ҚАДАР ВА ТАҚДИР
- Пайшанба, Авг 18 2022
- 285 марта кўрилди
Луғатда «ўлчов» маъносини англатади. Ислом ақидасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси билан ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилиш «қадар», дейилади. Қадар – ҳар бир нарсанинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига биноан қадарга ишониш иймоннинг етти шартидан бири ҳисобланади. Балоғатга етган мусулмон Аллоҳ таоло бандаларининг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг ҳаммасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади. Ҳадисда келганки, «Шубҳасиз, қадар (тақдир)нинг яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам Аллоҳдандир». Мўмин кишининг «Яхшилик ва ёмонлик мендан содир бўлди, аммо яхшилик ва ёмонликнинг тақдири Аллоҳдандир», демоғи вожиб бўлади. «Таҳовий ақидаси»да шундай дейилган: «Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. Ундан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш, хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйган ва уларни қадарни қасд қилишдан қайтарган. Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», деган. Бас, ким «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».