106. Қурайш сураси
- Пайшанба, Окт 06 2022
- 324 марта кўрилди
Суранинг аввалида Қурайшга Аллоҳ неъматларини эслатгани учун Қурайш сураси, деб номланди.
Ўзидан олдинги сурага муносабати
Суранинг ўзидан олдинги сурага икки кўриниш орқали боғлиқ томони бор:
1. Икки сура ҳам Макка аҳлига ато қилинган Аллоҳнинг неъматларини эслатади. Фил сураси Қурайшнинг обрўси ва фахри асоси бўлган Байтул-ҳаромни бузиш учун келган душманларни ҳалок этгани хабарини ўз ичига олган. Бу сура эса бошқа неъмат, яъни ижтимоий ва иқтисодий неъматни эслатади. Ҳақиқатда Аллоҳ таоло уларнинг ораларида улфатлик ва сўзлари бир-бирига жам бўлиш неъматини берди. Ҳамда омонлик, истиқрор, бойлик, енгиллик ва Ҳижоздаги тижорий, иқтисодий тизгинини ушлаб, икки (тижорий) сафар, яъни ёз фаслида Шомга ва қиш фаслида Яманга чиқиш бахтига муяссар ҳам қилиб қўйди.
2. Бу суранинг ўзидан олдинги сурага жуда ҳам қаттиқ боғлиқ томони бор. Чунки араб тили грамматикасидаги жар ва мажрур қоидасига биноан Фил сурасининг охири билан Қурайш сурасининг аввали бир-бирига тааллуқлидир.
Қурайшга осон қилиб қўйилгани – Аллоҳ Қурайшнинг қолиши учун фил асҳобларини ҳалок қилди. Шунинг учун Убай ибн Каъбнинг мусҳафларида Фил сураси билан Қурайш сураси бир қилинган. Лекин Имом (Ҳафс)да эса бу сура билан олдинги суранинг ўртаси «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ёзиш ила ажратилган.
Сура ўз ичига олган нарса
Маккада нозил бўлган бу сура Макка аҳлига, яъни Қурайшга берилган Аллоҳнинг бир неча неъматларини ўз ичига олади. Батаҳқиқ, Аллоҳ уларнинг сўзларини бир жойдан чиқадиган қилиб жамлаб қўйди. Ораларини улфат қилиб, бой-бадавлат бўлишлари учун қиш фаслида Яманга ва ёз фаслида Шомга ҳур тижорат қилиш учун имконият ато этди. Ва уларга омонлик шаҳрида бирор киши билан низолашмасдан истиқрор, хотиржамлик ва омонлик неъматини ато қилдики, «Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар. У Зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу хатардан тинч қилди».
Суранинг фазилати
Имом Байҳақий «Хилофийёт» китобида Умму Ҳонеъ бинти Абу Толибдан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунадй дедилар: «Аллоҳ Қурайшни етти хислат ила фазилатли қилиб қўйди: 1) мен қурайшликман; 2) нубувват уларда; 3) Каъбани тасарруфоти ва бошқариш уларда; 4) фил соҳиблари, яъни Абраҳа қўшини устидан ғолиб қилди; 5) улар бошқани қўйиб, фақат Аллоҳга ўн йил ибодат қилишди; 6) Аллоҳ уларга Қуръондан сура туширди» ва еттинчиси қилиб Қурайш сурасини тиловат қилдилар. Ибн Касир бу ҳадисни ғариб, дедилар.
Суранинг нозил бўлиши сабаби
Имом Ҳоким ва бошқаларнинг Умму Ҳонеъ бинти Абу Толибдан (р.а.) қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Қурайшни етти хислат ила афзал қилди…», дедилар ва юқоридаги ҳадис зикр қилинган, яна қуйидаги сўз ҳам зиёда қилинган: «Бир сура борки, унда фақат Қурайш зикр қилиниб, улардан бошқаси зикр қилинмаган».
Тафсир ва баён
«Қурайшга осон қилиб қўйилгани – уларга қиш ва ёз сафари осон қилиб қўйилгани учунгина улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар», яъни Қурайшга икки сафарни осон қилиб қўйгани учун Раббиларига шукр қилган ҳолда ибодат қилсиин. Чунки Қурайш қишда Яманга Ҳиндистон ва Халиж ўлкаларидан келтирилган атирлар ва зироворларни олиб келиш учун сафар қилашарди. Негаки у ерлар исси ўлкалардир. Ёзда эса дон ва зироатларни олиб келиш учун Шомга сафар қилишарди. Чунки у ер совуқ ўлкадир. Демак, Қурайш Маккада тижорат билангина яшарди. Агар мана шу икки сафар бўлмаганида у ерда тура олишмасди. Агар Байтуллоҳнинг қўшниларига омонлик бўлмаганида у ерда тасарруф қилишга қодир бўла олишмайди. Чунки уларга ҳужум қилинмайди. Арабларда «Қурайш Аллоҳ Уйининг аҳлларидир», деган гап бор. Бу эҳтиром ва азизликнинг Қурайшга берилишининг барчаси Аллоҳ томонидан бўлиб, Байтул-ҳаром воситасида уларга муҳайё қилинган. Бу неъматга иқрор бўлишнинг белгиси Аллоҳни ибодат ва улуғлаш ила ягона тутишдир.
Муҳаммад ибн Исҳоқ ва Абдураҳмон ибн Зайд ибн Асламларнинг фикрларича, бу сура ўзидан олдинги сурага тааллуқлидир. Чунки иккала сурадаги маъно филларни Маккага киришдан тўсиш ила бизга кифоя қилиб, Қурайшга осон қилиш ила фил соҳибларини ҳалок этди, яъни улар ўз шаҳарларида омон ҳолатда жам бўлиб, осонлик ила яшашлари учун.
Нима бўлганда ҳам бу икки неъмат – фил соҳибларини тўсиш неъмати ва Байтул-ҳаромга қўшни бўлиб, унда дўстона яшаш неъмати, агар улар бошқа неъматлар сабабли Аллоҳга ибодат қилишмаса ҳам, бу иккиси борлиги учун ибодат қилишсин. Уларнинг Каъба атрофида ибодат қиладиган бут-санамлари бўлишига қарамасдан, бу Уйнинг Раббиси эканини билдириб, Ўзини бошқа илоҳлардан ажратмоқда. Улар бошқа арабларга қараганда Аллоҳнинг Уйи яқинида бўлиш бахтига муяссар бўлишди. Улар бу нарсага етишиб иқрор бўлишди. Сурада бу Уйга, деб ишора қилинишидан мақсад унинг улуғлигини ифода этишдир.
Имом Розий Аллоҳнинг сўзидаги «Шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар» сўзини шарҳлаб: «Билинглар, инҳом қилинган нарса икки хил бўлади: бири – зарарни кетказиш, иккинчиси – манфаатни жалб қилиш. Биринчиси муҳим ва олғирроқ. Шунинг учун зарарни ўз нафсидан йўқотиш вожиб, аммо манфаатни жалб қилиш вожиб эмас, деб айтишади. Мана шу сабабли Аллоҳ таоло Фил сурасида зарарни даф этишни баён қилиб, бу сурада манфаатни жалб қилиш неъматини айтди. Мана шу икки буюк неъматга назар қилган ҳолда бу неъматнинг шукрини адо қилиб, Унга убудият келтириб ибодат қилишлари учун «Мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар», деб айтди», дедилар.
Ибодат у – ғоят даражада маъбудга бўйин эгиб, ўзини хор тутиш. Мана шу нарса убудийят маъносини ҳақиқатлайди (исботлайди).
Кейин Аллоҳ таоло Қурайшга ато этилган бошқа неъматни зикр қилиб, ўша икки неъматни ушбу Уй Раббиси қуйидагича зикр қилади: «У Зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди», яъни мана шу Уйнинг Раббиси очликдан овқатлантириб, ризқларини кенг қилиб, бу икки сафар сабабли йўлларини осон этди. Ҳамда бундан олдин содир бўладиган қаттиқ очликдан халос қилди.
«Ва хавфу хатардан тинч қилди», яъни уларни тинч-омонлик ва истиқрор ҳаёт билан фазилатли қилди. Шундай экан, шериги йўқ, якка Аллоҳга ибодат қилишсин. Ундан бошқа санам, бут ва олиҳаларга ибодат қилишмасин.
Ибн Касирнинг айтишича, ким мана шу буйруққа жавоб бериб амал қилса, Аллоҳ унга дунё ва охират омонлигини жам қилади. Кимки осийлик қилса, ундан бу неъматни худди қуйидаги оятда айтгани каби тортиб олади: «Аллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу ҳунарлари (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбар келганида уни ёлғончи қилишгач, уларни золим бўлган ҳолларида (Аллоҳнинг) азоби ушлади» (Наҳл сураси, 112–113-оятлар).
Арабларда баъзилари баъзиларининг устига ҳужум қилиб, асирликка олиш одати бор эди. Юқорида айтилганидек, Байтул-ҳаром борлиги учун Қурайш бундай нарсалардан омонда эди. Шу сингари фил билан келган ҳабашистонлик (Абраҳа аскарларидан) ҳам омонда қилди.
Аллоҳ таоло бу ҳақда Анкабут сурасининг 67-оятида: «Улар ўзларининг атрофларидан одамлар талон-тарожга дучор бўлаётгани ҳолда Биз Ҳарамни (яъни, Маккани) тинч-осойишта қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?» деб айтган.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
Аллоҳ таоло бу сурада Қурайшга, яъни Назр ибн Кинона болаларига бу неъматларни ато қилган Раббиларининг тавҳидига ибодат қилишни амр этди. У неъматлар:
1. Фил соҳибларини ҳалок қилиб, Маккага киришдан тўсиш, худди куфрликлари сабабли ҳалок қилганидек. Бунда содир бўлиши аниқ бўлган буюк зарарни даф этиш ҳам бор. Агар Аллоҳнинг инояти бўлмаганида Байтул-ҳаромга қўшни бўлиб, хотиржам, омон ва саломат яшаш бахтига муяссар бўлишмас эди.
2. Қишда Яманга, ёзда Шомга ҳар хил таом ва кийим тижорати учун сафар қилишгани сабабли эҳтиёжларига зарур бўлган ризқ неъматини тўла-тўкис қилиб бериши. Ва бундан ташқари бошқа араб қабилаларининг ҳужумидан омонда қилиш. Чунки улар Аллоҳ Уйининг қўшниларидир.
3. Хавфлардан омонда бўлиш неъмати. Хоҳ у Макка ичида бўлсин, улар учун Маккани омонлик шаҳри қилди. Бутун атрофдан одамлар оқиб келишади. Хоҳ Макка ташқарисида бўлсин, улар тижорат ва касб учун сафарга чиқишар эди.
4. Улуғлаш ва муқаддас санаш ўрни бўлган шарафли Каъба ёки Байтул-ҳаром уларда бўлиши. Чунки Байтуллоҳ уларнинг азиз ва улуғ жойларидир. Бошқа арабларга қараганда мана шу Уй сабабли шарафга муяссар бўлишди. Аллоҳ уларга бу неъматини эслатмоқда.
Хулоса қилиб айтилганда, аслида Аллоҳнинг неъматларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Энди ўша кимсалар бошқа неъматларга ибодат қилишмаса, мана бу очиқ кўриниб турган иккита сафар осон қилиб қўйилган неъматига биноан ибодат қилишсин. Ибн Абу Ҳотам Асмо бинти Язиддан (р.а.) қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурайш, сизларга вой бўлсин!» дедилар. Бошқа ривоятда «Қурайшга осон қилиб қўйилгани – уларга қиш ва ёз сафари осон қилиб қўйилгани учун, эй Қурайш, сизларга вой бўлсин, сизларни очликдан қутқариб таомлантирган ва хавфу хатардан тинч қилган Аллоҳга ибодат қилинглар», деганлар.
Имом Молик бу сурани далил қилиб: «Албатта замон икки қисм бўлади: қиш, ёз. Бунга учинчисини қўшмаган. Қиш йилнинг ярми бўлса, ёз қолган ярмидир», дедилар.
Уламолар бу оятдан далил олиб, икки пайтда, икки ўринда тасарруф қилиш ҳамда ёзда совутиш, қишда иситиш ускуналарини ишлатиш жоизлигини айтишган.