қилиш учун осмондан ёмғир туширганини эсланглар.

12. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фаришталарга: "Мен албатта сизлар билан биргаман, мўминларга далда беринглар. Кофирларнинг дилларига қўрқув соламан, уларнинг бўйинларини узинглар, қўлларини синдиринглар", деб буюрган эди.

13. Бу уларнинг Аллоҳга ва Расулига қарши чиқишгани учундир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши чиқса, Аллоҳнинг жазоси албатта қаттиқдир.

14. Жазо ҳам тайин, кофирларга албатта дўзах азоби бордир.

Бадр жанги мусулмонларга ҳақиқатан катта синов бўлган эди. Чунки мусулмонлар сон жиҳатидан озчилик эди, қурол-аслаҳалари ҳам етишмасди. Қаршиларига чиққан душман эса улардан уч баравар кўп, қуроллари мукаммал эди. Кофирлар бошданоқ жанг майдонининг яхши тарафини эгаллаб олишди, сув манбалари ҳам уларда эди. Мусулмонларга пастликда, оёқлари қумга ботиб, чанг-тўзон ичида жанг қилишга тўғри келди. Сув топилмагани учун таҳорат ва ғусл қилишда катта қийинчиликларга учрашди. Мана шундай оғир бир пайтда Аллоҳ таоло раҳмати билан осмондан мўл-кўл ёмғир ёғдирди, қумлар қотиб, юриш осонлашди, ичиш ва покланиш учун сув етарли бўлди. Кофирлар турган ерлар серсув, балчиқ бўлгани учун ёмғирдан сўнг уларнинг юриши қийинлашиб кетди. Яхши қуролланган катта қўшин қаршисида қўрқув ва паришонлик ичра турган мўминларга яна Аллоҳ шундай бир мудроқ юбордики, уйқудан уйғонишганида дилларида қўрқув ва хатардан асар ҳам қолмаган эди. Аллоҳ таоло бу жангда мусулмонларга яна фаришталари билан ҳам ёрдам берган ва улар мўминлар ғалабасига кўмаклашишган эди.

15. Эй мўминлар, кофирлар лашкарига тўқнаш келганда ортга чекинманглар.

16. Жанг ҳийласи ёки бошқа гуруҳга қўшилиш ҳолатларидан ташқари ким ортга чекинса, албатта Аллоҳнинг ғазабига учраган бўлади, унинг жойи дўзахдадир, нақадар ёмон жой у!

Жанг майдонида худди душмандан қочгандай бўлиб, кейин яна бошқа тарафдан келиб жанг қилишга ўхшаш ҳарбий ҳийлалар ёки қочиб келиб мусулмонлар лашкарига қўшилмоқчи бўлишдан ташқари ҳамма ҳолатларда жанг майдонини ташлаб ортга қочганлар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишади ва жойлари дўзах бўлади.

17. Уларни сизлар ўлдирмадинглар, Аллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад), тупроқни сиз отмадингиз, Аллоҳ отди, буни мўминларга гўзал эҳсони сифатида қилди. Аллоҳ ҳақиқатан эшитувчи ва билувчидир.

Бадр жангида Жаброил алайҳиссалом келиб, Пайғамбаримизга бир сиқим тупроқ олиб, мушрикларга отишни айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганларида юз-кўзига тупроқ тегмаган бирорта мушрик қолмайди ва улар тумтарақай қоча бошлайди.

18. Булар Аллоҳнинг ҳақиқатан кофирлар ҳийласини сусайтирганидандир.

19. (Эй кофирлар), орани очишни сўраган бўлсангизлар, сўраганингиз келди. Агар тийилсангизлар, ўзларингизга яхшироқ. Агар яна бошласангизлар, Биз ҳам шундай қиламиз. Қанчалар кўп бўлишингиз сизга фойда беролмайди, чунки Аллоҳ мўминлар билан биргадир.

