ИМОМ МУСЛИМ
- Шанба, Авг 13 2022
- 159 марта кўрилди
Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ибн Вард ал-Қушайрий ан-Найсобурий, атоқли ҳадис илми имомларидан, фазилати жиҳатидан «Саҳиҳи Бухорий»дангина кейинда турадиган «Саҳиҳ» муаллифи. Ҳижрий 206 йилда Найсобур (Нишопур)нинг Қушайр қишлоғида туғилганлар. Ироқ, Ҳижоз, Шом, Миср, Бухоро ва бошқа ўлкаларда бўлиб, машҳур уламолардан таълим олганлар. «Кутубус-ситта»нинг иккинчиси ҳисобланган «Саҳиҳи Муслим» китобларида уч юз минг ҳадис ичидан беткрор тўрт минг, такрори билан етти минг саҳиҳ ҳадис жамланган. Имом Нававий бу ҳақда: «Ернинг устида, осмоннинг остида Муслимнинг китобидан кўра саҳиҳроқ, ишончлироқ китоб топилмайди», деганлар. Имом Термизий бу зотдан таълим олиб, ўз китобларида устоздан эшитган ҳадисларни ривоят қилиб келтирганлар. Муслимнинг бундан ташқари «Жомиъ ул-кабир алал абвоб», «Китабу муснад ул-кабир», «Китабу асмои ва куна», «Китабу ъилал», «Китабу тамйиз», «Китабу машойихи Молик», «Китабу авҳомул муҳаддисийн», «Китабу табақоту ат-тобеъийн» ва асарлари бор. Биргина «Саҳиҳи Муслим»га ўн бешта шарҳ ёзилган. Ҳижрий 261 йили Найсобурда вафот этганлар.