012. Юсуф сураси
- Шанба, Нояб 04 2023
- 16902 марта кўрилди
Номланиши ва нозил бўлиш сабаби
Бу маккий сура бўлиб 111- оятдан иборатдир.
Сура Юсуф деб номланишига сабаб унда Юсуф алайҳиссалом қиссалари келтирилгани учундир. Ривоят қилинишича яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дан Юсуф қиссасини сўрашганида сура нозил бўлди.
Имом Ҳоким ва бошқалар қилишган ривоятда Саҳд ибн Абу Ваққос (р.а.): «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил қилинди. У зот уни бир қанча пайт тиловат қилиб юрдилар. Қавмлари: «Бизга қисса айтиб берсангчи?» дейишганида, «Биз сенга қиссаларни сўйлаб берурмиз» ояти нозил бўлди. Ва яна бир қанча пайт тиловат қилиб юрдилар. Қавмлари: «Бизга гапириб берсангчи» дейишганида, «Аллоҳ энг гўзал сўзни нозил қилди» (Зумар-23) ояти нозил бўлди. Ушбу Юсуф сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш билан бирга муаммо қаттиқлашиб кетганида, яна ҳам аниқроғи у зотнинг энг суюкли хотинлари Хадича онамиз ва ёрдамчилари Абу Толиб вафот этишгач, хафалик йилидан кейин нозил бўлди.
Иккинчи фикрга кўра Макка кофирлари баъзи яҳудийлар билан учрашиб Муҳаммад алайҳиссалом хусусларида баҳслашиб қолишди. Шунда яҳудийлар: «Муҳаммаддан соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрангларчи, нима учун Яъқуб оиласи Шомдан Мисрга кўчиб ўтди экан ва яна у ҳақидаги қиссани ҳам сўрангларчи?» дейишганида нозил бўлди.
Сура маккада нозил бўлишига қарамасдан унинг услуби тинч, роҳат берувчи, раҳмат ва унс ҳамда лутф билан йўғрилган. Ўзида қўрқитиш ва таҳдидни мужассам этмаган. Чунки кўпгина Маккий суралар ана шундай таҳдид маъносида келган.
Ато (р.а.): «Агар Юсуф сурасини хафа бўлган кимса эшитса ундан хафалик кетиб шод бўлади», дедилар.
Имом Байҳақий «далоил» китобида Ибн Аббосдан ривоят қиладилар. Бир тоифа яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу сурани тиловат қилаётганларини эшитиб ўзларидаги нарсага мувофиқ келгани учун исломга киришди.
Сура ичига олган нарсалар
Бу сура Юсуф алайҳиссалом қиссаларини ўз ичига олади. У ўзида ҳаяжонли нарсаларни жамлаб, бир жойи хурсанд этса бошқа бир жойи хафа қилади. Аввал оталари Яъқуб олдидаги мавқеълари ва у зотга бўлган боғлиқликлари, сўнгра ака-укалари билан бўлган алоқалари яъни бу зотга нисбатан қилган ҳийлалари, қудуққа ташланишлари ва Миср зобитлари бошлиғига сотиб юборилишлари ҳамда инилар аввалги гал ҳеч қандай эвазсиз уни хазинасидан таом сотиб олишлари, иккинчи гал агар ота-она бир бўлган укалари Биняминни олиб келишмаса таом сотмасликлари ва Биняминни ўғрилик гумонида ҳийла қилиб ўзлари билан олиб қолишлари кейин ака-укалари билан оталари ҳузурига бориб, ўзларини иниларини барчасига танитишлари хусусидадир.
Юсуф алайҳиссалом кўрган машаққат ва у зотга берилган ҳусн ҳақида ҳам сўз юритилади. Бундан ташқари Азизни хотини билан бўлиб ўтган воқеъа ва мутлақ у айбдан бегуноҳ эканликлари, зимистон зиндонда ҳам динга даъват қилганлари, очиқликка чиқиш нишонаси эса подшоҳ тушини таъбир этганлари, кейинчалик савдо ва молия вазири ҳамда ҳукумат раиси бўлганлари, Юсуфни кўйлагини хабарчи олиб келганида, Яъқуб алайҳиссаломни кўзлари қайтадан кўриши, Юсуф алайҳиссалом ота-оналари ва жамики оила аъзолари билан Мисрда учрашишлари. Сўнгра сура бу қиссадан ҳосил бўладиган ибрат Муҳаммад алайҳиссаломни набий эканликлари исботи ва у зотга берилган тасалли, қийинчиликдан кейин кенгчилик башорати, даҳшатдан кейин омонлик бўлишидир. Чунки Юсуф алайҳиссалом қамоқдан қасрга кўчиб ўтдилар ва Мисрни ерига бошлиқ (Азиз этиб) таъйинландилар. Демак ҳар бир балога сабр қилган кишига рўшнолик ва ғалаба келиши муқаррардир. Яна сура худди аввалги умматга тушгани каби азоб тушиши билан мушрикларни огоҳлантиради. Ва яна ушбу сурадаги Юсуф қиссасидан фойдали ахлоқ дарслари олинади. Энг муҳими расуллар ноумид бўлганидан кейин ғалабага эришишлари дарсидир.
بسم الله الرحمن الرحيم
الر تِلْكَ آَيَاتُ الْكِتَابِ الْمُبِينِ (1) إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ قُرْآَنًا عَرَبِيًّا لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ (2) نَحْنُ نَقُصُّ عَلَيْكَ أَحْسَنَ الْقَصَصِ بِمَا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ هَذَا الْقُرْآَنَ وَإِنْ كُنْتَ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنَ الْغَافِلِينَ (3)
Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир. Дарҳақиқат, Биз уни (бу оятларни) ақлларингизни юргизишингиз учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Биз сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз. Ҳолбуки (Қуръон нозил бўлиши)дан илгари, сиз (бу қиссадан) бехабар кишилардан (бири) эдингиз!
Тафсир ва баён
Бу сурани бошланиши ўзидан аввалги Юнус сурасини бошланишига ўхшайди. Лекин Қуръон бу сурада «Очиқ-равшан китоб оятларидир», деб бошлаб, Юнус сурасида эса «Ҳикматли китоб оятларидир», деб бошлаган. Бунга сабаб, Юсуф сураси сабрли, олийжаноб набий хусусидаги жиддий ҳодиса ҳақида сўзлаб, ўшандай сифатларни баёни билан у кишига нисбат беради. Аммо Юнус сурасининг мавзуси Аллоҳ тавҳидидаги дин усулларини исботлаш ҳамда ваҳий, нубувват, қайта тирилиш, жазо каби нарсаларни исботлаб, бундай васфни ҳикматга нисбат беришидир.
Замахшарий тафсирларида: Ушбу сурада сенга нозил қилинган зоҳир оятлар иши арабларни лол ва ожиз қолдириш учундир, дейилган.
Абу Ҳайён эса: Сурадаги китобдан мақсад Қуръондир. «Мубийн» сўзи эса ўзида баён этишдир. Зоҳиридаги иши арабларни ожиз қолдириб енгишдир. Аммо очиқ ойдин баён этиши ҳалол-ҳаром, ҳадлар, ҳукмлар қўйингки дин ишларида муҳтож бўлинадиган нарсалар ёки рушди-ҳидоят ва барака баёнидир. Нима бўлганида ҳам китоб жинс исми бўлиб, баъзисига ҳам барчасига ҳам ишлатилаверади. Агар фаразан ундаги мақсад бу сурада ёки Қуръонни барчасида, деб айтсак ҳам мақсад Қуръон сифатини исботлашдир. Уни сифати барча суралар орасида фарқланмайди. Барчаси очиқ-ойдин бўлиб, ноаниқ нарсаларни очиб беради. Оятлари эса ишлар чигаллигини тафсир қилиб, шариат ҳукмларини баён этиб, дунё ва охиратдаги яхши нарсаларга бошлайди.
Қуртубий ва Ибн Касирлар айтишади. Бу китоб оятлари очиқ ойдин баён қилувчи Қуръондир. Яъни ноаниқ нарсаларни очиб, тафсир қилиб баён этади. Ушбу очиқ-ойдин китоб бўлмиш Қуръон ҳалол-ҳаром, ҳад ва ҳукм, ҳидоят ва баракани баён этади.
Биз ушбу Қуръонни араб бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга луғатларнинг энг фасоҳатлиси, очиғи, оламшумул бўлгани, нафсни тиклаш учун маънони ўзида мужассам қилган тилда нозил қилдикки, унда сизлар билмаган қисса, хабар, одоб, ахлоқ, ҳукм, шариат, сиёсат, жамият, иқтисод, давлат ишларидаги соғлом ҳаёт учун лозим бўлган барча дастурлар мужассам бўлиб, ундан таълим оласизлар ва ундаги маъно ҳамда мақсадларни тадаббур қиласизлар. Ва ундаги нарсалар билан якка шахс ва жамиятни энг кучли асосда қурасизлар.
Ибн Касир айтадилар. Шунинг учун ушбу шарафли Қуръон шарафли луғатда, шарафли расулга, шарафли фаришталар элчилигида, шарафли ер бўлагига, йилнинг шарафли ойида бошлаш билан нозил қилинди. Мана шундай шараф билан у мукаммал бўлди. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Биз сизга мукаммал, барча нарсани ажратиб берувчи ушбу Қуръонни ваҳий қилиш сабабли энг яхши хабарларни дарагини берамиз. Мана шу Юсуф қиссаси буюк мақсад ва кўпгина ибратларни ўзида мужассам қилган қисса бўлиб келди. Биз сенга уни ваҳий қилишимиздан олдин сен у қисса ҳақида ҳеч нарса билмай ғафлатда эдинг. Яъни у ҳақда сенда ҳеч қандай илм йўқ эди. Сени шаънинг худди ўтган умматларни хабарлари ва қиссаларидан бехабар бўлган қавминг каби эди.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Қуръони карим равшан-очиқ китоб эканлиги. У ҳалол, ҳаром, ҳадлар, ҳукмлар, шариат ва ахлоқларни баён қилиши ва бутун олам ҳидоят ҳамда барча инсонлар барака ва яхшиликка эришиши учун нозил қилинган китобдир. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун очиқ-ойдин мўъжизадир.
2. Қуръони карим равон араб тилида нозил бўлиб, араб луғати билан ўқилади. Араб жамоаси бошқа одамларга қараганда иймонга кириш, ундаги нарсаларни фаҳмлаб, маъноларини билишга ҳақлидирлар.
3. Қуръон энг яхши қиссаларни тушунарли тилда баён қилиб, хабарлари субутли, ўтган умматлар ҳақидаги тарихи фойдалидир. Энг яхши қиссалардан мақсад шуки, Қуръон қиссани энг ажойиб услубда, чиройли баён билан, лафзларни лол қолдириш даражасида фасоҳатли луғат билан сўзлайди.
4. Юсуф алайҳиссалом қиссалари энг яхши қиссалардан биридир. Бу сурани бошқа қиссалардан ажратиб энг яхши қисса, деб номланишига сабаб бу қисса ибрат, ҳикмат, тавҳид, фиқҳ, сийрат, туш таъбири, сиёсат, яшаш ва маиший тадбирларни ўз ичига олади. Қўйингки дин ва дунёга салоҳиятли бўлган барча фойдаларни, набий ва солиҳлар, фаришталар, шайтонлар, жин, инс, ҳайвон, қуш, подшоҳ ва мамлуклар, савдогарлар, уламолар, жоҳиллар, эркагу-аёллар ҳамда аёлларнинг ҳийла ва макрлари ҳақида сўз юритади.
Бу қисса дин ва дунё ҳамда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, адабий ҳаётни ўзида мужассам қилган бўлиб, ибрат ва ваҳзларга тўлиб-тошган. Буни энг муҳими азиятларга сабр қилиш ва жазони ижро этишга қодир бўла туриб авф қилиб юборишдир.
بسم الله الرحمن الرحيم
إِذْ قَالَ يُوسُفُ لأَبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ (4) قَالَ يَا بُنَيَّ لا تَقْصُصْ رُؤْيَاكَ عَلَى إِخْوَتِكَ فَيَكِيدُوا لَكَ كَيْدًا إِنَّ الشَّيْطَانَ لِلإِنْسَانِ عَدُوٌّ مُبِينٌ (5) وَكَذَلِكَ يَجْتَبِيكَ رَبُّكَ وَيُعَلِّمُكَ مِنْ تَأْوِيلِ الأَحَادِيثِ وَيُتِمُّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكَ وَعَلَى آَلِ يَعْقُوبَ كَمَا أَتَمَّهَا عَلَى أَبَوَيْكَ مِنْ قَبْلُ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْحَاقَ إِنَّ رَبَّكَ عَلِيمٌ حَكِيمٌ (6)
Эсланг, Юсуф отасига деган эди: «Эй ота, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш». 5. У (отаси) деди: «Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар. Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир». 6. Шунингдек, (яъни, сенга шундай улуғ туш кўришни насиб этган каби) Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга барча тушларнинг таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исҳоққа комил қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам, Ўзининг (пайғамбарлик) неъматини комил қилиб берур. Албатта, Парвардигоринг илм ва ҳикмат соҳибидир.
Яъқубни болалари набий бўлишганми
Баъзи муфассирлар Бақара сурасининг 136-оятидаги «Асбат» сўзини Юсуфни инилари бўлиб, улар набий эдилар, дейишган. Гапни тўғрироғи Ибн Касир зикр қилганларидек «Асбатлар» Яъқубни болалари бўлмай балки Яъқуб зурриётидан бўлган қабилалардир. Чунки Бани Исроил уруғларини «Асбат», деб номланади. Худди арабларни «Қабилалар» ажамларни эса «Халқ» деб номланганидек.
Тафсир ва баён
Эй Муҳаммад! Қавмингизга Юсуфни отаси Яъқубга айтган қуйидаги сўзини эслатинг. У: «Эй отажон мен тушимда ўн битта юлдуз ҳамда қуёш ва ойни сажда қилишганини кўрдим», деди. Албатта бундаги сажда ибодат саждаси бўлмай балки эҳтиром, қуллуқ қилиш, бўйин эгиш ва тавозеъ саждаси эди.
Ибн Аббос (р.а.): «Набийлар тушлари ваҳийдир. Солиҳ кишилар туши нубувватдан бир бўлакдир. Ҳамда ғайб хабарларининг бир тури бўлиб, солиҳ киши у тушни кўрди ва солиҳ, олим киши эса уни таъвил этди. Ва у соф руҳда воқеъ эттирилиб, бу нарса кўпинча кўнглига келган нарсада мувофиқ зоҳир бўлади.
Ўн битта юлдуз у Юсуфни ўн бир нафар ака-укаларидир. Демак юлдузлар ака-укалари, қуёш ва ой оталари билан оналаридир. Мана шу бир қанча муфассирлар жамоаси фикрларидир. Чунки юлдузлар аслида сажда қилмайди. Бу ерда сўзни тушга мансуб деб ҳисобланмоқда. Чунки Яъқуб алайҳиссалом «Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма», деб айтган сўзларига биноандир.
Ибн Жарир Табарий Жобирдан қилган ривоятда келтирилишича, яҳудийлардан бир киши набий алайҳиссалом ҳузурларига келди. Уни бустонатул яҳудий, деб номланар эди. У: «Эй Муҳаммад! Юсуфга сажда қилганда у кўрган юлдузлар ҳақида хабар бер, уни исмлари нима?» деди. Набий алайҳиссалом бир фурсат жим турдилар, ҳеч нарсага жавоб қилмадилар. Жаброил алайҳиссалом тушиб уни исми хусусида хабар бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у яҳудийга одам жўнатиб: «Агар сўраган нарсанг ҳақида хабар берсам иймон келтирасанми?» дегандилар, у, ҳа деди. Набий алайҳиссалом уларни исмини қуйидагича зикр қила бошладилар.
1. Жараён 2. Ториқ ва Зайёл 3. Зулканифот 4. Қобис 5. Васоб 6. Умудон 7. Фулайқ 8. Мисбаҳ 9. Заруҳ 10. Вадулфарағ 11. Зиё ва нур.
Юсуф тушида акалари эҳтиром ва ҳурмат саждаси қилишганини кўрганини айтганида, Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига:
«Эй ўғилчам….» кўрган нарсангни ҳаргиз акаларингга айта кўрма. Чунки улар сенга ҳасад қилиб, сен ёмон кўрган нарсангга йўлиқишингни хоҳлаб ҳийла ишлатишлари мумкин. Чунки шайтон одам ва унинг зурриётига душмандир. Шайтоннинг одатларидан бири одамлар орасида фитна тарқатишдир. Мана Юсуф ўзи ҳақида шу суранинг 100-оятида: «Дарҳақиқат, шайтон мен билан оға-иниларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана сизларни чўлу саҳродан (Мисрга эсон-омон ҳолингизда) келтирди…», деб айтди.
Суннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келтирилишича, у зот: «Агар сизлардан бирингиз (тушида) яхши кўрган нарсасини кўрса уни гапираверсин. Бордию ёмон кўрган нарсасини кўрса бошқа томонига ағдарилиб олсинда ва чап томонига уч марта туфлаб олсин. Аллоҳ номи билан уни ёмонлигидан паноҳ сўрасин. Кўрган нарсасини бирор кишига гапирмасин. Ана шунда кўрган нарсаси зарар келтирмайди», дедилар.
Имом Бухорий Абу Саламадан қилган ривоятлари.
Имом Аҳмад ва баъзи сунан аҳллари Муовия ибн Ҳайада ал-Қушайрийдан қилишган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туш қушнинг оёғида (муаллақдир) агар у таъбир қилинмаса. Бордию у таъбир қилинса воқеъ бўлгувчидир», дедилар.
«Шуни сингари…..» Раббингиз сизни ихтиёр қилганидек сизга бу юлдузларни қуёш ва ойга қўшиб сажда қилдирди. Ва яна сизни Ўзи учун ҳамда оилангиз ва бошқалар учун набий қилиб танлаб, туш таъбирини ҳам ўргатди.
Туш таъбири дегани, борлиқда таъвил қилинган нарсани хабарини бериш.
Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломга таъвилни таълим берди дегани, тўғрисини илҳом қилди ёки нозик ақлни берди, деганидир. Мана Юсуф алайҳиссалом оталарига «У деди: «Эй отажон, мана шу (қирқ йил илгари) кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост қилди»
Ва яна қамоқдаги ҳамроҳларига: «(Юсуф) айтди: «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг қандай таом эканини таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратни мутлақо инкор қилувчи қавмнинг миллати – динини тарк этган кишиман», деб айтдилар.
«Сенга Ўзининг (пайғамбарлик) неъматини комил қилиб берур» яъни сизни расул қилиб, ваҳий юборур. Яъни отангиз, ака-укаларингиз ва уларнинг зурриётларига сизни расул қилиб юборди. Инсоннинг оиласи у аҳлидир. Улуғлиги ва шарафи борларга ундай аҳллик яна ҳам хосдир. Худди Пайғамбаримиз оилаларига ўхшаш.
«Худди илгари (пайғамбарлик неъматини) комил қилиб бергани каби…» Яъни бундан олдин пайғамбарлик неъматини бобонг Исҳоқга ва отангни бобоси Иброҳимга берганидек. Раббинг халқини ва танлаб олишга ким ҳақдор эканини билувчи Зотдир. У рисоласини қандай юборишни Ўзи билувчидир. Санҳати ва тадбирида Ҳаким Зот бўлиб, нарсаларни лозим бўлганидек амалга оширади.
Ушбу оятлар қуйидаги нарсаларга далолат қилади;
Набийлар кўрган тушлари ҳақдир. Солиҳларнинг тушлари нубувватдан бир бўлакдир. Юлдузлар эса Юсуфнинг ака укаларидир. Қуёш ва ой у зотнинг оталари ва оналаридир. Мана шу тўғри сўздир.
Ҳакимлар: Ёмон туш яқин фурсатларда амалга ошади. Яхши туш эса бир қанча пайтдан кейин содир бўлади.
Туш шарафли ҳолатдир. Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда келтиришларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан кейин башоратдан ҳеч нарса қолмади фақат ростгўй ва солиҳ туш қолади. Ўша башоратчи тушни солиҳ киши кўради ёки унга кўрсатилади», дедилар.
Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрадан (р.а) қилган ривоятда: «Рост гапирувчиларингиз рост туш кўрувчиларингиздир», дейилган.
Имом Бухорий Абу Саҳид ал-Худрийдан қилган ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушни нубувватнинг қирқ олти бўлагидан бир бўлагидир, деб ҳукм қилдилар. Бу ривоятларнинг энг саҳиҳидир.
Албатта туш нубувват бўлакларидандир. Чунки туш кўриш асносида ожиз қолинади ёки ман этилади. Масалан училади, аҳёнлар ўзгартирилади ва ғайб илмидаги бирор нарса унга намоён бўлади. Рост туш Аллоҳ томонидандир. Мана шундай туш алғов-далғов тушлар сирасига кирмайди.
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар Абу Қатодадан қилишган ривоятда: «Солиҳ туш Аллоҳ томонидандир. Узуқ-юлуқ, алғов-далғов тушлар эса шайтондандир», дейилган. Солиҳ тушларни тасдиқлаш ростдир.
Аммо кофир, фожир, фосиқ ва каззобларнинг тушлари баъзи вақтларда рост чиқиб қолса ҳам ваҳий ҳам нубувват бўлакларидан ҳам ҳисобланмайди.
Ғайб ҳақида ҳар бир рост гапирган кишининг хабари нубувват бўлавермайди. Маълумингизки, коҳин ва шуларга ўхшаган кимсалар ҳақ сўзни айтса тасдиқланиши мумкин. Лекин бундай бўлиши жуда ҳам нодирдир. Шуни сингари юқоридагиларни тушлари ҳам шундай.
Тушнинг ҳақиқати у уйқу асносида ҳақиқатни идрок қилишдир. Бундай туш кўпроқ кечанинг охирги қисмида содир бўлади. Чунки ушбу пайтда уйқу ғолиб келиши бироз сусаяди. Буни «уйғоқлик туши», деб номланади. Аллоҳ туш кўрувчилар учун ажойиб илм беради. Демак туш кўрувчи тушида уйғоқликдаги идрок лозим бўлган ҳисни беради. У бўлиши мумкин бўлмаган нарсани кўрмайди. Албатта у одат бўлган жузъий нарсаларни кўради. Аллоҳ туш кўрувчига тушини ҳис қилиш суратида намойиш этади. Гоҳида у воқеъликка мувофиқ бўлади. Гоҳида ҳис этилмайдиган маъқул маънода бўлади. Икки ҳолатда ҳам башорат қилувчи ёки огоҳлантирувчи бўлади.
Кўрган тушингни олим, дўст ва насиҳатчи бўлмаган кимсага ҳамда таъвилни чиройли қила олмайдиган кимсага айтмагин. Чунки ҳадисда: «Туш қушнинг оёғига муаллақдир модомики ўша тушни эгаси гапирмаган бўлса. Бордию гапириб қўйса у кўрган нарса воқеъ бўлиб қолади. Шундоқ экан кўрган тушингларни оқил, дўст ва насиҳатчи кимсаларга гапиринг», дейилган. Имом Термизий ривоятлари.
Ҳасад ва ҳийла қилишидан қўрқилган киши олдида эришаётган неъматларни то рўёбга тўла чиқиб олгунча беркитишинг талаб этилади.
Имом Табароний, Байҳақий ва бошқалар Умардан қилишган ривоятда: «Ҳожатларни бароридан келиши учун махфий тутиш билан ёрдам сўранглар, чунки ҳар бир неъматга эришувчи кимса ҳасад қилингандир», дейилган.
Мусулмон киши мусулмон биродарига бирор нарса бўлишидан қўрқса ўша нарса хусусида огоҳлантириши мубоҳдир. Бундай қилиши ғийбат сирасига кирмайди. Чунки Яъқуб (Исроил) алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломни ака-укалари ҳийла қилишидан қўрқиб уларга тушни айтишдан огоҳлантирдилар.
Бу оят Яъқуб алайҳиссалом тушлар таъбирини билишларига очиқ-ойдин далилдир. Чунки Юсуф акаларидан кўра яхши мақомларга кўтарилишини оталари билардилар. Демак муҳаббатлари келажакда ўғилларини муваффақиятли мақомга кўтарилишига далолат қилар эди. Бу қисса ота боласини ўзидан кўра яхшироқ бўлишини, ака-укалар эса хоҳламасликларини билдиради.
Ва яна оят Яъқуб алайҳиссалом ўғилларидан Юсуфга нисбатан ҳасад ва ёмон кўриш борлигини ҳис этганларини баён қилади. Шунинг учун Юсуфни иниларини ҳасад ва ҳийласидан хавф қилганлари учун тушни гапиришдан ман этдилар. Ака-укалар Юсуфга қилишган муомалалари уларни набий бўлишмаганини англатади. Чунки набийлар дунявий ҳасад, отага оқ бўлиш, мўминни ҳалокатга ташлаш ва ўлдиришга қасд қилиш каби разолатлардан омонда қилинган кишилардир.
Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф алайҳиссалом билан бирга сўзлашган сўзлари бир нечта башоратни ўз ичига олади. Хабар берганларидек, Аллоҳ у кишини туш билан икром қилди. Албатта Аллоҳ у кишини танлаб, тушни ҳақиқатга чиқариш билан яхшилик ато қилди. Ўша яхшилик тушдаги ака-укаларини эҳтиром юзасидан қилган саждалари эди. Танлаш деганда ишларни олийсига ихтиёр қилиб, туш таъбири кайфиятини ўргатиб, олдинги умматлар, китоблар ва тавҳид далиллари таъвилидир. Бу эса нубувватга ишорадир. Аллоҳ Ўз неъматини у зотга нубувват бериш орқали мукаммал қилди. Бундай неъматни боболари Исҳоқ ва Иброҳим алайҳиссаломларда ҳам мукаммал қилган эди. Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни халил (дўст) ва набий қилиб ҳамда дўзахдан нажот берди. Исҳоқ алайҳиссаломни ҳам набий ва қурбонликка танлади. Баъзи кучли сўзларга қараганда ана шу қурбонликка танлаши ҳам неъматдир.
Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, Юсуф алайҳиссалом ва бошқаларга берилган неъматнинг саҳиҳ тафсири у нубувватдир. Чунки башарият ҳаққидаги мукаммал неъмат фақатгина нубувватдир. Бундан бошқаси эса уларга нисбатан ноқисликдир. Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломга уч даражани ваъда қилдилар. 1. Танлаб ихтиёр этиши. 2. Туш таъбири ва таъвили. 3. Нубувват.
بسم الله الرحمن الرحيم
لَقَدْ كَانَ فِي يُوسُفَ وَإِخْوَتِهِ آَيَاتٌ لِلسَّائِلِينَ (7) إِذْ قَالُوا لَيُوسُفُ وَأَخُوهُ أَحَبُّ إِلَى أَبِينَا مِنَّا وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّ أَبَانَا لَفِي ضَلاَلٍ مُبِينٍ (8) اقْتُلُوا يُوسُفَ أَوِ اطْرَحُوهُ أَرْضًا يَخْلُ لَكُمْ وَجْهُ أَبِيكُمْ وَتَكُونُوا مِنْ بَعْدِهِ قَوْمًا صَالِحِينَ (9) قَالَ قَائِلٌ مِنْهُمْ لاَ تَقْتُلُوا يُوسُفَ وَأَلْقُوهُ فِي غَيَابَةِ الْجُبِّ يَلْتَقِطْهُ بَعْضُ السَّيَّارَةِ إِنْ كُنْتُمْ فَاعِلِينَ (10)
7. Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-инилари (ҳақидаги қисса)да сўрагувчилар учун оят-ибратлар бордир.
8. Ўшанда улар (Юсуфнинг ўгай оғалари) айтган эдилар: «Гарчи биз кўпчилик бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг биродари (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат отамиз очиқ залолатдадир.
9. Юсуфни ўлдиринглар, ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақат сизларга боқар. Кейин эса (тавба-тазарру қилиб) яхши қавм бўлиб олурсизлар».
10. (Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди: «Юсуфни ўлдирманглар, балки агар (ундан қутулиш учун) бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин».
Мана шулар Юсуф ва ака-укаларининг ҳақидаги қиссани бошланишидир. Аллоҳ ушбу қиссани бошлашдан олдин икки муқаддимани тақдим этди.
Биринчиси: Қуръонни васфи бўлиб, у очиқ-ойдин араб тилида, Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлган. Ушбу нарса Набий алайҳиссалом рисолатларига далолат қилиб қуйидаги «Бу ғайб хабарларидандир», деган тартибда келади.
Иккинчиси: Юсуфнинг кўрган тушлари ва уни Яъқуб нафсига таъсиридир. У қуйидаги оятда баён этилган. «У деди: «Эй отажон, мана шу қирқ йил илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост қилди».
Тафсир ва баёни
Аллоҳ номига қасамки, Юсуф ва у кишининг ака укалари қиссасида сўровчилар учун ваҳз ва ибратлар бор. Бу эса ҳар бир нарсада Аллоҳнинг қудрати ва ҳикмати борлиги, Юсуф ва бошқа расуллар рост эканига далолат қилади. Аллоҳ Юсуф қиссасида босқинчилик оқибатлари нима бўлгани, тушни рост чиқиши, таъвилини тўғрилиги, келган мусибатларга сабр-бардош қилишлари ҳатто топширилган омонат яъни рисолатни чиройли адо этишлари ҳақида гапиради. Бу эса ажойиб хабар бўлиб, у ҳақда хабар берилишига мустаҳиқдир.
Қуйидаги айтган сўзларида ҳам ибрат бордир. Улар: «Аллоҳ номига қасамки, Юсуф ва унинг туғишган укаси Бинямин биздан кўра отамиз учун маҳбуброқдир. У иккови кичик бўлишса, бизлар эса ўн кишидан ташкил топган жамоа бўлсак. Отамиз очиқ-ойдин тўғрини тескариси бўлган хато устидадир. Чунки Юсуф ва унинг укасини қаттиқ яхши кўриб, муҳаббатдаги тенглик ва адолатни тарк этмоқда. Қандай қилиб икки кичик, кучсиз, ўзини уддалай олмайдиган, манфаати йўқ ўғлини қувватли, нафи тегадиган кўпгина ўғилларидан афзал кўради?!» дейишди.
