close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

КАЪБАПЎШ

Каъбанинг устига ёпиладиган қора қалин мато «каъбапўш» дейилади. Авваллари унинг устига қизил, қиботий, оқ ипакдан пўш ёпилган, ҳижрий олтинчи асрда аббосий халифа Носир Лидиниллоҳ қора пўш ёпишни жорий қилган. Каъбапўш 658 квадрат метрли бир-бирига уланган қирқ саккиз бўлак матодан иборат. Бу мато қора рангли 450 кило соф ипакдан тайёрланади. Унга олтин суви юрғизилган кумуш иплар билан «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадан Расулуллоҳ», «Жалла жалалаҳу», «Субҳаналлоҳи ва биҳамдика, субҳаналлоҳил-азийм» иборалари нақш қилинган. Баландлиги ўн тўрт метрли пўшнинг юқори қисмида тўқсон беш сантиметрли қалинликдаги камарга Ихлос сураси, олтита ояти карима ва «Я Ҳаййу, Я Қайюму, Я Раҳмон, Я Раҳим» деб ёзиб қўйилган. Ривоят қилинишича, Каъбага биринчи бўлиб мато ёпган киши Исмоил алайҳиссаломдирлар. Баъзилар эса биринчи бўлиб яманлик Туббаъ Асъад ал-Ҳимярий ёпган, дейишади. Яна  бошқа ривоятлар ҳам бор. Исломда биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сўнгра халифалар ўз замонларида мато ёпишган. 1258 милодий, 656 ҳижрий йили Аббосийлар халифалиги барҳам топганидан кейин Каъба устига ёпиладиган мато Миср ва Ямандан келтириладиган бўлди. Подшоҳ Солиҳ Исмоил Қалавун Қоҳира четидаги учта қишлоқни мато тўқишга жалб этганида, мато Мисрдан келадиган бўлди. Кейин у қишлоққа ана шу ғояда 947 ҳижрий йили Султон Салимхон Усмоний бошқа еттита қишлоқни қўшди. Сўнгра Муҳаммад Али Баша мато ишлари учун ҳукумат бошқармасини тузди. То милодий 1924, ҳижрий 1343 йилдаги фавқулоддаги сабаблар бўлгунича Миср ҳукумати мато ишлаб чиқаришни ва уни ҳар йили юборишни ўз тасарруфига олди. 1924 милодий йилдан кейин бу масъулиятли ишни подшоҳ Абдулазиз оли Сауд ўз бўйнига олиб, Маккаи мукаррамада мато чиқариш учун иншоот қуришга амр қилди. Биринчи мато 1346 ҳижрий йили тўқиб чиқарилди. 1355 ҳижрий йили Саудия ҳукумати билан Миср ҳукумати ўртасида келишув тузилгунга қадар мана шу фабрикада мато тўқилди. То 1381 ҳижрий йили тўхтаб қолгунга қадар Миср яна ҳар йили мато жўнатишни бошлади. 1382 ҳижрий йилдан бошлаб Саудия ҳукумати мато фабрикасини қайта очиб, яна ишлаб чиқаришни бошлади. Ҳозир Маккаи мукаррамада янги мато фабрикаси ишламоқда.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase