close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

020. Тохо сураси

Маккада нозил бўлган. 135 оятдан иборат.
Ибн Аббос ва Жобир ибн Зайдлардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича, бу сураи карима Марям сурасидан кейин нозил бўлган. Сураи кариманинг биринчи лафзи ўзига ном бўлиб қолган.
«Тоҳо» лафзи ҳақида уламоларимиз турлича фикр айтадилар. Баъзилари, «тоҳо» ҳижо (алифбо) ҳарфларидан бири, ундан нима мурод қилинганини Аллоҳнинг Ўзи билади, десалар, бошқалари, «тоҳо» Аллоҳнинг гўзал исмларидан биридир, дейдилар. Яна бирлари эса, «тоҳо» Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) исмлари, дейишади. Яна бир қисм уламолар борки, улар, «тоҳо» «Эй киши!» деганидир, деб ҳам тушунтиришади.
Шундан келиб чиқиб, биз «тоҳо» лафзидан нима мурод эканини Аллоҳнинг Ўзи билади, деймиз.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Тоҳо.
2. Сенга Қуръонни бадбахт бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ.
3. Магар қўрққан кимсаларга эслатма бўлиши учун.
4. У ерни ва юксак осмонларни яратган зотдан нозил бўлгандир.
5. У–Роҳман Аршни эгаллади.
(Роҳман сифатининг соҳиби Аллоҳ Аршни эгаллади. Аршни эгаллашининг эса, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, шакли ҳам йўқ. Унинг эгаллаши ўзига хос.)
6. Осмонлардаги нарсалару ердаги нарсалар, уларнинг орасидаги нарсалару ер остидаги нарсалар Уникидир.
7. Сен агар сўзда овозингни юксалтирсанг ҳам. Бас, албатта, у сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчидир.
8. Аллоҳ–ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Гўзал исмлар Уникидир.
9. Сенга Мусонинг хабари келдими?
10. У оловни кўрган чоғида ўз аҳлига: »Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам«, деди.
(Ояти каримада Мусо алайҳиссалом Мадяндан Мисрга келаётганларида рўй берган ҳодиса баён этилмоқда.)
11. Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо.
12. Албатта, Мен Ўзим сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан».
13. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос.
14. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт.
15. Албатта, (қиёмат) соати келгувчидир. Ҳар бир жон саъйи-ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутурман.
16. Ҳаргиз сени унга иймон келтирмайдиганлар ва ҳавойи нафсига эргашганлар ундан тўсмасинлар. У ҳолда ҳалок бўласан».
17. «Эй Мусо, қўлингдаги нима?»
18. У: «Бу асоимдир, унга суянаман, у билан қўйларимга (барг) қоқиб бераман ва унда менинг бошқа ишларим бор», деди.
19. У зот: «Эй Мусо, уни ташла», деди.
20. Бас, уни ташлади. Бирдан у(асо) илон бўлиб юра бошлади.
21.  У зот: «Уни ол, қўрқма. Биз уни аввалги ҳолига келтирамиз.
22. Қўлингни қўлтиғингга тиқ, ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу бошқа бир мўъжизадир.
(Қўл оппоқ бўлди, аммо бу оқликда ёмонлик йўқдир. Яхшилик бор. Жуда чиройли бўлиб кўринади. Бундай бўлиши сенинг Пайғамбар эканлигингни тасдиқловчи асодан кейинги яна бир мўъжизадир.)
23. Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун(шундай қилдик).
24. Сен Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди.
25. У: «Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил.
26. Менинг ишимни осон қил.
27. Тилимдаги тугунни ечгин.
28. Сўзимни англасинлар.
29. Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер.
30. Оғам Ҳорунни.
31. У билан белимни қувватла.
32. Уни ишимга шерик айла.
33. Сенга кўп тасбиҳ айтишимиз учун.
34. Ва Сени кўп зикр қилишимиз учун.
35. Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг», деди.
36. У зот: «Эй Мусо, сенга сўраганинг берилди», деди.
(Бир оғиз гап билан ҳал қилиб қўйди. Нимани сўраган бўлсалар, берди.)
37. «Батаҳқиқ, Биз сенга бошқа марта ҳам неъмат берган эдик.
(Яъни, ҳозир берган неъматларимиздан бошқа ҳам неъмат берган эдик.)
38. Ўшанда онангга илҳом қилинадиган нарсани илҳом қилган эдик.
39. «Уни тобутга сол, уни эса, дарёга ташла. Дарё уни соҳилга отсин. Уни Менинг душманим ва унинг душмани оладир», дедик. Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим. Буни Менинг кўз олдимда етиштирилишинг учун (қилдим).
(Мусонинг онаси Аллоҳ берган илҳом билан уни сандиққа солиб, сувга оқизиб юборади. Мусонинг Ўз кўзи остида вояга етиши учун душман Фиръавннинг уйига уни жойлаштирган, қалбига унинг муҳаббатини солган Зот онанинг фарзанд фироқида қийналишига ҳам барҳам берди. Мурғак Мусо аёлларнинг биттасини ҳам эммай қўйди.  Мусонинг опасини Фиръавн саройига юбориб, шу болани эмизадиган аёл бор, деб айтишни буюради.)
40. Ўшанда опанг юриб бориб: «У (Мусо)ни кафилликка оладиганларга далолат қилайми?« деган эди. Бас, Биз сени кўзи қувониши ва хафа бўлмаслиги учун онангга қайтардик. Ва бир жонни ўлдирдинг. Бас, Биз сени ғамдан қутқардик ва турли синовлар ила синадик. Сўнгра Мадян аҳли ила йилларга қолдинг ва тақдирга биноан келдинг, эй Мусо!
41. Мен сени Ўзим учун танладим.
(Яъни, Пайғамбар қилиб олдим. Кейин эса, Пайғамбарлик вазифасига оид топшириқлар берилди:)
42. Сен ва оғанг мўъжизаларимни олиб боринглар ва Мени зикр этишда сусткашлик қилманглар.
43. Фиръавнга боринглар! Чунки, у туғёнга кетди.
44. Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса».
(Юмшоқ сўз тасир қилиши мумкин. Юмшоқ сўз кофирни ва туғёнга кетган шахсни ҳам мулойим қилиб қўйиши мумкин. Шояд Фиръавн ҳам ўзига келиб, инсоф қилса.)
45. Икковлари: «Эй Роббимиз, биз унинг тезда бизга ёмонлик қилишидан ёки ҳаддан ошишидан қўрқамиз», дедилар.
46. У зот: «Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар биланман, эшитаман ва кўраман», деди.
47. Бас, унинг олдига боринглар ва унга: «Албатта, биз Роббингнинг Пайғамбарларимиз, Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор. Уларни азоблама. Батаҳқиқ, биз сенга Роббингдан мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кимсага салом бўлур.
48. Албатта, бизга ваҳий қилиндики, ёлғонга чиқарганларга ва юз ўгириб кетганларга шубҳасиз азоб бўлур», денглар.
49. У: «Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?» деди.
50. У: «Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир», деди.
51. У: «Ўтган асрларнинг ҳоли недир?» деди.
52. У: «Уларнинг илми Роббим ҳузурида, китобдадир. Роббим адашмас ва унутмас.
(Яъни, ўтган асрлар ҳақидаги барча илм Роббим ҳузуридаги китобда ёзилгандир. Қанча асрлар ўтиб, қанча одамлар яшаб, нима ишлар қилган бўлсалар, ҳамма-ҳаммаси Роббим ҳузурида турибди, китобда ёзилган. Шунга қараб жазолайди ёки мукофотлайди.)
53. У сизга ерни бешик қилган, сизга унда йўллар очган ва осмондан сув туширган зотдир», деди. Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик.
54. Енглар ва чорваларингизни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.
55. Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз.
(Яъни, Биз сизларни ердан яратдик, ўлганингиздан сўнг  яна унга қайтарамиз. Қиёмат куни эса, сизларни қайта тирилтириб, ердан чиқариб оламиз. Эй Фиръавн, сен ҳам одамсан, сенинг ҳам бошингга шу кун тушади.)
56. Батаҳқиқ, Биз унга оят-мўъжизаларимизнинг ҳаммасини кўрсатдик. Бас, у ёлғонга чиқарди ва бош тортди.
57. У: «Эй Мусо, бизни еримиздан чиқариш учун сеҳринг ила келдингми?!
58. Бас, албатта, биз ҳам унга ўхшаш сеҳр келтирамиз, биз билан ўзинг орангда ваъда вақти тайин қил, унга биз ҳам, сен ҳам хилоф қилмайдиган бўлайлик, ўрта жой бўлсин«, деди.
59. У: «Ваъда вақтингиз зийнат куни. Одамларнинг чошгоҳда тўпланиши», деди.
(Мисрликларнинг «зийнат куни»  катта байрами бўлиб, унда барча халойиқ зийнатли кийимлар кийиб чиқар эдилар. Мусо алайҳиссалом ҳамма гувоҳ бўлсин деб зийнат кунини танладилар.)
60. Бас, Фиръавн қайтиб кетди, сўнгра ҳийласини йиғиб келди.
(Ояти карима, учта ҳолатни тасвир этмоқда. Фиръавн Мусо алайҳиссалом билан бўлган учрашувдан қайтиб кетди. Кейин ҳийласини йиғди–ҳамма кучли сеҳргарларини тўплади. Сўнгра яна қайтиб келди. Тортишув, мусобақага тайёргарлик ниҳоясига етди.)
61. Уларга Мусо: «Ҳолингизга вой! Аллоҳга нисбатан ёлғон уйдирманг, бас, сизни азоб ила бутунлай ҳалок қилур. Батаҳқиқ, ким ёлғон уйдирса, ноумид бўлур», деди.
62. Бас, улар ишлари ҳақида ўзаро аста шивирлашиб, мунозара қила бошладилар.
63. Улар: «Албатта, бу иккови сеҳргардирлар. Сизни сеҳрлари билан ерларингиздан чиқаришни ва сизнинг афзал йўлингизни йўқотишни хоҳлайдилар.
64. Бас, макр-ҳийлангизни жамлаб, бир саф бўлиб келинг. Батаҳқиқ, бугунги кунда ким устун келса, ўша ғолиб бўладир», дедилар.
65. Улар: «Эй Мусо, сен ташлайсанми ёки биз аввал ташловчи бўлайликми?» дедилар.
66. У: «Йўқ. Сизлар ташланг», деди. Бирдан уларнинг арқонлари ва асолари унга сеҳрларидан худди ҳаракатланаётгандек бўлиб кўринди.
67. Бас, Мусо ичида хавф ҳис этди.
68. Биз: «Қўрқма, албатта, сен устунсан.
69. Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юбораур. Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас», дедик.
(Фиръавнлар ва уларнинг гумашталари-сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келганлар. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида, ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақ келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади.
Аллоҳ таолонинг амри ила Мусо алайҳиссалом қўлларидаги асони ерга ташладилар. У сеҳргарларнинг ҳунарини ютиб юборди.)
70. Бас, сеҳргарлар: «Ҳорун ва Мусонинг Роббига иймон келтирдик», деб саждага ташландилар.
71. У: «Сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингизми?! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Бас, албатта, қўл-оёқларингизни қарама-қаршисидан кесурман ва, албатта, сизларни хурмо танасига осурман, албатта, қайси биримизнинг азобимиз шиддатлироқ ва боқийроқ эканини билурсиз», деди.
(Фиръавн ўз қаричи билан ўлчар эди. У таҳдид, азоб-уқубат, қийнаш, чопиш-кесиш, ўлдириш билан одамларни измимда ушлаб тураман, деб хаёл қиларди. Аммо инсоннинг қалбига ҳақиқий иймон кирганида, унинг бу чоралари заррача ҳам таъсир қилмай қолишини англамасди. Унинг собиқ сеҳргарлари қалбига ана шундай иймон жо бўлган эди. Энди улар Фиръавннинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан қўрқмасдилар.)
72. Улар: «Биз сени зинҳор ўзимизга келган очиқ-ойдин (мўъжиза)лардан ва бизни яратган зотдан устун қўймаймиз. Бас, нима ҳукм қилсанг, қилавер. Сен фақат ҳаёти дунёда ҳукм чиқарасан, холос.
73. Албатта, биз Роббимиз хатоларимизни ва сен бизни мажбур қилган сеҳрни мағфират қилиши учун иймон келтирдик. Аллоҳ яхши ва боқийдир», дедилар.
74. Шубҳасиз, ким Роббига жиноятчи бўлган ҳолида келса, албатта, унга жаҳаннам бордир. У ерда у ўлиб ўлмас, яшаб яшамас.
75. Ким Унга мўмин ўлароқ, яхши амаллар қилган ҳолида келса, бас, ана ўшаларга олий даражалар.
76. Остидан анҳорлар оқиб турган адн жаннатлар бордир. Унда абадий қолурлар. Ана шу пок бўлганнинг мукофотидир.
77. Батаҳқиқ, Биз Мусога: «Сен бандаларим ила кечаси йўлга туш, уларга денгиздан қуруқ йўл оч, етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма», деб ваҳий қилдик.
(Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амрини амалга оширди. Бани Исроил билан кечаси йўлга чиқдилар. Денгизга бордилар, асолари билан уриб, йўл очдилар. Аллоҳнинг амри ила денгиз иккига ёрилиб, қуруқ ер–йўл очилди. Бани Исроил эсон-омон ўтиб олди.)
78. Бас, Фиръавн аскарлари ила уларнинг ортидан таъқиб этди. Денгиз уларни ўраганича ўраб олди.
79. Фиръавн ўз қавмини адаштирди, тўғри йўлга бошламади.
( Худога эмас, фиръавнларга эргашганлар доимо шундай оқибат топадилар.
Аллоҳ таоло Фиръавн ва  аскарларини ғарқ этиб, Бани Исроилни зулм, жабр-ситамдан озод қилди.)
80. Эй Бани Исроил, батаҳқиқ, Биз сизни душманингиздан қутқардик ва сиз билан Турнинг ўнг томонини ваъдалашдик ҳамда сизларга манн ва бедана туширдик.
(Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Бани Исроилга уч турлик неъматини эслатмоқда.)
81. Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар, унда ҳаддингиздан ошманг, яна бошингизга ғазабим тушиб қолмасин. Кимнинг бошига ғазабим тушса, бас, батаҳқиқ, ҳалок бўлибдир.
82. Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман.
83. Эй Мусо, сени қавмингдан нима илгарилатди?
84. У: «Улар, ана, изимдалар. Рози бўлишинг учун Мен сенга шошдим, эй Роббим», деди.
85. У зот: «Батаҳқиқ, Биз қавмингни сендан кейин фитнага дучор қилдик. Сомирий уларни адаштирди», деди.
(Бани Исроилга ҳурлик оғир келди, уни кўтара олмади. Жумладан, энг нозик ва аҳамиятли масала–иймон-эътиқод масаласида ҳам. Мусо алайҳиссалом  илк бор тарк этишлари биланоқ залолатга кетдилар. Сомирийга эргашиб, бузоқнинг ҳайкалини худо қилиб олдилар.)
86. Бас, Мусо қавмига ғазабланган, афсусланган ҳолда қайтди. У: «Эй қавмим, Роббингиз сизга яхши ваъда қилмаганмиди?! Сизларга замон узоқ кўриндими ёки бошингизга Роббингиздан ғазаб тушишини хоҳладингизми?! Менга берган ваъдага хилоф қилибсиз?!» деди.
87. Улар: «Биз сенга берган ваъдага ўз ихтиёримиз ила хилоф қилмадик. Лекин бизга (у) қавмнинг зийнатидан оғирликлар юкланган эди. Бас, уларни ташладик, Сомирий ана шундай илқо қилди», дедилар.
(Тақинчоқларни оловли чуқурга ташлашган экан, Сомирий уларни эритиб, бузоқ шаклига солиб, мана шу сизларнинг худоингиз, унга ибодат қилинглар, деса, ибодат қилиб кетаверишибди. Уларнинг фикрича, бу ихтиёрларидан ташқари иш эмиш!)
88. Бас, у (Сомирий) уларга бўкирадиган бузоқ шаклини чиқариб берди. Улар: «Мана шу сизнинг илоҳингиз ва Мусонинг ҳам илоҳи, фақат у унутди», дедилар.
(Сомирий уларга тилла тақинчоқлардан овоз чиқарадиган бузоқ ҳайкали ясаб, шу ҳайкал сизнинг илоҳингиз, Пайғамбаримиз Мусо бизга буни айтмади, деган хаёлга борманг. Мусонинг илоҳи ҳам шу бузоқ. Аммо, Мусо буни унутиб қўйиб, тоққа излаб чиқиб кетди, деди. Улар бу гапни такрорладилар.)
 89. Унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини, на зарар ва на фойдага молик бўла олмаётганини кўрмаяптиларми?!
90. Батаҳқиқ, илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, бу билан фитнага дучор қилиндингиз, холос. Шубҳасиз, Роббингиз Роҳмандир. Бас, менга эргашинг. Менинг амримга итоат қилинг», деган эди.
91. Улар: «То Мусо бизга қайтгунича, унга ибодат қилишда бардавом бўламиз», дедилар.
92. У: «Эй Ҳорун, уларнинг залолатга кетганларини кўрганингда  сени нима ман қилди?!
93.  Менга эргашишингдан?! Менинг амримга осий бўлдингми?!» деди.
94. У: «Эй онамнинг ўғли, соч-соқолимдан тутма. Мен сенинг: «Бани Исроилни тафриқага солибсан, гапимга кирмабсан, дейишингдан қўрқдим», деди.
95. У: «Бу нима қилганинг, эй Сомирий?!» деди.
96. У: «Улар кўрмаган нарсани кўрдим. Бас, Расулнинг изидан бир сиқим олдим, сўнгра уни ташладим. Ҳавои нафсим менга шундай қилишни хуш кўрсатди», деди.
(Сомирийнинг Бани Исроил кўрмаганини кўргани–Жаброилнинг алайҳиссалом ҳаёт отига миниб келишлари. «Расул»дан мурод Жаброил алайҳиссалом. Изидан олинган бир сиқим эса, Жаброил алайҳиссалом миниб келган отнинг туёғи тагидан олинган тупроқ. У тупроқни сочган жойи эса, Бани Исроилнинг зеб-зийнатлари тўплаб қўйилган жой. Сомирий ана шу ишларни қилганида зийнатлар бузоққа айланиб, ундан овоз чиқадиган бўлибди.
Мен ҳеч нарса қилганим йўқ, ёмон ниятим ҳам йўқ эди, кўнглимга тушган ишни қилсам, ўзларидан ўзлари эргашиб кетишаверди, демоқчи бўлди.)
97. У: «Бас, жўна! Кет! Энди сенга бу ҳаётда «тегиш йўқ» дейишинг бор, холос. Албатта, сенга хилоф қилмайдиган ваъдамиз бор. Ўзинг ибодатида бардавом бўлган илоҳингга назар солиб қўй. Биз уни, албатта, куйдирурмиз, сўнгра денгизга сочиб юборурмиз.
( Бани Исроилда, «тегиш йўқ» номли қувғин жазоси бор эди. Ўша жазога маҳкум бўлган шахс  билан ҳеч ким алоқа қилмас, ҳатто  гаплашмас ҳам эди. У ёлғизлик азобида ўлиб кетар эди.)
98. Албатта, сизнинг илоҳингиз Аллоҳдир, холос. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир. У барча нарсани ўз илми билан қамраб олгандир.
99. Шундай қилиб, сенга ўтган нарсалар хабарини қисса қилиб берурмиз. Батаҳқиқ, сенга ўз тарафимиздан зикрни бердик.
(Яъни, Мусо қиссасини айтиб берганимиздек, бошқаларнинг хабарини ҳам қисса қилиб берамиз.)
100. Ким ундан юз ўгирса, албатта, у қиёмат куни (гуноҳ) юкини кўтарур.
101. Унда абадий қолурлар. Қиёмат кунида уларнинг юки қандай ҳам ёмон бўлди.
102. У кун сурга пуфланадиган кундир. Ўша кунда жиноятчиларни кўзлари кўк бўлган ҳолда тўплармиз.
(Kиёматнинг келганини билдириб, сур чалинади. Ўша қиёмат кунида кофирлар-жиноятчиларни Аллоҳ таоло қўрқувдан юзлари қорайиб, кўзлари кўкариб кетган кетган ҳолларида маҳшарга жамлайди.)
103. Улар ўзаро: «Ўн кундан ортиқ турганингиз йўқ», дея шивирлашади.
104. Биз нима деяётганларини яхши билгувчимиз. Ўшанда уларнинг энг тўғри йўлдагиси: «Бир кундан ортиқ турганимиз йўқ», дейдир.
(Демак, охират азобларини кўрган кофирлар гарчи бу дунёда узоқ йиллар роҳат-фароғатда кун кечирган бўлсалар ҳам, яшаган муддатлари оз кўриниб кетади.)
105. Сендан тоғлар ҳақида сўрарлар. Бас: «Роббим уларни мутлақо совуриб юборажак.
106. Сўнг уларни теп-текис ҳолга келтирур.
107. У ерда чуқур ҳам, дўнг ҳам кўрмассан.
108. У кунда чорловчига эргашурлар. Ундан бурилиш йўқ. Овозлар Роҳман (ҳайбати)дан жим қолмиш. Пичирлашдан бошқа нарса эшитмассан.
(Ҳаммаёқ теп-текис. Ҳамма жим ҳолда бўйин эгиб, маҳшарга чорловчига эргашишдан бошқа нарсани билмайди.)
109. У кунда Роҳман унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас.
110. У уларни олдиларидаги нарсаларни ҳам, орқаларидаги нарсаларни ҳам билур. Улар эса, уни илм ила иҳота қила олмаслар.
(Аллоҳ таоло бандаларнинг келажагини ҳам  ўтмишини ҳам билади. Илмнинг барчаси Аллоҳникидир. Одамлар эса ҳеч нарса билмаслар.)
111. Бутун юзлар тирик ва доим турувчи зотга бош эгмиш. Батаҳқиқ, ким зулм кўтарган бўлса, ноумид бўлмиш.
112. Ким мўмин ҳолида яхши амаллардан қилган бўлса, зулмдан ҳам, нуқсондан ҳам қўрқмас», деб айт.
113. Шундай қилиб, Биз уни арабий Қуръон этиб нозил этдик. Шоядки тақво қилсалар ёки уларда эслаш пайдо қилса, деб унда қўрқинчли ваъдаларни баён қилдик.
(Ушбу арабий Қуръонда кўплаб қўрқинчли ваъдаларни ҳам баён этдик. Бундан мақсадимиз, шояд одамлар тақво қилсалар, куфр ва ёмонликлардан сақлансалар, қўрқинчлик ваъдалардан эслатма олсалар.)
114. Ҳақ Подшоҳ–Аллоҳ олий бўлди. Сенга ваҳийи битгунча Қуръон (тиловати)га ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин.
(Пайғамбаримиз (с.а.в.) унутиб қўйишдан хавфланиб, ваҳий тушган пайтида Қуръони Карим оятларини Жаброилга алайҳиссалом қўшилиб, ўқиб турар эдилар. Бу эса, қийинчилик туғдирарди.
Яъни, эй Муҳаммад, Жаброил ваҳийни сенга охиригача ўқиб бермагунича, Қуръонни тиловат қилиб, оятларни ўқишга шошилма. Олдин Жаброил тўлиқ ўқиб берсин, кейин сен ўқийсан.)
115. Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик.
(Биз қадимда Одам билан буйруққа бўйсуниш–дарахтдан емаслик ҳақида аҳдлашган эдик. Аммо Одам аҳдни унутди ва дарахтдан еб қўйди. У шайтоннинг иғвосига сабр қила олмади. Азму қарорида турмади.)
116. Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», деганимизда, улар сажда қилдилар. Магар Иблис бош тортди.
117. Бас, Биз: «Эй Одам, албатта, бу сенга ва жуфтингга душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин.
118. Албатта, сен у ерда оч-яланғоч қолмассан.
(Яъни, жаннатда доимо сенинг қорнинг тўқ, устинг бут бўлади.)
119. Албатта, сен у ерда ташна ҳам бўлмассан, иссиқда ҳам қолмассан», дедик.
120. Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» деди.
( Роббинг манави дарахт мевасидан ейишингни ман қилган бўлса, сенинг абадий яшашингни, мулкинг бардавом бўлишини хоҳламаганидандир, бу дарахтнинг мевасидан есанг, ҳеч ўлмайсан, мулкинг йўқолмайди, деди.)
121. Бас, икковлари ундан едилар. Кейин, авратлари ўзларига очилиб қолиб, ўзларини жаннат барглари билан тўса бошладилар. Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди.
122. Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади.
123. У зот: «Ҳаммангиз бир-бирингизга душман ҳолда ундан тушинг. Агар Мен томонимдан сизга ҳидоят келганида, ким ҳидоятимга эргашса, адашмас ва бадбахт бўлмас.
124. Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз», деди.
125. У: «Эй Роббим, нима учун мени кўр ҳолда тирилтирдинг. Ахир, кўрувчи эдим-ку!» деди.
126. У зот: «Шундай. Сенга оятларимиз келди. Сен эса, уларни унутдинг? Шунингдек, сен ҳам бугун унутиурсан», деди.
127. Исроф қилган ва Робби оятларига иймон келтирмаганларни ана шундай жазолайрмиз. Охират азоби, албатта, ашаддийроқ ва боқийроқдир.
128. Улардан илгари уларнинг масканларида юрган асрлардан қанчадан-қанчасини ҳалок қилганимиз ҳам ҳидоят қилмадими? Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.
129. Агар Роббингдан сўз ўтиб қолмаганида ва номланган ажал бўлмаганида, албатта, (азоб) лозим бўлар эди.
130. Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбиҳ айт. Шоядки рози бўлсанг.
(Эй Муҳаммад, шундай экан, кофир ва мушрикларнинг нохуш гап-сўзларига, сўкишларига, иғво-бўҳтонларига сабр қил.
Доимо Роббингга тасбиҳу ҳамд айт. Қуёш чиқишидан олдин ҳам, қуёш ботишидан олдин ҳам Роббингга тасбиҳ ва ҳамд айт. Кечанинг бир қисмида ҳам Роббингга тасбиҳ айт, кундузнинг атрофида ҳам. Намоз ўқи.
Албатта, рози бўласан. Роббинг ҳам сендан рози бўлади.)
131. Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз ҳаёти дунёнинг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир.
132. Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир.
133. Улар: «Бизга Роббидан оят-мўъжиза келтирса эди», дейдилар. Ахир, уларга аввалги саҳифалардаги нарсаларнинг баёноти келмадими?
(Кофир ва мушриклар, Муҳаммад Роббидан бир лол қолдирувчи мўъжиза келтирса эди, дейдилар. Ахир, Қуръонда аввалги умматларга келган нарсаларнинг баёни келди-ку. Шу уларга кифоя қилмайдими?)
134. Агар Биз уларни у(келиши)дан олдин азоб-ла ҳалок қилганимизда эди, албатта: «Эй Роббимиз, бизга Пайғамбар юборганингда эди, хору зор ва шарманда бўлишимиздан олдин оятларингга эргашган бўлар эдик», дердилар.
135. Сен:«Барча кутгувчидир. Бас, кутинглар. Албатта, кимлар тўғри йўл соҳиблари ва кимлар ҳидоят топганини билурсизлар», деб айт.
(Пайғамбаримизга (с.а.в.) қилинган бу хитоб доимо янгиланиб туради.)

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase