ТАЪЗИЯ
- Чоршанба, Авг 17 2022
- 176 марта кўрилди
Луғатда «юпатиш, тасалли бериш, ҳамдардлик билдириш» маъноларини билдиради. Мусулмон кишининг вафоти муносабати билан унинг яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлик ва тасалли изҳор қилиш маросими “таъзия” дейилади. Маййитнинг барча қариндошларига таъзия билдириб, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш, мусибатга сабр қилиш ҳақида насиҳатлар айтиш, марҳумнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират сўраб яхши дуо қилиш мустаҳабдир. Ким вафот этишидан қатъи назар, унинг яқинлари уч кундан ортиқ мотамсаро бўлиб юришлари ҳаромдир. Эри ўлиб, иддада қолган аёлгагина мотам муддати тўрт ойу ўн кундир. Таъзия уч кун ичида билдирилади. Аммо биродарининг ўтганини бу кунларда эшитмаган ёки сафарда бўлган кишилар уч кундан сўнг ҳам таъзия билдиришлари мумкин. Таъзия бир марта билдирилади, икки марта таъзия билдириш макруҳдир. Ҳайит кунлари яна келиб таъзия билдириш жоиз эмас. Мусибат етган хонадонда узоқ қолиб кетиш ҳам яхши эмас. Уч кун ичида маййит соҳиблари таом ҳозирлаб, кишиларни унга даъват қилишлари макруҳдир, қабиҳ бидъатдир. Аксинча, бу кунлар ичида қўшнилар, узоқ қариндошлар ўз уйларида таом тайёрлаб, мусибатзада хонадонга олиб келишлари мустаҳабдир. Худойиларни «етти», «йигирма», «қирқ», «пайшанбалик», «йил оши» деб кунларга боғлаб ва атаб ўтказиш бидъатдир. Оламдан ўтиб кетганларни унутмаслик лозим, Уларнинг руҳлари ҳақига дуолар қилиш, нафл ибодатларнинг савобини бағишлаш билан шод бўлади. Шуни яхши билиш керакки, хайр-эҳсон қилиш мустаҳаб амал бўлиб, у шариат таълимотига мувофиқ ўтказилгандагина ажру савоб қозонилади.