close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абу Муслим Лайсий

Шайх, имом, муҳаддис, ибратомуз сиймо, илм талабида сафар қилган, юрт кезган Абу Муслим Умар ибн Али ибн Аҳмад ибн Лайс Лайсий Бухорий.
Абу Саҳл Абдулкарим ибн Абдурраҳмон Калободий, Али ибн Аҳмад ибн Ханбож, Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳозир Ҳаррос, ҳофиз Юсуф ибн Мансур Сайёрий, имом Абдулмалик ибн Али ва бошқалардан ҳадис эшитганлар.
Самарқандда Мутохҳар ибн Муҳаммад Хоқоний ва Муҳаммад ибн Жаъфар Табасийдан, Кешда фақиҳ Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳалвоийдан, Балхда Абу Умар Муҳаммад ибн Аҳмад Мустамлийдан, Ғазнада Музаффар ибн Ҳусайн, Али ибн Муҳаммад Динаварий Лаббон ва Саъид Айёрдан, Ҳиротда Ато ибн Аҳмаддан, Бушанжда Мансур ибн Аббос Тамимийдан, Марвда Абу Амр Муҳаммад ибн Абдулазиз Қантарий ва Абу Ғоним Кароъийдан, Найсобурда Абу Ҳафс ибн Масрур ва Абдулғофир Форисийдан ҳадис эшитганлар. Ҳамадон ва Асбаҳонда ҳам ҳадис тинглаганлар. Сўнгра Ироққа келганлар. У ерда Абдусамад ибн Маъмун ва у кишининг табақасидагилардан ҳадис эшитганлар.
Бу кишидан Абул Ҳусайн ибн Туюрий, Ҳибатуллоҳ ибн Мужлий, Абу Ғолиб ибн Банно ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар.
Муътаман Сожий айтадилар: «Ҳадис илмини яхши билардилар. У кишининг “Саҳиҳи Бухорий”га муҳаббатлари, эътиборлари кучли эди».
Шужоъ айтадилар: «Ҳадисларни ёдлаб, уларни тушунар эдилар. Бу илмдан яхши хабардор бўлганлар. Ривоят илмига тегишли масалаларни ҳам англаб етган эдилар».
Хамис Ҳузий айтадилар: «Абу Муслим: “Мен ўн хуржун бўладиган ҳадис ёзиб олдим, мендан ҳам шунча ҳадис ёзиб олишди”, - дедилар».
Ибн Хозиба ҳам у кишини мақтаганлар.
Аҳмад ибн Салома айтадилар: «Менга Халил ибн Бадр ижозат хати билан Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Даққоқнинг: “Мен кўрган ҳофизлардан бири - Абу Муслим Лайсий. Асбаҳонда ёнимизга келдилар. Мен кўрган кишиларнинг “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”даги ҳадисларни пухта ёдлаганларидан эдилар. Бу икки китоб орасидаги ҳадисларни қирқ йилда тўпладилар”, - деган гапларини эшитганликларини айтиб бердилар».
Шеравайҳ Дийламий айтадилар: «Лайсий ҳузуримизга келдилар. Менга у кишидан ҳадис эшитиш насиб этмади. Ҳадисларни ёддан билсалар-да, мудаллис эдилар. Менга у кишидан Абул Қосим ибн Басрий ҳадис айтиб бердилар. Хузистонда 466 йилда вафот қилдилар».
Абул Фазл ибн Хайрун айтадилар: «У киши 468 йили Аҳвозда вафот этдилар. Мен у кишидан ҳадис эшитганман, у киши ҳам мендан ҳадис эшитганлар. Табиатларида илм аҳлидан бошқа тарафга сал мойилликлари бўлиб, ўзига бино қўйганлардан эдилар. Аллоҳ раҳматига олсин».

Имом Шамсиддин Заҳабийнинг
"Машҳур даҳолар сийрати" киобидан

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase