close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳазрати Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг қиссаларидаги илм-маърифат ва ҳақиқат

Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғилларини забҳ қилаётганларини кўрдилар. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг кўрган тушлари ваҳий бўлади, шу сабабли ўғиллари Исмоилни сўйиш жойига олиб бордилар. Бу ерда ўз тушларини шундай баён қилдилар: «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин».
Субҳаналлоҳ Пайғамбар алайҳиссаломларнинг таълимотлари шу қадар ажиб ва енгил тарзда бўлади. Сўзлашаётган одамга буткул юк юклаб қўймай, балки уларга савол тарзида мурожаат қиладилар. Бу хос тариқанинг таъсири эшитувчи хурсанд бўлиб, таълимни дарҳол қабул қилишида сезилади. Шу услубдаги таълим тури ниҳоятда самаралидир. Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломни сўйишдаги қарорлари қатъий эди. Шундай бўлса ҳам ўғилларига: “Мен тушимда сени қурбонлик учун сўяётганимни кўрдим. Шунинг учун сени фалон жойга сўйиш учун олиб бораман, тайёр бўлиб тур” демай, бу сўзни шу қадар енгил ҳолда баён қилдилар: “Эй ўғлим мен шундай туш кўрибман, сизнинг фикрингиз нима?” деб ўғилларига маслаҳат солдилар. Ҳозирда ҳам бирор шахс шу тарздаги таълимни ихтиёр қилса, ниҳоятда таъсирли ва самарали бўларди.
Исмоил алайҳиссалом тезда: “Жавобини нима ҳам дердим? Аллоҳ сизга нима ҳукм буюрган бўлса, уни адо қилинг. Мен ҳозир қасдимда қатъийман, аммо ўша сўйиш пайтида озгина саросимага тушсам ҳам инша Аллоҳ мени сабр қилувчи ҳолда топасиз” дедилар. Буни эшитиб Иброҳим алайҳиссалом сўйиш учун тайёр бўлдилар ва ўғилларини ерга ётқизиб, ўткир пичоқ билан бўйниларига қаттиқ-қаттиқ ишқалай бошладилар. Лекин ҳарчанд уринсалар ҳам пичоқ кесмас эди. Шу пайт бошқа томондан: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонликни эваз қилиб бердик” деган овоз келди.
Баъзи ривоятларда Исмоил алайҳиссаломнинг эвазига жаннатдан бир қўй қурбонлик учун юборилди, деб келади. Ҳақиқатда бу воқеада Иброҳим алайҳиссалом учун қаттиқ имтиҳон бор эди. Инсон ҳаётдан безор, мағлубият аламини тортаётган кайфиятда эҳтимол ўз фарзандини забҳ қилиши мумкиндир. Лекин ақли –ҳуши жойида кайфияти мўтадил бўлган ҳолда ҳаргиз бундай ишга журъат қила олмайди. Балки фарзандини қурбонлик қилгандан кўра ўзини ўлдириб қўйгани осонроқ. Шу нарса аёнки, Иброҳим алайҳиссалом бу ишлари ҳушёр, кайфиятлари жойида бўлган ҳолатларида содир бўлган эди. Ҳиссётлари ёмон ва мағлубият ҳолатда бўлганларини бу ерда шубҳаси ҳам йўқ эди. Чунки Набий алайҳиссаломлар ҳеч қачон бундай ҳолатларга ҳақиқатлар уларнинг идрокидан ғойиб бўладиган даражада мағлуб бўлмайдилар.
Бошқа тарафдан яна Аллоҳ таоло “Эй Иброҳим батаҳқиқ сиз тушни тўғри бажардингиз” деб турибди. Иброҳим алайҳиссалом бу ишни Аллоҳнинг ҳукмини амалга ошириш ниятида қасддан қилган эканликлари “соддақта”нинг иснодидан маълум бўлмоқда. Агар ўзини билмай қолган ҳолатда қилганда, қасд мукаммал бўлмасди.
Учинчидан, Аллоҳ таоло оят давомида: “Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос”.
Бу жудаям қаттиқ имтиҳон эди. Бундан Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўз ихтиёрлари, ҳиссиётлари жойида бўлган ҳолда қилганликлари маълум бўлади.Чунки кишининг ҳуши жойида бўлган пайтдаги синов унинг учун имтиҳон бўлади. Ҳиссиётини бошқара олмаган одам нима қилса, уни беихтиёр қилади. У ерда Аллоҳ тарафидан бирор‑бир имтиҳон бўлмайди. Мақсад, ҳиссиётларга мағлуб бўлишдан Анбиё алайҳиссаломлар маъсумдирлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase