Қурбонлик қилиш жоиз бўлмаган инсонлар
- Жума, Июл 08 2022
- 97 марта кўрилди
Баъзи кишилар ўта ночор ёки уларнинг зиммасида заҳирадан ташқари бандаларнинг ҳақлари ҳам бор бўлса, энг аввал уларни адо қилиши шартдир. Лекин баъзи инсонлар фахрланиш ёки риё учун барча ҳақлардан кўз юмиб, яъни уни кейинга ташлаб, олдиндан ҳамиша бизнинг ҳузуримизда қурбонлик бўлиб келган деб қурбонликка қаттиқ туришади. Ҳеч паст келишмайди. Агар ўзларида маблағ бўлмаса, қарз олиб бўлса ҳам қилишади.
Баъзи кишиларни кўрсангиз, ўликларига ҳам қўшиб бир неча ҳисса қурбонлик қилишади. Тирикларнинг вожиб бўлган ҳақларини эса, унитиб қўядилар. Ваҳоланки аслида бир танга қарзни адо қилишлик, юз дирҳамга қурбонлик сотиб олишдан яхшироқдир. Бу суратда бировнинг ҳақини адо этмаганига алоҳида гуноҳкор бўлса, нияти бузуқлигининг гуноҳи алоҳида бўлади.
Албатта, бирор кишининг ҳақи зоеъ бўлмаса ва риё аломати бўлмаса, нафл қурбонлик қилиш мустаҳаб ва муҳаббатнинг белгисидир. Шунингдек омма мусулмонлар томонидан, дин катталари томонидан, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қурбонлик қилиш мандуб амалларнинг энг суюклисидир, яъни мустаҳаб ишларнинг энг афзалидир. Нафл қурбонлик қилиш манфаат, лекин бировларнинг ҳақларини, қарзларини адо этмаслик зарардир. Зарар етмагандагина нафл қурбонлик қилиш жоиз бўлади.