ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМ
- Душанба, Авг 15 2022
- 521 марта кўрилди
Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг биринчиси. Унга ўнта саҳифа нозил бўлган. Одам алайҳиссалом барча пайғамбарларнинг отасидир. Аллоҳ таоло уни тупроқдан яратиб, у зотга илм берган, махлуқот ичида энг афзали қилган. Аллоҳ таолонинг амрига кўра фаришталар ҳам Одам алайҳиссаломга сажда қилишди, фақат Иблис у зотга ҳасади ва куфри сабабли бўйин эгмади, оқибатда лаънатланди. Шу тариқа у Одамга ва зурриёдларига очиқ душманга айланди. Аллоҳ таоло шайтон йўлидан юрган инсонларни дўзахий бўлишлари ҳақида огоҳлантирди. Шайтон Одам алайҳиссаломга душман бўлгани учун ҳамиша алдаш йўлини излади ҳамда у зотга ва Ҳавво онамизга Аллоҳ ман этган жаннат мевасини едирди. Бу итоатсизликлари учун Аллоҳ Одам билан Ҳаввони жаннатдан ер юзига туширди. Ривоятларга кўра, Ҳазрати Одам Ҳиндистонга (баъзи манбаларда Сейлонга), Момо Ҳавво эса Саудиядаги ҳозирги Жидда шаҳрига тушишган. Улар кўп йиллар айри-айри яшаб, йиғлаб тавба қилишди. Аллоҳ таоло тавбаларини қабул қилиб, Маккада учраштирди. Улар кўплаб фарзанд кўришди, ёлғиз туғилган Шис алайҳиссалом йигирма бешинчи фарзандлари эди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил иниси Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлганига ҳасад қилиб, уни ўлдирди ва ер юзидаги илк қотилликка йўл қўйиб, динидан айрилди. Қобил авлодлари Аллоҳнинг йўлидан юрмагани учун кофир бўлиб дунёга тарқалишди. Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлаш учун Шис алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Одам алайҳиссалом Маккадаги Жабали Қувайс (тоғи)да, Ҳавво онамиз эса Жиддада дафн этилишган.