Islom.uz сайти очилиб, ишга тушиб, халқимизнинг эътиборини қозонганидан сўнг ходимларимиз бу хайрли фаолиятни янада кенгайтириш истаги билан ёниб-куйдилар. Жумладан, Исмоилжон ҳожи билан Абу Муслимлар ҳузуримга келиб, динимизнинг бош китоби, дастури, муқаддас китоби Қуръони Карим ҳақида Quran.uz номли янги бир сайт очишимиз мақсадга мувофиқ эканини, бу сайт Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатишга хизмат қилиши, унда Қуръоннинг тарихи, маънолар таржимаси, қироатлари ва шу каби кўплаб мавзуларга оид маълумотлар, илмий мақолалар жойлаштириб боришини тушунтириб, бу ишни бошлашга изн сўрадилар. Изн олганларидан кейин, аста-секин мазкур мақсадни амалга ошириш йўлида ғайрат билан иш бошлашди.
Аввало бўлажак сайтга қўйиладиган маълумотларни тўплаш иши йўлга қўйилди, бунинг учун ўзимизда бор китоблардан, Қуръонга тааллуқли бир қанча мақолалардан иқтибослар олинди. Сўнгра ҳужжат ишларини давом эттириб, 2004 милодий сананинг 20 декабрь куни Quran.uz деб аталмиш янги сайтни очишга расмий рухсат олинди. Сайт тайёр бўлгач, уни маълумотлар билан тўлдириб, сиз азизларга тақдим қилиш бахтига муяссар бўлишди.
Quran.uz ўзига хос бир сайт бўлиб дунёга келди. Зеро, бу Қуръони Каримга бағишланган ўзбек тилидаги биринчи сайт эди. Бу ишни қилиш ижодий гуруҳ аъзолари учун катта фахр эди. Зеро, Аллоҳ таолонинг илоҳий дастури, қиёматгача боқий қолувчи дастури Қуръони Каримни – Қуръон аҳлларига, Қуръон умматларига танитиш, ундаги таълимотларни тарқатиш, унинг қироати, тажвиди, тафсири ва унга оид барча илму ҳикматларни халққа етказиш ҳақиқатда буюк шараф, ўта масъулиятли иш эди. Аста-секин сайтимизнинг фаолият доираси кенгайиб, иштирокчилари ҳам кўпайиб борди. Энг муҳими, истаган киши ўзининг азиз китоби Қуръони Каримнинг тарихи, унинг нозил бўлиши, суралари, оятлари ҳақидаги маълумотлар, ушбу сура ва оятларда келган таълимотлар, дунёга машҳур қорилар, юртимизда Қуръонга хизмат қилган ва қилаётган қорилар ҳақидаги ва бошқа кўпгина маълумотлардан, Қуръони Каримга оид янгиликлардан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлди. Сайт саҳифалари Қуръондаги баъзи оятларнинг тафсири, Қуръони Карим оятларининг маъно таржимаси, Қуръон ўқиш қоидалари, тажвид илми, қориларимизни қироати каби маълумотлар билан аста-секин тўлиб борди.
Кейинчалик Ҳасанхон, Ҳусайнхон қоридомлаларимиздан илтимос қилдим, юртимизда Қуръонга хизмат қилган, Қуръон қориларидан бўлган, хатмлар қилган, кўплаб шогирдлар тайёрлаган улуғ қори-боболаримизнинг ҳаётларини ўрганиб, тартибга солиб, керакли маълумотлар билан тўлдириб, халқимизга тақдим қилишни сўрадим. Бу азизларимиз ушбу вазифани шараф билан бажардилар. Кўплаб қоридадаларимизнинг, унут бўлаёзган азизларимизнинг ҳаётлари, ижодлари, Қуръонга қилган хизматлари, халқимизга қилган хизматларини қоғозга тушириб, интернет саҳифамизга қўйилди. Натижада улуғ зотларнинг ҳаёти, ижодий фаолияти, дину диёнатга, Қуръони Каримга қилган буюк хизматларидан кўпчилик баҳраманд бўлиш бахтига муяссар бўлди. Йилдан-йилга Quran.uz сайти учун мақола, янгликлар ёзадиган, илмий маълумотлар тайёрлайдиган мухлисларимизнинг сони ҳам, сифати ҳам зиёда бўлиб борди.
Абу Муслим, Исмоилжон, Ҳасанхон ва Ҳусайнхон қорилар олиб бораётган бу хайрли ишга Абдулбосит қори, Одинахон ва яна бошқа олимларимиз, қориларимиз фаол иштирок эта бошладилар. Шахсан мен ҳозирча Quran.uz сайтига ўхшаб, Қуръони Карим таълимотлари ва унга оид маълумотларни халққа етказиб турадиган сайтни кўрганим йўқ. Тўғри, араб тилидаги сайтлар кўп, лекин уларда ё фақат машҳур қориларнинг тиловатлари қўйилган, ё фақат кўплаб тафсирлар қўйилган, яъни ҳар бир сайт Қуръонга оид муайян йўналишга мосланган. Аммо Quran.uz сайтида ҳамма нарса жамланган – Қуръоннинг тарихи ҳам бор, нозил бўлиши ҳам бор, оятларнинг тафсири ҳам бор, маъно таржимаси ҳам бор, қироатлар ҳам бор, Қуръони Каримга оид янгиликлар, хабарлар ҳам бор. Шунингдек, Қуръони Карим қироати бўйича ўтказилаётган мусобақалар ёки бошқа шу каби тадбирлар, анжуманлар, илмий ишлар, мақолалар ва бошқа маълумотлар ҳам мунтазам равишда қўйиб борилмоқда.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, ушбу хайрли ишимиз ривож топиб, сайтнинг фаолият кўрсата бошлаганига ҳам мана, 10 йил тўлибди.
Ўтган 10 йил давомида Quran.uz сайти халқимиз учун жуда кўп хизматларни қилди, илму маърифат тарқатди, Қуръони Каримга ходим бўлишдек буюк шарафга муяссар бўлди. Албатта, бундай улуғ ишга эришиш ҳаммамиз учун катта бахт, буюк шараф ҳисобланади. Шу муносабат билан Islom.uz портали Quran.uz сайтининг 10 йиллик тўйини кенг нишонлашга қарор қилдик. Ушбу тантана асносида сайтнинг 10 йиллик тарихини қайта кўриб чиқиш, қилинган ишларни сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларнинг шукрини адо этиш, йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш, камчиликларни тўлдириш борасида машварат қилиб, фикр-мулоҳазаларни ўртоқлашишга ҳам имкон туғилиши ҳам ҳисобга олинди. Шу билан бирга, сайтнинг 10 йиллик тўйини нишонлаш пайтида халқимиз тарихининг Қуръони Каримга тааллуқли саҳифаларини ҳам бир қайта кўриб чиқиш, Мовароуннаҳр халқларининг Қуръонга муҳаббати, Қуръон тафсири, Қуръон маъноларининг таржимаси, қироати ва бошқа ишлар борасида эришилган ютуқларимизни ҳам халқимизга танитиш, керакли маълумотларни тақдим қилиш ҳам режалаштирилди.
Иншааллоҳ, Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатишга, Quran.uz сайтининг 10 йиллигига бағишланган ушбу илмий анжуман барчамиз учун фойдали, манфаатли бўлади деган умиддамиз. Шу билан бирга, Quran.uz сайти орқали халқимиздан, мухлисларимиздан Қуръони Каримни кенг ёйиш борасида жонкуярлик қилган азизларимизнинг ҳақларига дуолар сўраймиз, уларнинг меҳнатларига таҳсин айтамиз. Умид қиламизки, буларнинг барчаси сайтимиз, порталимиз фаолиятига яна янги кишиларни жалб қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни, мусулмонларимизни, барча-барчани севимли Quran.uz сайтингизнинг 10 йиллик тўйи муносабати билан чин қалбдан муборакбод қилишга ижозат бергайсиз. Аллоҳ таоло бу санани барчамизга муборак қилсин, хайр-баракотли қилсин. Аллоҳ таоло Quran.uz сайтида фаолият олиб бораётган азиз мухлисларимизнинг беминнат хизматларига ажру мукофотларни, савобларни кўпайтириб берсин, умрларини узоқ қилиб, халқимизга қилаётган буюк хизматларида келгусида ҳам улуғ илмий, ижодий муваффақиятлар ато қилсин, бу хизматлари ҳусни қабул айлаб, охиратда тарози босадиган, салмоқли ишлардан бўлишини насиб этсин.
Куръон.уз сайти ҳамда Islom.uz портали мухлислари бу қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаган ҳолда, барчаларингизни Қуръони Каримни ўқишга, унинг қироатини, таълимотини, мазмун-моҳиятини сидқидилдан, ихлос билан ўрганишга, маъноларини англаб, ундаги илоҳий таълимотларни ҳаётга татбиқ қилишга чақираман ва бу улуғ ибодатда муваффақиятлар тилаб қоламан.
Ва ахиру даъвауна анил ҳамду лиллаҳи Роббил аламийн!
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу.