ИСЛОМ КОНФЕРЕНСИЯСИ ТАШКИЛОТИ
- Шанба, Авг 13 2022
- 149 марта кўрилди
Ислом Конференсияси Ташкилоти (ИКТ) + ҳукуматлараро халқаро Ислом ташкилоти ҳисобланади. Унга 1969 йили Ислом мамлакатлари давлат ва ҳукумат бошлиқларининг Работ (Марокаш) шаҳрида бўлган биринчи учрашувида асос солинган. Ислом мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг 1972 йили Жидда (Саудия Арабистони) шаҳридаги учинчи анжуманида таъсис этилган ва Низоми қабул қилинган. Ҳозирги пайтда ИКТ 57 та мусулмон мамлакатни, шу жумладан Фаластинни бирлаштирган. Ўзбекистон Республикаси ҳам 1996 йилдан ИКТга аъзо. Ташкилот 1975 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида кузатувчи мақомига эга. ИКТнинг раҳбарий органлари + ҳар уч йилда бир марта чақириладиган давлат ва ҳукумат бошлиқлари конференсияси, ҳар йили ёки зарур ҳолларда фавқулодда чақириладиган ташқи ишлар вазирлари конференсияси ҳамда Бош котиб раҳбарлигида фаолият олиб борадиган Котибиятдир. ИКТнинг фаолияти мусулмон мамлакатларига иқтисодий ва ижтимоий тараққиётда, илмий-техникавий ишларда ёрдам кўрсатишга йўналтирилган. Ташкилот котибияти таркибида ижтимоий-иқтисодий, фан-техника, халқаро муносабатлар, ахборот, инсон ҳуқуқлари ва бошқа бўлимлар ишлаб турибди. Шунингдек, у Ислом динини тарғиб қилиш, масжидлар қуриш, мактаб ва шифохоналарга ёрдам кўрсатиш каби хайрия ишлари билан ҳам шуғулланади. Унинг қошида таълим, Фан ва маданият масалалари бўйича ташкилот АЙСЕСКО ҳам фаолият олиб боради.