Бу аслида оталаридан эмас балки ўзларидан содир бўлган хатодир. Чунки Юсуф ва укасининг оналари ўлиб, ёш етим қолишган. Ундан ташқари Юсуфда нубувват, ақл ва ҳикмат башоратлари зоҳир бўлиб турар эди. Бу башорат у киши кўрган тушдан кейин яна ҳам аён бўлиб қолди. Шу билан бирга болаларга муомала қилишда, ораларидаги муҳаббат ҳатто уларни эркалатиб ўпишда ҳам тенгликка риоя қилардилар. Ҳасад ва ғазабни қўзғовчи нарсалардан четда турардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақда бизга васият қилганлар. Имом Бухорий, Муслим ва Ибн Можадан ташқари сунан эгалари Нўъмон ибн Баширдан қилишган ривоятда келтирилишича, Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан тақво қилинглар, болаларингиз орасида адолатли бўлинглар», деб айтганлар.
Имом Табароний Нўъмон ибн Баширдан қилган ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларни орангизда болаларингиз яхшилик ва лутфда адолат қилишларини яхши кўрганингиздек болаларингиз орасида ҳадя улашишда адолат қилинглар», деб марҳамат қилдилар.
Кейин Аллоҳ таоло уларни «Юсуфни ўлдиринглар», деб уюштирган суиқасдларини зикр қилади. Юсуфни ака-укалари бир-бирларига: «Муаммо ечимини топиши учун Юсуфни ўлдиринглар ёки ер юзини номаълум жойига уни олиб бориб ташланглар, шунда у отасига қайтиб боришга қодир бўлмайди. Шу нарсаларни амалга оширсангизлар тинчланасизлар, оталарингиз сизларга юзланиб, сизлар билан бирга бўлади. Бу ердаги мақсад отангизни муҳаббати фақат сизларга қаратилиб, унда шерик ва талашувчи бўлмайди. Сизлар Юсуф ўлдирилганидан кейин ёки бирор ерга ташлаб юборганингиздан кейин жиноятингизга яраша тавба қиласизлар ёки отангизга узр айтиб ораларингизни ислоҳ қиласизлар ёки бу ишдан кейин ишларингизни тартиблаб, дунёларингизни ислоҳ қиласизлар, қарабсизларки оталарингиз сизлар томон юзланади ва сизлардан оталарингиз ва Роббиларингиз рози бўлади», дейишди.
«(Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди» яъни, уларни катталари Яҳузо (баъзи ривоятларда Рувайбил): «Юсуфни ўлдиришгача олиб борманглар, чунки қатл қилиш улкан жарима, у ахир укаларингизку? Яхшиси уни қудуқни остига ташлаб юборинглар, шояд тижорат билан юрт кезувчи баъзи мусофир кишилар уни ўзлари билан олиб кетишса. Агар шу режа амалга ошса сизлар ором оласизлар ва отасидан узоқ қилиш мақсадингиз рўёбга чиқади, уни ўлдиришга эса асло ҳожат қолмайди», деди.
Сурадан қуйидаги нарсаларни ўрганишимиз мумкин.
1. Юсуф ва унинг ака-укалари қиссасида Расулларни ростлигига далолат қилувчи далолатлар бор. Ва яна босқинчилик ва ҳасадни оқибати нима бўлиши ҳақида огоҳлантириш, оғир-босиқ ва сабрли бўлишни фазилати, туш таъбири агар набий ёки насиҳатчи олим томонидан бўлса тасдиқлаш лозимлиги ҳақида далолатлар ҳам бор.
2. Адоват, ғазаб ва ғаюрлик акаларини, Юсуфни ўлдиришга ёки одамлардан узоқ жойга олиб бориб ҳалок этишга ёки баъзи мусофир тижоратчилар унга эга бўлиб, сотиб юборишгача олиб борди. Чунки уларга туш хабари етиб келган эди. Шунинг учун унга ҳийла ишлатишди. Ёки оталарини Юсуф ва укасига нисбатан кўрсатган меҳрибонликлари учун ғаюрликлари келиб, тил бириктириб фитна қилишди.
3. Болаларни баъзисини баъзисидан афзал кўриш гина, ҳасад ва офатни келтириб чиқаради. Лекин Яъқуб алайҳиссалом бу нарсани билганлари учун Юсуф ва унинг укасини фақат муҳаббат қилишдагина афзал қилдилар. Муҳаббат қилиш эса инсон қўлида эмас. Яъқуб алайҳиссалом бундан узрли эдилар, шунинг учун маломатга ўрин йўқ.
4. «Кейин эса (тавба-тазарру қилиб) яхши қавм бўлиб олурсизлар» яъни, ана шундан кейин тавба қиласизлар ва тавбаларингизни Аллоҳ қабул қилур. Демак бу оятдан билинадики, қотил (дилидан) тавба қилса Аллоҳ уни қабул этар экан. Чунки имом Қуртубий айтганларидек Аллоҳ бу сўзни инкор этмаяпти.
5. Муҳаммад ибн Исҳоқ Ибн Абу Ҳотам қилган ривоятдаги Яъқуб болаларини укаларига нисбатан уюштирган фитналарини изоҳлаб: «Улар улкан ишни яъни қариндош уруғ алоқаларини узиш, отага оқ бўлиш, гуноҳи йўқ ёш бола ва ёши улғайиб эҳзозланиши лозим бўлган, Аллоҳни ҳузурида ҳам нуфузга эга бўлган қарияга ҳам раҳмсизлик қилиб, ота билан ўғил орасидаги ҳақни тан олмасдан икковини орасини ажратишди. Шундоқ бўлса ҳам Аллоҳ уларни гуноҳларини кечирди, албатта Аллоҳ раҳмлиларни ҳам раҳмлисидир», деб айтдилар.
6. Юсуф акалари содир этган юқоридаги ишлар Юсуфни ака-укалари аввалида ҳам охирида ҳам набий бўлишмаганига далолат қилади. Чунки набийлар мусулмонни ўлдиришга тадбир қилишмайди. Балки Юсуфни ака-укалари мусулмон бўлишган. Гуноҳ содир этиб сўнгра тавба қилишган. Бу ўз-ўзидан уларни набий деб айтувчиларга раддиядир. Чунки набийлар маъсум яъни гуноҳдан омон кишилардир.
Топилмалар ҳукми
Топиб олинган болани олиш яхшидир. Агар ҳалок бўлиши хавфи бўлса, худди топилма сингари уни олиш вожибдир. Топиб олинган бола, агар қуллигига ҳужжат бўлмаса, ҳур бўлади. Унинг нафақаси ва жиноятига бериладиган тўловлар байтулмолдан бўлади. Мероси байтулмолга қолади. Уни топиб олган одамдан ториб олинмайди. Унинг насаби ким даъво қилса, ўшанга нисбат берилади, агар икки киши бўлса ҳам. Ёки унинг сифатини айтиб берган кишига бўлади.
Агар даъво қилувчи қул, бола ҳур бўлса ҳам ёки даъво қилувчи зиммий, бола мусулмон бўлса ҳам ва уларнинг ҳудудида топилмаган бўлса, насаб собит бўлаверади.
Болага боғлаб қўйилган нарса уники бўлади ва унинг ўзига сарф қилинади. Топиб олган одам болага қилинган ҳибани олади ва уни ҳунарманд қилади. Аммо никоҳламайди, молини ва ижарасини тасарруф қилмайди.
بسم الله الرحمن الرحيم
قَالُوا يَا أَبَانَا مَا لَكَ لاَ تَأْمَنَّا عَلَى يُوسُفَ وَإِنَّا لَهُ لَنَاصِحُونَ (11) أَرْسِلْهُ مَعَنَا غَدًا يَرْتَعْ وَيَلْعَبْ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ (12) قَالَ إِنِّي لَيَحْزُنُنِي أَنْ تَذْهَبُوا بِهِ وَأَخَافُ أَنْ يَأْكُلَهُ الذِّئْبُ وَأَنْتُمْ عَنْهُ غَافِلُونَ (13) قَالُوا لَئِنْ أَكَلَهُ الذِّئْبُ وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّا إِذًا لَخَاسِرُونَ (14) فَلَمَّا ذَهَبُوا بِهِ وَأَجْمَعُوا أَنْ يَجْعَلُوهُ فِي غَيَابَةِ الْجُبِّ وَأَوْحَيْنَا إِلَيْهِ لَتُنَبِّئَنَّهُمْ بِأَمْرِهِمْ هَذَا وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ (15) وَجَاءُوا أَبَاهُمْ عِشَاءً يَبْكُونَ (16) قَالُوا يَا أَبَانَا إِنَّا ذَهَبْنَا نَسْتَبِقُ وَتَرَكْنَا يُوسُفَ عِنْدَ مَتَاعِنَا فَأَكَلَهُ الذِّئْبُ وَمَا أَنْتَ بِمُؤْمِنٍ لَنَا وَلَوْ كُنَّا صَادِقِينَ (17) وَجَاءُوا عَلَى قَمِيصِهِ بِدَمٍ كَذِبٍ قَالَ بَلْ سَوَّلَتْ لَكُمْ أَنْفُسُكُمْ أَمْرًا فَصَبْرٌ جَمِيلٌ وَاللهُ الْمُسْتَعَانُ عَلَى مَا تَصِفُونَ
11. (Улар шундай қарорга келганларидан сўнг, Яъқуб алайҳис-саломнинг олдига келиб) дедилар: «Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз уни, шак-шубҳасиз, холис яхши кўрувчилармиз-ку.
12. Уни эртага биз билан айланишга юборгин, ўйнаб-ёзилиб келсин. Албатта, биз уни қўриқлаб-муҳофаза қилгувчилардирмиз». 13. (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман».
14. Улар дедилар: «Касамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган холимизда (ғафлатда қолиб) уни бўри еб кетса, демак, биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи — ҳалок бўлгувчилардирмиз».
15. Бас, качонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга (Юсуфга): «Сен албатта (вақти келиб) оға-иниларингга бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар (ўшанда, сен Юсуф эканингни) сезмайдилар ҳам», деб ваҳий қилдик. 16-17. Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келишиб: «Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан», дедилар. 18. Ва унинг (Юсуфнинг) кўйлагини ёлғон қонга (яъни бир қўйни сўйишиб ўшанинг қонига) бўяб келтирдилар. (Шунда Яъқуб) айтди: «Йўқ! Сизларга ҳавойи-нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ-мусибат) устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир».
Бу жумла ўзидан олдингисига боғлиқдир. Акалари Юсуфга очиқ ҳийла қилиб, оталарини алдаб, ўзларини Юсуфга ғоятда муҳаббатли ва шафқатли ҳолда кўрсатишди. Оталари Юсуфни ғоятда яхши кўришини билишар эди. Оталари Юсуфни хурсанд бўлишлари ўйнашлари учун уларга қўшиб бергандилар. Аммо акаларини сўзларидан қаноатланмадилар ва барибир улардан хавфда бўлдилар.
Тафсир ва баёни
Юсуфнинг акалари уни олиб, катталари Яҳузо (ёки Рувайбил) ўргатганидек қудуққа ташлашга тил бириктиришдида, оталари Яъқуб алайҳиссалом олдиларига келиб: «Сизга нима бўлдики, Юсуфни топширишда бизга ишонмайсиз, у ҳақда биздан қўрқасиз, биз эса уни яхши кўриб меҳрибонлик қиламизку, унга фақат яхшиликни хоҳлаймизку, ахир очиқ-ойдин уни яхши кўрамиз», деб аслида айтган нарсаларини хилофини хоҳлашар эди. Чунки улар Юсуф кўрган тушни билиб, оталари яхши кўришини англаб, нубувват ва кўп яхшиликлар бўлиши кутилаётган укаларидан ҳасад қилишар эди.
Улар яна: «Одатимизга кўра биз эртага саҳрога борамиз, Юсуфни биз билан бирга юборинг. Юсуф у ерда биз билан ўйнаб, ўзига ёққан мева ва кўкатлардан ейди, биз билан камон мусобақаси ўйнайди. Бизлар эса ҳар қандай озор берувчи нарсалардан уни муҳофаза қиламиз. Албатта сен сабабли уни муҳофаза қиламиз», дейишар эди.
Бу сўзларни эшитган Яъқуб қуйидагича жавоб бердилар.
Қандай кўринишда бўлса ҳам хафа қиладиган нарса, мендан уни ажратиб олиб кетишингиздир. Сизлар камон отиш мусобақаси билан машғул бўлганингизда, бўри келиб уни еб кетиб, сизларни ғафлатда қолдириб кетишидан хавфдаман.
Шу ерда икки нарсага узр айтганлари аниқ равшандир.
Хафа бўладиган нарса Юсуфдан ажралишларидир. Қўрқадиган нарса улар ўйин-кулги билан машғул бўлиб аҳамиятсиз қолишганида бўри еб кетишидир. Гўёки ҳужжатни талқин қилиб, қаттиқ огоҳлантиришлари мана шу нарсага ундагандек.
Улар ўша заҳоти жавоб бериб: Агар бўри еб кетгудек бўлса бизлар кучли жамоамиз, иззатини мудофаа қиламиз, лекин ҳалок бўлувчи, ожиз кимсалармизки, бизда яхшилик ҳам фойда ҳам йўқ, дейишди.
Сўнгра улар фитнани амалга оширишга киришишди. Оталари муҳокамасидан кейин унинг ҳузуридан чиқиб, мақсадни амалга ошириш режасини тузишди. Қудуқни энг пастига ташлаб юборишни қаттиқ қасд қилишди. У қудуқ ўзларига таниш бир қудуқ эди. Ундаги мақсад Юсуфни ҳалок қилиб, ўзлари роҳатланиш эди.
Лекин Аллоҳ шомил ва нуфузли ирода Соҳиби бўлиб, раҳмат, лутф ва қийинчиликдан кейин енгиллик, машаққатдан кейин очиғликка чиқарувчи Зотдир. Худди асаларига ёки Мусони онасига ваҳий юборганидек, унинг қалбига ҳам хотиржам ва собит туриши учун ваҳий юборди. Ва у ваъийда, албатта сен учун очиғликка чиқиш ва рўшнолик бўлади, Аллоҳ сенга Ўзи ёрдам беради. Улар ўтқазишган ёмонликларини сен Юсуф эканингни билмаган ҳолда ўзингга хабар беришади. Аллоҳ бу қийинчиликдан халос бўлиб, улар устидан ғалаба қозониб, ҳукмронлик қилишини ваъда этмоқда.
Сўнгра оталари Яъқубга узр айтиб ўзларини оқлаш ўрни келди. Куннинг охири хуфтон вақтида, йиғлаб, Юсуф йўқолганига афсусликларини изҳор қилган ҳолда: «Бизлар найзалар билан отиш мусобақаси қилишга кетганимизда кийим ва матоларимизга қўриқчи қилиб Юсуфни қолдириб кетган эдик. Келсак Юсуфни бўри еб кетибди», дейишди. Яъқуб худди шу нарсадан чўчиб огоҳлантиргандилар. Улар: «Биз биламизки, сиз айтган сўзларимизни тасдиқламайсиз», деб гўёки бу билан биз ишончли ростгўй бўлсак ҳам бизни у нарсада айбламоқдасиз, бизни тасдиқламаяпсиз, Юсуфни қаттиқ яхши кўрганингиз учун ва бизни ёлғончилар деб гумон қилганингиз учун айбламоқдасиз», деб айтишди.
Бу нарса улар айтаётган гапларидан Яъқуб алайҳиссалом қаноатланмасликлари ва ёлғончи эканларини ўзлари ҳис этганларини билдирар эди.
Улар алдамчилик ва фирибгарликни зиёда қилиб, Юсуфни кўйлагига ёлғон қонни яъни қўзичоқни сўйиб, уни қонини суртиб, гўёки бўри еб кетгандек кўрсатиб олиб келишди. Лекин Аллоҳнинг иродаси уларни кирдикорларини очиб зоҳир қилиб қўйди. Чунки улар кўйлакни ертиб, илма-тешик қилишни унутишган эди. Аслида бўри овлаган нарсада кўйлак илма-тешик бўлиб кетиши керак эди. Яъқуб уларни сўзларини тинглагани ҳам тасдиқлагани ҳам йўқ, балки ёмон ишни нафсларингиз зийнатлаб кўрсатди. Аммо сизлар зикр қилмаётган нарса мункар ишдир. Сизлар келишиб олган ишни қаршисида чиройли сабр қилишдан бошқа иложим йўқ. Аллоҳ Ўз ёрдами ва лутфи билан очиғликка чиқаргунича Ундан ёрдам сўрайман, чиройли сабр энг яхши нарсадир. Аллоҳ сизлар айтаётган ёлғондан Ўзи ёрдам бергувчидир.
Ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дан чиройли сабр ҳақида сўралганида у зот: «Шикояти йўқ бўлган сабр ҳақиқий сабрдир», дедилар.
Ривоя қилинишича, Яъқуб алайҳиссалом уларни масхара қилган ҳолда: «Эй бўри сенга нима бўлдики, ўғлимни ебсан-у аммо кўйлагини йиртмабсан», дедилар.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
Юсуфнинг акалари юксак даражали ва олийжаноб оталарини алдаб, фитна ҳаракати йўлида муваффақиятга эришишди. Одатда болалар мана шундай ҳийла қилишга ўтишади. Ва Яна болаларни ўйнаши мубоҳ, уларни фаол ҳаракат қилдириш, марғуб бир ишдир. Хусусан ўша болага шафқат қилиб, уни яхши кўриб, хавфлардан ҳимоя қилишни кафолати олинса.
Яъқуб алайҳиссаломни болаларига нисбатан жавоби, камчиликдан огоҳ бўлган ҳолда, отадаги меҳрибонликни ўзида мужассам қилган бир кўринишда эди. Бундан ташқари Юсуфни яхши кўришларини, уни қаттиқ ҳимоя қилиш зарурлиги, бордию ажраб қолгудек бўлсалар унга сабр қила олмасликларини ҳам изҳор қилиб қўйдилар. Юсуфнинг акалари оталаридан ҳақиқатни яшириб, ёлғонни ошкор қилиб, гўёки уни ҳимоячисидек қилиб кўрсатишди. Чунки ўзларини кучли жамоа, деб билиб, одамлар уларни жасоратларидан қўрқишларини рўкач қилишди. Ваҳоланки укаларига ҳужум қилган бўрини ҳайдай олишмади.
Юсуфнинг акалари, ота бир укаларига нисбатан энг қалби қаттиқ кишилар эди. Чунки уни қудуққа ташлаб, кўйлагигача ечиб олишди. Уларни ҳар бири бошқасига қараганда ғазаби, ҳасади ва зулми қаттиқ эди.
Албатта Аллоҳнинг раҳмати ва лутфи муҳсинлар учун яқиндир. Аллоҳ ундай кимсаларни ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Балки ундай кимсага қалбига тасалли бериб, хотиржам қилиб қўяди. Саломат қолишини эса башорат қилади. Аллоҳ Юсуфга ўша воқеъадан албатта нажот топиши ва ғалаба қозонишини ҳамда улар содир этишган ёмонликни хабарини бериб, ўша акалар Юсуфни ҳукмронлиги остида бўлишларини илҳом қилди. Лекин ёмонликларини хабарини берганда улар Юсуфни танишмайди.
Бу нарса шунга далолат қиладики, акалари Юсуфни қудуққа ташлашганида Аллоҳ унинг қалбини мустаҳкам қилиб, омонда бўлишини башорат қилиб ваҳий юборган эди.
Улар оталарини олдига узр айтишга қоронғу зулуматда, қодир бўлингани учун кечки пайт келишди.
Шунинг учун бирор кишидан ҳожатингни сўрамоқчи бўлсанг, уни кечаси талаб қил, чунки ҳаё икки кўзда бўлади. Содир этиб қўйган гуноҳинг учун кундузи узр сўрама, узр айтишда ғулдираб қоласан, дейилган.
Оятдаги «йиғлаган ҳолларида» сўзидан кишининг йиғиси сўзини ростлигига далолат этмайди. Чунки у сохта бўлиши мумкин. Кимдир сохта йиғлашга қодир бўлади ва яна кимдир қодир бўла олмайди. Шунинг учун сохта йиғидан қўрқилмайди, деб айтилган.
Камон, найза, от устида ёки оёқда ўтказиладиган мусобақалар мубоҳдир. Қадам устида ўтказиладиган мусобақадан мақсад югуришга нафсни чиниқтириш ва бундан ташқари душманга курашиш ҳамда бўрини ҳайдашда фойдалидир.
Ибн Арабий: «Мусобақа қилиш шариатда рухсат бўлиб, ажойиб хислат ҳамда уруш пайтида ёрдамчи нарсалардандир», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ва отлари билан мусобақа қилиб турганлар. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз билан мусобақа ўйнаб ўзиб кетдилар. У зотни ёшлари улғайгач яна мусобақалашганларида Оиша онамиз ўзиб кетдилар. Шунда у зот: «Бирга бир бўлди», дедилар. Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр (р.а.) ва Умар (р.а)лар билан мусобақа ўйнаб, улардан ўзиб кетдилар.
Имом Муслим қилган ривоятда келтирилишича Салама ибн Акваҳ Зийқарада номли жойдан Мадинага қайтаётиб, мусобақа ўйнаб, унда ўзиб кетдилар.
Молик Ибн Умардан қилган ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам емланган ва емланмаган отлар орасида мусобақа қилдилар. Абдуллоҳ ибн Умар ўша мусобақада қатнашганлардан бири эдилар.
Шунингдек қилич ва туяда ҳам мусобақа ўйнаш жоиз. Имом Насаий Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда келтирилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат қилич, қадам, туёқли от ва туяда мусобақа ўйнаш жоиз», деб айтдилар.
Имом Бухорий Анасдан (р.а) қилган ривоятда келтиришларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни «Азбо» номли туялари бор эди. Ўша туядан бирортаси ўзиб кета олмас эди. Бир аъробий ёш туяси билан келдида «Азбо»дан ўзиб кетди. Бу нарса мусулмонларга оғир ботди. Буни билган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор нарса бу дунёда баландлаб кетса Аллоҳ уни пастлатишга ҳақлидир», дедилар.
Яъқуб алайҳиссаломни болалари оталарини «Бўри еб кетишидан қўрқаман», деб айтган сўзларидан фойдаланиб қолишди. Чунки ана шу энг кўриниб турган хавф эди.
Яъқуб алайҳиссалом уларда тухмат кўп бўлгани ва айтишган нарсани хилофига далиллар кўплиги кўриниб қолганидан кейин уларни тасдиқламадилар.
«Энди рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан», яъни ишончли кишилардан бўлсак ҳам бизни тасдиқламайсиз. Юсуфга муҳаббатингиз кучли бўлганидан бизни айблайсиз, дейишди.
Улар оталарига ёлғон қонни сохталаштиришди. Ўша қон аслида Қатода айтганларидек, кийик қони эди. Акалар ўзларини ростгўйликларига қонни аломат қилишни хоҳлашганида, Аллоҳ бу аломатни унинг аксидаги аломат билан бириктириб қўйди. Ўша аломат йиртилишдан омонда қолиши. Одатда бўри инсонга ҳамла қилганида кўйлакни йиртиб ташлар эди.
Ибн Аббос айтадилар. Яъқуб алайҳиссалом кўйлакка қараб: «Ёлғон гапирмоқдасизлар, агар бўри еб кетса кўйлаги йиртилган бўлар эди», дедилар.
Мовардий ҳикоя қилишларича, кўйлак жинсида уч мўъжиза бордир. 1. Ёлғон қонни олиб келишганида. 2. Кўйлаклари (Зулайҳо билан кечган воқеъада) орқа томонидан йиртилганида. 3. Оталарини юзларига кўйлак ташланганида кўзлари қайта кўрган пайтда.
Сабрни маҳкам ушлаш, Аллоҳдан ёрдам талаб қилиш, сохталик, зулм, ёлғон, мусибат, қийинчилик ва машаққатда Аллоҳдан ёрдам сўраш. Ва Яна машаққатдан кейин енгиллик ва қийинчиликдан кейин осонлик бўлиши хабари ҳам бордир. Шунингдек Ушбу воқеъа каби нарсалар коинотда хоҳлаганини қиладиган Рабб борлигига ҳам далилдир.
Чиройли сабр қилиш. Чиройли сабр деганда шикоят қилинмаган сабр тушунилади. Ва яна балони берувчи аслида Аллоҳдир. Сўнгра билинадики, Аллоҳ таоло мулкларнинг моликидир. Шундай бўлганидан кейин мулкдор мулкида хоҳлаганича тасарруф қилади. модомики Аллоҳнинг қазо ва қадарида рози бўлинмаса сабр чиройли суратда бўлмайди.
Барча иш, сўз ва эътиқодларда қатъиятли бўлиш. Барча нарсада Аллоҳга банда бўлишни талабида юриш яхшилиги, бўлмаса ёмон бўлиши.
Яъқуб алайҳиссалом сўзларидаги сабр билан ёрдам орасини жамлашлари сабрни фақат Аллоҳнинг ёрдами билан амалга ошириш мумкинлигига далолат қилади. Бесабрлик ва хафалик учун ғолиб келишлари эса Аллоҳга нисбатан кучли майллари борлигини билдиради.
(Юсуф қудуққа ташланганининг учинчи куни, у очликдан азобланиб ётганида) бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини (сув келтиргани) юборганларида, у челакни (қудуққа) ташлаган эди, (сувнинг ўрнига челакка осилиб Юсуф чиқди. Шунда у): «Суюнчи беринглар, бу бола-ку!» деб юборди. Сўнг уни сотиладиган нарсалари қатори яшириб қўйдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини билиб тургувчидир.
20. (Кейин, карвон Мисрга етиб келгач), уни арзон баҳода - бир неча тангага сотиб (Чунки) улар (Юсуфга) қизиқмаган эдилар.
Тафсир ва баён
Бир мусофир жамоа Мадян шаҳридан Мисрга кетаётиб қудуқ олдидан ўтиб қолишди. Ривоят қилинишича улар Исмоил алайҳиссалом зурриётларидан бўлган араблар эди. Юсуф алайҳиссалом қудуқда уч кун турдилар. Ўша вақт мобайнида акалари Яҳузо у зотга овқат келтириб турди.
Муҳаммад ибн Исҳоқ зикр қилишларича ака-укалари қудуққа Юсуфни улоқтиришганидан кейин ўша қудуқни яқинига келиб ўтиришди. Аллоҳ у зот учун бир карвонни жўнатди. Карвондагилар ўзларининг сув изловчиларини сув келтиргани юбордилар. Қачон у сув олгани келиб челагини солганида Юсуф алайҳиссалом ўша челакка илиниб қудуқдан чиқдилар.
Карвондаги жамоасига хурсандлик хабарини бериб: «Суюнчи беринглар, бу аҳён-аҳёнда бўладиган хурсандчилик. Менинг олдимда ҳозир бўлинглар. Бу бола шу даражада чиройли, тароватли ва кўримлики, уни кўрган киши вой ажабо ва афсус дейдиган даражада. Хурсандлик хабарини беринглар, у сотиладиган бола», деди.
Улар Юсуфни тижорат моли сифатида фойда топиш учун одамларни кўзидан махфий тутишди. Аллоҳ эса улар махфий тутишаётган нарсани билади. Махфий қилаётганлар ва улардан бошқаларни ҳам ишлари Аллоҳга махфий қолмайди. Ва яна Юсуфни инилари ҳамда сотиб олувчилар нима қилишаётганини ҳам Аллоҳ билгувчидир. Аслида воқеъликда бўлаётган нарсаларни ўзгартириб юбориши ёки умуман амалга оширмаслиги мумкин. Лекин бу ишларни ҳикмати ва олдиндан тақдир қилиб қўйилган томони бор. Шунинг учун қазо ва тақдир қилиб қўйгани амалга ошиши учун ишни шундайича тарк қилиб қўйди.
Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори — Аллоҳ буюкдир. (Аъроф-54)
Ибн Аббос (р.а.) ривоят қилишларича, Юсуфни сотиб юборганлар унинг ака-укаларидир. Қудуқдан чиққандан кейин мол сифатида яшириб қўйган ака-укалардан сотиб олганлар тижоратчилардир. Баъзи сўзларга қараганда сотувчилар карвондагилар сотиб олувчилар эса Миср аҳлидан бўлган бир кишидир.
Мушриклар қавмидан етаётган азият пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бўлиши учун ушбу қиссаларни келтирган. Ва яна қавмингиздан етаётган ушбу азиятларни Аллоҳ билиб турганини ҳамда ана шу озор берувчиларни ўзгартириб қўйиши мумкин. Лекин Юсуф алайҳиссалом ака-укаларини ҳийласига сабр қилганларидек сабр қилсангиз худди Юсуфга ғалаба ато қилиб улар устидан бошлиқ қилгани каби сизга ҳам ғалаба ато этиши мумкинлигини билдириш маъноси ҳам бор.
Ибн Касирни айтишларича Юсуф алайҳиссаломнинг инилари у зотни сотиб юборишган. Мана шуниси кучлидир. Баъзи ривоятга қараганда озгина нархга Мисрга карвонда кетаётганлар сотиб юборишган. Ўша озгина нарх бир увқия яъни 40 дирҳамга тенг эди. Оятдаги «Бахс» сўзидан мақсад озгина, арзимас деган маънони билдиради. Баъзилар ундан мақсад зулм чунки ҳур кишини сотиш ҳаром қилинган зулмдир. Ибн Касир айтганларидек аввалги маъно асослироқ. У нарса маълум қилинган ҳаром бўлиб, барча кимса уни барча ҳолатда ҳаромлигини билар эди. Чунки Юсуф алайҳиссалом мукаррам набий ва халилуллоҳни фарзандларидан эдилар. Ана ўша инилар қандай қилиб бўлса ҳам Юсуфдан ажрашни хоҳлаб озгина нарсага ҳам сотиб юборишган эди. Ваҳоланки улар Аллоҳ ҳузуридаги Юсуфни ўрнини билишмас эди. Демак у зотни Миср зобитларининг бошлиғи сотиб олди. Ҳатто у зобит Юсуф алайҳиссаломга иймон келтириб динларини қабул қилди ва ҳаётлик вақтларида оламдан ўтди.
Хулоса шуки, Юсуф алайҳиссалом сотиб юборилган баҳони Аллоҳ таоло уч сифат билан сифатлади.
Арзон баҳо, бир неча танга ва уларни ўша нарсага қизиқмаганлари.
Мазкур оятлар қуйидагиларга далолат қилади.
1. Карвон келиб челагини қудуққа ташлаши Аллоҳ томонидан бўлган махфий тадбир ва бандаси Юсуфга кўрсатган лутфи ҳамда осонлаштирганидир. Бундай тадбирни ишга солиш билан Юсуфни ўлим ва ҳалокатдан сақлаб қолиш эди. Аллоҳ коинотдаги барча нарсани билувчи ва ҳикмат-иродасига мувофиқ яхши деб кўринган нарсаларни тадбир этувчи зотдир.
2. Ибн Масъуд ва Ибн Аббосни айтишларича Юсуф алайҳиссаломни сотилган баҳо мисл (тенглик) баҳосидан оз эди. Бир неча танга яъни 20 дирҳам эди. Ўша пайтдаги қулни сотиб олинишига тенг келувчи маблағ эмас эди. Чунки инилар укаларини сотишда уни пулидан фойдаланишни қасд қилишмаган эди. Ундаги мақсадлари оталарини Юсуфдан маҳрум қилиш эди. Агар уни карвондагилар сотиб юборишган бўлса йўлдан топиб олишгани учундир. Ким бирор нарсани маблағсиз қўлга киритса жуда арзонга сотиб юборади. Шунинг учун улар фойдани ҳаммасини олишмади.
3. Хатарли нарсани оз нархга сотиб олиш жоизлиги ва ўша байҳ лозим эканига оят далолат қилади.
4. Аллоҳ таоло халойиқни ишлари ва сўзларини билиши ва унга бирор нарса махфий қолмаслиги ҳамда ўша нарсага мувофиқ жазолаши.
Уни Мисрдан сотиб олган (Миср шаҳрининг ҳокими — Қитфийр деган) киши хотини (Зулайҳо)га: «Уни яхшилаб жойлаштирган. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз». деди. Мана шундай қилиб (яъни ўлимдан, чоҳдан қутқариб ва Миср ҳокимининг кўнглини мойил қилиш билан) Юсуфни — унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун, — ўша ерга (Миср ҳокимининг уйига) жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким ман қила олмайди), лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар. Қачонки (Юсуф) вояга етгач, унга ҳикмат ва билим бердик. Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз.
Тафсир ва баёни
Қудуқда Юсуф алайҳиссалом устиларида бўлиб ўтган қайғули воқеъа яъни қул каби олди-сотди қилинганларидан кейин Аллоҳ таоло у зотни Мисрлик кимса сотиб олишини тақдир қилди. Бу ерда у кимсани исми зикр қилинмади. Оятда аёллар у кимсани Мисрдаги хазиналар устидан бошлиқ деб сифатлашди. Тарихда зикр этилишича бу кимса миршаблар раиси ва вазир вазифасида ишлаган. Исми Қитфийр ёки молия вазири бўлган Атафир ибн Рувайҳиб эди. Бу кимса Юсуф алайҳиссаломни парваришлаб, ҳурматларини жойига қўйиб, ўз аҳлига унга яхши муомала этишларини талаб қилди. Азиз яъни ўша бошлиқ кимса Юсуф алайҳиссаломда яхшилик ва салоҳият борлигини ҳис этиб хотини Зулайҳо ёки Роил бинти Руҳобилга: «Бу болани яхшилаб жойлаштиргин, унга бор ғамғўрлигингни кўрсатгин», деди.
Абу Исҳоқ Абу Убайдадан, у зот эса Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилишларича одамларнинг ўткир фикрлиси учта. Миср азизи хотинига «Бу болани яхшилаб жойлаштиргин», деганидаги ўткир ақли, «Эй отагинам, уни ишга ёллаб ол» (Қасос-26), деб айтган аёлнинг ўткир ақли, Умар ибн Хаттобни халифа қилаётганда Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг ўткир ақллари.
Мусо алайҳиссалом давриларида 400 йил яшаган Фиръавн Юсуф алайҳиссаломни сотиб олган, деб айтганлар ҳам бор. Бунга далил қилиб «Дарвоқеъ, илгари Юсуф сизларга (ўзининг пайғамбар эканлигини исботлайдиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида ҳам, у сизларга келтирган нарсалардан шубҳа-гумон қилиб туриб олган эдинглар» (Ғофир-34)
Байзовий айтишларича, машҳури Фиръавн болалари сотиб олганидир. Бу ердаги оят оталар ҳолати билан болаларга хитоб қилиш қабилида келган.
Азиз хотинидан Юсуфни яхшилаб парвариш қилиш ва унга чиройли муомалада бўлишини қуйидагича асослаб бермоқда. «Шояд бизга бирор фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб оламиз» яъни, хос ишларимизда фойдаси тегиб қолар ёки кўзимизни қувонтириш учун фарзанд қилиб олармиз, дерди. Чунки Азиз бола кўрмайдиган бепушт киши эди.
Оят ҳам унинг бепушт бўлганини ва шу билан бирга ўткир ақлли бўлганини англатмоқда. Сўнгра Аллоҳ таоло у зотга моддий ёрдам берадиганларни тақдир қилганини адабий баён қилиб: «Биз унга қудуқдан қутулишни неъмат қилиб бердик, ака-укаларидан қутқардик, унинг учун манзил ва яхши маконларни битиб, Азизни қалбини унинг учун меҳрибон қилиб қўйдик. Ҳамда Миср ерида унинг мавқесини баланд қилиб қўйдик. У давлат иши, ҳукмлари, молиявий ишлари ва буйруқ қилиш, ман этишларни қўлга киритган эди. Бундай бўлишига сабаб Азизни уйида бўлиб ўтган ҳодисалар сўнгра қамоқ ва у ерда подшоҳни соқийси яъни шарбатли сув билан таъминлаб турувчи масъул киши билан танишишлари ундан кейин подшоҳни ўзи билан боғланишларини», хабарини беради. Ўшанда подшоҳ: «Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан», деди.
Камолотни рўёбга чиқариш икки иш билан амалга ошади. Қудрат ва илм.
Қудрат сифатидаги камолот Аллоҳнинг қуйидаги сўзида мужассамдир. «Юсуфни ўша ерга (Миср ҳокимининг уйига) жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким ман қила олмайди), лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар». Аммо илм сифатидаги камолот «Юсуфни – унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун», ояти далилдир.
Ўша илмга тушни таъбир қилиш, ишларни ҳақиқатини билиш, Аллоҳнинг қудрати, ҳикмати ва улуғлигига далолат қилувчи ҳар турлик махлуқотларнинг далил қилиш кайфиятидир.
Сўнгра Аллоҳ таоло «Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир», демоқда. Яъни бирор нарса уни ожиз қолдира олмайди. У хоҳлаган нарсани ҳеч ким ман эта олмайди. У хоҳлаган нарсада бирор киши тортиша олмайди. У бирор нарса хоҳлаб қолгудек бўлса рад этиш, ман қилиш, хилоф чиқишга ҳеч ким қодир эмас. Балки У Ғолибдир. Хоҳлаган нарсасини амалга оширади.
Саид ибн Жубайр айтганларидек, кўпчилик кимсалар Аллоҳ халойиқи устида Ўз лутфи билан хоҳлаб қилаётган ишини билишмайди. Ишларни зоҳирига қараб ҳукм чиқаришади. Худди улар Юсуфни ака-укаларига ўхшашади. Укаларини оталаридан йироқ қилишса солиҳ киши бўлиб қоламиз, деб ўйлашди.
Оятдаги «Лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар» сўзи Яъқуб алайҳиссалом каби оз кишиларгина ҳақиқатларни билишига далилдир. Чунки Яъқуб алайҳиссалом каби озчиликни ташкил қилувчи кимсалар Аллоҳ Ўз ишида ғолиб эканини билишади.
Сўнгра Аллоҳ таоло Юсуфни ака-укаларининг ёмонликларига ва бошидан ўтган қийинчилик ва машаққатларга сабр қилганлари учун мукофотлаб ерда (Миср ҳокимини уйига) жойлаб қўйди. У юқорида зикр қилганимиздек қудратдир. Вояга етгач эса ҳикмат ва илмни бериши илмнинг энг юқори даражасидир.
Юсуф вояга етгач яъни жисмонан ва ақлан комилликка етгач, Биз унга ҳикмат ва илмни яъни қавмларга маҳбуб бўлишларига сабаб бўлган нубувватни ато қилдик. Буларни барчаси қийинчиликларга сабр қилиб, яхши амалларни амалга оширганлари учун эди.
Етуклик мукаммал бўлиши 30 ёш билан 40 ёш оралигидадир. Баъзи жамоалар 33 ёш ёки бироз ундан юқорироқ дейишган. Ҳасан (р.а.) эса 40 ёш деб айтганлар. Икрима (р.а.) Табиблар белгилашганидек 25 ёш, деб айтганлар.
«Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз». Яъни, ўзлари учун яхши амал қилганларни шу каби мукофотлаймиз. Бу нарса Юсуф алайҳиссалом амалларида яхши бардавом бўлганлари ва Аллоҳнинг тоатида машғул бўлганларига далилдир. Аллоҳ у зотга ато қилган бошлиғлик, илм, ҳикмат, нубувват ва рисолат ёшликларидаги тақволари ва амалларидаги яхшиликлари учун мукофот тарзида эди. Демак яхшилик ақлни мусаффо бўлишида таъсири бордир. Ёмонлик эса нафс кирлашиши ва ишларни ёмонлашишига таъсири бор.
Мазкур оятлар қуйидагиларга далолат қилади.
1. Ҳурматли хонадон, роҳатбахш макон, овқат ва кийимлари етарли, Миср хазиналарида молия вазири бўлган Азизнинг уйидаги моддий ва ахлоқий ғамхўрликда яшаш. Кейинчалик Юсуф алайҳиссалом Азиздан кейин унинг мансабига ўтиришлари.
2. Азиз фаросатли ва ўткир фикрли, узоқни кўра оладиган кимса эди. Чунки Юсуф алайҳиссаломни келажакда олий мақомга кўтарилишларини билиши бунга мисолдир.
3. Миср ерида Юсуф алайҳиссаломга подшоҳни қалбини мойил қилиб моддий ҳокимиятни бердик. У зот ўша подшоҳнинг шаҳрида буйруқ бериш ман қилиш ҳуқуқига имкони бор кишига айлантириб қўйдик.
4. Юсуф алайҳиссаломни маънавий неъматни ато этилиши Аллоҳ у зотга Ўз ваҳийсини юбориши, сўзларни тафсири ва таъвилини билдириш ҳамда Аллоҳнинг борлиги, ваҳдонияти ва қудратига далолат қилувчи далилларни ҳис эттиришидир.
5. Етуклик ва балоғат ёшига етганларида илм ва ҳикматни бериб, жасад ҳамда ақлий қувватни мукаммал қилиши нафс амалий ва назарий қувватда мукаммалликка эришишига ишорадир.
6. Раббиларини буйруқларига итоат қилувчи ва ёмонликлардан четланувчи, қийинчиликларга сабр қилувчи яхши кимсалар ҳақида баъзи олимлар: «Ким жидду-жаҳд қилиб Аллоҳнинг балоларига сабр қилса ва неъматларига шукр этса рисолат мансабини топади», деб айтишди. Бунга далил қилиб Аллоҳ Юсуф алайҳиссалом қийнчиликка бардошларини зикр қилди ва ўша сабрлари сабабли нубувват ва рисолат ато қилганини ҳам зикр қилди, деб айтишган.
7. «Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз». Шунга биноан ким Юсуф алайҳиссалом каби яхши тоат қилса шубҳасиз Аллоҳ ана шундай мансаб ато қилишини айтмоқда.
8. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Хоҳлаган нарсасини бажараверади. Еру-осмонда бирор нарса уни ожиз қолдирмайди. Халойиқ орасида ўз ишини ижро қилади. Бошқа бир оятда бу ҳақда қуйидагича айтган.
«Бирор нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ясин-82).
9. Одамларни кўпчилиги илоҳий ишлардаги ҳақиқатни билишмайди. Улар ишларни зоҳирига қараб кифояланишади. Оз сонли Набийлар ва тақводор мўминларгина Аллоҳ Ўз ишида ғолиб эканини билишади.
23. У (Юсуф) уйида бўлган аёл (яъни, Зулайҳо, унинг ҳусну малоҳатига ошиқи беқарор бўлиб) уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб «келақолгин», деганида, (Юсуф) айтди: «Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни, эринг) менга яхши жойлар берган хожам-ку! Албатта, золим кимсалар (яъни, зинокорлар) асло нажот топмаслар».
24. Ҳақиқатан, (Зулайҳо) унга (яъни, Юсуфнинг висолига) интилди. Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида, (Юсуф) ҳам унга (Зулайҳога) мойил бўлар эди. Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у покиза бандаларимиздандир.
25. (Иккаласи ҳам) эшик томонга чопишди ва (Зулайҳо Юсуфга етиб олиб) унинг кўйлагини орқа томондан йиртиб юборди. Эшик олдида эса (Зулайҳонинг) хожаси — эрига йўлиқиб қолишди. (Шунда Зулайҳо эрига қараб): «Сенинг оилангта ёмонлик қилмоқчи бўлган кимсанинг жазоси ё зиндон, ёки аламли азобдир», деди.
26. (Юсуф) айтди: «Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди». (Шу пайт Зулайҳонинг) уруғларидан бири гувоҳлик бериб (деди): «Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайҳонинг) гапи ростдир ва (Юсуф) ёлғончилардандир.
27. Агар кўйлаги орқа томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайҳо) нинг гапи ёлғондир ва (Юсуф) ростгўйлардан бўлур».
28. Энди қачонки (Зулайҳонинг эри Юсуфнинг) кўйлаги орқа томонидан йиртилганини кўргач: «(Эй аёллар-а), албатта бу (иш) сизларнинг макр-ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир».
29. «Юсуф, сен бу (ишни) унутгин, сен эса (эй Зулайҳо), қилган гуноҳингга истиғфор айт – тавба қил. Чунки сен адашган кимсалардан бўлдинг», деди.
Тафсир ва баён
Юсуф алайҳиссалом ғоятда чиройли келишган бола эдилар. Мисрнинг азизи (бошлиқларидан бири) хотинига, Юсуфни ҳурмат қилиб, ҳолидан хабар олиб, яхши ўринларга жойлаштиришни, тавсия қилди. Лекин Юсуфни чиройли ва хушбичимликларини кўриб хотин ошиқу беқарор бўлиб қолди. Хотин пардоз-андоз қилгач, Юсуф билан қовушиб, у зотни алоқада бўлишга чорлади. Эшикларни беркитди. Айтилишича ўшанда эшиклар еттита бўлган. Хотин: «Бери кел, мени олдимга келиб, менга юзлан, чунки мен сен билан қовушмоқ учун имконият топдим», деди. Аммо Юсуф алайҳиссалом бу таклифни жуда қаттиқ инкор қилдилар. Сен хоҳлаётган нарсадан Аллоҳим томон қочиб, Унинг номи билан паноҳ тилайман. Хожам ва бошлиғим бўлмиш Қитфир яъни эрингга хиёнат қилмайман, чунки у мени сийлаб, яхши жой бериб, таъминлаган кимсадир. Бу ишим уни аҳлига нисбатан фаҳш бўлиб, Аллоҳ яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарувчи золимларга нажот бермас, дедилар.
Энди хотин (Зулайҳо) буйруғи бажарилмагани, мақсади ҳосил бўлмагани ва рағбати қондирилмагани учун ўч олишни қасд қилди.
«Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида, (Юсуф) ҳам унга (Зулайҳога) мойил бўлар эди».
Мана шу оят шарҳи ҳақида одамларни сўзи кўпайиб кетган. Лекин асли оддий тушунчадир. Оят лафзидаги «Ҳамма» яъни «мойил бўлар эди», деб қолган жумлаларни қолдириб ўзини тафсир қилиш жоиз эмас. Энди жумлани барчасини қўшиб биргаликда тафсир қилинса у зот мойил бўлдилар деган маънони асло тушунилмайди. Чунки Раббиларини ҳужжат – аломатини кўришлари мойил бўлишдан ман қилади. «Агар кўрмаганида» деган сўз ўзидан кейинги сўзни ман этишни ифода этади. Агар ҳужжат-аломатни кўрмаганида (Юсуф Зулайҳони) қасд қилиб у билан қовушар эди. Масалан яна бошқа мисолда «Агар Аллоҳдан қўрқмаганимда уни ўлдиришни қасд қилар эдим», деб айтилгани каби.
Ундан ташқари «қасд қилди»дан мақсад одам ичида сўзлашадиган махфий сўзи, башарий табиат ҳукми билан қовушиш учун бўлган майл. Бунинг учун шаръан айблаш йўқ. Ахир Аллоҳнинг набийси учун маъсиятни қасд қилиш қандоқ ҳам жоиз бўлади, деб айтилмайдику?
Қасд қилишдан айбни олиб ташланганига далил қилиб имом Бағавий қуйидаги ривоятни келтирадилар.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. Аллоҳ таоло: «Агар банда яхшиликни қасд қилса у банда учун бир яхшилик бажарди, деб ёзинглар. Агар ўша яхшиликка амал қилса ўн баробар қилиб ёзинглар. Бордию бир ёмонликни қасд қилсаю амал қилмаса, бир яхшилик бажарди, деб ёзинглар, чунки Мен сабабли уни тарк қилди. Агар амал қилгудек бўлса битта ёмонлик қилди, деб ёзинглар холос», деди.
Энди Юсуф алайҳиссалом кўрган очиқ ҳужжат-аломат хусусида ҳам бир қанча фикр айтилган. Ўша ҳужжат ҳаромдан сақланиш шарт қилиб қўядиган мукаллафларни айбловчи нарса. Ёки зинони ҳаромлиги ҳақидаги Аллоҳнинг ҳужжати, чунки у зот зинокорга белгиланган жазони билардилар. Ёки набийлар нафсларини ёмон ахлоқлардан поклаб қўйишидир. Ёки ёмонликларни содир қилишдан ман этувчи нубувватдир, деб уламолар фикр билдиришди. Бу айтилган маъноларни барчасини ҳам қўллаш мумкин. Чунки бир-бирини тўлдирувчи яқин маънолар бўлиб, орасида қарама-қаршилик йўқдир. Буларни барчаси бир маънони, у ҳам бўлса Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилишни мақсад этади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Юсуф алайҳиссалом ҳеч гуноҳ содир этмаганлар. Аммо Аллоҳнинг у зотга нисбатан ҳифзу-ҳимояси ва исмати (гуноҳлардан сақлаши) бўлмаганида, гуноҳни содир этишга қасд қилган бўлардилар.
Уламолар бу оятга икки хил тафсир айтишган.
Биринчиси: Юсуф алайҳиссалом Раббиларини ҳужжатини кўрганлари учун қасд қилмадилар. Ана ўша ҳужжат гуноҳни қасд қилишдан ман этган.
Иккинчиси: Башарият табиатидан келиб чиқиб қасд қилдилар кейин монеълик сабабли маъсиятни амалга оширишдан огоҳ бўлиб қолдилар. Ана ўша ҳужжат ҳақида бошқа бир оятда: «Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди» (Исро - 74), деб айтган.
Демак икки қасд қилувчининг орасидаги фарқ аниқланди. Аёл ўч олиш, жазо бериш қасдини қилиб, ғазабини қондиришни хоҳлади. Унинг қасди гуноҳ иш устида эди. Аммо Юсуф алайҳиссалом ўз жонларини мудофаа қилиш ва бостириб келаётганда ундан халос бўлиш йўлларини кўзлаб қасд қилдилар. Лекин раббилари ҳужжатини кўрганларида бу муаммодан қочиш йўлларини ахтара кетдилар. У зотнинг қасдлари нажот топиш, шунинг учун ичларидан ушбу туйғу ўтган. Аслида пайғамбарлар маъсум (гуноҳсиз) бўлишгани учун бундай ёмонликни қасд қилишмайди. Аллоҳ таоло: «Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у покиза бандаларимиздандир», деб ортидан қуйидаги оятни эргаштиради.
Иккаласи ҳам эшик томон чопишди... Юсуф (а.с.) эшик томон чопгандилар аёл ҳам қочиб кетишидан тўсиш учун эшикни беркитишга шошилди. Аллоҳ эса ундан ёмонликни бартараф қилди. Яъни фитна ва алдовдан мана шундай сабот туриш орқали мустаҳкам қилиб қўйдик. Ва яна у фитна устида турганида мана шундай буриб қўйдик. Шунингдек Биз уни барча ишларида ёмонлик ва фаҳшдан сақлаб омонда қиламиз.
Ёмонлик – мункар, маъсият ва хожасига нисбатан хиёнат, деганидир.
Фаҳш – зино ва фужрни англатади.
Зеро, у покиза бандаларимиздандир... Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг ўз ваҳийси ва рисолати учун танлаб олган бандаси бўлиб, ҳар-хил нопокликлардан софлагандир. Шайтон у зотни адаштиришга қодир эмасдир. Бошқа бир оятда: «Ҳақиқатан улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир» (Сод сураси, 47-оят).
Аёлнинг эри келиши билан ажойиб тасодифий воқеъа юзага келди. Юсуф (а.с.) чиқиш учун эшик томон шошар эди. Аёл эса чиқишдан ман этиш учун шошар эди. Юсуф (а.с.) қочиб кетаётганларида аёл кўйлакларини орқа томонидан ушлаб, йиртиб юборди.
Эшик олдида эса (Зулайҳонинг) хожаси — эрига йўлиқиб қолишди...
Аёл макр ҳийласини ишга солиб, ўзини гуноҳдан пок қилиб, Юсуфга туҳмат қила бошлади. Аҳли-аёлингга фаҳш ишни хоҳлаганнинг жазоси нима бўлиши мумкин? Албатта ҳибс қилиш ёки қақшатгич азоб бериш, ёки дарра уришдир, деди.
Мана шу ерда имом Розий Юсуф алайҳиссалом ростгўй эканликларига далолат қилувчи кўпгина аломатларни келтирдилар.
1. Юсуф алайҳиссалом уларнинг эътиборида қул эдилар. Қул ўз хожасига бу даражада тажовуз қила олмайди.
2. Юсуф алайҳиссалом эшикдан чиқиб кетиш учун шиддатли югурдилар. Аёл эса чиқиб кетмасликларини талаб қилди.
3. Аёл мукаммал кўринишда ўзига оро бериб зийнатлаган эди. Лекин Юсуф алайҳиссалом ҳолатлари буни акси эди.
4. Юсуф алайҳиссаломни хулқ-сийратлари узоқ муддат кузатилишича бундай мункар ишни қилишга далолат қилмас эди.
5. Аёл фаҳшга чорлашда очиқча гапирмасдан ўраб гапирди. Юсуф (а.с.) эса очиқча рад қилдилар.
6. Аёлни эри эр-хотин муомаласида ожиз бўлиб қолган эди. Шу сабабдан шаҳват у аёл томонидан бўлгани аниқ.
Эр бу нарсалар учун қаттиқ уқубат талаб этмади. Фақатгина қўрқитиш маъносида бир кун ёки ундан-да озроқ Юсуф алайҳиссаломни ҳибс қилиб қўйди холос. Чунки аёлни Юсуф (а.с.)га нисбатан бўлган севгиси шафқат қилишга ундар эди. Лекин бошқа томондан Юсуф менга ёмонликни қасд қилди, деб айтишдан ҳаё қилар эди. Бирор узрни кўрсатиб, эрини олдида ўз обрў ва кароматини сақлашни хоҳлар эди.
Баъзилар зикр қилишларича аёллар Юсуфга (а.с.) шаҳват майли билан мойиллик қилаверишгач Аллоҳ у зотга нубувват ҳайбатини бериб қўйди. Шундан кейин ким у зотда ҳуснни кўриб ҳайратланса, у зотнинг ҳайбатлари маҳлиёликдан буриб қўяр эди.
Сўнгра Юсуф алайҳиссаломнинг оқланишлари навбати келди. Юсуф алайҳиссалом ўз нафсларини мудофаа қилиб:
«Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди...», дедилар. Чунки аёл орқаларидан югуриб ҳатто кўйлакларини тортди. Бу билан ниятига эришмоқчи эди.
(Шу пайт Зулайҳонинг) уруғларидан бири гувоҳлик бериб (деди)....
Мана шу оят хусусидаги гувоҳ ҳақида уламолар икки хил сўз айтишди. У гувоҳ катта киши бўлганми ёки кичикми? У гувоҳ инсон бўлганми ёки кўйлак? Мана шу гувоҳни таъйин қилиш учун уч хил сўз айтилган.
Биринчиси: Воқеъага гувоҳ бўлган аёлнинг катта амакисининг ўғли бўлган. Ўша кимса ўта ақлли, фикри кенг киши бўлган. У, агар кўйлак олди томонидан ертилган бўлса сен рост гапирдинг, ана бу киши ёлғон сўзлабди. Агар кўйлак орқа томондан ертилган бўлса ана бу киши рост гапирибди сен эса ёлғон сўзлабсан, деди. Қачон энди кўйлакка қарашган эди уни орқасидан ертилганини кўришди. Шу пайт амакисининг ўғли «албатта бу (иш) сизларнинг макр-ҳийлаларингиздандир», деди. Сўнгра Юсуфга қарата: «Бу нарсадан юз ўгириб, гапирмасдан беркитгин», деди. Аёлга қарата: «Гуноҳингга истиғфор айт», деди. Мана шу фикр кўпгина муфассирлар сўзидир.
Иккинчиси: Ибн Аббос ва кўпгина жамоатлар сўзидир. Воқеъага гувоҳ бўлган у гўдак боладир. Аллоҳ таоло уни бешикда ётганида гапиртирди. Ибн Жарир Ибн Аббосдан (р.а.) марфуҳ ҳолда қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гўдаклигида гапирганлар тўрттадир. Улар: Ибн Мошита бинти Фиръавн, Юсуфнинг гувоҳлари, Журайжнинг соҳиблари, Исо ибн Марямлардир», деб айтганлар.
Учинчиси: Воқеъага гувоҳ бўлган у кўйлакдир. Имом Розий фикрларича, бу учинчи сўз ўта заифдир. Чунки кўйлак бундай сифатга эга эмас ҳамда аҳл бўлишга лойиқ ҳам эмас.
Аёлнинг эри Юсуфнинг ростгўйлиги ва хотинининг ёлғон айтиб туҳмат қилганини аниқлагач, қавм учун Юсуфнинг бундай мункар ишдан йироқ экани равшан бўлди.
Азиз ёки гувоҳ: «албатта бу (иш) сизларнинг макр-ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир. Яъни аёл кишининг макри нафсларда жуда ҳам қаттиқдир. Шундай ғаройибки, кўпинча эркаклар уни ҳис эта олмай қолишади. Уларни ҳийла ва тадбирларини билишга кучлари етмай қолади. Эй Юсуф бу воқеъадан юз ўгир уни одамларга хабарини айтиб юрма. Эй хотин, гуноҳинг учун мағфират талаб қил, чунки сен хато ва гуноҳ қилувчилар тоифасига кирасан», деди. Эр бу сўзларни айтиши билан рашкли бўлмасдан, сокин бўлганини англатади. Чунки Аллоҳ ундан ғаюрликни тортиб олган эди. Бундай бўлиши Юсуф алайҳиссаломга нисбатан Аллоҳнинг лутфи эди. Чунки у Юсуф алайҳиссаломни ўзи ожиз бўлганидан кечириб юборди.
Мазкур оятлар қуйидагиларга далолат қилади.
Оятлар мавзуси Юсуф алайҳиссалом устларидаги бўлган машаққатлар, у зотнинг оқланишлари ва азизнинг хотини туҳмат қилиши хусусидадир.
1. Азизнинг хотини (Зулайҳо) Юсуф алайҳиссаломни йўлдан уришда айблади. Оятда аёлнинг туҳматини таъкид қилувчи учта тасарруф баён этилади.
Йўлдан уриши, эшикни беркитиб олиши ва келақолгин, деб чақириши.
Оятнинг арабий лафзидаги «Ҳайта лак» яъни «келақол» деган сўз Сурия жанубидаги Ҳурон аҳлининг луғати бўлиб, бери кел ва мен томон кел, деган маънони англатади.
2. Юсуф алайҳиссалом ўзларини ҳимоя қилиб жавоб беришда уч нарса ишлатдилар.
(Юсуф) айтди: «Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни, эринг) менга яхши жойлар берган хожам-ку! Албатта, золим кимсалар (яъни, зинокорлар) асло нажот топмаслар».
Яъни у аёл чақирган нарсадан паноҳ тиладилар. Жой ва маскан бериб ўзини ҳимоясига олган хожаларини фазлини эсладилар. Ва келажакка оқил назари билан қараб, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарувчи хоин ва золимлар музаффар қозонмаслигини таъкидлаб ундай фаҳш ишни қилмасликка қарор қилдилар.
3. Демак маъсият, бузуқлик ва интиқомни қасд қилиш билан нажот топиб, қутилиб қолиш орасида фарқ бордир. Чунки набийлар гуноҳлардан маъсум бўлган зотлардир.
Набийларнинг маъсум (бегуноҳ) эканига қуйидаги нарсалар далилдир.
Биринчи далил: Албатта зино кабира бўлган мункар ишлардандир. Шуни сингари хиёнат ҳам гуноҳларни мункаридир. Ва яна яхшиликларга ёмонлик билан жавоб қайтариш гуноҳларнинг мункаридир. Энди ёш гўдаклигидан қучоғида катта қилган болани яхшилик қилган кишисига нонкўрлик қилиши амалларнинг энг мункаридир.
Иккинчи далил: Ёмонлик ва фаҳшнинг моҳияти набийлардан йироқлатилгандир. Албатта Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломни холис бандаларидан қилган.
Учинчи далил: Набийлардан хатога йўл қўйиб, янглишгандан кейин тавба ва истиғфорни эргаштирмаслик маҳол нарса.
Тўртинчи далил: Ким ушбу воқеъага тааллуқли бўлса Юсуф алайҳиссаломни бегуноҳ эканликларини гувоҳи бўлар эди.
Ана ўша воқеъага тааллуқли бўлганлар ана бу хотин ва эри, аёллар, гувоҳлар, Оламлар Робби ва иблисдир. Буларни барчалари юқорида ўтганидек Юсуф алайҳиссаломни бегуноҳ эканликларига гувоҳ бўлишди.
4. Уламолар айтишди. Аёл ўзини бегуноҳлигини исботлаш билан муҳаббатида ростгўй эмаслигини билдирди. Чунки яхши кўриб қолган киши маҳбубини ўзидан афзал кўриши керак эди.
Юсуф алайҳиссалом «Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди», дейиш билан аёлнинг ёлғон ва бўҳтони олдида ўзларини ҳақ сўзларини гапирдилар.
5. Аҳлидан гувоҳ бўлган бешикдаги гўдакдир. Имом Суҳайлий юқоридаги саҳиҳ ҳадисни далил қилиб келтирадилар. Ва яна Юсуфга гувоҳ бўлган кимса ҳаким, ақлли доно киши бўлиб, вазир ундан маслаҳат олиб турар эди, дедилар.
6. Кўйлакни олди ва орқасидан ертилишини оятда келиши қиёс ва эътибор, урф ва одатга амал қилишга далилдир. Чунки кўйлак орқа томондан тортилса ўша томондан йиртилади. Агар олди томондан тортилса ўша томондан йиртилади. Кўпинча ҳолат мана шундай бўлади.
7. Аёлларнинг фитнасидан огоҳ бўлиш. Чунки уларнинг фитналари улкан бўлганидан макру-ҳийлалари ҳам улкандир.
Муқотил Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилган ривоятда келтиришларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг макру-ҳийласи шайтоннинг макру-ҳийласидан улканроқдир. Чунки Аллоҳ Нисо сурасининг 76-оятида «Шубҳасиз, шайтоннинг макри заиф бўлгувчидир», деб, Юсуф сурасининг 28-оятида «Дарҳақиқат, сиз (аёл)ларнинг макрларингиз жуда зўрдир»? деб айтган.
بسم الله الرحمن الرحيم
وَقَالَ نِسْوَةٌ فِي الْمَدِينَةِ امْرَأَةُ الْعَزِيزِ تُرَاوِدُ فَتَاهَا عَنْ نَفْسِهِ قَدْ شَغَفَهَا حُبًّا إِنَّا لَنَرَاهَا فِي ضَلاَلٍ مُبِينٍ (30) فَلَمَّا سَمِعَتْ بِمَكْرِهِنَّ أَرْسَلَتْ إِلَيْهِنَّ وَأَعْتَدَتْ لَهُنَّ مُتَّكَأً وَآَتَتْ كُلَّ وَاحِدَةٍ مِنْهُنَّ سِكِّينًا وَقَالَتِ اخْرُجْ عَلَيْهِنَّ فَلَمَّا رَأَيْنَهُ أَكْبَرْنَهُ وَقَطَّعْنَ أَيْدِيَهُنَّ وَقُلْنَ حَاشَ لِلَّهِ مَا هَذَا بَشَرًا إِنْ هَذَا إِلاَّ مَلَكٌ كَرِيمٌ (31) قَالَتْ فَذَلِكُنَّ الَّذِي لُمْتُنَّنِي فِيهِ وَلَقَدْ رَاوَدْتُهُ عَنْ نَفْسِهِ فَاسْتَعْصَمَ وَلَئِنْ لَمْ يَفْعَلْ مَا آَمُرُهُ لَيُسْجَنَنَّ وَلَيَكُونَنْ مِنَ الصَّاغِرِينَ (32) قَالَ رَبِّ السِّجْنُ أَحَبُّ إِلَيَّ مِمَّا يَدْعُونَنِي إِلَيْهِ وَإِلاَّ تَصْرِفْ عَنِّي كَيْدَهُنَّ أَصْبُ إِلَيْهِنَّ وَأَكُنْ مِنَ الْجَاهِلِينَ (33) فَاسْتَجَابَ لَهُ رَبُّهُ فَصَرَفَ عَنْهُ كَيْدَهُنَّ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ (34) ثُمَّ بَدَا لَهُمْ مِنْ بَعْدِ مَا رَأَوُا الآيَاتِ لَيَسْجُنُنَّهُ حَتَّى حِينٍ (35)
30. Шаҳардаги аёллар: «Ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўлибди. Роса юрагидан урибди-да! Албатта бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз», дедилар.
31. Энди қачонки (Зулайҳо) уларнинг иғволарини эшитгач, уларга одам юборди ва (келганларидан кейин) суяниб ўтирадиган жой тайёрлади ҳамда (анвойи мева-чевалар билан дастурхонни тўлдириб) улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб қўйди. Кейин (Юсуфга) «уларнинг олдига чиққин», деди. Бас, қачонки уни кўришгач (улар беихтиёр уни) олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўлларидаги пичоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: «Эй пок Аллоҳ, бу башар (фарзанди) эмас, бу асл фариштанинг ўзи-ку», деб юбордилар.
32. (Шунда Зулайҳо): деди: «Мана шу йигит ҳақида сизлар мени маломат қилган эдингиз. Дарҳақиқат, уни йўлдан урмоқни бўлганимда, у покдомонлик қилди – бўйинсунмади. Қасамки, агар менинг амримни бажармас экан, албатта зиндонга ташланур ва хор-зор қилинур».
33. (Юсуф) деди: «Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар Ўзинг мендан уларнинг макрларини нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қолурман».
34. Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан нари қилди. У зот, шак-шубҳасиз, эшитгувчи, билгувчидир.
35. Сўнгра, уларга (яъни Миср ҳокими ва унинг одамларига Юсуф пок эканлиги ҳақидаги) оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уни бир вақтгача (яъни гап-сўзлар тингунча) зиндонбанд қилиб туриш маъқул кўринди
Тафсир ва баён
Миср шаҳридаги амир ва бошлиқларнинг хотинлари Азизнинг хотинини инкор қилиб, айблаган ҳолда: «Азизнинг хотини хизматкорининг яхши кўриб қолибди. Ўша хизматкоридан ўз нафсини қондиришни сўрабди. У ўша мақсадини қондиришдаги ҳаракатда бардавом экан», дейишди.
Оят лафзидаги «Туровиду» калимаси, келажакдаги талабида бардавомдир, маъносини англатади. Демак унинг қалби хизматкор болага муаллақдир.
Улар икки иш билан Азизнинг хотинини инкор қилишди. Одатда аёл киши талаб қилувчи бўлмасдан талаб қилинган бўлади. Ўша аёл биринчи ўриндаги вазир хотини бўлиб, хизматкори ва қули бўлган болани қўшилишини талаб қилди.
Биринчи: Қалбни ўраб турган пардасигача болани муҳаббати ўраб олиб, юрак хилватгоҳигача етиб борган. Уни оқибати нима бўлади? Ва ҳолат қаергача етиб боради? Қизиғи қолмаган эди.
Иккинчи: У аёллар: «Бизни эътиқод қилиб билишимизча, болани яхши кўриб, юрагидан уриб қолиши очиқ-ойдин хато бўлиб, тўғри йўлдан чалғиш ҳамда мақомига ярашмаган ишдир», дейишди. Улар бу сўзни айтиш билан макр-ҳийла қилиб, у қилиб қўйган ишига узр айтишга олиб бориш эди.
Муҳаммад ибн Исҳоқ айтадилар. Юсуфнинг ҳусни шу даражага олиб бордики, улар болани кўриб томоша қилишга қизиқиб қолишганидан ушбу сўзларни айтишди. Азизнинг хотини аёлларнинг ўзи хақидаги «Вазирнинг хотини Канъонлик қулига ошиқ бўлиб қолибди», деб айтилган ёмон сўзларни эшитгач, уларга одам жўнатиб, уйига меҳмондорлик учун чақирди. Улар суяниши учун курси ва ёстиқ қўйиб, овқатлар тайёрлади. Пичоқ билан кесиш учун лимон ва шунга ўхшаш нарсалар қўйди. Гўшт ва мева кесиш учун ҳар бирлари қўлларига пичоқ бериб қўйди. Улар ҳийла қилишгани каби бу хотин ҳам ҳийласини ишга солди.
Меҳмон аёллар қўлларида пичоқ ушлаб мева ва овқат тановул қилишаётган эди, вазирнинг хотини Юсуфни беркитиб қўйган жойидан чиқишга буюрди. У аёл муносиб вақт танлашда ўта зийрак эди. Аёллар кесиб еб туришганда, тўсатдан чиқарган эди.
Қачонки аёллар Юсуф олдларига чиққанини кўриб, унинг юқори даражада чиройи ва мукаммал ҳуснини кўриб даҳшатга тушишди. Оқибатда қўлларини кесиб қўлларига жароҳат етказишди. Улар олдларига қўйилган таомни кесаяпман, деб гумон қилишган эди. Таъсирли ҳодиса ёки ғаройиб манзарага кўзи етиб даҳшатга тушган киши одатда мана шундай иш қилиб қўяди.
Улар беихтиёр: «Эй пок Аллоҳ», деб юборишди. Биз бу болани кўрганимизда, сени маломат қилмаймиз, дедик. Чунки аёллар инсоният ичида бу каби ҳатто бунга яқин кишини ҳам кўришмаган эди. Юсуф алайҳиссаломга бутун инсониятга берилган чиройни ярмини ато қилинган эди. Исро хусусида айтилган саҳиҳ ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учинчи осмондан ўтаётиб, ҳуснни ярми ато этилган (Юсуф алайҳиссалом билан) учрашдилар.
Аёллар: «Биз кўраётган башар жинсидан бўлган бу киши, инсон суратидаги фариштадир», деб, бу билан уни улкан ҳуснини исботлашар эди.
Инсон табиатида шу нарса қарор топганки, фариштадан кўра чиройлироқ бирон жонзот йўқ. Шайтондан кўра хунукроқ бирор жонзот йўқ. Демак аёллар Юсуфнинг жамолини кўриб, фариштага ўхшатишди. Ҳамда ғаройиб чиройини кўргач, ундан башарлик хусусиятини инкор қилишди.
Бунга энг яқини Розийнинг фикрларидир. Аёллар Юсуфда нубувват ва рисолат ҳайбати ҳамда поклик ва иффат аломатини кўришгач, инсоний шаҳват ва башарий сифат асоратларини инкор қилиб, фаришта поклигини унда қарор топтиришди.
Вазир хотини, у болани ғайритабиий жамолига аёллар маҳлиё бўлишгани билан муваффақият қозониб: «Сизлар мени айблаб, маломат қилаётганингиз шу бола эди. Мен уни чиройли бўлгани учун яхши кўрганим узрли эди», деб ўзини ғолиб ҳис қилар ва сизлар бир лаҳзада шу даражага тушиб қолмоқдасизлар-у, мен бўлса доимо манзилимда у билан биргаман. Эътироф қиламан, ҳақиқатда юракдан уриб қолди. У эса мени хоҳишимни амалга оширишдан бўйин тоблади. Чунки у иффатли, пок бола экан. Ўша иффатни ота-боболаридан мерос қилиб олган экан», деб айтди.
Баъзилар айтишларича, у Юсуфдаги зоҳирий жамолни кўргач, улардан махфий бўлган яхши сифатни хабарини бермоқда. Ўша махфий бўлган яхши сифат – чирой билан бирга бўлган иффат эди.
Сўнгра Азиз хотини Юсуфга жазо беришни ваъда қилиб: «Агар у бола яқин келажакдаги буйруғимни бажармаса, уни қамоққа ташлаб, хор бўлувчилар қаторига қўшиб қўяман. Чунки эрим рағбат ва буйруғимга қарши чиқа олмайди», деди.
Хотинни бу сўзи бутун нафсини, боланинг муҳаббати ўраб олганига далолат қилар эди. Хотин эшик олдида эри хабардор бўлиб қолганида, вақтинча ҳибс қилишга ишора қилганидан кейин энди доимий қамоққа ташлаш билан жазолашни таъкидлар эди. Бу таҳдид билан эри устидан ҳукмронлигига ишонар ва болага ошиқ бўлиб, уни очиқчасига эълон қилар, уни оқибатида содир бўладиган танқид ва маломатдан қўрқмас эди.
Шу пайт Юсуф алайҳиссалом у аёлларнинг ёмонлиги ва ҳийласидан паноҳ тилаб: «Эй раббим Сен менинг паноҳимсан, ана бу фоҳиша аёллар маъсият содир этиш учун чақираётган нарсалардан мен учун қамоқхона яхшироқдир», деб айтмоқдалар.
Оятда у аёлларнинг, деб кўплик лафзи билан хитоб қилинмоқда. Чунки бунда фақат Азизнинг хотинини ҳийласи эмас, балки умумий хотинларнинг ҳийласи назарда тутилган.
Бу ердаги даъват барча аёлларга тегишли дейилмоқда. Чунки аёллар Азизнинг хотинини рағбатини қондиришни боладан илтимос қилиб, ёш туриб қамоқга тушишдан ўзингни эҳтиёт қил деб насиҳат қилишган эди.
Юсуф алайҳиссалом дуоларида лаззат устига машаққатни афзал кўргандилар. Чунки бегуноҳ бўлиб, мажбурий қамоққа тушиш дунёдаги мазаммат ва охиратдаги азобдан енгилроқдир. Албатта бегуноҳ маҳбус ўзини улкан бахтиёрликда ҳис қилади. Ўша бахтиёрлик дунёда мақтов, охиратда эса доимий савобдир.
У зот икки ёмонликдан ҳамда икки зарардан енгилини ихтиёр қилдилар. Ўша нарса қамоқ ва зино эди. Қамоқда эса фикр тинч, нафс хотиржам бўлиб, бировлар ҳукмини ўтказишдан халос бўлади.
Сўнгра Юсуф алайҳиссалом дуоларини ожизлик ва заифлик билан таъкидлаб, қудрат ва қувватли Зотга топширган ҳолда: «Агар Ўзинг мендан уларни макрларини нари қилмасанг» яъни ҳийла асоратидан йироқ қилмасанг, ақли паст жоҳиллардан бўлиб, шаҳват алдаган ва билганига амал қилмаганлар қаторида бўлиб қоламан. Чунки ҳаким киши ёмон нарсаларга амал қилмайди. Демак кимда-ким илмидан ўзи наф олмаса билмайдиганлар билан баробардир.
Агар ўз нафсимга топшириб қўйсанг, уни бошқариш учун менда қувват йўқ. Сен куч-қудратинг паноҳига қочаман. Сен ёрдам сўраладиган Зотсан. Суяниладиган Зот ўзингсан. Мени ўз нафсимга топшириб қўйма. Мана шу ҳолат бошқа анбиё ва солиҳлар, сабрга азму-қарор қилгандаги одатлари каби, Аллоҳнинг лутфу¬-карамига юзланишдир.
«Бас Парвардигор (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилди. Яъни «Мендан уларни макр-ҳийлаларини нари қил», деб айтган дуоларини ижобат қилди. Ушбу талаб нари қилиш ва дуода лутфига олиш, маъноси бор эди. Аллоҳ уларни ҳийласини бартараф қилиб, ажойиб ҳолатда сақлаб, маъсиятга йўлиқишдан ёки ҳаво нафсга эргашиб, жоҳил бўлишдан ҳимоя қилди. Албатта Аллоҳ таоло илтижо қилувчиларнинг дуосини эшитувчи, иймонларни тасдиғи ва ислоҳ бўлган ҳолатларини билгувчи Зотдир.
Мана шу нарса, Парвардигор анбиёларни ўзига хос тарбиялаб, эҳтимом беришига далилдир.
Ўзлари келишган, ҳуснли йигит бўлишларига қарамасдан Миср ҳокимининг ғоятда чиройли хотинига илашиб қолишдан нафсларини тийиб, Аллоҳдан хавф ва савобини умид қилган ҳолда қамоқни ихтиёр қилдилар.
Икки саҳиҳ китобида келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти тоифа кишини соя йўқ кунда ўз соясидан паноҳ берур: 1) одил подшоҳ; 2) Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит; 3) масжидга қалби муаллақ бўлган киши, яъни масжиддан чиқиб, то унга қайтгунча қалби боғлиқ бўлувчи; 4) Аллоҳ йўлида дўст бўлувчи икки биродар шахс, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар; 5) бир кишини ҳусну жамолда тенгги йўқ аёл (ёмон ниятда) ўз нафсига чақирса, у киши Аллоҳдан қўрқаман, деб жавоб қилса; 6) бир киши бирор садақа қилса, ўша берган садақасини шу даражада махфий қилсаки, ўнг қўли билан берганини чап қўли сезмаса; 7) бир киши холи ҳолда Аллоҳни эслаганида, кўзидан ёш оқса», дедилар.
Сўнгра улар оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уни бир вақтгача (яъни гап-сўзлар тингунча) зиндонбанд қилиб туриш маъқул кўринди.
Сўнгра Азиз, хотини ва гувоҳлар хабар тарқалганидан кейин Юсуфни номаълум бир вақтгача қамаб туришга маслаҳатлашиб олишди.
Хотин севиб қолганини беркитиш учун Юсуфни қамашни маъқул кўришди. Азизнинг хотини эри устидан ҳукмрон ва эрида рашк қолмагани боис, хотинини розилиги учун қанча маблағ кетса ҳам хотинни розилигини устун қўяр эди.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Ёмон хабар жамият ичида тез тарқалади. Агар ўша ёмон хабар ортида аёллар бўлса янада тезроқ тарқалади.
2. Миср жамиятидаги акобирларнинг хотинлари Азизнинг хотинини аввалги билишдаёқ танқид қилишлари ҳақ ва тўғри эди. Қандай қилиб биринчи ўриндаги вазирнинг хотини ўзини қўл остидаги қулини севиб қолади. Бу одатда улкан иш. Чунки хизматчи қуллар бошлиқларига аралашиб юришмайди. Мана шу сабабдан у аёл ўз қулини севиб қолганини қаттиқ танқид қилишди. Ҳамда у тутган йўл ҳақдан чалғиган, деб ҳисоблашди.
3. Азизнинг хотини аёлларнинг макрига ўхшаш макр билан пешвоз чиқди. Шаҳар аёлларини ўзи учраган нарсага дучор бўлишлари учун зиёфат бериб чақиртирди. Улар олдида маъзур эканини кўрсатиб қўйди. Улар Юсуфни юзидаги ҳуснга маҳлиё бўлиб, таомни кесиш учун берилган пичоқ билан қўлларини кесишар эди. Улар ўша кесишаётган нарса лимон навларидан бири утружжа, деб ҳисоблашган эди.
4. Аёллар Юсуфни кўришган пайтда даҳшатга тушишганидан гапиришга тиллари ожиз қолиб: «Бу инсон туридан эмас. Албатта у фаришта жинсидандир. Ундан мақсад ўта юқори даражадаги ҳусн ва чиройни исботлаб, фаришталар каби гуноҳлардан оқлаш эди. «Эй пок Аллоҳ», дейишлари Азизнинг хотинини айблаган айбдан оқлаш ва Юсуфни ундан узоқлигини билдириш эди холос.
5. Азизнинг хотини Юсуф билан фитналанаётганини кўриб: «Сизлар мени айблаб, маломат қилаётганингиз шу бола эди», деб мана шу сўзи билан узрини изҳор қилди.
6. Ростгўй Юсуф (а.с) Аллоҳ розилиги талабида қамоқга тушишни афзал билдилар. Чунки қамоқ маъсиятга кириб қолгандан енгилроқдир. Аслидаку қамоқга тушишни яхши кўрилмайди.
Ҳикоя қилинишича Юсуф алайҳиссалом: «Қамоқ мен учун яхшироқдир», деб айтганларида Аллоҳ ваҳий қилиб: «Эй Юсуф! Қамоқ менга яхшироқ, деб ўз нафсингни тўсиш ўрнига, офият беришинг мен учун яхшироқдир, деганингда офият берилар эди», деб айтди.
7. Юсуф алайҳиссалом дуоларида инсонни аёлларга бўлган майл ва истаклари билан нафсга қарши курашишда йўлбошчи бўлишни тилаб, Аллоҳдан ёрдам сўрадилар. Ва яна баён қилдиларки, аёлларнинг ҳавои-нафсларига тушиб қолиш жаҳолатдир. Ҳамда жоҳиллар жамоасига шўнғишдир. Яъни гуноҳ орттириб мазаммат қилинишга мустаҳиқдир. Ёки билганини аксини бажарувчи жоҳиллар ишини қилгандир. Ва яна шу нарсага далолат қиладики, ҳар бир киши гуноҳ ва маъсиятлардан Аллоҳнинг ёрдами билан ўзини тияди.
8. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом дуоларини ижобат қилиб, лутфига олиб, сабр қилганлари, Аллоҳ номи билан паноҳ тилаганлари учун зинога воқеъ бўлишдан омонда қилди. Одатда Аллоҳ барча қийналиб қолганларнинг дуосини ижобат қилиб, Аллоҳ розилигини талаб қилганлардан маъсиятга воқеъ бўлишдан омонда қилади.
9. Азиз ва маслаҳатчилари номаълум муддатга Юсуф (а.с.)ни қамоқга ташлашга қарор қилишди. Ундан мақсад одамлар орасида хабар тарқалмасдан, қиссани беркитиб юбориш эди. Ваҳоланки Юсуф алайҳиссалом иффатли бўлганлари, кўйлак орқадан йиртилганлик аломати, гувоҳларнинг гувоҳлик бериши, қўлларни пичоқ билан кесилиши ва у зотга етишишда аёлнинг бесабр бўлиб қолиши ҳам фойда бермади.
10. Юсуф алайҳиссаломнинг қадр ва ўринлари шарафли бўлгани учун, фаҳш ишни қилишга рози бўлмадилар. Устига устак агар фаҳш иш қилмаса қамоқга ташлашга мажбур қилинди. У зот қамоқда беш йил турдилар. Шунга биноан уламолар: «Агар кишини фаҳш қиласан деб мажбурланиб, бордию қилмасанг қамоқга ташланасан, деб мажбурланса ижмоҳ билан зино қилиши жоиз эмас», деб айтишди.
Агар зино қилмасанг калтакланасан, деб мажбурланса у ҳақда уламолар ихтилоф қилишган. Тўғрироғи, агар талофат етса ундан зинонинг гуноҳи ва ҳадди соқит бўлади. Чунки Аллоҳ бандасида икки азоб ва икки балони жамламайди. Шундай бўлиши диндаги энг машаққатли ишлардандир.
Аллоҳ ҳаж сурасининг 78-оятида: «Динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади», деб айтган.
وَدَخَلَ مَعَهُ السِّجْنَ فَتَيَانِ قَالَ أَحَدُهُمَا إِنِّي أَرَانِي أَعْصِرُ خَمْرًا وَقَالَ الآخَرُ إِنِّي أَرَانِي أَحْمِلُ فَوْقَ رَأْسِي خُبْزًا تَأْكُلُ الطَّيْرُ مِنْهُ نَبِّئْنَا بِتَأْوِيلِهِ إِنَّا نَرَاكَ مِنَ الْمُحْسِنِينَ (36) قَالَ لاَ يَأْتِيكُمَا طَعَامٌ تُرْزَقَانِهِ إِلاَّ نَبَّأْتُكُمَا بِتَأْوِيلِهِ قَبْلَ أَنْ يَأْتِيَكُمَا ذَلِكُمَا مِمَّا عَلَّمَنِي رَبِّي إِنِّي تَرَكْتُ مِلَّةَ قَوْمٍ لاَ يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَهُمْ بِالآخِرَةِ هُمْ كَافِرُونَ (37) وَاتَّبَعْتُ مِلَّةَ آبَائِي إِبْرَاهِيمَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ مَا كَانَ لَنَا أَنْ نُشْرِكَ بِاللَّهِ مِنْ شَيْءٍ ذَلِكَ مِنْ فَضْلِ اللهِ عَلَيْنَا وَعَلَى النَّاسِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لاَ يَشْكُرُونَ (38) يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمِ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ (39) مَا تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِهِ إِلاَّ أَسْمَاءً سَمَّيْتُمُوهَا أَنْتُمْ وَآَبَاؤُكُمْ مَا أَنْزَلَ اللهُ بِهَا مِنْ سُلْطَانٍ إِنِ الْحُكْمُ إِلا للهِ أَمَرَ أَلاَّ تَعْبُدُوا إِلاَّ إِيَّاهُ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لاَ يَعْلَمُونَ (40)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
36. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди. Улардан бири (яъни, илгари ҳокимнинг соқийси бўлган йигит): «Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман», деди. Бошқаси эса (яъни, илгари ҳокимнинг новвойи бўлган йигит): «Мен бошим устида нон кўтариб турганмишман, қушлар ундан еяётган эмишлар. Сен бизга шунинг таъбирини айтиб берсанг. Биз сенинг чиройли амаллар қилгувчи киши эканлигингни кўриб турибмиз», деди.
37. (Юсуф) айтди: «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг қандай таом эканини таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратни мутлақо инкор қилувчи қавмнинг миллати – динини тарк этган кишиман».
38. «Ва мен аждодларим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг миллати — динига эргашганман. Биз (яъни пайғамбарлар) учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмасдир. Бу (яъни ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қилиш неъмати) Аллоҳнинг биз — пайғамбарларга ва барча одамларга қилган фазл-марҳаматларидандир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.
39. Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?
40. Сизлар эса, У зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку? Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У зот сизларни фақат ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар.
Тафсир ва баён
Улар Юсуфни қамоққа ташлашни хоҳлаб, зиндонбанд қилишди. Ва У зот билан бирга подшоҳ қулларидан икки кишини ҳам ҳибс қилишди.
Бири – мешкопчи, иккинчиси – новвой эди.
Бу икковига овқат ва ичимликка заҳар қўшганлик айби қўйиб, қамалган эди. Бу иш тасодиф бўлмасдан балки Аллоҳнинг тақдирига мувофиқ кетаётган эди. Юсуф алайҳиссалом қамоқхонада тўғри сўзлик ва туш таъбир қилиш билан машҳур эдилар.
Икки маҳбус қамоқда туш кўришди.
Мешкопчи: «Мен туш кўрибман. Унда узумни сувини чиқарган эдим, у ароққа айланиб қолибди», деди.
Нонвой: «Мен туш кўрибман. Унда бошимда нон кўтариб кетаётган эдим, қушлар бошимдан нонни кўтариб кетишаётган экан», деди. Икковлари Юсуфдан ушбу кўришган тушни таъбирини сўраб, бу кўрган тушимиз ҳақиқатда рўёбга чиқадими ёки бу алғов-далғов тушлар сирасига кирадими? Деб сўрашди.
Оятдаги «Кўриб турибмиз» сўзидан, туш таъбирини чиройли қилиб сўзлашингни биламиз, деб айтилгани англанади. Чунки Юсуф алайҳиссалом қачон туш таъбир қилсалар фақат тўғри чиқар эди. Ёки сен одамларга фақат яхшиликни ва хайрни хоҳлайсан деганидир.
Юсуф алайҳиссалом бу икки кишидаги ишонч, илм ва ихлосни ғанимат билиб, бу икки кишига қўшиб, зиндондаги кишиларни бутларни тарк қилиб, Аллоҳнинг холис тавҳидига даъват қила бошладилар. У зотни қамоққа тушишларининг ҳикмати шу эди. Ўзларини ростгўйликларини ва даъватларини исботлаш учун икковига: «Бугун ейиш учун киритиладиган овқатингизни сизларга етиб келишидан олдин хабарини бераман», дедилар. Бу нарса Юсуф алайҳиссалом учун Аллоҳ томонидан бўлган ваҳий ва илҳом эди. У зот қамоқхонада заиф, камбағал, мазлум ва гуноҳкорларни даъват қилардилар. Чунки улар бошқалардан кўра даъватни қабул қилиб, тасдиқлашга яқинроқ бўлган кимсалардир.
У зот: «Ваҳий олишимга сабаб, чунки мен Аллоҳ ва охират кунини инкор қилган Канъон, Фаластин ва турли хил илоҳларга ибодат қилувчи Мисрликлардан четланиб келмоқдаман», дедилар.
Мисрликлар «Раъ» номли Қуёш худоси, «Убайс» номли бузоқ худога, «Миср подшоҳлари» бўлмиш Фиръавнларга ибодат қилишар эди. У худолардан на савоб ва на Қиёмат куни иқоб умид қилинар эди. Улар анбиёлар даъват қилишган тўғри кўринишдаги охиратдаги ҳисоб ва жазога куфр келтиришган эди. Ўша кофирларнинг эътиқодларича, Фиръавнлар охиратга мўмиёланган ҳолда қайтиб, ўшанда ҳам худди дунёда бўлишгани каби ҳоким ва султон бўлишади.
Мен куфр ва ширк йўлидан четлашдим. Аллоҳни тасдиқламайдиган, Унинг ваҳдониятига иқрор бўлмайдиган кофир миллатни тарк қилиб келдим. Ваҳоланки Аллоҳ еру-осмонни Холиқидир. Мен эса бу йўлимда набий ва расуллар бўлмиш боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг динига тобеъ бўлдим.
Оятда «Оталарим» дейилганда бобони ота, деб айтилмоқда. Чунки Юсуф алайҳиссалом нубувват хонадонидан бўлганлар. Юсуф алайҳиссалом у икки маҳбус бу зот айтган сўзга қулоқ тутиб, ўша сўзларга эргашишлари учун, ўзларини набий деб таништириб, ғайбдаги хабар ваҳий қилинаётганини билдирдилар.
Ҳидоят йўлига кириб, Расулларнинг йўлига эргашиб, адашган кимсалар йўлидан юз ўгирганларнинг ҳоли мана шундай бўлади. Чунки Аллоҳ ундай кимсанинг қалбини ҳидоят қилиб, ҳеч ким билмаган нарсаларни билдириб қўяди. Ҳамда яхшиликда иқтидо қилинадиган имом ва тўғри йўлга даъват қилувчи хатиб қилиб қўяди. Мана шу нарсалар Аллоҳга ва Унинг тавҳидига иймон келтиришга тарғибдир.
Сўнгра умумий сифатда набийлар дастурини баён қилиб: «Биз пайғамбарлар жамоасига қайси кўринишда бўлса ҳам Аллоҳга шерик қилиш дуруст эмас. Кўрмайдиган ва эшитмайдиган бутлар у ёғда турсин ҳатто фаришта ёки жин ёки инсонни ҳам шерик қилиш жоиз эмас.
Мана шу тавҳиддир. «Якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ», деган сўзга иқрор бўлишдир. Бизларни Ўзининг борлиги, ва Рубубият ҳамда улуҳиятдаги тавҳидига ҳидоят қилиши, Аллоҳнинг бизларга ато қилган фазлидир. Одамларга эса бизларни пайғамбар қилиб юборилишимиз, фазл ва марҳаматдир. Бизлар одамларни тўғри йўлга йўллаб, адашиш йўлидан узоқлаштирамиз. Мана шу нарса расулларга ва одамларга илоҳий бир фазлдир. Лекин кўп инсонлар юборилган пайғамбар хусусида Аллоҳнинг фазлига шукр қилишмайди. Улар ширк келтириб, у қилаётган ишлари ёмон эканидан огоҳ бўлишмайди. Пайғамбар юборилишидаги Аллоҳнинг неъматини билишмайди. Балки оятда келганидек бўлишади.
«(Эй инсон), Аллоҳнинг неъматини (яъни иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига — ўзи кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?!» (Иброҳим-28)
Демак Юсуф алайҳиссалом ширк ва мушриклар ибодатини ботилга чиқариб, нубувватни исбот қилганларидан кейин, бир қанча илоҳларни ўзида мужассам қилмаган битта Илоҳ ва битта Раббни эътироф қилувчи, холис тавҳидга даъват қила бошладилар.
Анбиёлар асослари мана шундай. Улар аввало бутларга ибодат қилишни йўққа чиқариб, ундан кейин Аллоҳнинг биру-борлигига ақлий далиллар келтиришади. Худди оятда «тарқоқ турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?», деб айтилганидек.
Яъни, Эй ҳамзиндон дўстларим, тортишув, олишув ва коинотда фасодга чақирувчи тарқоқ турли-туман «худолар» яхшироқми ёки тасарруфида бошқага муҳтож бўлмайдиган, Унинг улуғлиги ва азаматига барча бўйин эгувчи ягона ва ғолиб Аллоҳми?
Сўнгра уларни илоҳларини ҳақиқатини баён қилиб, албатта ана шу сизлар ибодат қилиб, илоҳ деб номлаган нарсаларингиз, ўзингиз тўқиб олган номларни ўзи холос. Унинг учун Аллоҳ томонидан бирор асос йўқ. Аллоҳ у нарсаларни ибодат қилиб, одамлар итоат этиши учун арбоб, деб бирор ҳужжат туширмаган. Фақатгина у номлар бўлиб, ақлий ва самодан нозил бўлган нақлий далил ҳам йўқдир.
Сўнгра ҳукм, тасарруф, хоҳиш ва мулкнинг барчаси Аллоҳ учундир. Аллоҳ жамики бандаларини фақат Ўзига ибодат қилишга буюрмоқда. Мен ҳам сизларни Аллоҳнинг тавҳидига ва Ўзи буюрган мустақим–тўғри динига ихлос билан амал қилишга чақираман. Чунки мазкур йўналишни яхши кўриб, рози бўлиб, ҳужжат туширган.
Лекин кўп одамлар бу эгрилиги бўлмаган, расо ва ҳақ динни билишмайди. Шунинг учун кўплари мушрик бўлиб кетишади. Аллоҳ таоло айтганидек «Гарчи сиз (барча одамларнинг иймон келтиришларини) жуда истасангиз-да, одамларнинг кўплари мўмин бўлмайдилар». (Юсуф-103).
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом билан бирга қамоққа яна икки маҳбусни ҳам қамалишини тақдир қилди. Мана шу икки маҳбус Юсуф алайҳиссаломни келажакда қамоқдан чиқишларига сабаб бўлди.
2. Тушларни таъбир қилиш илм, салоҳият, тақво ва эҳсонга муҳтождир. Албатта тушлар гоҳида ҳақиқат бўлиб чиқади. Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмадлар Анас (р.а.)дан қилишган ривоятда келтирилишича, мўминнинг туши нубувватнинг қирқ олти бўлагидан бир бўлакдир, дейилган.
3. Маҳбусларнинг гувоҳлик беришича, Юсуф алайҳиссалом яхши кимсалар тоифасидан эдилар. У зот зиндонда касаллар ҳолидан хабар олар, уларни даволар, хафа бўлганларга тасалли берардилар. Илмни чиройли тарзда олган олимлардан эдилар. Яъни олган илмлари яхшилик қилишга чорлаб, таъсирини ўтказар ва яхши хулқларни юзага чиқарар эди.
4. Юсуф алайҳиссалом туш таъбирини сўраганларга ўша таъбир мунажжимлик ёки коҳинлик бўлмасдан балки Аллоҳ томонидан ваҳий эканини эълон қилдилар. У зот подшоҳ томонидан келадиган овқатнинг сифати хусусида, у овқат етиб келишидан олдин хабар бердилар. Мана шундай ғайбдан хабар беришлари, у зотнинг набий эканликлари ва рисолатларининг исботи учун бўлган мўъжизага далил эди.
5. Даъватга буюрилган набий ўзига юклатилган барча фурсатни ғанимат билган ҳолда фойдаланиб қолади. Юсуф алайҳиссалом мана шундай қилдилар. Чунки у зот ширк ва бутпарастликка қарши чиқиб, мушриклар ибодатини ботил қилиб, Аллоҳнинг тавҳидига чақирдилар. Бу билан набий ўтган ота-боболари Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссаломлар миллатига тобеъ бўлдилар. Чунки мазкур номи келганлар, ҳақ йўлдаги набий бўлишган. Энди ана шу пайғамбарларни зикр этилишининг фойдаси, у зот нубувватни даъво қилиб, мўжизалар орқали қавмларига пешвоз чиқишлари, нубувват хонадонидан чиққанларини кўрсатиб қўйиш учун эди.
Ширкни ҳар қанақа тури бўлишидан қатъий назар у нарса пайғамбарларга мос иш эмас. Мана шу Аллоҳнинг Расулларга бўлган фазли бўлиб, юқорида уларни зинодан ҳам пок қилганига ишора этилмоқда. Оятдаги «Биз (яъни пайғамбарлар) учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмас» дейилиши, ширкнинг ҳар қандай кўринишига раддиядир. Хоҳ у бутларга ибодат қилиш бўлсин, оловга ибодат қилиш бўлсин, юлдузларга ибодат қилиш бўлсин, табиатга ибодат қилиш бўлсин, ҳаммаси бир хил ширкдир. Ҳақ динга йўлланма бериш, дегани Аллоҳдан бошқа бор қилувчи, халқ қилувчи ва ризқ берувчи йўқ, деганидир. Лекин кўпгина инсонлар иймон ва тавҳид неъматига шукр қилишмайди.
«Аллоҳнинг фазли» дейилиши, ширк келтирмасдан иймонни қўлга киритиш, Аллоҳ томонидан эканига далолатдир.
6. Юсуф алайҳиссалом илоҳнинг кўп сонли бўлишини инкор қилиб ақлий ва нақлий далил келтирдилар. Илоҳнинг яккалиги ва рубубиятини аниқ сўзлар билан исботладилар.
7. Бут, санам ва бундан бошқа исмларнинг барчаси одамларнинг ўзи тўқиб олган номлар бўлиб, улуҳиятдан ҳеч нарса йўқдир. Фақат исмни ўзгинасидир. Чунки бут-санамлар жонсиз нарсалардир. Қўйилган номларда ҳақиқат йўқдир. Ақл ва нақл бу каби нарсаларни инкор қилади.
8. Ҳукм фақат Аллоҳ учундир. Чунки У барча нарсани Холиқидир. У якка Ўзи ибодатга мустаҳиқ бўлиб, шериги йўқдир. Шунинг учун Ундан Ўзгага ибодат қилинмайди.
9. Якка илоҳга даъват қилиш эгрилиги йўқ тўғри диндир. Лекин одамларни кўплари тўғри диннинг ҳақиқатини билишмайди.
10. Имом Розий илоҳларнинг кўп бўлишини ботил эканига, бешта ҳужжат келтирдилар.
Биринчи: Кўп илоҳ бўлиши, оламда фасод ва парокандаликни келтириб чиқаради. Аллоҳнинг қуйидаги сўзи шу маънони тақозо этади.
«Агар (осмону-заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида ҳар иккиси бузилиб кетар эди» (Анбиё-22)
Демак кўп илоҳ бўлиши, фасод, бузилиш, тортишув ва тўқнашувни келтириб чиқаради. Аммо якка илоҳ эса, низом ва чиройли тартибни келтириб чиқаради.
Иккинчи: Бутлар ҳамда инсон ва юлдузлардан ташкил топган илоҳлар ишловчи бўлиб ишлатувчи эмасдир. Бўйсундирилгандир. Бўйсундирувчи эмасдир.
Учинчи: Аллоҳни бир бўлиши, ибодатни шарт қилади. Агар илоҳ иккита бўлганида, уларни қайси бири бизни яратган, қайси бири ризқ берган ва қайси бири ёмонлик ва офатларни даф қилганини билмас эдик. Демак қайси бирига ибодат қилишда шакка тушиб қолар эдик. Бу ўз-ўзидан, бутларга ибодат қилиш фосид сўз эканини билдиради. Фаразан фойда ёки зарар беради десак, ушбу санамдан фойда келадими ёки зарарни даф қиладими, уни билмаймиз. У иккови бу нарсада шерикми? Уни ҳам билмаймиз. Қайси бири ибодатга мустаҳиқлигини ҳам билинмайди.
Тўртинчи: Мабодо ушбу бутлар тилсим эгалари каби фойда ва зарар беради деб фараз қилсак, бу нарса махсус вақт ва махсус воқеъа устида бўлади. Олий Илоҳ Аллоҳ эса, жамики тақдир этган нарсасини барча вақтда амалга оширишга қодирдир. Мана шу олий Илоҳ ибодатига машғул бўлиш аълороқдир.
Бешинчи: Олий Илоҳ «Қаҳҳор» сифати билан сифатланиши, Ундан бошқа бирор зот бўйсундира олмаслиги ва балки У Ўзи бўйсундира олишини тақозо этади. Ва яна Олий Илоҳ Ўз Зотида «Вожибул вужуд» бўлишини тақозо этади. Агар «Мумкин» бўлганида, бўйсундирувчи бўлмасдан, бўйсинувчи бўлиб қолар эди. Бу кўп сонли бўлмасдан танҳо бўлишни шарт қилиб қўяди. Агар кўп сонли бўлганида, бошқаларни бўйсиндирувчи бўлмас эди. Илоҳ қачонки Ўз зотида «Вожибул вужуд» бўлсагина, шунда бўйсундирувчи бўлади. Бу ҳолат ўз-ўзидан фалаклар, юлдузлар, нур, зулумат, табиат ва шунга ўхшаш илоҳ деб ҳисобланган нарсаларда мужассам эмас.
11. Олим кишидан агар бирор жоҳил ёки фосиқ фатво сўраса, аввало унга мавъиза-насиҳат қилиб, сўраганидан муҳимроғини айтмоғи лозим. Ундан кейингина фатво бериши керак.
12. Агар олим кишини олимлиги билинмаса, у киши савол сўралишга муносиб эканини билдириши лозим. Чунки у кишидан динда манфаат олиниши кўзда тутилади. Бу нарса оятда ман этилган «Сизлар ўзингизни оқламай қўяқолинглар» сирасига кирмайди.
بسم الله الرحمن الرحيم
يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَمَّا أَحَدُكُمَا فَيَسْقِي رَبَّهُ خَمْرًا وَأَمَّا الآخَرُ فَيُصْلَبُ فَتَأْكُلُ الطَّيْرُ مِنْ رَأْسِهِ قُضِيَ الأَمْرُ الَّذِي فِيهِ تَسْتَفْتِيَانِ (41) وَقَالَ لِلَّذِي ظَنَّ أَنَّهُ نَاجٍ مِنْهُمَا اذْكُرْنِي عِنْدَ رَبِّكَ فَأَنْسَاهُ الشَّيْطَانُ ذِكْرَ رَبِّهِ فَلَبِثَ فِي السِّجْنِ بِضْعَ سِنِينَ (42)
41. Эй ҳамзиндон дўстларим, энди сизларнинг биринчингизни айтсак, бас, у (бу зиндондан халос бўлиб) яна хожасига соқийлик қилур. Аммо иккинчингиз эса дорга осилиб, (ўлаксахўр) қушлар унинг бошидан чўқирлар. Сизлар таъбир сўраётган иш битди (яъни энди бу таъбирим ҳеч ҳачон ўзгармайди)».
42. (Юсуф) у икковининг ичидан қутулиб кетади, деб ўйлаган кишига (яъни соқийга): «Хожангнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин (зора, у мени бу зулмдан озод қилса)», деди. (Лекин) шайтон хожасига зикр қилишни унинг ёдидан чиқариб, (Юсуф) бир неча йил зиндонда қолиб кетди.
Тафсир ва баён
Юсуф алайҳиссалом «Эй ҳамзиндон дўстларим, энди сизларнинг бирингиз», дейиш билан шароб сиқиб чиқарувчи мешкобчини назарда тутмоқдалар. Бирингиз, деб, уни хитобда таъйин қилмасликлари, иккинчиси хафа бўлиб қолмаслиги учундир. Яъни мешкобчи аввалги одатига кўра ўз хожасига яна шароб билан таъминлайди. Оятнинг араб лафзидаги бошлиғинг сўзини «Робба», дейилишидан, ибодат қилувчиларни Рабби эмас балки бошлиқ маъноси кўзда тутилган. Чунки Юсуф алайҳиссалом давриларидаги Миср подшоҳи Мусо алайҳиссалом даврларидаги Миср Фиръавнлари каби Улуҳиятни даъво қилмаган эди.
Ривоят қилинишича, Юсуф алайҳиссалом соқийга: «Кўрган нарсанг мунча ҳам яхши. Чиройли узумларни кўришинг ҳолинг яхшиланишини билдиради. Шохлар эса уч кун ўтганидан кейин подшоҳ сени ўз ишингга қайтариб, сен аввал қандай ишда ишласанг, ўшандай мавқеъда бўлишингни билдиради», дедилар. Бу нарса ўша соқий подшоҳни заҳарлашда шерик дейилган туҳматдан поклигини билдиради.
Бошида нон кўтариб кетаётганида қушлар еб кетишини таъбири, ўша нонвой осилишига ишора бўлиб, осилган мурдани бургут, лочин, калхат, ва жўрчи номли йиртқичлар еб кетишининг хабари эди.
Ривоят қилинишича Юсуф алайҳиссалом нонвойга: «Уч саватни кўришинг уч кунни англатади. Уч кун ўтганидан кейин подшоҳ сени дорга осади. Қушлар эса бошингдан еб кетади», дедилар. Демак нонвой подшоҳни заҳарлашда шерик экани исботланган. Лекин бу ва бундан олдинги ривоятлар тафсилоти оятнинг зоҳирига қарама-қарши бўлмоқда.
Кейин тафсирда нақл қилинишича, икковлари: «Биз ҳеч нарса кўрмадик», дейишган эди, сизлар таъбир сўраётган иш битди яъни, тортишиб ўтирманглар, иш ижро қилиб бўлинган. Сизлар сўраётган иш олдин ҳал қилиб бўлинган, деб Юсуф алайҳиссалом айтдилар.
Юсуф алайҳиссалом икки ҳамзиндон ҳамроҳларига у иш шубҳасиз воқеъ бўлишини билдириб: «Туш агар таъбир қилинмаса қушни оёғида туради. Бордию таъбир қилиб юборилса албатта ўша воқеъликда бўлишини айтдилар.
Имом Аҳмад Муовия ибн Ҳайдадан қилган ривоятда келтиришларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туш агар таъбир қилинмаса қушнинг оёғида туради. Бордию таъбир қилинса ўша туш воқеъликда содир бўлади», дедилар.
Юсуф алайҳиссаломни жавоблари гумон устига қурилган таъбир бўлмай балки Аллоҳ томонидан бўлган ваҳий эди. Ваҳий эса қатъийлик ва яқинни ифода этади. Гумон ва тахминни ифода этмайди.
Сўнгра Юсуф алайҳиссалом нажот топувчи, деб гумон қилган мешкобчига, шеригига билдирмасдан махфий ҳолда: «Мени қиссамни хожанг яъни подшоҳ олдида эслатгин. Шояд бегуноҳлигимни билганидан кейин мени қамоқдан чиқариб юборса», дедилар. Мана шу нарса одатда ва шаръан нажот топиб, қутулиш учун зоҳирий сабабларни ушлаш сирасига киради.
Шайтон эса ана бу етказиши лозим бўлган кишига Юсуф қиссасини айтишни унуттирди. Унуттириш шайтон ҳийлалари туркумига киради. Шайтон Юсуф алайҳиссаломни қамоқдан чиқмасликлари учун унуттирди. Чунки қамоқдан чиқиб олсалар Аллоҳнинг тавҳиди ва ибодати, ширкка қарши курашиш ва шайтон васвасасини даф қилишга даҳқат қилиб қўярдилар. Бу нарса ўз-ўзидан шайтонга ёқмайди.
Юсуф алайҳиссалом қамоқда мазлум ва унутилган ҳолда бир неча йил яъни уч билан тўққиз йил оралигида туриб қолдилар.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ: «Аюб алайҳиссалом бало устида етти йил турдилар. Юсуф алайҳиссалом эса қамоқда етти йил турдилар. Бухтунаср эса етти йил азобландилар», деб айтдилар.
Муқотил эса Юсуф алайҳиссалом қамоқда беш йилдан кўпроқ турдилар, деб айтдилар.
Ибн Аббос: «Ўн икки йил», дедилар. Заҳҳок эса: «Ўн тўрт йил», дедилар.
Ўн икки йил, деб айтилган сўз саҳиҳроқдир. Чунки ўн икки, матндаги бир неча йилни ичига киради.
Маълумингизки, зулмни даф этишда одамлардан ёрдам талаб қилиш шариатда жоиз нарса. Лекин сиддиқлар сабабларни ушлашда фақат Аллоҳдан паноҳ излашлари маъқулроқдир. Чунки Аллоҳнинг Ўзи сабабларни келтириб ва кеткизувчидир.
Ривоят қилинишича, Юсуф алайҳиссалом қамоқдаликларида Жаброил алайҳиссалом келиб, у зотни одам зотидан ёрдам сўраганларини танқид қилган ҳолда: «Эй Юсуф! Акаларинг қўлида ўлиб кетишингдан қутқарган ким»? дегандилар, Юсуф алайҳиссалом: «Аллоҳ», дедилар. Қудуқдан ким чиқарди? Дегандилар, у зот: «Аллоҳ», дедилар. Фаҳшдан сени ким оқлади? Дегандилар, у зот: «Аллоҳ», дедилар. Аёллар ҳийласидан сени ким қутқарди, дегандилар, у зот: «Аллоҳ», дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: «Нечун Раббингни тарк қилиб, Ундан сўрамадинг. Балки махлуқга ишондинг!? Дедилар. Юсуф алайҳиссалом хатоларини тан олиб: «Эй Рабб! Мен сўзимда тойилдим. Эй Иброҳим ва Яъқубнинг илоҳи! Менга раҳм қилишингни сўрайман», деб ёлбордилар. Жаброил алайҳиссалом эса: «Қилмишинг учун қамоқда бир неча йил қоласан, мана шу жазоингдир», дедилар.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Туш таъбир қилишда илм, салоҳият ва тақвога суянилади. Олим уни ифода қилишда гумонга таянади. Аммо Юсуф алайҳиссалом туш таъбир қилишлари Раббилари томонидан бўлган ваҳийга яқин бўлиб, яқийн¬–ўта қаттиқ ишончни ифода этади.
2. Ким тушида ёлғон гапирсада таъбир қилувчи тушни тафсир қилса ўша таъбир қилган нарса ижро бўладими? Деган фикрга уламолар: «Ижро бўлмайди. Бу нарса Юсуф алайҳиссаломнинг ўзларига хос бўлган. Чунки у киши набий бўлганлар. Набийларнинг таъбир қилиши ҳукмдир. Аллоҳ таоло туш кўрган киши хабар берган нарсани нубувватлари тасдиқлаб амалга оширди.
3. Зулмни даф этишда Аллоҳдан бошқа кишидан ёрдам сўраш шариатда жоиз бўлиб, уни инкор этилмайди. Лекин сиддиқ Юсуфга нисбатан бу иш юқоридаги сўзга хилоф ўлароқ жоиз эмас. Чунки яхши кимсаларнинг яхшиликлари муқарраб бандаларнинг ёмонликларидир.
4. Шайтоннинг ҳийласи қамоқдан қутулиб чиққан кишини бошлиғи ҳузурида Юсуф қиссасини эслатишни унуттириш, бу билан Юсуф алайҳиссаломни қамоқдан чиқмасликлари эди.
5. Юсуф алайҳиссалом баъзи муфассирлар таъкидлашганидек қамоқда бир неча йил, беш ёки етти йил қолдилар. Қанақа ҳолат бўлганида ҳам у узоқ муддат эди. У зот Аллоҳнинг хоҳишига сабр қилдилар. Зино гуноҳига тушиб қолгандан кўра қамоқни афзал кўрдилар.
وَقَالَ الْمَلِكُ إِنِّي أَرَى سَبْعَ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعَ سُنْبُلاَتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ يَا أَيُّهَا الْمَلأُ أَفْتُونِي فِي رُؤْيَايَ إِنْ كُنْتُمْ لِلرُّؤْيَا تَعْبُرُونَ (43) قَالُوا أَضْغَاثُ أَحْلاَمٍ وَمَا نَحْنُ بِتَأْوِيلِ الأَحْلاَمِ بِعَالِمِينَ (44) وَقَالَ الَّذِي نَجَا مِنْهُمَا وَادَّكَرَ بَعْدَ أُمَّةٍ أَنَا أُنَبِّئُكُمْ بِتَأْوِيلِهِ فَأَرْسِلُونِ (45) يُوسُفُ أَيُّهَا الصِّدِّيقُ أَفْتِنَا فِي سَبْعِ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعِ سُنْبُلاَتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ لَعَلِّي أَرْجِعُ إِلَى النَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَعْلَمُونَ (46) قَالَ تَزْرَعُونَ سَبْعَ سِنِينَ دَأَبًا فَمَا حَصَدْتُمْ فَذَرُوهُ فِي سُنْبُلِهِ إِلاَّ قَلِيلاً مِمَّا تَأْكُلُونَ (47) ثُمَّ يَأْتِي مِنْ بَعْدِ ذَلِكَ سَبْعٌ شِدَادٌ يَأْكُلْنَ مَا قَدَّمْتُمْ لَهُنَّ إِلاَّ قَلِيلاً مِمَّا تُحْصِنُونَ (48) ثُمَّ يَأْتِي مِنْ بَعْدِ ذَلِكَ عَامٌ فِيهِ يُغَاثُ النَّاسُ وَفِيهِ يَعْصِرُونَ (49)
43. (Кунларнинг бирида Миср мамлакатининг) шоҳи (Райён бинни-л-Валид): «Мен тушимда еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа қуриган (етти бошоқ) ни кўрдим. Аҳёнларим, агар тушларнинг таъбирини айта олувчи бўлсангизлар, бу тушимнинг таъбирини (менга) айтинглар-чи», деди.
44. Улар дедилар: «Бу алоқ-чалоқ тушлар экан. Биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз».
45. (Шунда) ҳалиги икки (маҳбус)нинг зиндондан қутулиб чиққани, шунча муддат ўтгач, энди (Юсуфнинг сўзлари) ёдига тушиб, деди: «Унинг таъбирини сизларга мен айтиб берурман, фақат мени (зиндонда ётган Юсуфнинг олдига) юборинглар».
46. (Унга рухсат берилгач, зиндонга Юсуфнинг олдига кириб айтди): «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (етти бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач (буни уларга айтиб берсам), улар ҳам билиб олишса».
47. (Юсуф) деди: «Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экинглар. Кейин ўриб олган ҳосилингизни (бузилмасин учун) ўз бошоғида қолдиринглар, магар ейдиган озгина озуқаларингизнигина (янчиб олинглар).
48. Сўнгра ўша (серҳосил етти йил) дан кейин етти йил қаҳатчилик бўлиб, улар учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур.
49. Сўнгра, ўша (қаҳатчилик йиллари) дан кейин бир йил келурки, унда одамлар ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароблар тайёрлаб олурлар».
Тафсир ва баён
Миср подшоҳи кўрган туш Юсуф алайҳиссаломни қамоқдан мукаррам ва азиз чиқишларига сабаб қилиб Аллоҳ тақдирга битди. Қисса шуки, подшоҳнинг кўрган бу туши уни ваҳимага солди ва ишидан таажжубга тушди. Таъбирини билиш мақсадида коҳин ва давлатидаги акобирларни тўплаб, кўрган тушини айтиб, унинг таъбирини айтиб беришларини сўради. Улар эса бу тушни таъбирини билишмади. Уни таъвил қилишдан узр сўрашди, чунки бу туш алғов-далғов тушлардан бири, деб фикр билдиришди.
Миср подшоҳи: «Мен шуундай бир туш кўрдимки, у мени даҳшатга солди. Еттита семиз моллар қуруқ анҳордан чиққанида еттита ориқ моллар уларни еб қўйди. Етти яшил бошоқга қуриган еттитаси ғолиб келди. Эй коҳин ва уламолар! агар билсаларингиз, ушбу тушни таъбир қилиб берингларчи?» деди.
Шунда улар: «Бу ҳаёлга келувчи аралаш туш бўлиб, ухлаган кишини миясига келади. Унинг ҳеч қандай маъноси йўқ. У Ошқозондаги овқат ҳазм бўлиши қийинлашиб, нафс қийналганида бўладиган нарса. Бу каби тушларни таъбирини билмасмиз. Агар саҳиҳ туш бўлганида уни биз билган бўлар эдик, дейишди.
Ана шу пайт Юсуф алайҳиссалом билан ҳамзиндон бўлиб, ўлимдан қутулиб қолган мешкобчи Юсуф алайҳиссаломни эслаб қолди. Шайтон эса Юсуф алайҳиссалом илтимос қилган нарсани подшоҳга етказишни унуттирган эди. Анча вақт ўтгач эсига тушдида: «Бу тушнинг таъбирини мен хабарини бераман. Ҳозирда қамоқда турган ростгўй Юсуф олдига мени жўнатинглар», деди.
Мешкобчини жўнатишган эди, у келиб: «Эй Юсуф! Эй сўзи, феъли ва тушлар таъбирида ростгўй бўлган кимса! Бизга подшоҳ кўрган тушнинг фатвосини бергин. Шояд Аллоҳ таъбиринг сабабли очиғликка чиқарса», деди.
Юсуф алайҳиссалом мешкобчи унутиб қўйгани учун маломат ҳам қилмадилар ва ундан, олдин қамоқдан чиқиб кетишни шарт қилмадилар. Балки ўн тўрт йил режасини тузиб, етти йил пайдар-пай серобчилик ва ёмғир ёғишини айтдилар.
Сўнгра серобчилик йилларида қилинадиган ишларга уларни йўлладилар. Яъни ана шу серобчилик йилларида қандай ғалла ва экинларни йиғсангиз уни бошоғида қолдиринг. Мана шундай қилсангиз қуртлар емайди. Фақат озгина миқдордагисини янчаверинглар. Исроф қилмасанглар қийинчилик йилида манфаат оласизлар. Ўша қаҳатчилик йили серобчилик йилидан кейин келадиган етти йилдир. Бу ориқ моллар семиз молларнинг еганини таъбиридир. Чунки қаҳатчилик йиллари серобчилик йилларида териб олинган нарсани ейилади. Қаҳатчилик йиллари ҳеч нарса етилмайди. Сепилган уруғ ҳам ўсмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Улар учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур»
Хулоса шулки, Юсуф алайҳиссалом семиз мол билан ям-яшил бошоқни тўкин-сочин йилга, ориқ мол билан қуриган донни эса қаҳатчилик йилига таъвил қилмоқдалар. Кейин эса ёмғир ёғиб, серобчилик бўлишини, шаҳар ғаллага тўлиб, одамлар олдин қандай ичимликлар тайёрлашса, масалан зайтун ёғи, шакарқамиш, хурмо, узум кабилардан шароб чиқаришни йўлга қўйишади. Мана шу, келажакдаги ғайбий хабарни Аллоҳ томонидан ваҳий ва илҳом билан билдириб, туш таъбир қилишни ўзигина эмас эди. У яна туш таъбир қилинганидан кейин ўн беш йил ўтиб, муборак, унумдор йил бўлишини башорати ҳамдир. Ўшанда яхшиликлар кўпайиб, неъматга ғарқ бўлиб кетилади. Бу ҳам ваҳий орқали қилинган хабар эди.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Юсуф алайҳиссалом қамоқдан чиқишларига озгина қолганида Мисрнинг катта подшоҳи Райён ибн Валид туш кўриб қолиб, тушини таъбир қилишлари учун коҳин ва уламоларга айтди. Улар эса тушни таъбир қилишга узр айтишди. Уларнинг ожиз қолишлари, иш Юсуф алайҳиссаломга бориб тақалишига сабаб бўлди.
2. Подшоҳнинг кўрган туши охири Юсуф алайҳиссалом учун хурсандлик ва раҳмат бўлди.
3. Туш икки хил бўлади. Бири ҳақ, иккинчиси алғов-далғов ёлғон туш.
4. Ушбу оят, туш биринчи таъвил қилингандагиси амалга ошади, деб айтилган сўзнинг ботил эканига далилдир. Чунки қавм подшоҳ тушини биринчи таъвил қилиб, алғов-далғов туш дейишди. У воқеъ бўлмади. Аммо Юсуф алайҳиссалом иккинчи бўлиб таъбир қилганлари яъни серобчилик ва қаҳатчилик деб таъбир қилганлари амалга ошди.
Афтидан Абу Яъло Анас (р.а.)дан марфуҳ ҳолда қилган «Туш аввалги таъбир асосида амалга ошади» дейилган ривоят заиф кўринади.
Ва яна: «Туш қушнинг оёғидадир, агар таъбир қилинса воқеъ бўлади», деб юқорида имом Аҳмаддан қилинган ривоятнинг лафзи мана шу бўлиб, маънодаги саҳиҳлик собит бўлмаган.
5. Яхши ишни эсга тушгандан кейин худди мешкобчига ўхшаб амалга ошириш қазо ва қадарга бориб тақалиб, илоҳий тавфиқга боғлиқ нарсадир.
6. Подшоҳ мешкобчиси қамоқга, Юсуф алайҳиссалом олдиларига бориши у зотни ўринлари ва илмдаги фазилатларини билгани сабаблидир. У зотнинг қамоқдан чиқишлари Миср аҳолисининг етти йил очарчилик бўлишидан сақлади. Набий ва Расуллар мана шундай бутун инсониятга раҳмат бўлиб юборилишган. Хоҳ ақидани тўғрилашда бўлсин хоҳ ахлоқ, сулукни тўғрилашда бўлсин ёки ҳаётдаги иқтисодий маишатни юқорилаши бўлсин барчасида ана шундай.
Юсуф алайҳиссалом ишларидан яроқли режа ва лойиҳалаштиришни ҳамда одамлар донларни қандай қилиб сақлашганини ҳам ўргатади. Бу юқори даражадаги зироатчиликка йўлланма ҳамдир.
7. Юсуф алайҳиссалом ўн тўрт йилдан кейин серобчилик бўлишини хабар беришлари Аллоҳ томонидан бўлган ваҳий ва илҳом эди. Бу нарса у зотнинг нубувватларини тасдиқловчи мўъжиза эди.
8. Озгинасини уруғликка сақлаб қўясизлар, деган оятдан, ҳожат вақтларига озиқ-овқатни йиғиб, ушлаб туриш жоизлиги билинади.
Имом Қуртубий: «Бу оят кофирнинг ҳам тушида саҳиҳлик борлигини англатади. У кўрган нарсасидан бироз ташвишга тушди. Ўша мўминда бўлса қандай бўларди. Бордию набий учун аломат, расул учун мўъжиза, мустафо алайҳиссалом таблиғлари учун тасдиқ ва Аллоҳ билан бандалари орасида ҳужжат бўлсачи?» Бунга фикрингиз қандай, деб айтдилар.
Юсуф алайҳиссалом тўкин-сочин йилидан хабар беришлари подшоҳнинг тушига ишора жойи йўқ. Лекин Аллоҳ ўзи ато қилган ғайб илми эди. Бунда Миср аҳлига иқтисодий фаровон, юқори яшаш тарзи, одамларнинг аҳволи олдингига ўхшаб яна қайта йўлга қўйилишини хабари бор эди. Илгари улар узум шарбатини тайёрлаб, ёғларни чиқариб, кўпгина сут соғиб, экинларни кўп экишар эди. Мана шу нарса инсон ва ҳайвонга раҳм қилинишини ифодаси эди. Бу Аллоҳ томонидан бўлган фазл ва эҳсондир.
وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ فَلَمَّا جَاءَهُ الرَّسُولُ قَالَ ارْجِعْ إِلَى رَبِّكَ فَاسْأَلْهُ مَا بَالُ النِّسْوَةِ اللاتِي قَطَّعْنَ أَيْدِيَهُنَّ إِنَّ رَبِّي بِكَيْدِهِنَّ عَلِيمٌ (50) قَالَ مَا خَطْبُكُنَّ إِذْ رَاوَدْتُنَّ يُوسُفَ عَنْ نَفْسِهِ قُلْنَ حَاشَ لِلَّهِ مَا عَلِمْنَا عَلَيْهِ مِنْ سُوءٍ قَالَتِ امْرَأَةُ الْعَزِيزِ الآنَ حَصْحَصَ الْحَقُّ أَنَا رَاوَدْتُهُ عَنْ نَفْسِهِ وَإِنَّهُ لَمِنَ الصَّادِقِينَ (51) ذَلِكَ لِيَعْلَمَ أَنِّي لَمْ أَخُنْهُ بِالْغَيْبِ وَأَنَّ اللهَ لاَ يَهْدِي كَيْدَ الْخَائِنِينَ (52)
50. (Соқий подшоҳнинг ҳузурига қайтиб, унинг кўрган тушини Юсуф қандай таъбир қилганини айтгач), подшоҳ деди: .»Уни менинг олдимга келтирингиз!» Қачонки (Юсуфнинг олдига), шоҳ элчиси келгач, у: «Хожангнинг ёнига қайтиб бориб, (аввал) ундан ўз қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўра. Албатта, Парвардигорим уларнинг макрларини билгувчидир», деди. 51. (Шунда подшоҳ у аёлларни тўплаб) деди: «Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақтингизда нима бўлган эди (яъни, у ҳам сизларга майл кўрсатганмиди)?» (Аёллар) айтдилар: «Аллоҳ сақласин! Бизлар ундан бирон ёмонликни сезмаганмиз». (Миср шаҳри) ҳокимининг хотини (Зулайҳо) деди: «Мана энди ҳақиқат тантана қилди. Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У, шак-шубҳасиз, ростгўй зотлардандир». 52. (Элчи қайтиб келиб, Юсуфга бўлиб ўтган гапларни айтиб бергач, у деди): «Буни (яъни ўзимнинг бегуноҳлигимни исботлаш талабини) мен (шаҳар ҳокими) йўқлигида Унга хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишини ўнгламаслигини (мамлакат шоҳи) билиши учун (қилдим)».
Тафсир ва баён
Аллоҳ таоло бу оятда подшоҳнинг Юсуф алайҳиссалом қилган таъбирларидан хотиржам бўлган ўрнини хабарини бермоқда. Подшоҳ Юсуф алайҳиссаломнинг фазллари, илмлари ва теран фикрли эканлари ҳамда шаҳар аҳли ва аъёнларига аҳамиятли эканларини билди. Подшоҳ туш таъбиридан Юсуф алайҳиссалом ақллари кучли, заковатли эканларини билиб, шахсан яккама-якка учрашиб, ўзларидан бу иш хусусида гаплашишни истаб қолди.
Подшоҳ: «Уни мени ҳузуримга келтиринг...» деди. Яъни қамоқдан чиқариб, ҳузуримга келтиринг. Уни ўз оғзидан эшитайин. Кўрган тушим ростгўйлигини ўзимда ҳис қилайин», деди. Қачон элчи Юсуф алайҳиссалом ҳузурларига келган эди, у зот Азизнинг хотини томонидан айбланган жиноятдан оқланмагунларича у ердан чиқишдан бош тортишларини айтдилар. Чунки қамоққа тиқилишлари зулм ва душманлик юзасидан бўлган эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссалом тутган мавқеъларини мақтаб, фазллари, шарафлари, олий қадрилари ва сабрларини қуйидаги ҳадисда зикр қилдилар.
Муснади Аҳмад ва Икки саҳиҳ китобида Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар мен Юсуф каби (узоқ муддат) қамоқда турганимда, келган кишини шартларини қабул қилган бўлар эдим», дедилар.
Юсуф алайҳиссалом подшоҳ вакили талабини рад қилиб: «Хожанг ҳузурига боргингда, қўлларини жароҳатлаб олган аёллар ҳолини сўрагин. Мен эса ўша сабабли қамоқга тушиб у сабабли айбдор бўлганим учун боришни хоҳламайман. Боришимдан олдин бу муаммони ҳақиқатини ўрганиб чиқ. Чунки менинг Раббим ишларни махфийси ва аёлларнинг менга нисбатан уюштиришган ҳийлаларини билувчидир.
Подшоҳ қўлини кесиб олган аёлларни Азиз хотини ҳузурида жамлаб: «Зиёфат берган кунда Юсуфни йўлдан уриб, фаҳш ишга чақирганингиз нимаси?» деди.
Шунда аёллар: «Юсуф ёмонликни хоҳлашидан Аллоҳ сақласин! Бундай дейиш билан Юсуфнинг гуноҳлардан холи эканини билдиришган. Юсуф бундай айбдан узоқ бўлган. Аллоҳ номига қасамки, узоқ тарих давомида биз Юсуфда бирор ёмонлик кўрмадик», дейишди.
Азизнинг хотини эса: «Мана энди ҳақ юзага чиқди. Юсуф эмас мен йўлдан урган эдим. У эса менинг талабимга ўта қаттиқ қаршилик кўрсатган. У жуда ҳам ростгўйдир. Бу сўзлари билан аёл Юсуфнинг обрўсини сақлаб, мукофотлашни хоҳлади. Мана шу Азизнинг хотини томонидан Юсуфнинг айблардан холи эканликларини эътироф қилди. Сўнгра аёл: «Бу эътироф ҳақиқатда мен томондан содир бўлмоқда. Юсуф билиши учун айтаманки, у қамоқдалик пайтида шарафи, обрўси, поклигини булғаб гап тарқатиш билан хиёнат қилмадим», дедим.
«Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишларини ўнгламас» Яъни барча билсинки, Аллоҳ хоинларни ишини амалга оширмайди ва тўғри йўлга йўлламайди. Балки ботил қилиб, изини қуритади.
Юсуф алайҳиссалом томонларидан айтилган бу сўздан Азизнинг хотини эри олдида хиёнат қилгани, эри эса, Юсуф алайҳиссалом бегуноҳ эканларига далил турганида ҳам қамоққа тиқиши билан Аллоҳ олдида хиёнат қилганига дашном бермоқдалар.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Подшоҳ Юсуф алайҳиссалом олдиларига қайтиб бориши у зотнинг илм ва маърифатда фазилатли эканларига далолат қилади. Чунки у зот Миср подшоҳи атрофидаги коҳин ва уламолардан ажраб турардилар.
2. Солиҳ амалга яқин бўлган илм дунявий ва ухравий қийинчиликлардан халос бўлишга сабаб бўлди. Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломни қамоқдан қутқарди ҳамда охиратда ўз ҳузуридаги танлаб олинган муҳсинлардан қилди.
3. Ҳақни исбот топдириш, ўзини оқлаб олишга фурсатни қўлга киритишда зарар йўқ. Юсуф алайҳиссалом подшоҳ талабига жавоб қайтаришда муҳлат қўйганлари бунга мисол бўлади.
4. Сабрда маҳкам туриш, ҳалимлик, иззат нафслик ва кароматини сақлаш набийлар ахлоқининг усулларидандир. Чунки Юсуф алайҳиссалом сабр билан қуролланиб, ўзларининг бегуноҳ, иффатли ҳамда жамиятдаги обрўларини сақлаганларини эълон қилдилар.
Икки саҳиҳ китобида марфуъ ҳолда қуйидаги ривоятлар келтирилади. «Агар мен Юсуф алайҳиссалом каби қамоқда турганимда келган кишини чақириғини қабул қилган бўлар эдим». Бошқа ривоятда: «Аллоҳ биродарим Юсуфга раҳм айласин жуда ҳам сабрли ва ҳалим зот эдилар. Агар у кишидек (узоқ муддат) қамоқда турганимда келган кишини чақириғини қабул қилган бўлар эдим. Узр қидириб ўтирмасдим». Табарийнинг ривоятларида: «Аллоҳ Юсуфга раҳм айласин. Агар мен маҳбус бўлганимда кейин элчи юборилса шошиб қамоқдан чиқиб кетган бўлар эдим. У зот ҳалим ва босиқ зот эдилар.
5. Бир кишини обрўсига таъна тоши отиб, ёмонлик билан айблашга шошмаслик шаръан вожиб бўлган нарсадир. Чунки Юсуф алайҳиссалом аёлларнинг ёмонлаб қилган туҳматидан пок эдилар. Охири подшоҳнинг ўзи туҳматдан оқлаб қолди.
6. Ҳақни эълон қилишга бўлган журҳат, ҳақиқатларни изҳор қилишдаги очиқлик, тақводорларни тасдиқлаб бегуноҳларга инсоф қилишда тараддудланмаслик яхши хислатлардандир. Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломнинг бегуноҳ эканларини хотинлар жамоаси орасида «Мен ўзим ошиқ бўлиб қолган эдим», деб эълон қилди. Бу ҳодисадан бир неча йил ўтганидан кейин у зотни бегуноҳ эканларини қайтадан эътироф этди. «Мана энди ҳақиқат тантана қилди. Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим»
7. Ростгўй мўмин қанақа ҳолат бўлишидан қатъий назар Аллоҳнинг розилиги ва дини азизлигини афзал қўяди. Албатта Юсуф алайҳиссалом хотинлар билан бўлиб ўтган можароларда динни маҳкам ушлаб, раббилари розилигини ушлашга ҳарис бўлдилар.
8. Хиёнат ва ҳийланинг натижаси рўёбга ошмасликдир. Аллоҳ хиёнатчининг ҳийласини рўёбга чиқармайди. Ботил қилиб йўқ қилади. Ҳийланинг оқибати шармандалик ва йўқ бўлишдир.
بسم الله الرحمن الرحيم
وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلاَّ مَا رَحِمَ رَبِّي إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَحِيمٌ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса – албатта барча ёмонликларга буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир».
Тафсир ва баён
Азизнинг хотини: Энди ҳақиқат зоҳир бўлди. Юсуф билсинки, мен у қамоқдалигида хиёнат қилмадим. Ёки эрим билсинки, мен Юсуф билан қовушиб хиёнат ҳам фаҳш иш ҳам қилганим йўқ. Фақат ўзимга оғдириш ва ўйнашишни хоҳладим холос. Аммо у бундан юз ўгирди ва қочиб кетди. Мен ўзимни хато ва камчиликдан пок демайман. Албатта нафслар табиатан шаҳват ва ҳою-ҳавасга мойилдир. Фақат Аллоҳ раҳм қилиб, Юсуф каби сақлаганларгина бундан омонда қолишади. Лекин Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмайман. Албатта Раббим мағфирати кўп ва бандаларига раҳмли бўлган Зотдир, деди.
Бу оят аслида Юсуфнинг сўзларидан ҳикоя бўлиб, ишончлиси қуйидагичадир. Азиз билиб қўйсинки, мен, ўзи йўқ бўлиб, обрўсини менга ишониб топшириб кетганида хотинига хиёнат қилмаганман. Шу билан бирга қалбда учрайдиган инсоний нафсдан ўзимни холиман деб ҳам айтмайман. Ҳар бир нафс табиатан шаҳват ва ҳавои нафсга мойилдир. Фақат Аллоҳ тойилишдан сақлаб, истиқоматга муваффақ қилган кишиларгина ундай эмас. Мана шу набийларнинг нафси ҳамда солиҳлар сийратидир. Албатта Раббим, хатокорларнинг гуноҳларини кечирувчи Зот бўлиб, тавба ва тазарруҳга шошган кимсаларга раҳмли Зотдир. Мана шундай қилишгандагина гуноҳ асоратидан қутултириб, нафсларини маъсиятдан поклайди.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
Оят албатта кўп нафслар шаҳватга интилиб, ҳавои-нафсга мойил бўлиб, ёмонликка шайдо эканига далолат қилмоқда. Уни ушлаб туриш учун кўп ҳатти-ҳаракат, курашув ва назорат лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган хабарларда келишича, у зот: «Агар сизлар бир кишини ҳурмат қилиб, овқатлантириб, кийинтирсангларда у сизларга ёмонлик қилса. Бордию хорлаб, оч қолдириб, кийимсиз қўйсангизда яхшилик қилса, нима деган бўласизлар? Деб айтганларида, саҳобалар: «Бу ер юзидаги энг ёмон кимса», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, ўша ҳамроҳ сизларни нафсларингиздир», дедилар.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари «Парвардигорим раҳм қилмаса» оятини далил қилиб, тоат ва иймон фақат Аллоҳ томонидан ҳосил бўлади. Ёмонликдан нафсни чекиниши ҳам фақат Унинг раҳмати билан амалга ошади», дейишган.
Оят Аллоҳнинг фазли ва эҳсонини юксаклигига далолат қилади. Чунки У Зот бандалари тавба қилиб, батамом ёмонликдан тўхтаб, яхши амал қилишга ўтишса гуноҳларини кечиради.
وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مَكِينٌ أَمِينٌ (54) قَالَ اجْعَلْنِي عَلَى خَزَائِنِ الأَرْضِ إِنِّي حَفِيظٌ عَلِيمٌ (55) وَكَذَلِكَ مَكَّنَّا لِيُوسُفَ فِي الأَرْضِ يَتَبَوَّأُ مِنْهَا حَيْثُ يَشَاءُ نُصِيبُ بِرَحْمَتِنَا مَنْ نَشَاءُ وَلاَ نُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ (56) وَلأَجْرُ الآخِرَةِ خَيْرٌ لِلَّذِينَ آَمَنُوا وَكَانُوا يَتَّقُونَ
54. Подшоҳ айтди: «Уни ҳузуримга келтирингиз, ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб олай». Бас, қачонки (Юсуф у билан сўзлашгач, «Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан», деди.
55. (Юсуф) деди: «Мени шу ернинг хазиналари устига қўйгин. Чунки мен (уларни) тўла-тўкис сақлайдиган ва (тўғри тасарруф қилишни) биладиган кишиман»
56. Шундай қилиб, Юсуфни (Миср) еридан ўзи хоҳлаган жойда манзил-маскан тутиб яшайдиган мақомга эриштирдик. Биз фазлу марҳаматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишиларга етказурмиз ва чиройли амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз.
57. Албатта, иймон келтирган ва тақво эгалари бўлган зотлар учун охиратда ажр-мукофот янада яхшироқ бўлур.
Тафсир ва баён
Бу ердаги подшоҳдан мақсад Азиз бўлмасдан ундан-да каттароқ бўлган подшоҳ экани ҳақидаги фикр кучлироқдир. Чунки Юсуф (а.с.)ни ер хазиналари устидан бошлиқ қилиб таъйин этди. Шундоқ ҳам Азиз ҳузурида олдиндан ишончли киши эдилар. Ҳозир эса ўша катта подшоҳ (Райён ибн Валид) Юсуф алайҳиссаломни ўзидаги хос кишилардан қилди.
Маъно қуйидагичадир. Подшоҳ: «Уни қамоқдан чиқариб, ҳузуримга келтиринглар. Мен ўша маҳбусни ўзимга хос бўлган маслаҳатчи қилиб, ишончли ўринга қўяман», деди.
Подшоҳ у зот билан гаплашиб, танишгач: «Сен бугун ва бу кундан кейин азиз ва омонатли маконга жойлашасанки, ҳукм ишларидаги барча нарсада ва шаҳар бошқаришда тўла маънода сенга ишониб топширилади», деди.
Ривоят қилинишича, Юсуф алайҳиссалом қамоқхонадан чиқгач ғусл қилиб, тозаланиб, янги кийимларини кийиб, подшоҳ ҳузурига кирдиларда, «Аллоҳумма инний ас алука мин хойриҳи ва аъузу биҳиззатика ва қудротика мин шарриҳи», яъни Аллоҳим сендан (кийимларни) яхшисини сўраб, Иззатинг ва Қудратинг ҳурмати уни ёмонидан паноҳ тилайман, деб сўнгра арабча салом бердилар. Подшоҳ: «Бу қанақа тил»? деди. Юсуф алайҳиссалом: Амаким Исмоил алайҳиссаломнинг тили», деб уни ҳаққига иврит тилида дуо қилдилар. Подшоҳ: «Бу қайси тил?» деган эди, у зот: «Оталаримнинг тили», дедилар.
Иброҳим алайҳиссалом, фарзандлари ва набиралари Қаҳтонлик араблардан эди. Араблардан ташкил топган Миср подшоҳларини подачилар (Гегсус) деб номланар эди.
Юсуф алайҳисалом: «Эй подшоҳ! Мени ғаллалар сақланадиган жойга таъйин этгин. Мен ўша ерда назоратчи бўлиб, у ердаги ғаллани ўзим тасарруф қилайин. Бу билан серҳосил бўлган йил билан қаҳатчилик йиллари орасида мувозанатни сақлайин», дедилар. Ҳақиқатда у зот кўрган тушлари асосида, шаҳарга таҳдид солиб турган очарчиликдан қутқардилар. Ўзлари ҳақида: «Чунки мен ишончли хазинабон, эга бўлган нарсалари устида илмли ва тажрибали бир кишиман», дедилар. Мана шу нарса молиявий ресурслар билан нафақалар орасида мувозанатни сақлаш, молни тартибга келтириб, уни тадбири устида бош қотириш аҳамиятли эканини кўрсатади.
Мазкур талабларини подшоҳ қабул қилди ва у зотни молия вазири этиб таъйинлади. Ҳукм юритишда тасарруф ҳукмронлигини топширди. Чунки Юсуф алайҳиссаломдаги ўткир ақл, тажриба ва чиройли бошқариш ҳамда низомни мустаҳкамлашга қудратлари етишлигини билганидан кейин шу мансабга муносиб, деб билди.
Шунингдек Юсуфни подшоҳ қалбига яқин қилиб, қамоқхонадан халос қилганимиздек, уни ер юзида ҳам қарор топтирдик. Яъни хоҳлаган нарсасига қодир эттирдик. Миср ўлкасида мансабдор шахслардан қилдик. Қул бўлганидан кейин буйруқ ёки қайтариқ қилувчи бошлиқ этдик. Бошқаларга қарам бўлганидан кейин бошқалар унга эргашадиган қилдик. Асир қул бўлганидан кейин ҳур киши қилдик. Бундай бўлишига сабаб, Юсуфдаги ака-укаларни зулмига ва Азизнинг хотини сабабли ҳибс этилганига сабр қилиб, ёмонлик ва фаҳш ишлардан иффатда бўлиб, мункар ишларга тушиб қолишдан ўзини ман этгани учун эди. Бу ишларнинг ортидан Аллоҳ таоло ғалаба ва қўлловини у зотга ато қилди. Мисрдан сотиб олган хожаларини мансабига ўтирдилар. У хожа, хотини ошиқ бўлиб қолган Азиз эди. Мужоҳиднинг айтишларича, подшоҳ Юсуф алайҳиссалом қўлларида мусулмон бўлди.
Раббилари у зотни зое қилмасдан, раҳм қилиб сақлади. Аллоҳ таоло хоҳлаган кишисини Ўз раҳматига хослайди. Унинг раҳмати барча нарсани ўзида мужассам қилади. У Зот Ўз мулкини, бойлигини, соғликни ва бундан бошқа нарсаларни хоҳлаган бандасига беради. Оятдаги «Бироҳматина»дан мақсад неъмат ва эҳсондир.
«Муҳсинларни савобини зое қилмаймиз» яъни яхши амал қиладиганларни савобини зое қилмасдан дунё ҳаётида саодат, азизлик, ва олий мартаба берамиз. Охиратда эса жаннатдаги абадийлик неъматини берамиз.
Охиратдаги савоб эса тақводор мўминлар учундир. Жаннатдаги неъматлар дунё ва ундаги азизлик, султон, мансаб, мулк, мол, зийнат ва шунга ўхшаш нарсалардан кўпроқ ва улуғ ҳамда яхшироқдир.
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга охират диёрида тайёрлаб қўйган нарсаси бу дунёдаги нуфуз ва мансабларидан улкан, кўп ва улуғ эканини хабарини бермоқда. Сулаймон алайҳиссалом хусусларида қуйидаги сўзларни айтган.
«Мана шу Бизнин (сенга) ато этган нарсамиздир. Бас сен (ушбу неъматлардан Ўзинг хоҳлаган кишиларга) эҳсон қил, ёки қилма (сени бу тўғри ҳисоб-китоб қилинмас». Шак-шубҳасиз (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни жаннат)дир. (Сод сураси, 38-39-оятлар)
Демак Аллоҳ қайси бир кимсага дунё ва охират саодатини мужассам қилса Аллоҳнинг унга нисбатан фазли ва мукаммал ҳадясидир. Чунки у кимса тоат ва мажбуриятини бажо келтириб, гуноҳлардан четланди. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган кишиларига беради.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1) Албатта мунозара инсон фазилати ва маърифатига танишиш воситаси бўлиб, бу билан ақлли кимса кишилар қадрини ўлчайди.
2) Олий омил бўлувчи илм, хулқ, одоб ва чиройли тасарруф қилиш баланд макон ва юқори манзилларга олиб чиқади.
3) Киши бошлиғликни агар унга тайёр бўлса талаб қилиш жоизлиги. Шу шарт биланки, ўша бошлиғликни кўтаришда ўзига, динига ва илмига ишониши керак.
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Самура амирликни талаб қилганида уни «Амирликни ўзинг сўраб, қўлга киритма», дейишларидан мақсад, бошлиқлик вазифасини заиф ва ожиз бўлгани ёки нафсий мақсадлари учун юриб қўйиб, уддалай олмаслигига ишонч ҳосил қилганлари учун бўлган.
Қуръонда Аллоҳ таоло: «Киши ўз нафсини мақташидан ман қилиб: «Нафсларингизни оқламай қўяқолинглар» (Нажм сураси, 32-оят) деб айтишидан мақсад, киши пок бўлмаганини билган ҳолда ўзини оқлашдир. Оят ва ҳадисдаги бу икки қайтарилган нарса Юсуф алайҳиссалом ва у киши каби набийлардан содир бўлмаган. Чунки имкон қадар уммат манфаатларига риоя қилиш уларга шарт қилинган. Албатта мустаҳиқ бўлганларга манфаат етказиш, улардан зарарни дафъ этиш ақллар тасанно айтадиган бир ишдир. Юсуф алайҳиссалом адолат ўрнатиб, ислоҳот олиб бориш ва камбағалларга ҳақ-ҳуқуқларини етказишда ўзларини ўрниларини босадиган бирор киши йўқлигини билдилар. Ва бу муҳим ишни ўз қўлларига олиш фарзи ҳайн эканини билиб, ўз нафслари ҳақида: «Мен муҳофаза қилувчи билимдон кишиман», дедилар. Бу билан танимайдиганларга ўзларини танитишни ирода қилдилар.
4) Фозил киши фожир киши ёки кофир султонга ишлаб бериши жоиздир. Шу шарт биланки, ҳақни барпо қилиб, халойиқни сиёсат қилиш уни ёрдамисиз амалга ошмаса. Ҳамда феъли у билан мухолиф бўлмаса ва хоҳлаганича ислоҳ этса. Аммо амали, фожирни мақсади ва ҳавои-нафсига мувофиқ бўлса жоиз эмас.
Агар мансабга жойлаштирувчи золим бўлса бу ҳақда уламолар икки хил фикр айтишган.
Биринчиси: Ўрнашган мансабида ҳақ билан буйруқ қилса ишга жойлашиши жоиз. Чунки Юсуф алайҳиссалом ўз даврларидаги Фиръавн томонидан мансабга ўтирганлар. Бундаги эътибор ўз феъллари билан бўлиб, бошқани феъли билан эмас.
Иккинчиси: Ундай қилиш жоиз эмас. Чунки бунда золимни зулмига ёрдам бериш, уни қўллаб-қувватлаш маъноси бор. Аммо Юсуф алайҳиссалом даврларидаги Фиръавн солиҳ кимса бўлган. Мужоҳид айтишларича, у Юсуф алайҳиссалом қўлларида мусулмон бўлган. Золим Фиръавн эса Мусо алайҳиссалом даврларида бўлган. Ундан ташқари Юсуф алайҳиссалом учун мансаб аҳамиятсиз бўлиб, уммат, ўлка ва мулклар манфаатини ҳисобга олганлар. Асло тобеълик бўлмаган.
5) Инсон агар зарурат туғилса ўзидаги илм ва фазилатни билдириши жоиз. Худди яшаш касби ва шунга ўхшаш нарсалар бўлса.
6) Аллоҳнинг «биз муҳсинларни савобини зое қилмаймиз», деган сўзи, Юсуф алайҳиссалом муҳсин-яхши кимса эканликларига Аллоҳ томонидан гувоҳлик берилишини англатмоқда.
7) Юсуф алайҳиссалом сабр ва тақволари учун Аллоҳнинг раҳмати, фазли ва эҳсони у зотни кўмиб юборди. Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломнинг қудуқдаги ҳолатлари, қул бўлиб сотилганларида, қамоқда ётганларида, ака-укаларининг етказган озорларида, аёл Аллоҳ ҳаром қилган фаҳшга чақирганида сабр қилганларини зое кетказмади.
8) Аллоҳнинг охиратдаги берган савоб ва ҳадялари тақводор мўмин учун дунёда ато этган нарсаларидан улуғроқ, кўпроқ ва улканроқдир. Чунки охират ажри доимий бўлиб, дунёнинг мукофоти тўхтаб қолувчидир.
Оятдаги «Охират ажри» деган сўз умумий бўлиб, ҳар бир тақводор мўминни ҳам ўз ичига олади. У Юсуф алайҳиссаломга нисбатан Аллоҳнинг фазлини хослигини ҳам билдиради. Албатта у зот учун охиратда берадиган нарса дунёда берадиган мулк, султон ва юқори мансабдан ҳам афзалроқдир.
Бу оят Юсуф алайҳиссалом иймон келтириб, тақводор бўлганларига далолат қилиб, Аллоҳ томонидан хосланганлигини билдиради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ томонидан Юсуф алайҳиссаломга нисбатан айтилган гувоҳлик икки нарсани ўз ичига олади.
Биринчиси: У зот муҳсинлардан бўлганлари.
Иккинчиси: У зот тақводор мўминлардан бўлганлари.
Бошқа бир оят эса у зотни ихлосли банда бўлганларини хабарини беради.
Демак Аллоҳ томонидан Юсуф алайҳиссаломга нисбатан айтилган гувоҳлик учта экан. 1. Тақводорлик 2. Муҳсинлик 3. Мухлислик.
Ушбу уч гувоҳлик бериши Аллоҳнинг мақсадида сабрли бўлганлари, тақво, амалдаги ихлос ва гина-кудуратлардан нафслари мусаффо бўлгани учундир.
بسم الله الرحمن الرحيم
وَقَالَ يَا بَنِيَّ لا تَدْخُلُوا مِنْ بَابٍ وَاحِدٍ وَادْخُلُوا مِنْ أَبْوَابٍ مُتَفَرِّقَةٍ وَمَا أُغْنِي عَنْكُمْ مِنَ اللهِ مِنْ شَيْءٍ إِنِ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَعَلَيْهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُتَوَكِّلُونَ (67) وَلَمَّا دَخَلُوا مِنْ حَيْثُ أَمَرَهُمْ أَبُوهُمْ مَا كَانَ يُغْنِي عَنْهُمْ مِنَ اللهِ مِنْ شَيْءٍ إِلاَّ حَاجَةً فِي نَفْسِ يَعْقُوبَ قَضَاهَا وَإِنَّهُ لَذُو عِلْمٍ لِمَا عَلَّمْنَاهُ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لاَ يَعْلَمُونَ (68)
(Сўнг Яъқуб уларни сафарга кузатар экан), айтди: «Эй ўғилларим (Мисрга) бир дарвозадан кирманглар, балки бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар! Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Мен фақат У зотнинг ўзига таваккул қилганман-суянганман. Барча таваккул қилгувчилар Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар-суянсинлар».
68. Улар оталари буюрган тарафлардан (Мисрга) киришлари улардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтарувчи эмасдир. (Бу) фақат Яъқубнинг дилидаги (фарзандларига нисбатан меҳр-шафқатдан пайдо бўлган) бир эҳтиёж эдики, у ўзининг шу эҳтиёжини қондирган эди, холос. Зотан, у Биз (ваҳий орқали) берган таълимимиз сабабли чуқур билим эгасидир. Лекин одамларнинг кўпи (буни) билмайдилар.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ака-укалар инилари Бинямин билан бирга Миср сафарига тайёрланишганидан кейин, оталари Яъқуб фарзандларини битта дарвозадан кирмасдан, бошқа-бошқа дарвозалардан киришга буюрдилар. Чунки фарзандлар келишган чиройли кимсалар эди. Бундай қилишлари жумҳур муфассирлар фикрича, кўз тегмаслиги учун эди. Чунки оталари фарзандларига нисбатан кўз тегишидан қўрққан эдилар. Кўз тегиши ҳақдир. Яъни кўринишда ҳақ сабаб бўлиб, зарарга олиб бориши мумкин. Лекин кўз тегиши ҳам Аллоҳнинг изни ва иродасига боғлиқ нарсадир.
«Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман». Ёки «бошқа-бошқа эшикдан киринглар», дейишларига сабаб, Азиз улар билан Биняминни кутиб олишидаги фарқни билиш учун бўлиши мумкин.
Мен насиҳат ва тадбир қилишим сизлардан Аллоҳнинг ҳеч қандай қазо-қадарини дафъ этмайди. Тақдир битилган бўлса, эҳтиёткорлик уни дафъ эта олмайди. Яъни, бошқа-бошқа эшикдан киринглар, деб эҳтиёткор бўлишим Аллоҳнинг қазо ва қадаридан бирортасини қайтара олмайди. Чунки Аллоҳ бирор нарсани хоҳласа унга хилоф иш ҳам, монеълик ҳам қилина олмайди. Лекин шу билан бирга эҳтиёткорлик воситаларини ушлашга буюрилганмиз.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 102-оятида «Эҳтиётингизни олинг», деб айтган.
Оддий сабабларни ушлаш воқеъликда бирор нарсага таъсирини ўтказмайди. Фақат Аллоҳнинг изни билангина таъсир ўтказади. Аллоҳдан ёрдам сўраш, Унга талпиниш, қадарни дафъ этиб, қазога кириш-чиқиш дегани эмас. Инсон ишидан бирор нарсага молик эмас. Аллоҳ сизларга ёмонликни хоҳласа, мен сизларга: «Бошқа-бошқа эшикдан киринглар», деб ишора қилган нарсам ҳам Аллоҳнинг тақдиридан ҳеч нарсани қайтара олмайди. У ҳеч қандай маҳолсиз етиб келувчидир.
Ҳукмларни ижро қилиш, ишларни тадбирини юргизиш фақат якка Аллоҳ учундир. Унинг ўзига таваккал қилдим. Унга ишондим. Унгагина ишимни топширдим. Ишимни амалга ошириш учун менда ҳеч қандай куч-қувват йўқ. Таваккал қилувчилар якка Аллоҳгагина таваккал қилади. Улар ўзига ўхшаган инсониятга ёки ўз нафсига суянмайди.
Яъқуб фарзандлари Мисрга киришганида тўртта дарвоза бор эди. Яъқуб алайҳиссалом «бошқа-бошқа эшикдан киринглар», дейишлари ҳеч нарсани ифода қилмас эди. Чунки шунча эҳтиёткорлик қилганлари билан Биняминни ўғриликда айблаб, идиш унинг юкидан чиққани учун товон сифатида ушлаб қолинганидан кейин, оталари Яъқубнинг мусибати янада кучайиб кетди. Лекин ундай дейиш Яъқубнинг дилидаги фарзандларига нисбатан меҳр-шафқатдан пайдо бўлган бир эҳтиёж эдики, у зот ўзларининг шу эҳтиёжларини қондирган эдилар холос. Чунки Яъқуб алайҳиссалом илмли киши эдилар. Аллоҳ ваҳий орқали Яъқубга таълим берганмиз, деб айтмоқда. Шундай бўлганидан кейин у зот эҳтиёткорлик қадарни ман этади, деб асло фикр қилмаганлар.
Имом Қатода ва Саврийлар: «У илмига амал қилувчи, дейиши Аллоҳ томонидан Яъқуб алайҳиссаломга мақтовдир. Лекин одамларни кўплари яъни кофир ва мушриклар Яъқуб алайҳиссаломни бундай сифат ва илмда эканларини билишмайди. Чунки улар, Аллоҳ ўзини яқин кишиларини дунё ва охиратда манфаат берадиган илмга қай даражада йўллаб қўйишини билишмайди. Ана шундай илмлардан бири – зоҳирий сабабларни ушлаб, ишни Аллоҳга топширишдир.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Яъқуб алайҳиссалом: «Бир дарвозадан кирманглар», деб айтишлари жумҳур муфассирлар наздида кўз тегишидан сақланиш учун айтилгандир. Кўз тегиш зоҳирда ҳакдир. Натижа эса ҳақиқатда танҳо Аллоҳгадир. Кўз тегиши сабаб холос.
Имом Аҳмад иби Ҳанбал саҳиҳ санад билан қилган ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўз тегиши ҳақдир», деганлар. Яъни одамлар наздида қўлга илинадиган нарсада кўз тегиши бордир.
Имом Насафий: «Кўз тегиши кишини қабрга, туяни эса қозонга киритади», деб айтганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ тилаб қуйдагича дуо қилардилар. Уъийзукума бикалиматиллаҳит таммаҳ, мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ҳайнин ламмаҳ.
Маъноси: Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашоратлардан ва ёмон кўзлардан сизларга паноҳ тилайман.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусанларга юқоридаги дуони ўқиб, паноҳ тилардилар. Шунингдек Иброҳим алайҳиссалом ҳам фарзандлари Исмоил ва Исҳоқ алайҳиссаломларга ушбу дуони ўқиб, паноҳ тилардилар.
Убода ибн Сомитдан (р.а) ривоят қилинади. У зот айтадилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кунни аввалида кирган эдим, у зотни қаттиқ бетоб ҳолатда кўрдим. Кунни охирида қайтиб келсам, у зотни соғайган ҳолларида кўрдим. Шунда у зот: «Жаброил алайҳиссалом келиб «Бисмиллаҳи урқийка, мин кулли шайъин йуҳзийка ва мин кулли ҳайнин ҳасидин Аллоҳу яшфийка», дегандилар, (шу сабабли соғайиб кетдим) деб айтдилар.
Маъноси: Аллоҳнинг исми билан дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳасад қилувчи кўздан Аллоҳ сизга шифо берсин.
Имом Аҳмад, Оиша ва Убода (р.а)лардан қуйидагиларни ривоят қилганлар.
Ҳар бир мусулмон кишининг бирор нарса ҳайратлантирса, барака тилаб дуо қилмоғимиз лозим. Чунки бундай дуо қилиши маҳолсиз хавфсираган нарсасидан омонда қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Омир (р.а.)га: «Барака тилаб дуо қилдингларми?» деганлар. Бундан кўзи тегувчи киши агар барака тилаб дуо қилса зарар бермайди.
Барака дуоси қўйидагичадир. Табарокаллоҳу аҳсанул холиқийн. Аллоҳумма барик фийҳи.
Айтилишича, кўз тегиши катталардан кўра кичик ёшлиларда тезроқ содир бўлади. Кўзи тегувчи кишининг кўзи тегаверсаю, у барака дуосини ўқимаса ғусл қилишга амр қилинади. Агар ювинишдан бош тортса мажбурланади. Чунки бундай қилишида иш вожиб даражасига кўтарилди. Абу Умома ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзи тегувчи киши кўзи теккан кимса учун ғусл қилиб беради», деб (кейин) дам солишга буюрдилар.
Қайси кишининг кўзи тегиши маълум бўлиб қолса, зарарни дафъ этган ҳолда одамлар ҳузурига киришдан ман этилади.
2. «Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман», деб айтилган сўз, қадар битилган нарсада эҳтиёткорлик манфаат бермайди, дейилганига далолат қилади. Демак Яъқуб фарзандларини бошқа-бошқа дарвозадан киришлари, Аллоҳнинг тақдир қилиб қўйган бирон ҳукмини рад эта олмайди.
3. Ҳукм Аллоҳ учундир. Буйруқ ва қазони белгилаш якка Аллоҳ учун хосдир. Мўмин киши Якка Аллоҳга эътимод қилиб, суянмоғи лозимдир. Чунки барча яхшиликларни қўлга киритиш ва барча офатларни дафъ этиш Аллоҳ томонидан амалга оширилади.
4. Яъқуб алайҳиссалом фарзандларига бошқа-бошқа эшикдан киришни маслаҳат беришлари, шунчаки қалбларига келган нарса холос. Шу билан бирга ваҳий орқали билдирилган дин ишлари ҳам эди. Кўпчилик кимсалар Яъқуб алайҳиссалом дин ишларидаги билган нарсани билишмайди. Айтилишича, бу ердаги билишдан яъни илмдан мақсад амалдир. Яъқуб алайҳиссалом илмларига мувофиқ амал қилувчи кимса эдилар. Чунки илм амал сабабларининг аввалгисидир. Демак илм сабаб бўлган нарса билан номланган.
5. Оят қуйидаги нарсани ифода этади. Мусулмон киши ўз нафсига қўрққан нарсада биродарини ҳам огоҳ этиб, нажот йўлига йўллаб қўяди. Чунки дин насиҳатдир. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир.
بسم الله الرحمن الرحيم
وَلَمَّا دَخَلُوا عَلَى يُوسُفَ آَوَى إِلَيْهِ أَخَاهُ قَالَ إِنِّي أَنَا أَخُوكَ فَلاَ تَبْتَئِسْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (69) فَلَمَّا جَهَّزَهُمْ بِجَهَازِهِمْ جَعَلَ السِّقَايَةَ فِي رَحْلِ أَخِيهِ ثُمَّ أَذَّنَ مُؤَذِّنٌ أَيَّتُهَا الْعِيرُ إِنَّكُمْ لَسَارِقُونَ (70) قَالُوا وَأَقْبَلُوا عَلَيْهِمْ مَاذَا تَفْقِدُونَ (71) قَالُوا نَفْقِدُ صُوَاعَ الْمَلِكِ وَلِمَنْ جَاءَ بِهِ حِمْلُ بَعِيرٍ وَأَنَا بِهِ زَعِيمٌ (72) قَالُوا تَاللهِ لَقَدْ عَلِمْتُمْ مَا جِئْنَا لِنُفْسِدَ فِي الأَرْضِ وَمَا كُنَّا سَارِقِينَ (73) قَالُوا فَمَا جَزَاؤُهُ إِنْ كُنْتُمْ كَاذِبِينَ (74) قَالُوا جَزَاؤُهُ مَنْ وُجِدَ فِي رَحْلِهِ فَهُوَ جَزَاؤُهُ كَذَلِكَ نَجْزِي الظَّالِمِينَ (75) فَبَدَأَ بِأَوْعِيَتِهِمْ قَبْلَ وِعَاءِ أَخِيهِ ثُمَّ اسْتَخْرَجَهَا مِنْ وِعَاءِ أَخِيهِ كَذَلِكَ كِدْنَا لِيُوسُفَ مَا كَانَ لِيَأْخُذَ أَخَاهُ فِي دِينِ الْمَلِكِ إِلاَّ أَنْ يَشَاءَ اللهُ نَرْفَعُ دَرَجَاتٍ مَنْ نَشَاءُ وَفَوْقَ كُلِّ ذِي عِلْمٍ عَلِيمٌ (76)
69. Қачонки улар Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у инисини ўзига тортиб: «Мен сенинг оғангман. Энди улар (яъни оға-иниларимиз) қилгувчи бўлган нарса (яъни уларнинг ҳасад-адоватлари)дан ғамгин бўлмагин», деди.
70. Бас, қачонки уларнинг хожатларини равон қилгач, инисининг юки орасига (билдирмай) бир қадаҳни солиб қўйди. Сўнгра эса жарчи: «Эй карвон эгалари, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди.
71. Улар (жарчилар) ўзларининг олдига келишгач: «Нима йўқотдингизлар?» дедилар.
72. (Жарчилардан бири) айтди: «Подшоҳнинг қадаҳини йўқотдик. Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман».
73. Улар дедилар: «Аллоҳга қасамки, бизлар ўғри эмасмиз. Ахир бизлар бу ерга бузғунчилик қилиш учун келмаганимизни биласизлар-ку! Бизлар ўғри эмасмиз».
74. «Агар ёлғон айтган бўлсангизлар, (ўғрининг) жазоси нима бўлур?» сўрашди (жарчилар).
75. Улар дедилар: «Унинг жазоси, кимнинг юки орасидан топилса, ўша кимса жазоланур — қул қилинур. Бизлар (ўғрилик қилиш билан ўзгаларга) зулм қилган кимсаларни мана шундай жазолаймиз».
76. Бас, (Юсуфнинг хизматкори ахтаришни) унинг биродари (Бинямин)нинг идишидан илгари уларнинг (яъни бошқа оға-иниларининг) идишларидан бошлади. Сўнгра уни (Юсуфнинг) биродари идишидан «топиб» олди. Биз Юсуфга мана шундай ҳийла-тадбирни билдирдик. (Чунки Миср) подшоҳининг динида у биродарини (ўғрилик қилгани учун қул қилиб) олиб қола олмас эди. Магар Аллоҳнинг хоҳиши билан (мазкур ҳийла-тадбир воситасидагина олиб қолди). Биз ўзимиз хоҳлаган кишиларни юксак даражаларга кўтарурмиз. Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир.
Тафсир ва баён
Қачон Яъқубнинг фарзандлари Юсуфнинг хос мажлисига киришганида, улар билан бирга туғишган укалари Бинямин ҳам бор эди. Ака укалар бошқа-бошқа эшикдан киришганидан кейин Юсуф укасини ўзига тортдида, ҳоли қолганида ўзи ҳақида гапириб, акаси экани ҳақида хабар берди. Сен менга уюштиришган нарсадан хафа ҳам ноумид ҳам бўлмагин. Ака-ука эканлигимизни уларга айта кўрма, деб тил бириктириб, қадриларини ошириш мақсадида тадбир қилишди.
Ривоят қилинишича, Юсуфни ака-укалари: «Мана бу ўша айтган укамиздир. Биз уни сенинг олдингга олиб келдик», дейишди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: «Бу қилган ишларингиз учун мукофотланурсизлар», деб уларни меҳмондорчилик учун таклиф қилдилар. Ҳар дастурхонга икки кишидан қилиб ўтиришга амр қилдилар. Бинямин укалари якка ўзи қолдида, йиғлаб юборди. Ва ўзига-ўзи: «Агар иним Юсуф тирик бўлганида ўз ёнига ўтқизар эди», деди.
Юсуф иниларига қарата: «Укангиз якка ўзи қолди», дедида ўзи билан ўтқазди. Шундан кейин Бинямин ҳақиқий акаси эканига ишона бошлади.
Ва Юсуф: «Сизлар ўн кишисизлар. Иккита-иккитадан бўлиб, бир хонага жойлашинглар. Мана бу укангизни шериги йўқ экан. У мен билан бирга қолади», деб укалари Биняминни ўзлари билан олиб, ҳидидан ҳидлаб, ундан ўзини фарзандлари хусусида сўрадилар. Бинямин: «Менда ўнта фарзанд бор. Уларни исмларини ҳалок бўлган акамнинг исмига маънодош қилиб қўйганман», деди.
Юсуф алайҳиссалом: «Ҳалок бўлган акангни ўрнига ака бўлишимни хоҳлармидинг», дегандилар, у: «Сенга ўхшаш акани ким ҳам топар олар эди, лекин акамдан яхши бўлсанг ҳам сени Яъқуб ва Роҳил туғишмаган», деди. Шунда Юсуф алайҳиссалом йиғлаб ўринларидан турдиларда, укаларини қучоқлаб: «Мен ўша аканг Юсуфман. Илгари содир этишган ишга хафа бўлмагин. Аллоҳ бизга яхшилик қилиб, яхшилик устида жамлади. Бу билганларингни уларга билдирмагин», дедилар.
Келган меҳмонларни уловларига овқатни юклаб бўлингач, Юсуф алайҳиссалом баъзи хизматдаги болаларга укалари Биняминни юкига бирор кишига билдирмасдан тилладан ясалган ўлчов идишини солиб қўйишни буюрдилар.
Қачонки карвон қўзғалиб чиқиб кетишга шайлангач бир жарчи: «Эй карвон эгалари, сизлар ўғридирсизлар», деган эди, улар ғазабнок ҳолда тўхташди. Сўнгра жарчи олдига келиб: «Нимани йўқотдингизлар», дейишган эди, улар: «Подшоҳни ғалла тортиб берадиган идишини йўқотиб қўйдик. Ким уни топиб келса ўша кишига бир туя юк мукофотдир», дейишди. Бу нарса ака- укаларни туяда келишганини англатади.
Юсуфни ака-укалари ўғирликда айбланишгач: « Аллоҳ номига қасам, сизлар бизни аввалги келганимизда синаб кўрган эдинглар. Ва яна одамлар ҳаққини паймол қилмасдан, бошқа ёмонликларни раво кўрмасдан, ўғирлик қилмасдан фақат ер юзини ислоҳ қилувчи, яхши хулқли кишилар эканимизга гувоҳ бўлдинглар. Демак бугун ҳам ўша яхши хислатларимизни сақлаган ҳолда ўғри эмасмиз. Бизнинг ҳарактеримизда бу сифатни тақозо қилуқчи нарсалар йўқ», дейишди.
Юсуфни хизматидаги йигитлар: «Агар ўғри сизларни ичингизда бўлса нима жазо қўллаймиз. Агар ўша нарсани олган кишини ичингиздан топиб олсак, шариатингизда қандай жазо қўллайсизлар. Сизлар эса ўзингизни бегуноҳ эканингизни даъво қилмоқдасиз», дейишди.
Шунда Юсуфни инилари: «Кимни юкидан топиб олсак, уни қул қилиб топширамиз. Чунки шариатимизда одамлар молини ўғирлаб, зулм қилган кишига мана шундай жазо қўлаймиз», дейишди. Иброҳим ва Яъқуб алайҳиссаломнинг шариатлари ҳам мана шундай яъни ўғрини жабрдийдага топшириб, қул қилинар эди. Юсуф алайҳиссалом худди шу нарсани хоҳлаган эдилар. Шунинг учун Биняминдан олдин бошқа иниларни идишидан қидиришни бошладилар. Бундай ҳийлани улар билиб қолмаслик учун амалга оширдилар. Сўнгра инилари Биняминни юкидан ҳалиги йўқолган идишни чиқариб кўрсатдилар. Ўзларини эътироф этиб, амал қилиб юрган ҳукмлари бўйича Биняминни олиб қолдилар.
Юсуфни инилари: «Ўша кимса жазоланур – қул қилинур», дейишлари, ўзларини бегуноҳ бўлиб, юқоридаги ҳукмга қарор қилишганини таъкидлаб келган.
«Биз Юсуфга мана шундай ҳийла-тадбирларни билдирдик». Яъни унга ваҳий орқали мана шундай махфий ҳийлани тадбирини ўргатдик. Мана шундай, Аллоҳ рози бўлиб, У зот яхши кўрадиган ҳийла мақбул ҳийладир. Чунки бунда талаб қилинган манфаат ва ҳикмат бордир. Агар шариат ёки қарор қилинган ҳукмга хилоф бўлмасдан зоҳири ҳийла бўлган нарсани ишга солиб, мақсадига етишиш жоиздир. Бу шариатга мувофиқ ҳийла бўлиб, ман этилмаган. Албатта бирор кишига зарар бермасдан, манфаатни жалб қилиши шарт. Юсуфни бу ҳийлаларида, Биняминни бегуноҳ экани хотиржам қилган эди. Чунки икковлари олдинроқ тил бириктириб олишган эди.
Махфий тадбир сабабли ана шу режани амалга оширдилар. Чунки Юсуф алайҳиссалом ўзлари яшаб турган Мисрни ҳукми бўйича укаларини ўзлари билан олиб қола олмасдилар. У ердаги ҳукм ўғрини қул қилиб олишга рухсат бермас эди. Юсуф алайҳиссалом уларни шариатини билардилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло бошқа оятда: «Хоҳлаган кишиларимизни даражасини баланд қилиб қўямиз», яъни билдириш орқали баланд қилиб қўямиз, деган.
Бошқа оятда: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала-11)
«Фақат Аллоҳ хоҳлагани бўлади....», дейиш, ҳолатни умумийлигини истисно қилиш эди. Яъни Юсуф укасини подшоҳ қонуни бўйича қандай ҳолатда бўлса ҳам ушлаб қола олмас эди. Фақат Аллоҳ хоҳиши билангина олиб қолди. Чунки бундай амалиётни фақат Аллоҳ изни ва ваҳийси билан амалга оширди. Албатта бу ҳийла шариат иқрори ва ва Аллоҳ ваҳийси билан бўлганини далолат қилади. «Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир». Яъни ҳар бир олим устида унданда кўпроқ билимли киши бордир.
Ҳасан Басрий: Олимни устида унданда кучлироқ олим бордир. Бу нарса охири Аллоҳга бориб тақалади. Демак Юсуфни инилари илмли бўлишса, Юсуф уларданда кўра кўпроқ илмга эгадир.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Ҳаётдаги энг қаттиқ шодлик бу ака-укани топишиб, учрашишидир. Яъни Юсуф алайҳиссалом билан Биняминни учрашиши. Юсуф алайҳиссалом укаларини чорак аср давом этган фироқликдан сўнг бағриларига босиб, ўзлари билан олиб қолиш учун тил бириктирдилар.
2. Юсуф алайҳиссалом: «Энди улар (яъни оға-иниларимиз) қилгувчи бўлган нарса (яъни уларнинг ҳасад-адоватлари)дан ғамгин бўлмагин», дейишлари, у зотни авф ва кечиримли эканликларини билдиради. Албатта бунда укаларига нисбатан дўстона муҳаббат ҳамда ўсмирлик пайтда уларга қилинган хатони унутишга чақириқ бордир.
3. Биняминни юкига Юсуф алайҳиссаломни буйруқлари билан ўлчов идишини солиб қўйилиши, Аллоҳнинг ваҳийси, илҳоми ва таълими билан бўлган эди. Ўзлари билан укаларини олиб қолиш Иброҳим ва Яъқуб алайҳиссалом шариатларига амал қилиш ҳамда инилар ҳукмини лозим топиш билан амалга оширилган эди.
4. Яъқуб алайҳиссалом фарзандларини ўғри деб васф қилиниши, Юсуф алайҳиссалом томонларидан ёлғон кўринишида бўлмаган. Бундаги мақсад: «Эй карвондагилар! Сизларни ҳолингиз ўғрилар ҳолидекдир», дейилган. Яъни бошқа кишини нарсаси подшоҳни розилиги ва бехабарлиги орқали сизларда пайдо бўлдими, демак ўғриларсиз, деганидир.
Ёки бу ҳийла укаларини улардан ажратиб, ўзлари билан олиб қолиш бўлган.
Ёки Юсуфни ёшлик пайтида отасидан олиб, қудуққа ташлашгани эътиборидан ўғри тамғасини уларга нисбатан ишлатган бўлиши мумкин.
5. «Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир)» дейилган сўз, фиқҳдаги «Жуҳола» жоиз эканига далолат қилади.
Жуҳола – маълум нарсани эвазига бир нарса бериш. У бир томон хоҳиши билан қилинадиган тасарруфдир. Худди йўқолган нарсани топган кишига мукофот белгилаш ёки муайян бир касалликни давосини кашф қилганга мукофот белгилаш ёки илмий кашфиёт қилган кимсага белгиланган мукофотдир.
6. «Мен шунга вакилман» дейишлари, кафолатни жоиз эканига далилдир.
Кафолат икки хил бўлади.
– Мол билан бўладиган кафолат.
– Нафс билан бўладиган кафолат.
Ушбу кафолат Абу Довуд ва Термизийлар Абу Умома ал-Боҳилийдан қилишган «Кафил қарздордир», деб айтилган ривоятга мувофиқдир.
7. Яъқуб алайҳиссалом динларида ўғрини қул қилиб олинишини фарзандларини қуйидаги берган жавобларидан билиб олинди.
«Улар дедилар: «Унинг жазоси, кимнинг юки орасидан топилса, ўша кимса жазоланур — қул қилинур. Бизлар (ўғрилик қилиш билан ўзгаларга) зулм қилган кимсаларни мана шундай жазолаймиз».
Бу ерда таъкидлаш маъноси бор. Худди бизнинг шариатимизда ўғрини жазоси нима дейилса, ўйлаб ўтирмасдан уни жазоси қўл кесиш, деб айтилгани каби.
Юсуф алайҳиссалом яшаган вақтда Миср аҳлида ўғрини ҳукми олган нарсасига икки баробар нарса ундириб олиш эди. Энди ўғрига нисбатан келтирилган бизни шариатимиздаги ҳукм бошқа шариатдаги ҳукмларни насх қилади.
8. Агар шариатга хилоф бўлмаса шаръий ҳуқуқ ёки мақсадга етишиш йўлидаги ҳийла жоиздир. Ҳанафий ва Шофеъийлар мубоҳ нарсадаги ҳийла жоиз, деб айтишган.
Бунга мисол қилиб Юсуф алайҳиссаломни укалари юкига ўлчов идишини солиб қўйганлари ёки Айюб алайҳиссалом хотинларига ишлатган қуйидаги ҳийлани мисол қилишган.
(Биз Айюбга айтдик): «Қўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан (хотинингни) ургин – қасамингни бузмагин». (Сод-44)
Айюб алайҳиссалом касаллик чоғларида боқиб парвариш қилган хотинлари бир куни у кишига бепарволик кўрсатганида, Айюб пайғамбар диллари оғриб «Тузалганимда, албатта сени юз қамчи ураман», деб қасам ичган эканлар. Шу боисдан шифо топганларидан сўнг, Аллоҳ таоло у кишига ичган қасамларининг устидан чиқишлари учун юзта новдани бир боғлам қилиб боғлаб, у билан хотинларини бир марта уришга амр қилди.
Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони паст навлигини сотиб, яхши навидан сотиб олиб (закот чиқаришни) буюрганларини мисол қилишган.
9. Аллоҳ таоло Яъқубни фарзандларини тилидан Бани исроил қавмида ўғрига қўлланадиган жазони гапиртиришни хоҳлади. Лекин подшоҳни қонунида ўғрини ҳукми, ўғирлаган нарсани икки баробар қилиб ундириш ёзилган эди.
10. Аллоҳнинг халқи устида ўз хоҳиши бордир. Хоҳлаган қавмини азиз, хоҳлаганини хор қилади. Ва яна хоҳлаган кишини илм ва иймон билан даражасини кўтариб қўяди.
Ибн Аббос (р.а.): «Одамларни бири наригисидан, наригиси яна бир бошқасидан кўра илмлироқдир. Аллоҳ эса барча олимдан ҳам устундир», деб айтганлар.
Ва яна у зот: «Аллоҳ билувчироқдир. У барча олимдан устундир», дедилар.
Оят, албатта илм мақомларнинг энг шарафлиси ва даражаларни энг олийси эканига далолат қилмоқда.
بسم الله الرحمن الرحيم
قَالُوا إِنْ يَسْرِقْ فَقَدْ سَرَقَ أَخٌ لَهُ مِنْ قَبْلُ فَأَسَرَّهَا يُوسُفُ فِي نَفْسِهِ وَلَمْ يُبْدِهَا لَهُمْ قَالَ أَنْتُمْ شَرٌّ مَكَانًا وَاللهُ أَعْلَمُ بِمَا تَصِفُونَ (77) قَالُوا يَا أَيُّهَا الْعَزِيزُ إِنَّ لَهُ أَبًا شَيْخًا كَبِيرًا فَخُذْ أَحَدَنَا مَكَانَهُ إِنَّا نَرَاكَ مِنَ الْمُحْسِنِينَ (78) قَالَ مَعَاذَ اللهِ أَنْ نَأْخُذَ إِلاَّ مَنْ وَجَدْنَا مَتَاعَنَا عِنْدَهُ إِنَّا إِذًا لَظَالِمُونَ (79) فَلَمَّا اسْتَيْئَسُوا مِنْهُ خَلَصُوا نَجِيًّا قَالَ كَبِيرُهُمْ أَلَمْ تَعْلَمُوا أَنَّ أَبَاكُمْ قَدْ أَخَذَ عَلَيْكُمْ مَوْثِقًا مِنَ اللهِ وَمِنْ قَبْلُ مَا فَرَّطْتُمْ فِي يُوسُفَ فَلَنْ أَبْرَحَ الأَرْضَ حَتَّى يَأْذَنَ لِي أَبِي أَوْ يَحْكُمَ اللهُ لِي وَهُوَ خَيْرُ الْحَاكِمِينَ (80) ارْجِعُوا إِلَى أَبِيكُمْ فَقُولُوا يَا أَبَانَا إِنَّ ابْنَكَ سَرَقَ وَمَا شَهِدْنَا إِلاَّ بِمَا عَلِمْنَا وَمَا كُنَّا لِلْغَيْبِ حَافِظِينَ (81) وَاسْأَلِ الْقَرْيَةَ الَّتِي كُنَّا فِيهَا وَالْعِيرَ الَّتِي أَقْبَلْنَا فِيهَا وَإِنَّا لَصَادِقُونَ (82) قَالَ بَلْ سَوَّلَتْ لَكُمْ أَنْفُسُكُمْ أَمْرًا فَصَبْرٌ جَمِيلٌ عَسَى اللهُ أَنْ يَأْتِيَنِي بِهِمْ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ (83) وَتَوَلَّى عَنْهُمْ وَقَالَ يَا أَسَفَى عَلَى يُوسُفَ وَابْيَضَّتْ عَيْنَاهُ مِنَ الْحُزْنِ فَهُوَ كَظِيمٌ (84) قَالُوا تَاللهِ تَفْتَأُ تَذْكُرُ يُوسُفَ حَتَّى تَكُونَ حَرَضًا أَوْ تَكُونَ مِنَ الْهَالِكِينَ (85) قَالَ إِنَّمَا أَشْكُو بَثِّي وَحُزْنِي إِلَى اللهِ وَأَعْلَمُ مِنَ اللهِ مَا لاَ تَعْلَمُونَ (86) يَا بَنِيَّ اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِنْ يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلاَ تَيْئَسُوا مِنْ رَوْحِ اللهِ إِنَّهُ لاَ يَيْئَسُ مِنْ رَوْحِ اللهِ إِلاَّ الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ (87)
77. Улар: «Агар бу (Бинямин) ўғрилик қилган бўлса (эҳтимол, чунки) илгари унинг биродари (Юсуф) ҳам ўғрилик қилган эди», дедилар. Бас, Юсуф бу гапни ичига солиб, уларга билдирмади. Ва: (ўзича) «Сизлар энг ёмон-тубан мартабададирсизлар (яъни бир вақтлар ўғилни отадан ўғирлаб кетгансизлар). Аллоҳ сизларнинг тўқиб чиқараётган гапларингизни жуда яхши билгувчидир», деди.
78. Сўнг улар дедилар: «Эй улуғ зот, унинг бир кекса отаси бор. Сен унинг (Биняминнинг) ўрнига бизлардан биримизни олиб қолгин. Зотан бизлар сенинг чиройли амалларни қилгувчи зотлардан эканлигингни кўрмоқдамиз».
79. (Юсуф) айтди: «Нарсамизни идишидан топиб олган кимсадан ўзгани олиб қолишдан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда шак-шубҳасиз, золим кимсалардан бўлиб қолурмиз».
80. Энди қачонки ундан умидлари узилгач, (оға-инилар) бир четга чиқиб хуфёна маслаҳатлашдилар. Уларнинг катталари айтди: «Оталарингиз сизларнинг устингизда Аллоҳдан васиқа (яъни, аҳд-паймонингизни) олиб қолганини унутдингизми?! Илгари Юсуф тўғрисида ҳам шундай сусткашлик қилган эдинглар. Бас, то отам менга изн бермагунича ёки Аллоҳ менинг фойдамга ҳукм қилмагунича (яъни, инимиз озод бўлмагунича) мана шу ердан ҳаргиз жилмайман. У зот (Аллоҳ) ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидир».
81. «Сизлар оталарингиз олдига қайтиб, айтинглар: «Эй ота, дарҳақиқат, ўғлинг ўғрилик қилди. Бизлар фақат кўрган-билган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз. (Олдин сенга уни асрашни ваъда қилганимизда) ғайбни (яъни, келажакда нима ишлар бўлишини) билмаган эдик.
82. Биз бўлиб қайтган шаҳардан ва биз бирга кетган карвондан сўраб-суриштиргин. Албатта, бизлар рост сўзлагувчилармиз».
83. (Улар Яъқуб алайҳис-саломнинг олдиларига келиб шу сўзларни айтишгач), у деди: «Йўқ! Сизларга ҳавойи-нафсингиз бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг (яъни Юсуф, Бинямин ва катта ўғлимнинг) барчаларини бағримга қайтарса. Албатта, У зот билим ва ҳикмат соҳибидир».
84. Кейин улардан юз ўгириб, деди: «Эй бечора Юсуф-а!» Ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди (ожиз бўлиб қолди).
85. (Шунда ўғиллари): «Аллоҳ номига қасамки, сен то рамақижон бўлиб қолгунингча ё бир йўла ҳалок бўлгунингча Юсуфни эслайверадиган бўлдинг», дедилар.
86. У айтди: «Мен ғаму ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қилиб йиғламоқдаман ва мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман».
87. «Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур».
Тафсир ва баён
Юсуфни ака-укалари, Биняминнинг идишидан Азизнинг ўлчов идиши чиқишидан олдин ўғирлик бўлишини буткул рад этишди. Кейинчалик, кимни идишидан чиқса қул қилинади, деб рози бўлишди. Энди ўлчов идиши ҳақиқатда Биняминдан чиққанини кўришгач: «Бинямин ўғирлаган бўлса, ундан аввал акаси Юсуф ҳам ўғирлаган эди. Бу икковининг келиб чиқиши бир. Яъни, қилгулигида ака-ука бир хил», дейишди.
Бу табиат, одат ва ахлоқ мерос бўлиб қолишини англатар эди. Яъни гина-кудурат, кароҳият ва ҳасад ҳалигача ака-укаларда мавжуд эди.
Юсуф алайҳиссаломга ўғриликни нисбат берилиши, Ибн Мурдавайҳ Ибн Аббосдан марфуҳ ҳолда қилган ушбу ривоятлари энг саҳиҳ ривоятдир.
Юсуф алайҳиссалом оналарининг отасига қарашли тилла ва кумушдан ясалган бир санамни ўғирлаб, ерга уриб синдирдилар. Инилари Юсуфни бу қилган иши учун айблашди.
Муҳаммад ибн Исҳоқ, Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотамлар Мужоҳиддан қилишган ривоятда қуйидагилар келтирилади.
Юсуф алайҳиссаломга биринчи бўлиб келган бало қуйидагича эди. Юсуф алайҳиссаломнинг аммалари Исҳоқ алайҳиссаломнинг биринчи фарзандлари эди. Ўша аёл ҳузурида Исҳоқ алайҳиссаломдан қолган бир камар бор эди. Ўша камарни катталардан мерос қилиб олишар эди. Яқинлардан ким беркитиб олса, ўша беркитганни таслим қилиб олади-да, бирор киши у ҳақда тортишмайди. Уни устида хоҳлаган нарса қилиш мумкин. Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзандлари Юсуф туғилганида, ўша аммалари энагалик қилди. У аёл Юсуф алайҳиссаломга жуда овуниб қолган эди. Бирор кишини у гўдакдек яхши кўрмас эди. Юсуф улғайиб, ўсмир ёшига етганида, Яъқуб алайҳиссалом ўғилларини соғиниб қолдилар. Сингилларини олдига бориб: «Эй сингилжон! Юсуфни менга топширинг. Ундан бирор лаҳза ҳам ажрашини истамайман», дегандилар, сингиллари: «Уни ҳеч қачон бошқа жойда қолдирмайман, майли яна бироз менинг олдимда турсинчи, ўйлаб кўраман. Шу муддат ичида тасалли олиб, туйиб олардим», деди.
Яъқуб алайҳиссалом унинг ҳузуридан чиқиб кетганларидан кейин Исҳоқни белбоғини ҳийла қилишга қасд этди. Яъни Юсуфни кийими остига боғлаб қўйди. Кейин Исҳоқни белбоғини йўқотиб қўйдим, деб жар солиб, ким олди экан қаранглар, деди. Ўша белбоғни қидира кетди. Эй хонадон аҳллари! Уни кийимини очиб кўрингларчи? Деганди, улар очиб кўришди. Қарашса, у белбоғ Юсуф алайҳиссалом билан бирга экан. Шунда у хотин: «Менга таслим бўлди. Энди бу болакай хусусида хоҳлаган нарсамни қиламан, дедида, Яъқуб алайҳиссалом ҳузурларига келди. Ва бўлиб ўтган ишни хабарини берди. Шунда Яъқуб алайҳиссалом: «Агар шундай иш қилган бўлса айтганинг бўла қолсин. Яъни сени мулкингга айланди. Мен эса ҳеч нарса қилишга ҳаққим йўқ, дедилар. Ва у аёл ўлгунича ҳеч нарса қила олмадилар.
Демак ака-укалар Бинямин ҳодисасидан кейин «Агар бу (Бинямин) ўғрилик қилган бўлса (эҳтимол) илгари унинг иниси (Юсуф) ҳам ўғрилик қилган эди», дейишларидан ушбу воқеъани назарда тутишган.
Юсуф бу гапни ичига солиб, уларга билдирмади.
Яъни, ушбу сўзлари ёки бундан кейинги «Сизлар энг ёмон-тубан мартабададирсизлар (яъни бир вақтлар ўғилни отадан ўғирлаб кетгансизлар), сўзини ичларига солганлар.
Аллоҳ сизларнинг тўқиб чиқараётган гапларингизни жуда яхши билгувчидир», яъни сизлар сифатлаб айтаётган нарсани билувчидир.
Бу, бир нарсани зикр қилишдан олдин беркитилишга ўхшайди. Бундай услуб Қуръон, ҳадис ва луғатларни кўпида учрайди.
Сўнгра инилар Азизни, ўртага тушиб, Биняминни ўрнига бошқа бир кишини олинишини ёки авф этилишини сўрашди. Бу ҳам уларни шариатларида жоиздир. Улар: «Эй Азиз! Буни ўта қариб қолган отаси бор. Ушбу ўғлини жуда яхши кўради. Олдинроқ йўқолиб қолган ўғлига шу билан овуниб юрарди. Ҳақиқатда отаси, ҳурмат ва эҳтиром этилишига сазовордир. Унинг ўрнига биздан бирортамизни олгин. Ўша киши Биняминни ўрнига эваз бўлади. Биз сени яхши кишилардан ёки адолатли ва инсофли кишилардан ёки яхшиликка лойиқ кишилардан ёки ўзи одатинг фақат яхшилик қилувчилардан, деб биламиз», деб айтишди.
Шунда Юсуф алайҳиссалом: «Нарсамизни идишидан топиб олган кимсадан ўзгани олиб қолишдан Аллоҳ сақласин» Сизлар буни эътироф қилдингиз», дедилар.
Аммо Юсуф алайҳиссалом ёлғон бўлиб қолишидан қўрқиб «Ким ўғирлик қилган бўлса», демадилар. Агар ундан бошқани олсак, ўзингизни қонунларингизда зулм дейилганку? Бу айбсиз кишини жазолашку? Нима учун зулмлигини билиб туриб талаб қилмоқдасизлар.
Бу сўздаги ҳақиқий мақсад шуки, Аллоҳ таоло ваҳий юбориб, Биняминни ушлаб қолишни амр этди. Агар менга буюрганидан бошқасини ушласам, золим бўлиб ваҳийни хилофини бажарган бўламан, демоқчилар.
Мана шу сўзлари уларга қаттиқ раддия бўлиб, фикрларидан паноҳ сўрашларини тақозо этар эди. Чунки унда зулм бордир.
Сўнгра бир-бирлари билан бўлиб ўтган суҳбат ўрни келади.
Қачон энди инилар Биняминни қўйиб юборилишидан ноумид бўлишгач, ўзаро келишиб олиш учун одамлардан четга чиқиб, маслаҳатлашишди. Уларни ичидаги ёши ёки ақли каттаси яъни қудуққа ташланишини маслаҳат қилган (Рубил) Яҳузо: «Бу иш жуда улкан ишдир. Ахир оталарингизга, ўғлингизни қайтариб берамиз, деб қилган аҳдингизни эсламайсизларми? Ва яна илгари буни акаси хусусидаги хатоларингизни ҳам эсламайсизларми? Бу ишлар отангизга ғам-андуҳни олиб келдику?
Токи отам қайтишимга изн бериши ёки Аллоҳ укамни олиш имкони бермагунча ёки Мисрдан чиқишни ирода этмагунча Биняминни бу ерда қолдириб, Миср ерини ҳечам тарк қилмайман.
Бу унинг шахсий қароридир. Аммо оталарига айтадиган нарсалари хусусида эса қуйидагичадир.
Сизлар оталарингиз ҳузурига борингларда, эй отажон! Ўғлингиз подшоҳ идишини ўғирлаб олди. Подшоҳ эса бизнинг шариатимизга мувофиқ ҳукм чиқариб, Биняминни қул қилиб олиб қолди. Биз укамизни ўғирлик қилганини, уни идишидан ўша идишни топиб олишганидагина билдик. Биз ғайбни билувчи эмасмиз. Яъни сизга васиқа ёзиб берганимизда, у ўғирлик қилиб, қулга айланишини ёки Юсуфдан мусибатланганингиз каби мусибатланишингизни билмаган эдик.
Ҳолатни ҳақиқати биз учун маълум эмас. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ билади.
Эй отажон! Нима бўлганини Миср аҳлидан сўранг. Ушбу ўғирлик иши у ерда машҳур бўлиб кетди. Яна овқат учун борган карвондагилардан сўранг, дейишди.
Бу сўзларни муболаға билан айтишдан мақсад ўзларидан тухматни дафъ этиш эди. Чунки улардан шу хусусда шак қилинар эди. Бундай шубҳа бўлишига асосий сабаб Юсуф воқеаси эди. Кейин улар ростгўйликларини таъкидлаб: «У ҳақиқатда ўғирлик қилди, шу сабабли ушлаб қолинди, деб катталари айтар эди.
Шунда оталари худди Юсуфни кўйлагига ёлғон қонни суртиб, олиб келишганида жавоб қилганидек, бу гал ҳам:
«Сизларга ҳавойи-нафсингиз бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган» яъни, янги ҳийла ўйлаб чиқармоқдасизлар. Агар сизлар фатво бермаганингизда ўғрини ушлаб қолинишини улар қаердан билар эди, деб айтдилар.
Менинг ишим бирор кишига шикоят қилмасдан, чиройли сабр қилишдир холос. Мен Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўламан. Фақат якка Аллоҳга шикоят қиламан. Ана ўшанда уч ўғил яъни Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган Рубилларни топилишини умид этаман. Аммо Рубилни ишида Аллоҳ томонидан бўладиган ишни кутиб туришар эди. Ё оталари рози бўлиб, Рубилни қайтиб келишини амр этадилар. Ёки Биняминни махфий ҳолатда олиб келинишини кутардилар. Чунки Яъқуб «Шоядки, Аллоҳ уларнинг (яъни Юсуф, Бинямин ва катта ўғлимнинг) барчаларини бағримга қайтарса», деб айтардилар.
Ундан ташқари Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссалом вафот этмаганига ҳам ишонардилар. Албатта Аллоҳ мени кексайиб қолганимни ва хафалигимни билувчи ҳамда У Зот Ўз Феъли, Қазо ва Қадарида Ҳаким Зотдир. Албатта менга қийинчилик бердими, ортидан осонликни ҳам беради. Машаққатни бердими, осонликни ҳам беради.
Яъқуб, фарзандлари айтган сўзни кариҳ кўриб, аввал Юсуфдан орттирган хафаликни эслади-да, «Эй бечора Юсуф-а!» деб афсусланиб қўйдилар. Чунки афсус, хафалик ва хасратдан ҳам қаттиқроқдир. Ёпилиб ва йўқ бўлиб кетган хафаликни яна янгилаб олдилар. Бу билан Юсуфга нисбатан бўлган афсусларини исботлаб қўйдилар. Демак бир қанча вақт ўтса ҳам Юсуфга бўлган ташвиш асло унутилмас эди.
Ана энди хафалик сабабли Яъқубни кўзини оқ парда тўсиб, кўрмайдиган қилиб қўйди. У зот ғазабларини ичларига ютиб, ичларидан кечаётган ҳисни махлуқотлардан бирортасига шикоят қилмадилар. Ҳатто фарзандларига ҳам билдирганлари йўқ. Айтилишича, Яъқуб алайҳиссалом Юсуфдан ажраганларидан токи яна қайта кўришгунларича кўзларидан ёш аримади. Ўшанда айрилиқ муддати саксон йил бўлган эди. Демак Аллоҳ учун ер юзида Яъқубдан кўра ҳурматлироқ зот йўқ эди.
Мусибат ва қийинчилик пайтларида бесабрлик қилиш ҳамда қайғуга ботиш, агар сабр ва ўзини тутиб олиш билан ҳамнафас бўлса шариатда ёмон кўрилмаган бир ишдир. Албатта черадан чиқиб кетмаслик шарти билан. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳим учун йиғлаганлар.
Имом Бухорий ва Муслимлар қилишган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта кўз ёш тўкади. Қалб қўрқади. Биз раббимиз рози бўладиган нарсанигина айта оламиз. Албатта эй Иброҳим биз сени фироқингдан хафамиз», дедилар.
Албатта бесабрликни ёмон кўрилган нуқтаси, ўша мусибатда бақир-чақир қилиш, баланд овозда йиғлаш, кўкрак ва юзга уриш ва кийимларни йиртиш каби ҳолатда бўлиш киради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларидан бирини фарзанди вафот этганида, кўп кўз ёши тўкдилар. Шунда у зотга: «Эй Аллоҳнинг расули! Ўзингиз йиғлашдан ман этасиз-у, йиғламоқдасиз-ку», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларни йиғидан ман этганим йўқ, балки икки хил ахмоқона йиғидан ман этганман. Бири хурсандлик пайтидаги овоз билан қилинган йиғи, иккинчиси хафагарчиликдаги овоз чиқариб қилинган йиғи», дедилар.
Ҳасан Басрий фарзанди ёки бошқа кишисига йиғлаган кишини кўрсалар: «Яъқуб алайҳиссаломга Аллоҳ хафаликни ор қилмади», дер эдилар.
Қачонки, Яъқуб алайҳиссалом фарзандлари оталарига етган нарсага гувоҳ бўлишгач, кўнгиллари бўшаб, оталарига шафқат қилган ҳолда: «Отажон! Ҳалигача Юсуфни эслаб юрибсизми? Агар шундоқ қилаверсангиз касал бўлиб, кучсиз бўлиб қоласиз. Бордию шу алфозда давом этаверсангиз ўлиб қолишингиз ҳам мумкин. Бизлар эса сизни ҳалок бўлишингиздан қўрқамиз», дейишди.
Уларга оталари жавоб қилиб: «Мен ғаму ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қилиб йиғлайман», Яъни сизларга ҳам ва сизлардан бошқаларга ҳам шикоят қилмайман. Қаттиқ шикоятимни фақат Якка Аллоҳга айтаман. Шикоятимни ўзимга қўйиб беринглар. Мен Аллоҳдан сизлар билмаган нарсани биламан. Мен Ундан барча яхшиликни умид қиламан. Чунки мен У зотни санҳати, эҳсони ва раҳматини биламан. У албатта ўйламаган томонимдан очиғлик олиб келишини яхши гумон қиламан, дедилар.
Ривоят қилинишича, у зот тушларида ўлим фариштасини кўрдилар. Ундан ўғиллари Юсуфни қисматини яъни ўликми? ёки тирикми? шу ҳақда сўрадилар. Ўлим фариштаси: «Ўғлинг тирикдир, уни қидиравер», деб айтди.
Ибн Аббос Яъқубни «Мен сизлар билмаган нарсани биламан», деб айтган сўзлари ҳақида гапириб: «Яъқубни тушлари ростдир. Аллоҳ албатта у тушни зоҳир қилади», деб айтдилар.
Яъқуб алайҳиссалом фарзандларига: «Эй болаларим! Сизлар Мисрга боринглар. Юсуф ва унинг укаси Бинямин ҳақида суриштиринглар. Чунки жосуслик яхшилик ёки ёмонлик устида бўлади. Сизлар Мисрга фақат иниларингиз ҳақида билиш учун бормоқдасизлар. Уларни Аллоҳни фазлидан ноумид бўлмасликка буюриб, қасд қилган нарсангиздаги умидни узманглар, Чунки Аллоҳни фазлидан фақатгина кофир қавмларгина ноумид бўлади. Ана ўша кофирлар Аллоҳнинг қудрати ва раҳматини инкор қилиб, бандалари устидаги ҳикматдан бехабар бўлишади. Аммо мўминлар эса очиғликка чиқишда Аллоҳнинг раҳматидан асло ноумид бўлишмайди», дедилар.
Ибн Аббос (р.а.): «Мўмин киши Аллоҳдан доимо яхшиликни умидида бўлади. Бало келганида ҳам яхшиликни умид этади, кенгчиликда эса ҳамд айтиш билан машғул бўлади», дедилар.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Яъқуб фарзандларининг ўнтасини ёшликдаги ҳолати билан улғайганидаги ҳолати асло ўзгармаган эди. Улар ўша икки укалари, яъни Юсуф ва Биняминни ёмон кўриб, ҳасадларида бардавом бўлишди. Юқоридаги нарсадан билиндики, улар укалари қилган ишдан ўзларини йироқ қилиб, у иккиси бошқа онадан туғилганини рўкач қилиб, бошқача тарбия топганини айтишди.
Юсуф алайҳиссалом кичикликларидаги қилган ўғирликлари Аллоҳ розилиги учун бўлган эди. Албатта ёшликдаги қилинган ишга жавоб берилмайди. Биняминни ҳам ўғирлиги, ўз қўли билан бўлмасдан балки бошқа кишини солиб қўйгани оқибатида содир бўлган.
2. Юсуф алайҳиссалом улар айтган нарсага ёмонлик билан жавоб қайтармадилар. «Агар бу ўғрилик қилган бўлса, ундан олдин бунинг акаси ҳам ўғирлик қилган», деб айтган сўзларини кўнглига тугиб қўйди. Бундай қалбга тугиш, зикр қилишдан олдин яширишга ўхшайди. Яъни «Сизлар ёмон ўриндасизлар», деб, кейин айтдилар. Кейинроқ эса очиқчасига: «Аллоҳ сизлар гапириб сифатлаётган нарсани билувчироқдир», деб айтдилар.
3. Улар Биняминни қўйиб юборилиши ёки уни ўрнига бошқа кишини олиб қолинишини ялиниб-ёлбориб кўришди. Улар оталарини катта ёшли дейишмади-да балки қадри баланд шайх, деб айтишди. Чунки қадрли шайх кексаликка қараганда қадрлироқди. Ундан ташқари Азиз уларга кўп яхшилик қилганини айтиб ҳам уни раҳмини келтиришга ҳаракат қилиб кўришди.
4. Юсуф алайҳиссалом Биняминни бадалига бошқа кишини олишни рад этиб, ундай иш зулм демоқдалар.
5. Яъқуб болалари оталарига берган қасамёдларини ўзаро ораларида маслаҳат қилишлари, Аллоҳни ўртага қўйиб ичган қасамларига биноан эди. Чунки улар бундан аввал Юсуф ҳақидаги хатоларини эслашди. Шундан кейин уларни ёш жиҳатидан катта бўлгани (Шамҳун ёки Яҳузо ёки) Рубил то оталари изн бергунча ёки Бинямин билан биргаликда қайтмагунча Мисрда қолишга қарор қилди. Мана шу нарсадан хуфёна маслаҳат қилиш шариатдаги талаб этилган экани билинади.
Қози Иёз «Шифо» номли китобларида келтиришларича, бир аъробий қуйидаги «Энди қачонки ундан умидлари узилгач, (оға-инилар) бир четга чиқиб хуфёна маслаҳатлашдилар», оятни эшитгач, гувоҳлик бериб айтаманки, бирор махлуқ бу каби сўз айтишга қодир эмас, деб айтган экан.
Демак ушбу жумла ўзида кўплаб маъноларни мужассам қилган.
6. Яъқуб фарзандлари Мисрда қолган катталарини маслаҳати билан оталарига ўғрилик хусусида очиқча айтишни маслаҳат беришди. Ўлчов идиши Биняминни юкидан чиққанини, ғайбдан бехабар эканликларини, яъни оталари билан келишув пайтида Биняминни ўғирлик қилишини билишмагани, оқибатда ўғирлик билан қулга айланганини ва албатта бу ҳукм шариатимиз билан бўлганини айтишни маъқул кўришди.
Нима бўлганда ҳам улар тўғри иш қилишни фикр юритишган эди. Оқибатда ишни тўғриси оталари олдига қайтиш ва нима бўлганини очиқчасига айтишдан бошқа чора йўқ эди.
7. «Бизлар фақат кўрган-билган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз», дейилган оят қайси йўл билан билинган бўлганида ҳам гувоҳлик жоиз эканига далилдир.
Демак эшитувчи, кўрувчи, кўр ва кар агар ишораси англанса, уларни гувоҳлиги ҳам жоиз. Шунингдек, котиб ёки фалончи ёзган хат бўлса ва унга гувоҳлик берувчи ишонса, демак унинг ҳам гувоҳлиги жоиз. Бирор нарсада маърифат ҳосил қилинса ўша нарса билан гувоҳлик бериш жоиз агар гувоҳ берилаётган гувоҳлик бермаса ҳам.
Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Фақат ўзлари билган ҳолларида Ҳақ гувоҳлик берган кишиларгина», деб айтган. (Зухруф-86)
Имом Муслим Зайд ибн Холид ал-Жуҳанийдан қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга гувоҳларнинг яхшиси хусусида хабар берайми? Гувоҳларнинг яхшиси, сўралишидан олдин гувоҳлик берган кишидир», дедилар.
Яъқуб болалари укаларини идишидан ўлчов идишини чиқарилганини кўрганларида гувоҳлик беришди. Чунки ҳолатни кўргач, ўша идишни ҳақиқатда укамиз олган деб, гумонлари ғолиб бўлди.
Агар бир киши ёши тўғри келмайдиган гувоҳликни даъво қилса, уни даъвоси рад этилади. Чунки у ботил нарсани даъво қилган. Кўрганлар ҳам уни зоҳирий ҳолатда ёлғонга тутиб турибди.
Хулоса шуки, гувоҳлик зоҳирий ҳисларга эътимод қилиш билан амалга киради. Аммо ғайб ҳақиқатини Аллоҳнинг Ўзи билади.
8. Яъқуб болалари оталарига, сўзларини рост эканини қаноатлантириш учун Миср аҳлидан ёки овқат олиб борган Канъонлик карвондагилардан ўша воқеъа хусусида сўрашни ҳам айтиб кўришди.
Демак улар ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақ эканликларини кўрсатишмоқда. Улардан буни хилофини гумон қилинаётган эди. Улар туҳматни ўзларидан йироқлатмоқчи бўлишди. Ана ўша ҳақликларини ҳеч ким нотўғри тушуниб қолмаслиги учун очиқ-ойдин айтишмоқда. Бундай ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бажарганлар. Имом Бухорий ва Муслим қилишган ривоятда келтирилишича, бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари Сафийя (р.а.) билан масжиддан қайтаётганларида, олдиларидан икки саҳоба ўтиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўхтанглар! Бу (оналарингиз) Сафийя бинти Ҳуяйдир», дедилар. Шунда икки саҳоба: «Субҳоналлоҳ! (Биз сиз хусусингизда ёмон гумон қилармидик), деб бу иш уларга оғир ботди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чунки шайтон инсонни қон юрадиган жойида юради. Мен ўша шайтон қалбингизга бирор нарса ташлаб қўйишидан қўрқмоқдаман холос», деб айтдилар.
Сўнгра инилар «Бизлар ростгўйлармиз» дейиш билан таъкидлашни жуда ҳам муболағали қилиб юборишди. Яъни хоҳ бизга туҳмат қилинг хоҳ туҳмат қилманг, бизлар ростгўйлармиз, деб айтишди.
9. Ҳар бир мусулмон киши ўз нафси ёки фарзанди ёки молида бирор нохушликка учраса, Яъқуб пайғамбар ва бошқа пайғамбарларга эргашган ҳолда чиройли сабр ва розилик билан таслим бўлмоғи керак.
Яъқуб алайҳиссалом Юсуф ва Бинямин воқеъасида: «Йўқ! Сизларга ҳавойи-нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир», дедилар.
Юсуф воқеъасида эса: «Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ-мусибат) устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир», дедилар.
Бинямин воқеъасида эса: «Шоядки, Аллоҳ уларнинг (яъни Юсуф, Бинямин ва катта ўғлимнинг) барчаларини бағримга қайтарса», деб айтдилар.
10. «Шоядки, Аллоҳ уларнинг барчаларини бағримга қайтарса...», дейиши, ваҳий ёки илҳом ёки ўлим фариштаси ўғлинг Юсуф тирикдир, деб берган хабар орқали қўлга киритилган илмдир. Яъқуб қайтиб келишини орзуқиб кутган кимсалар уч киши яъни, тўнғич ўғил, Юсуф ва Биняминлар эди.
11. Юсуф йўқолгандаги орттирган ғамни ёнига яна тўнғич ўғил билан кенжа ўғилни ташвиши ҳам қўшилди. Яъқубни бундай катта йўқотишга, афсуслари яна ҳам қаттиқлашди. Афсус йўқотган нарса учун қаттиқ қайғуга ботишни англатади. Яъқуб алайҳиссаломни кўзлари йиғлайверганларидан кўр бўлиб, олти йил кўрмай қолди. Кўрмай қолишининг асосий сабаби қайғу эди. Лекин Аллоҳ таоло ишларни ҳақиқатини билувчи, ишларни Ўз фазли, эҳсони ва раҳматига мувофиқ тадбир этувчи Зот бўлиб, оила яна қайтадан жам этди.
12. Хафалик агар сабр, розилик ва Аллоҳнинг қазо ва қадарига таслим бўлиш билан ҳамнафас бўлса ман этилмагандир. Хафалик инсон табиатидаги бор нарса. Аммо ман этилган хафалик эса, қазо ва қадарга ғазаб қилиш, оҳ-воҳ тортиш, кийимларни йиртиш ва лойиқ бўлмаган сўзларни гапиришдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўз йиғлайди, қалб хафа бўлади, бизлар эса раббимиз ғазаби келадиган нарсаларни айтмаймиз», деб айтганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яъқуб алайҳиссалом фарзандлари сўзларини эшитгач, қалблари жуда сиқилди. Улардан юз ўгириб, ўзларини ҳоли тутдилар. Кейинроқ эса қайтиб келиб, кўришишларини талаб қилдилар.
13. Яъқубни фарзандлари оталари учун раҳм-шафқатлари келиб, агар шу алфозда хафа юраверсалар ё қувватни кетказувчи касалликка ёки ҳалокатга дучор бўлишларини айтишди. Ҳақиқатда воқеъликда одамлар ичида мана шундай иш содир бўлади.
14. Яъқуб алайҳиссаломни шикоят ва хафагарчиликлари Якка Аллоҳга ёлбориб дуо қилиш билан бўлган. У киши шикоятларини халойиқдан бирортасига айтмаганлар. Қайғудаги кишиларга шариатнинг талаби ҳам шудир.
15. Аллоҳнинг набийси Яъқуб алайҳиссалом Аллоҳ ҳузуридаги раҳмат ва эҳсонни, одамлардан бирортаси билмаган нарсаларини билардилар. Ва яна билардиларки, Юсуфни ёшлигидаги кўрган туши ростдир. Яъни хотини ва болалари Юсуфга (ҳурмат қилган ҳолда) бош эгишар эди.
16. Яъқуб алайҳиссалом Юсуфни ҳаёт эканини тушларида кўрганлари ёки ўлим фариштаси уни жонини олмагани хабарини бергани орқали аниқ билардилар. Шунинг учун фарзандларига мулойимлик билан, Мисрга бориб, Юсуф ва укаси Биняминни қидириб келишни талаб қилардилар.
17. Аллоҳни очиқликка чиқишидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлади. Демак кофир кимса қийинчилик пайтида ноумид бўлади. Ноумид бўлиш кабира гуноҳлардан. Аммо мўмин эса доим Аллоҳ томонидан келадиган очиқликни умид қилиб яшайди.
Имом Розий айтадилар. Қачонки инсон, Илоҳ камолотга олиб чиқишга қодир эмас ёки жамики маълумотларни билувчи эмас ёки саҳий эмас балки бахилдир, деб эътиқод қилгандагина, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлади. Бу уч нарсадан ҳар бири куфрликни келтириб чиқаради. Демак ноумидлик мана шу уч нарсадан бирида ҳосил бўлади, деб айтилса, уларни ҳар бири куфрликдир. Аниқ бўлдики, ноумидлик кофир кимсалардангина содир бўлади.