Ривоятларда келишича, Макка мушриклари раҳбари Абу Жаҳл ва унинг дўстлари Маккадан жангга жўнаш олдидан Каъба ғилофидан ушлаган ҳолда: "Парвардигоро, бизлар ёки мусулмонлардан қай бирининг ҳузурингда ҳурмат-даражаси ортиқ бўлса, ўшани ғолиб қил", деб ёлборишган. Оятда айтиляптики, мана сизлар сўраган нарса амалга ошди, энди тавба қилинглар, Аллоҳ таоло ҳамиша мусулмонлар билан биргадир!

20. Эй мўминлар, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар, оятларни эшитиб туриб ҳам юз ўгириб кетманглар.

21. Эшитмаса ҳам "эшитдик" дейдиганлардан бўлманглар.

22. Аллоҳ наздида кар, соқов бўлиб, ақлини ишлатмайдиганлар энг ёмон жонзотлардир.

23. Агар Аллоҳ уларда яхшиликни билганида эшитувчи қилиб қўярди, лекин шундай қилса ҳам улар албатта қайсарлик билан ўгирилиб кетишарди.

24. Эй мўминлар, ҳаётбахш нарсага чорлаганларида Аллоҳ ва Унинг Расулига жавоб қилинглар. Билингларки, Аллоҳ инсон ва унинг дили ўртасида туради. Албатта Унинг ҳузурида тўпланасизлар.

Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари нимага чақиришган бўлса, бандаларнинг ҳақиқий ҳаётлари, икки дунё саодатига эришишлари ўша нарсаларга боғлиқдир. Инсонлар даъват қилинаётган нарсалар иймон ва Ислом, Аллоҳни таниш ва Унинг розилиги йўлида ҳаёт кечиришдир. Шунинг учун улар Пайғамбар орқали келган Аллоҳнинг амр-фармонларига жон-дил билан итоат қилишлари лозим. Аллоҳ бандаларига шунчалик яқинки, улар дилидаги нарсаларгача билиб туради. Ҳамма Унинг ҳузурида тўпланиши ҳақиқат бўлганидан кейин амр-фармонларига сўзсиз бўйсуниш керак бўлади.

25. Ва золимларингизнинг ўзигагина тегмайдиган фитнадан сақланинглар, билингларки, Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.

26. Сизлар бу ерда озчилик, нотавон бўлганингизни, одамлар тутиб олишидан қўрқиб юрганингизни эсланглар. Шунда Аллоҳ сизларга жой берди, ёрдами билан қўллади, покиза нарсалардан еб, шукр қиларсизлар, деб ризқ берди.

Яъни озчиликмиз, кучимиз ҳам заиф деган хаёлда Аллоҳнинг жиҳодга чорловини бажаришда сусткашлик қилманглар. Эсламайсизларми, Маккада юрган пайтларингизда ҳам кам сонли, заиф, нотавон эдинглар, ҳатто мушриклар тутиб олмасин деган қўрқувда юрардинглар. Кейин Аллоҳ сизларга Ясриб (Мадина) дек тинч, фаровон шаҳарда яшашни насиб этди. Мадиналик ансорлар ва маккалик муҳожирлар ўртасида беназир дўстлик ва биродарлик алоқасини ўрнатди. Худди шу каби Бадр маъракасида ҳам Ўзининг ёрдами билан сизларга ғалабани ато қилди, кофирларнинг илдизини қуритди. Шояд шукр қилсангизлар, дебсизларга ҳалол ва покиза ғанимат-ўлжаларни ато этди.

27. Эй мўминлар, Аллоҳга ва Унинг Расулига ҳамда билатуриб бир-бирларингизнинг омонатларингизга хиёнат қилманглар.

"Аллоҳга ва Унинг Расулига хиёнат қилиш" уларнинг ҳукм ва кўрсатмаларига қарши иш тутиш ёки ўлжа молларини ўғирлашдир.

28. Билинглар, молларинг ва фарзандларинг бир синовдир, Аллоҳ ҳузурида улуғ мукофотлар бор.

29. Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, У сизларга фурқонни беради, гуноҳларингизни кечириб, мағфират қилади ва Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

"Фурқон" ҳақ билан ноҳақни ажратиш, ҳақ йўлга ҳидоят қилиш маъноларини билдиради.

30. (Эй Муҳаммад), кофирлар сизни қўлга олиш ё ўлдириш ёки ҳайдаб чиқариш учун макр қилишганини эсланг. Улар макр қилишди ва Аллоҳ ҳам "макр" қилди, Аллоҳнинг "макри" зўрроқдир.

Бу воқеа Маккаи мукаррамада ҳижрат (Мадинага кўчиш)дан олдин содир бўлган эди. Оятдаги "макр" сўзи  луғатда «махфий суратда нозик бир тадбир қилиш» маъносини билдиради. Бу ўринда «макр» мажозий маънода келган. Муфассирлар ёзишларича, Қуръони каримнинг бир неча оятларида мушрик ва осийларга қарата зикр этилган бу «макр» Аллоҳнинг қудрати, ғазаби ва азобига ишорадир.

31. Уларга оятларимиз ўқилганида: "Буларни эшитганмиз, агар хоҳласак, шунақасини ўзимиз ҳам айта оламиз, булар ўтганларнинг афсоналари, холос", дейишади.  

Маккалик мушриклардан Назир ибн Хорис шундай деган эди.

32. Яна уларнинг: "Эй Худо, агар бунинг ҳузурингдан келгани рост бўлса, устимизга осмондан тош ёғдир ёки бошқа бирор қаттиқ азоб юбор", деганларини эсланг.

33. Модомики улар ичида экансиз, Аллоҳ уларни азобламайди. Кечирим сўраб туришганида ҳам Аллоҳ уларга азоб юбормайди.

34. Унинг эгаси бўлишмаса-да, Масжидул-Ҳаромдан халқни тўсишса ҳам Аллоҳ уларни азобламасинми? Тақводорлардан бошқаси унга эгалик қилолмайди, лекин кўпчилик буни билмайди.

35. Уларнинг Байтуллоҳ олдидаги "ибодат"лари ҳуштак ва чапак чалишдан иборат, холос. Энди куфрларингиз азобини тотаверинглар.

Макка мушриклари мусулмонларнинг Масжидул-Ҳаромда намоз ўқишларига йўл бермай, тўсқинлик қилишар, мол-дунёларини шунга сарфлашар эди. Ўзлари эса яланғоч ҳолатда "ибодат" қилишар, намоз ўрнига ҳуштак ва қарсак чалишар эди.

36. Кофирлар молларини Аллоҳ йўлидан тўсишгагина сарфлашади. Сарфлашадию, ўзларига ҳасрат бўлади. Кейин кофирлар мағлубиятга учраб, дўзахга ҳайдалишади.

 Бадр жангида мушрикларнинг ўн икки сардоридан биттаси кунига лашкарга таом етказиб туришга қарор қилди. Шу аҳдга мувофиқ улардан бири ҳар куни ўнта туя сўйиб, гўштини аскарларга тарқатар эди. Улар мағлубиятга учраб Маккага қочишгач, Шомдан келган савдогарларнинг молини ҳам мусулмонлардан ўч олиш йўлида сарфлашга қарор қилишди.

37. Бу Аллоҳнинг нопокни покдан ажратиши, нопокларнинг баъзиларини баъзиларига қўшиб, ҳаммаларини дўзахга ташлаши учундир. Ана шулар зиён кўрувчилардир.

38. (Эй Муҳаммад), кофирларга айтинг, агар ўзларини тийишса, қилган гуноҳлари кечирилади, яна қайтгудай бўлишса, олдингиларнинг иши қайтарилади.

Инсоннинг Исломдан аввал қанча гуноҳи бўлса ҳам, мусулмон бўлгач "ҳаққул-абд" (банданинг ҳақи) дан бошқа ҳамма гуноҳлари кечирилади. Агар шундан кейин ҳам яна куфрга боришадиган бўлса, у ҳолда олдин ўтганлар дучор бўлган азоб-жазоларга йўлиқишади.

