ТУРКИЯ РЕСПУБЛИКАСИ
- Чоршанба, Авг 17 2022
- 276 марта кўрилди
Майдони: 779 452 кв. км., аҳолиси: 66,3 миллион киши, пойтахти: Анқара шаҳри, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 70 вилоятни бирлаштирган 8 ҳудуддан иборат, йирик шаҳарлари: Истанбул, Измир, Адана, Бурса, Қуния, Анталия, пул бирлиги: турк лираси. Туркия тарихи ўн биринчи асрдан, турк қабилаларининг Кичик Осиёга кириб келишидан бошланади. Аммо бунгача ҳам бир неча минг йил мобайнида Туркия ҳудуди ривожланган ҳазора ўчоғи, Шарқ ва Ғарбни боғловчи жой бўлиб келган. Милоддан аввалги 1850-1200 йиллар орасида хеттлар Кичик Осиё ҳудудининг каттагина қисмини эгаллаб олиб, ўзларининг йирик давлатларини қуришган. Шундан кейин бу заминда бирин-кетин ҳурритларнинг Митанни, фригийларнинг Фригия, Урарту давлатлари вужудга келди. Фригия ўрнида бир неча майда давлатлар пайдо бўлди, булардан энг қудратлиси Лидия эди. Эгей денгизи соҳиллари антик маданият марказларидан бир эди. Тарихи милоддан олдинги 3000 йилликларга борадиган ва Гомер куйлаган Троя мустақил 46 шаҳарнинг бир эди, холос. Демак, юнон ҳазорасига кўҳна Юнонистонда (Гретсияда) эмас, айнан Онадўли соҳилларидаги юнон колонияларида асос қўйилган. Шундан бошлаб бу ҳудуд форслар, Македонияли Искандар қўл остида бўлди. Искандар қўмондонлари уни бир неча давлатга бўлиб юборишди. Милоддан олдинги биринчи асрда зўрайиб бораётган Рим бутун мамлакатни босиб ёки ўзига бўйсундириб бўлди ва кейинги минг йииликлар мобайнида Туркия Рим империяси ҳукмронлиги остида қолди. Милоднинг ўн биринчи асрида салжуқ турклари уни эгаллагунича бу ўлка Византия қўл остида эди. Мусулмон салжуқ ҳукмдори Сулаймон Кичик Осиёда ўзининг подшоҳлигини ташкил қилди, кейинчалик Қуния шаҳри Салжуқ-Рум султонлигининг пойтахти бўлди. 1192 йилда салжуқ ҳукмдорлари бу ерда Ислом давлати қуришди. Замонавий Туркия республикаси ўз тарихини ғозийлар беклиги бошлиғи, отаси Эртуғрулдан чоғроқ чегара ўлкани мерос қилиб олган Усмон ва кейинчалик унинг сулоласи қурган қудратли Усмонли салтанатдан бошланади. 1280 йилда ҳокимиятга келган Усмонли салтанат йигирманчи аср бошигача ҳукмронлик қилди. 1517 йилдан бошлаб Султон Салим Биринчи ва унинг издошлари бир неча юз йил мобайнида жаҳондаги қудратли ҳукмдорлардан бўлиб келди. Улар Византия империясини мағлуб этишди, унинг маркази Қустантанияни Истанбул номи билан ўз пойтахтларига айлантиришди. Оврупанинг анчагина қисмини, Миср, Сурия, Арманистон, Курдистон, Месопотамия шимолини эгаллашди. Кейинчалик Ҳижоз, Фаластин, Жазоир ва бошқа кўплаб ўлкалар Усмонли салтанат таркибига кирди. Туркиянинг биринчи жаҳон урушидаги мағлубияти ва ички низолар туфайли салтанат кучсизланиб, 1924 йил 3 мартида халифалик тугатилди, у республика деб эълон қилинди. Туркияда аҳолининг 80 фоизи турклар, 17 фоизи курдлар, қолганлари араблар, арманлар, греклар, яҳудийлардир. Мамлакат аҳолисининг 99 фоизини мусулмонлар ташкил этишади, улар асосан суннийликнинг ҳанафия мазҳабига мансуб. Курдлар ва араблар орасида шофеъия мазҳаби тарафдорлари ҳам бор. Аҳолининг тахминан 15 фоизи шиаликнинг алиилоҳия ва нусайрия оқимида, сўфийлик тариқатлари издошлари ҳам анчагина. Мамлакат ҳаётида Ислом дини таъсири катта, бу ерда кўплаб исломий билим юртлари, масжидлар, диний ташкилотлар фаолият юритмоқда, исломий партиялар мамлакатни бошқаришда фаол қатнашишяпти. Туркия ИКТга аъзо бўлган.