ТАФСИР ТУРЛАРИ
- Чоршанба, Авг 17 2022
- 393 марта кўрилди
Қуръони карим тафсирлари йўналишларига қараб бир неча турга бўлинади: 1. Луғавий тафсир. Бундай тафсирларда Қуръоннинг тилига, наҳвий жиҳатларига аҳамият берилган. Воҳидийнинг «Босит», Абу Ҳайённинг «Ал-баҳрул-муҳит» асарлари шу жумладандир. 2. Ақлий тафсир. Бунда ҳукамо ва донишмандларнинг сўзлари асосида шарҳлашга эътибор қаратилган. Фахруддин ар-Розийнинг «Мафотиҳул-ғайб» тафсири каби. 3. Фиқҳий тафсирлар. Бу хил тафсирларда кўпроқ фиқҳий ҳукмларнинг манбаларига ва далилларига аҳамият қаратилган. Масалан, Қуртубийнинг «Ал-жомеъу ли аҳкамил Қуръан» номли китоби. 4. Тарихий тафсирлар. Бу тур тафсир соҳиблари асосан Қуръондаги аввал ўтган умматларнинг қиссаларига, маълумотларига эътиборни қаратишган. Ас-Саълабий ва Ал-Хозин тафсирларида шундай йўл тутишган. 5. Фирқаларнинг тафсирлари. Бундай тафсирларни турли фирқалар ва фарқли ақидалар соҳиблари битишган. Улар Аллоҳнинг каломини ўз мазҳабларига мос равишда таъвил этишга ҳаракат қилишган. Раммоний, Жабоий, Замахшарийлар шу тоифадандир. 6. Мутасаввифларнинг тафсири. Бу хил тафсир соҳиблари тарғиб ва тарҳибга, ботиний сирлар ва рамзий ишораларни очишга жаҳд қилганлар. Ибн Арабий, Абу Абдурраҳмон ас-Салмийлар шу жумладандир. 7. Нақлий тафсир ёки маъсур тафсир. Қуръоннинг бу тур тафсирларида ояти карима аввало Китобнинг бошқа бир ўрнида муфассалроқ келган оят билан шарҳланади. Ундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобалар ва тобеъинларнинг (р.а.) сўзлари билан тафсир қилинади. Булар энг машҳур тафсирлар саналади. Лекин уларнинг айримларига мавзуъ (тўқилган) ҳадислар, ботил сўзлар ва исроилиётлар (яҳудий ва насороларнинг ривоятлари) кириб қолган. Нақлий тафсирларга Ибн Жарир Табарийнинг «Жомеъул-баён», Абу Лайс Самарқандийнинг «Баҳр ул-улум», Ибн Касирнинг «Тафсирул Қуръанил-азийм», Суютийнинг «Ад-дурул мансур» тафсирларини киритиш мумкин.