39. (Эй мўминлар), дунёда ширк қолмагунча ва Аллоҳнинг дини ғолиб бўлмагунча улар билан урушинглар. Куфрдан қайтишса, Аллоҳ уларнинг ишларини кўриб турувчидир.

Исломда жиҳоддан мақсад шуки, дунёда куфрнинг қуввати ва шавкати қолмасин, ҳукм фақат ягона Аллоҳ тарафидан бўлсин, яъни ҳамма ерда илоҳий қонунлар устивор бўлсин.

40. Агар улар юз ўгиришса, билингки, Аллоҳ ҳомийингиздир, У нақадар яхши ҳомий ва нақадар яхши мададкордир.

 

ЎНИНЧИ ЖУЗ

41. Билиб қўйинглар, агар Аллоҳга ҳамда ажрим куни – икки гуруҳ тўқнашган куни бандамизга туширган нарсамизга иймон келтирган бўлсанглар, ўлжага олган нарсаларингнинг бешдан бири Аллоҳ, Пайғамбари, унинг қариндошлари, етимлар, муҳтожлар ва мусофирлар ҳақидир ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

Ушбу сура бошланишида: "Ўлжалар Аллоҳ ва Унинг Расулиникидир", дейилган эди. Шу ўринда мазкур жумлани бироз шарҳлашга тўғри келади. Кофирларга қарши урушда қўлга киритилган мол-ўлжаларнинг бешдан тўрт қисми лашкарга (отлиққа икки ҳисса, пиёдага бир ҳисса қилиб)  бўлиб берилган. Қолган бир қисми эса оятда зикр қилинганидай Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ажратилган. Пайғамбаримиз эса ана шу улушни беш тоифага: аввал ўзларига, кейин Расули акрамга ёрдам берган яқин қариндошлари ва Аҳли байтларига (чунки уларга закот олиш ҳаром бўлган), учинчиси – етимларга, тўртинчиси – муҳтож мусулмонларга, бешинчиси – мусофирларга берганлар. Пайғамбаримиз вафотларидан сўнг ана шу беш тоифанинг учтаси: етимлар, муҳтожлар ва мусофирлар ўлжага ҳақдор бўлишган, муҳтожларга ажратилганда олдин Расулуллоҳ қариндошлари эътиборга олинган.

"Фурқон" (ажрим) куни Аллоҳ таоло ҳақ билан ботилни ажратган, мусулмонлар ва мушриклар гуруҳи тўқнашган Бадр жанги кунидир.

42. Ўшанда сизлар водийнинг бу кунорасида, улар у кунорасида, карвон эса сизлардан пастроқда эди. Ваъдалашганингизда ҳам келишилган жой ва вақтда учраша олмасдинглар. Лекин Аллоҳ ҳалок бўлувчи очиқ ҳужжат билан ҳалок бўлиши, тирик қолувчи очиқ ҳужжат билан тирик қолиши учун бўладиган ишни охирига етказди ва Аллоҳ ҳақиқатан эшитувчи, билувчидир.

Яъни, кофирлар танлаган йўл ҳалокатга олиб боради, мусулмонлар танлаган йўл эса саодатга олиб борувчи ҳидоят йўлидир, бу нарса очиқ-ойдин ҳужжат билан собит бўлган. Аллоҳ шу ишни охирига етказиш учун Бадр кунини танлади: бир-бирларидан бехабар икки томондан йўлга чиққан Қурайш мушриклари ва Мадинада истиқомат қилаётган мусулмонларни  Шомдан келаётган тижорат карвони баҳонасида Бадрда тўқнаштирди.

43. (Эй Муҳаммад), ўшанда Аллоҳ тушингизда уларни оз қилиб кўрсатганини эсланг. Агар кўп кўрсатганида тушкунликка тушиб, бу иш ҳақида тортишган бўлардинглар. Лекин Аллоҳ сақлади, У диллардаги сирларни билувчидир.

44. (Эй мўминлар), Аллоҳ бўладиган ишни охирига етказиш учун ўшанда уларни кўзингизга оз қилиб кўрсатганини, сизларни улар кўзига кўп қилиб кўрсатганини эсланглар ва ҳамма ишлар Аллоҳга қайтарилади.

45. Эй мўминлар, душман жамоасига рўпара келганда саботли бўлинглар ва нажот топиш учун Аллоҳни кўп зикр қилинглар.

"Зикр"дан мурод, намоз, дуо, такбир-таҳлил каби турли зикрлардир. Аллоҳнинг дўстлари Уни кўп эслаш, номини улуғлаш билан ором ва қувват топишади. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари (сафдошлари)нинг энг асосий машғулотлари ҳар бир мажлисда Аллоҳнинг зикри эди. Душман билан рўбарў бўлганда собитқадамлик, сабр ва матонат, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат, уларнинг буйруқ-кўрсатмаларига бўйсуниш уларга хос сифатлар эди. Ибн Касир улар ҳақида бундай деганлар: "Пайғамбар саҳобалари шаҳодат эшигида эдилар. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари буюрган нарсаларга амал ва итоат қилишарди. Бу билан Шарқу Ғарбдаги бутун иқлимлар қалбини фатҳ қилишди…" Ҳақиқатан Расули акрамнинг саҳобалари намуналари билан араблардан ташқари, румликлар, эронийлар, турклар, славянлар, қибтийлар, занжилар ва бошқа миллатларни Ислом билан шарафлантира олишди.

46. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар ва тушкунликка тушиб, куч-қувват тарк этмаслиги учун ўзаро низога борманглар. Сабр қилинглар, Аллоҳ сабрлилар биландир.

47. Уйларидан кибр ва одамларга ўзларини кўрсатиш учун чиқувчи, Аллоҳнинг йўлидан тўсувчиларга ўхшаманглар. Аллоҳ уларнинг барча қилмишларидан хабардордир.

48. Ўшанда шайтон уларга амалларини чиройли қилиб кўрсатди ва: "Бугун ҳеч кимса сизларни енга олмайди, мен ҳимоячингизман", деди. Икки жамоа тўқнашгач эса орқасига қочди ва: "Сизлардан безорман, кўрмаётган нарсангизни кўряпман, мен Аллоҳдан қўрқаман", деди. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

49. Ўшанда мунофиқлар ва дили маразлар: "Анавиларни дини мағрурлантириб қўйибди", дейишди. Ким Аллоҳга таваккал қилса, Аллоҳ албатта қудратли ва ҳикматлидир.

50. (Эй Муҳаммад), агар фаришталар кофирларнинг жонларинии қандай олишларини кўрганингизда эди. Юзлари ва кетларига уриб айтишарди: "Ёниш азобини кўринглар;

51. бу қўлларингиз билан қилганларингизнинг жазосидир, Аллоҳ зулм қилувчи эмас".

52. Бу худди фиръавнийлар ва улардан олдин ўтганларнинг қилмишлари кабидирки, улар Аллоҳ оятларига куфр келтиришди, шунда Аллоҳ уларнинг гуноҳлари туфайли жазолади. Аллоҳ ҳақиқатан қудратли ва жазоси қаттиқдир.

53. Бу Аллоҳнинг бир қавмга берган неъматини то улар ўзларини ўзгартиришмагунича ўзгартирувчи эмаслигидандир ва Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.

54. Бу худди фиръавнийлар ва улардан олдин ўтганларнинг қилмишлари кабидирки, улар Парвардигорлари оятларини ёлғонга чиқаришди. Гуноҳлари сабабидан уларни ҳалок қилдик ва фиръавнийларни ғарқ қилдик, ҳаммалари золим эди.

55. Аллоҳ ҳузурида махлуқларнинг энг ёмони кофирларидир, улар иймон келтиришмайди.

56. Улар орасида сиз билан сулҳ тузгандан кейин ҳам ҳар сафар уни қўрқмасдан бузаверадиганлари бор.

57. Улар билан жангда тўқнашсангиз, издошлари сабоқ олишлари  учун ўлдиринг.

58. Агар бир қавмнинг хиёнатидан қўрқсангиз, улар билан баравар сулҳни бузинг, Аллоҳ хоинларни ёмон кўради.

Яъни, сулҳ шартномасининг бузилганини ҳар икки томон баробар билсин, яна сизни, эй Муҳаммад, вафо қилмасликда айблаб юришмасин. Чунки аҳдга вафо қилмаслик Исломда хоинлик саналади, Аллоҳ хоинларни ёмон кўради.

59. Кофирлар "ютдик" деб ўйлашмасин, улар асло қочиб қутула олишмайди.

60. (Эй мусулмонлар), уларга қарши бор қуролларингизни ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйинглар. Бу билан Аллоҳнинг ҳамда ўз душманларингизни, Аллоҳгина биладиган, сизлар билмайдиган бошқа душманларни ҳам қўрқувга соласиз. Аллоҳ йўлида нима сарфласангиз, зулм қилинмай тўла қайтарилади.

Душманга қарши курашда шариат буюрган зарурий сабабларни тарк қилиб, Аллоҳ таолога таваккал қилиб ўтиришнинг ўзигина яхши эмас.Мусулмонларнинг имкон борича жангга керакли қурол-аслаҳа ва уловларни тайёрлаб қўйишлари фарздир. Расули акрам замонларида жангда чавандозлар, қиличбозлар каби ҳарбий истеъдодларга эҳтиёж бўлган, ҳозирги пайтда эса замонавий қурол-яроғ, техникаларни ўрганиш талаб этилади. Аллоҳ йўлидаги урушларга қанча мол-маблағ сарфланса ҳам, ҳеч кимга зулм қилинмай Аллоҳ томонидан тўлиғича эгасига қайтарилади.

61. (Эй Муҳаммад), агар улар сулҳга мойил бўлишса, сиз ҳам мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккал қилинг. У ҳақиқатан эшитувчи ва билувчидир.

62. Агар улар алдамоқчи бўлишса, сизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У  ёрдами ва мўминлар билан сизни қўллади.

63. Ва дилларини улфат қилди. Агар Ер юзидаги барча бойликни сарфлаганигизда ҳам улар қалбини бирлаштира олмасдингиз, лекин Аллоҳ бирлаштирди. У ҳақиқатан қудратли ва ҳикматлидир.

64. Эй Пайғамбар, сизга ва эргашувчиларингизга Аллоҳ  кифоядир.

65. Эй Пайғамбар, мўминларни жангга рағбатлантиринг. Агар сизда йигирма сабрли мужоҳид бўлса, икки юзни енгади. Агар сизда юз нафар бўлса, кофирларнинг мингини енгади. Бу уларнинг англамас қавм эканликларидандир.

66. Энди Аллоҳ юкингизни енгиллаштирди, чунки сизларнинг ожизлигингизни билади. Агар сизда юзта сабрли бўлса, икки юзни енгади, агар мингта бўлса, Аллоҳ изни билан икки мингни енгади. Аллоҳ сабрлилар билан биргадир.

"Саҳиҳи Бухорий"да Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинишича, биринчи оятдаги ҳукм, яъни бир мусулмоннинг ўн кофирга тенг келиши бироз оғирлиги маълум бўлгач, "Энди Аллоҳ юкингизни енгиллаштирди" деган иккинчи оят туширилди ва биринчи оятни мансух (бекор) қилди. Энди икки кофирга қарши бир мусулмон урушсин, агар иккидан кўпроғига қарши турса, мукофоти янада катта бўлади. Чунончи, пайғамбаримиз даврларида бир минг мусулмон душманнинг саксон минг қўшинига қарши жанг қилган, Мута урушида эса уч минг мусулмон икки юз минг кофирга қарши урушган.

67. Пайғамбарга Ер юзида ғолиб бўлмагунича асир олиш жоиз эмас. (Эй мўминлар), дунё матоҳларини истаяпсизлар, Аллоҳ эса охиратни хоҳлайди, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир.

68. Агар Аллоҳнинг ёзуғи бўлмаганида олган нарсаларингиз учун улкан азоб берилар эди.

69. Ўлжага олганларингизни ҳалол-пок ҳолда енглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ кечирувчи ва меҳрибондир.

Бадр жангида етмиш нафар кофир мусулмонлар қўлига асир тушди. Бу асирлар ҳақида Аллоҳ таоло мусулмонларга икки йўлдан бирини танлашни буюрди: асир тушган кофирларни ўлдиринг ёки озодлик эвазига маблағ-мол олиб асирликдан бўшатинг. Пайғамбар алайҳиссалом бу ишда саҳобаларнинг фикрларини билмоқчи бўлдилар. Шунда Абу Бакр ва кўпчилик саҳобалар маълум тўлов (фидя) олиб, асирларни озод қилиш таклифини айтишди, Ҳазрати Умар ва Саъд ибн Муоз каби саҳобалар уларни ўлдиришни ёқлашди. Баъзи саҳобийлар эса молларини олсак бойиб, янада қудратли бўлиб кетамиз, деб ўйлашди. Ана шу воқеалар хусусида бир неча оятлар туширилди.

70. Эй Пайғамбар, қўлингиздаги асирларга: "Агар дилларингизда яхшилик бўлса, Аллоҳ сизлардан олинганидан ҳам яхшироғини беради ва сизни кечиради, Аллоҳ кечирувчи ва меҳрибондир", денг.

71. Агар улар сизга хиёнат қилишни исташса, билингки, бундан олдин Аллоҳга хиёнат қилишган эди. У шунда уларга имкон берди, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.

72. Албатта иймон келтирган, кўчган, Аллоҳ йўлида молларию жонларини тикиб жиҳод қилганлар билан жой бериб ёрдам кўрсатганлар бир-бирларига дўстдирлар. Иймон келтиргану аммо кўчмаганларга то ҳижрат қилмагунларича ҳеч масъул эмассиз. Агар сиздан ёрдам сўрашса, бу сиз билан шартнома тузганларнинг зиддига бўлмаса, ёрдам беришингиз шарт. Аллоҳ нима қилаётганларингизни кўриб туради.

73. Кофирлар бир-бирларига дўст, ҳомийдирлар, агар буни қилмасангиз, Ер юзида фитна ва улкан фасод бўлади.

74. Иймон келтирган, кўчган, Аллоҳ йўлида жиҳод қилганлар билан уларга жой бериб ёрдам кўрсатганлар ҳақиқий мўминлардир, уларга мағфират ва тўкин ризқ бордир.

75. Кейин иймон келтириб кўчган ва сизлар билан бирга жиҳод қилганлар ҳам сизлардандир. Аллоҳ Китобида қариндошларнинг баъзилари баъзиларидан ҳақдорроқдир. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.

Карамли саҳобалар (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) икки тоифадан иборат: иймон келтирганларидан кейин Ясриб (Мадина) шаҳригакўчган, яъни ҳижрат қилган муҳожирлар ҳамда иймон келтириб, муҳожирларга жой ва ёрдам берган мадиналик ансорлар. Ҳижратнинг бошида Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу икки тоифа саҳобаларни бир-бирларига биродар, ака-ука қилиб қўйдилар. Шунинг учун улар бир-бирларининг қолдирган молларига меросхўр ҳам бўлишди. Кейин бу ҳукм амалдан қолдирилиб, фақат қариндошлар меросга ҳақдор ҳисобланишди. Лекин иймон келтирмаган ва кўчмаган қариндошлар меросдан маҳрум қилинди, ким бўлишидан қатъи назар кофир билан мусулмон ўртасида меросхўрлик бўлмайди, кофир мусулмондан мерос олмайди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase