ХУСАРИЙ, МУҲАММАД ХАЛИЛ
- Пайшанба, Авг 18 2022
- 280 марта кўрилди
Муҳаммад Халил Хусарий, Мисрнинг дунёга машҳур қориларидан. Миср қишлоқларидан бирида туғилган, отаси бўйра тайёрлаб сотган, араблар бўйрани «хасир» дейди, шунинг учун у Хусарий бўлиб кетган. Ўн ёшида мураттаб қори бўлди, отасининг ишига кўмаклашди. Кейинчалик машҳур қорилар бўлиб етишган Мустафо Исмоил ва Маҳмуд Али Баннолар билан ўша даврнинг машҳур Қуръон ҳофизи Иброҳим Саломдан Қуръон илмини ўрганди. 1944 йилда Миср радиоси ташкил этган қорилар танловида 200 қори ичида ғолиб чиқди. 1965 йили Миср Вақф мулклари вазирлигида Қуръон бўйича маслаҳатчи бўлди. Кейинчалик Қуръони карим бўйича тадқиқотлари учун Қуръон фанлари доктори унвонини олган. Биринчи бўлиб Қуръони каримни тўлалигича тартил билан ўқиб магнит тасмасига ёздирди. Кўплаб Ислом ўлкаларига ташриф буюриб, мусулмонларни Аллоҳнинг каломи билан ошно қилишга ёрдам берди. Қуръон тиловати борасидаги юксак маҳорати туфайли ғайримуслим ўлкаларда бошқа диндагиларнинг Исломга киришларига сабаб бўлди. 1970 йили Қувайтга кетаётиб йўлда вафот этган.