close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

111. Масад сураси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай–ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди–ҳалок бўлди. 2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! 3-4-5. Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!

Суранинг охиридаги «Фий жидийҳа ҳаблун мин масад» оятида «масад» сўзи иштирок этгани учун шу ном билан аталди. Масад – пишиқ толадан эшилган арқон бўлиб, Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил бўйнига боғланади. Ва яна суранинг аввалида «таббат» сўзи иштирок этгани учун мана шу ном билан ҳам номланди. Таббат – қуригай, ҳалок бўлгай, деган маънони англатади. Бундан ташқари бу сура Абу Лаҳаб ёки Лаҳаб сураси, деган ном билан ҳам аталади.

СУРАНИНГ ЎЗИДАН олдинги сурага муносабати

Бу сура билан олдинги сура ўртасида муқобиллик бор. Бундан олдинги Наср сурасида Аллоҳ таоло Ўзига итоат қилувчини бу дунёда фатҳ ва ғалаба, охиратда эса тўла-тўкис савоб билан мукофотлашини зикр этган. Бу сурада эса гуноҳкорларни дунёда ҳасорат, охиратда эса жазога гирифтор бўлишларини зикр этган.

Сура ўзида қамраган нарсалар ҳақида

Маккада нозил бўлган бу сурада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Лаҳаб Абдулуззо ибн Абдулмутталиб ва унинг хотини Умму Жамил Арво бинти Ҳарб ибн Умаййаларнинг қисматлари ҳақида сўз юритилади. Яъни, Аллоҳ ва Унинг расули душмани бўлган Абу Лаҳабни ҳаёти дунёда ҳалок бўлиши ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бериб душманчилик қилгани, одамларни иймондан тўсгани учун охиратда дўзах оловига тушиши хабари берилади. Шу сингари бу азобга у билан бирга хотини ҳам шерикдир. Чунки Умму Жамил дунёда эрининг куфрлиги, қайсарлигига ёрдамчи эди. Охиратда ҳам жаҳаннам оловидаги азобга ёрдамчи бўлади.

Суранинг НОЗИЛ БЎЛИШ САБАБЛАРИ

Икки «Саҳиҳ» китобида Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, «Яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг» ояти нозил бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб Сафо тепалигига кўтарилдилар ва: «Эй дўстлар!» деб нидо қилдилар. Эшитганлар: «Бу нидо қилаётган ким ўзи?» дейишди. Баъзилари: «Бу Муҳаммад-ку! Унинг атрофига йиғилинглар», деб айтишди. Қачонки, «Эй фалончи болалари, эй пистончи болалари, эй Абдуманноф болалари, эй Абдулмутталиб», деб айтгандилар, улар тўпланишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизларга мана шу тоғнинг чўққисидан отлиқлар бостириб келмоқда, деб хабар берсам, мени тасдиқлайсизларми?» десалар, улар: «Биз сенинг ҳеч қачон ёлғон сўзлаганингни кўрмаганмиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, мен сизларни яқин кунларда содир бўладиган қаттиқ азобдан огоҳлантираман», дедилар. Абу Лаҳаб: «Қўлинг қуригур, бизни шу нарсага тўпладингми?» деб ўрнидан туриб чиқиб кетди. Сўнгра «Таббат ядаа абила ҳабив…» сураси нозил бўлди.
Ториқ Муҳобирийдан ривоят қилинади: «Мен ёш йигитлик пайтимда Зулмажоздаги бозорда юрсам, бир киши: «Эй инсонлар! «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтинг, нажот топасизлар», дерди. Орқасидан бир киши (нимадир) отар ва ҳалиги гапираётганнинг болдир-у товони қонар эди. Ҳалиги нарса отаётган киши: «Эй одамлар, бу ёлғончи, уни тасдиқ этманглар», деб айтарди. Мен: «Бу гапираётган ким?» десам, улар: «Бу Муҳаммаддир, ўзини набийман, деб ўйлаяпти. Мана бу эса амакиси Абу Лаҳаб, уни ёлғончи, деб ўйлаяпти», дейишди».

Тафсир ва баён

«Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай» жумласи мажозий бўлиб, «ҳалок бўлди, ҳасратда қолди», деган маъноларни англатади. Ва яна ҳалок бўлиб, ҳасоратда қолишини дуоибад қилиб сўралганини ҳам ифода этади.
«Ҳалок бўлгай» – ҳақиқатда ҳалок бўлиши воқеъликда содир бўлгай. Бу Аллоҳ томонидан келган хабар бўлиб, у дунё ва охиратда ҳасрат-надоматда қолгай. Абу Лаҳаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари, асли исми Абдулуззо ибн Абдулмутталибдир. Бу нобакор кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот тарғиб этаётган динга кўп озор ва зарар етказган.
Аллоҳ таоло бу кимсанинг босиб ўтган ҳолати ҳақида хабар бериб: «Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ». Яъни, қиёмат куни ҳам жамлаган моли, қўлга киритган фойда, обрў ва болалари у мубтало бўлган азобдан узоқлата олмади. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ашаддий душманлиги ва одамларни иймонга киришидан тўсгани сабаб шу нарсага тушган эди. Бундан ташқари у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан юриб, нима сўз айтсалар, уни ёлғонга чиқарар эди».
Имом Аҳмад Рабийҳа ибн Аббоддан қилган ривоятларида айтилишича, Рабийҳа жоҳилият даврида Исломга кирди. У: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жоҳилият даврида Зулмажоз бозорида кўрганман. У зот: «Эй одамлар, «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтинглар, нажот топасизлар», деб айтардилар. Одамлар эса у зот атрофларида тўпланишар эди. Орқаларида эса юзи чиройли, кўзи ғилай, гажак сочли киши эргашиб юрар ва: «Ишонманглар, бу динидан қайтган ёлғончи», дер ҳамда қаёққа борсалар, бирга кетар эди. Бу эргашувчи ҳақида сўрасам, у амакилари Абу Лаҳаб, деб жавоб беришар эди», деди.
Сўнгра Аллоҳ таоло Абу Лаҳабни келажакда кутаётган азоблар ҳақида зикр қилиб шундай деди: «Яқинда у (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак». Яъни, яқин кунларда териларни куйдирадиган жаҳаннам оловида куяжак.
Абу Ҳайённинг тушунтиришларича, «саясла» калимасида «са» ҳарфи келажакда зикр қилинган нарса рўй беришини англатади. Узоқ муддатдан кейин бўлса ҳам, ўша ҳодиса рўй беради. Бунда маҳоллик йўқ.
«Ва яна унинг ўтин орқалаган хотини ҳам (ловуллаб турган алангали дўзахга киражак!)». У Абу Суфённинг синглиси Умму Жамил Арво бинти Ҳарбдир. У тиконли, игнали шохларни олиб, кечаси Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларига ташлар эди.
Баъзилар: «Чақимчилик билан одамлар орасини фасод қилиб, улар орасида адоват оловини ёқиб, ёмонликлар таратгани учун оятда «ўтин орқалаган», деб номланди», дейишди. Мана шу кўпчиликнинг фикридир.
Абу Ҳайён: «Ҳақиқатда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларнинг йўлларига жароҳатлаш мақсадида тиконли шохларни улоқтирар эди. Аллоҳ бу амалини ёмонлаб уни «ўтин орқалаган», деб номламоқда», дедилар.
«Унинг бўйнида пишиқ толадан эшилган арқони бўлади». Яъни, олов занжирлардан эшилган нарса бўйнида бўлади. Аллоҳ таоло жаҳаннам оловидаги азоб ҳолатини бу дунёдаги чақимчилик ҳолати билан тасвирламоқда. У бўйнида боғланган тиконли шохларни олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларига ташлар эди. Албатта қиёмат куни ҳар бир жиноятчи гуноҳи ҳолатидаги жинсдаги нарса билан азобланади.
Баъзилар: «Аллоҳ таоло «ўтин орқалаган», деб айтиш билан Умму Жамилни ва эри Абу Лаҳабни хўрлаб, масхаралашни тасвирлаган», деб айтишди.
Қачонки, Умму Жамил ўзи ҳақида сура нозил бўлганини эшитиб, Абу Бакр (р.а.) ҳузурларига келди. Абу Бакр (р.а.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга масжидда эдилар. Умму Жамилнинг қўлида эса тош бор эди. У: «Менга етиб келишича, дўстинг менинг устимдан кулибди. Мен уни ундай ва бундай қиламан», деди. Аллоҳ таоло унинг кўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўринмайдиган қилиб қўйди. Абу Бакр (р.а.) унга: «Мен билан бирор кишини кўрмаяпсанми?» дедилар. У: «Мени масхара қиляпсанми? Сендан бошқа кишини кўрмаяпман», деди.
Саид ибн Мусаййаб айтишларича, Умму Жамилнинг дабдабали маржони бор эди. У: «Лот ва Уззо санамлари номига қасамки, мен бу бойлигимни Муҳаммаднинг зарарига сарф қиламан», дер эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни оловдан эшилган арқон билан азоблади.

СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

Бу сура Абу Лаҳаб ва унинг хотини Умму Жамилнинг азобланиши ҳамда икки дунёдаги ёмон оқибатларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қаттиқ адоватлари сабабли, деб баён этади. Биринчи оят Абу Лаҳаб ҳақидаги хабар бўлиб, ғайб ишларидан уч кўринишни ўз ичига олади:
1. Ҳалок бўлиб ҳасоратда қолиши хабари. Бу нарса воқеъликда бўлган.
2. Моли ва болаларидан фойдалана олмаслиги хабари. Бу ҳам воқеъликда бўлган.
3. Албатта у дўзах аҳлидан экани хабари. Шундай ҳам бўлди. Чунки у кофир ҳолатида вафот этди.
Аммо кейинги икки оятда Умму Жамилнинг азобланишини тасвирлаб, эри билан бирга жаҳаннамга тушишини, унинг иссиғида куйиб, оловида ёнишини хабар беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бергани ва одамлар орасида адоват таратиб чақимчилик туфайли фасод қилгани учун дунёда ҳалокатга учраб, охиратда эса жаҳаннамда оловдан бўлган занжир ва арқондан осиб азоб берилади.
Заҳҳок ва бошқалар: «Умму Жамил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни камбағалликда айблар эди. Ўзи эса ўтинларни териб, эшилган ипга боғлаб, орқалаган ҳолда олиб келар эди. Аллоҳ таоло уни бу дунёда бўғиб ҳалок қилди, охиратда эса оловдан бўлган арқон билан бўғади», дейишди.
Уламолар айтишди: «Бу сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг1 пайғамбар эканликларига очиқ-ойдин далил бўлувчи мўъжизалардан биридир. Чунки Аллоҳ таоло: «Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак» оятини нозил қилганидан ва иймонсиз бўлиб бадбахтлигини хабар берганидан бери уларнинг иккови ёки бирлари хоҳ зоҳирий, хоҳ ботиний бўлсин, хоҳ сир, хоҳ очиқчасига бўлсин, иймон келтиришларини тақдирга битмади. Мана шу нарсанинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларига энг кучли далиллардан биридир».

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase