КАБОИР
- Шанба, Авг 13 2022
- 263 марта кўрилди
Луғатда «гуноҳи кабиралар, яъни улкан гуноҳлар» деган маънода келади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳ ва Унинг Расули Китоб ва Суннатда қайтарган ишлар «гуноҳи кабира» дейилади. Бундай улкан гуноҳлар учун дунёда ҳад-жазо белгиланган, охиратда таҳдид солинган, ёки уни содир қилган кишининг иймони инкор этилган ёки лаънатланган ёхуд «у биздан эмас» каби сўзлар билан сифатланган. Аллоҳ таоло гуноҳи кабиралардан четланган кишининг кичик гуноҳларини кечиб юбориши, сўнг уни жаннатга киритиши хабарини берган. Гуноҳи кабираларга: Аллоҳни инкор этиш ёки Унга ширк келтириш, қатъий ва саҳиҳ бир диний ҳукмга ишонмаслик, Аллоҳнинг раҳмат ва марҳаматидан умидни узиш, Аллоҳнинг жазо ва азобидан қалбда ҳеч қандай қўрқув ҳис этмаслик, гуноҳ ишларни бардавом қилиш, яъни аввалги гуноҳини яна қайтариш, намоз ва рўзани тарк этиш, бирор кишини ноҳақ ўлдириш, ёлғон қасам ичиш, зулм билан ўзганинг молини тортиб олиш, етимнинг молини ейиш, мўмина ва покиза аёлларга туҳмат қилиш, зино ва ливота (бесоқолбозлик) каби гуноҳлар киради. Булардан аввалги учтаси куфрдир, Аллоҳ асрасин! Қолганларига эса илоҳий жазо лозим бўлади.