close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Кириш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Аллоҳнинг охирги Расули Муҳаммад Мустафога мукаммал саловоту саломлар бўлсин!
Зарарли бўлиб кўринган баъзи нарсалар ортидан яхшиликлар келиши ҳам мумкин. Ҳамма нарса Аллоҳ азза ва жалланинг иродаси ила бўлади. Баъзи давлатларда Аллоҳ таолонинг Набийларининг афзали ва охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан беодоблик содир бўлиб, у зотга ёмонлик соғиниб масхара қилиш учун расмлар чоп этилганда ҳамма хафа бўлди. Дунёнинг барча тарафларида мусулмонларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мазкур намойишлар баъзи ҳолатларда кўнгилсиз оқибатларга ҳам сабаб бўлди. Баъзида ўлим ҳолатлари ҳам содир бўлди. Баъзида биноларга ўт қўйилди ва ҳоказо.
Аммо мазкур беодобликка қарши юксак одобни ишга солганлар ҳам оз эмас эди. Бу жумладаги кучлар ўша ҳассос вазиятда кўпчиликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятларини ўзига хос услубда танитиш зарурлигини англаб етганлар эди. Биз ҳам уларнинг жумласидан эдик. Беодобларга қарши кўриладиган энг яхши чоралардан бири ҳаммага – мусулмонларга ҳам, бошқаларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхшилаб танитиш керак, деган фикрни қатъият ила ушладик. Ўша вақтда чоп қилинадиган «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидаги китобларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган йигирманчи жузини «Оламларга раҳмат Пайғамбар» номи ила чоп этдик. Турли маърузалар қилдик. Жумладан, мавлуд муносабати билан уюштирилган илмий суҳбатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, сифатлари ва суннатлари ҳақида кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қилдик. Ушбу мавзуга бағишланган халқаро анжуманларда ватанимиз мусулмонлари номидан қатнашдик.
Ўша пайтларда Баҳрайн давлатида бўлиб ўтган анжуманда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам маъносини англатувчи «Дунё нусрат ташкилоти» тузилган эди. Яхши ният билан тузилган бу ташкилот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга яхшироқ таништиришни ўзига вазифа қилиб олган эди.
Милодий 2008 йилнинг ноябр ойи бошида Кувайт давлатида «Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжумани бўлиб ўтди. Унда ходимингиз, ушбу сатрларнинг ёзувчиси ҳам иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Мажлисларда биринчи анжумандан буён қилинган ишлар ҳақида сўзлаб ўтилди. Бу ҳақидаги маълумотлар кишини қувонтирадиган даражада катта ва кенг кўламлилиги билан ажралиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонларга ҳам, бошқаларга ҳам таништириш борасида ибратли ва самарали ишлар олиб борилгани яққол кўриниб турарди.
Анжуманнинг иккинчи ярмида келажакда қилинадиган ишлар ҳақида сўз борди. Турли ташкилотлар ва шахслар ўзлари амалга оширишни кўзлаётган режалар ҳақида сўзладилар. Режалар кўлами қилинган ишлардан кўра бир неча марта кўп ва катталиги билан ажралиб турарди. Бу ҳамма учун қувончли эди.
«Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжуманида шу пайтгача қилинган ишлар ҳақидаги маърузалардан бирида ташкилот томонидан «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» номли китоб тайёрлангани ҳақидаги ахборот ҳам тақдим этилди. Мазкур маърузаларда айтилишича, мазкур китобда «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, рисолатлари у зотнинг энг муҳим ва васийқали сўзлари ва ишлари орқали» баён қилинган. Унда фақат ишончли ҳадислардан фойдаланилган. Ҳеч қандай шарҳ ва тафсилотлар йўқлиги ҳам айтиб ўтилди. Китобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан  танишмоқчи бўлган кишига асл матнларни ўзи баҳолаш имконияти берилиши кўзда тутилган.
Анжуманда кейинчалик қилинадиган ишлар ҳақида сўзланганда мен ҳам ушбу китобни она тилимизга таржима қилишни ният қилдим. Ушбу эзгу ниятнинг амалга ошишида Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраб дуолар қилдим.
«Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжуманидан қайтгандан кейин Аллоҳ азза ва жалланинг инояти ва ёрдами билан Усулул фиқҳ илмига оид китобимни ёзиб битирдим. Шундан сўнг яна Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраган ҳолда «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобини таржима қилишни бошладим. Шу билан бирга иш давомида баъзи мулоҳазалар ҳам хаёлдан ўтди.
Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларига оид бир минг бир юз йигирма тўртта энг сара ҳадислар матнининг бир китобда жамланиши катта илмий бойликдир. Бу бойликдан бизнинг азиз халқимиз ҳам дунёнинг бошқа халқлари билан бир қаторда ўз тилида фойдаланиш имконига эга бўлиши катта бахтимиздир.
Ушбу китобда келтирилган ҳадисларнинг кўп қисмини айнан бизнинг ватанимиз фарзандлари, буюк муҳаддислар Бухорий, Термизий ва Насаий каби боболаримиз ривоят қилгани биз учун алоҳида фахр ва эъзоз боисидир.
Ушбу китобни тузувчилар ўзларининг муқаддималарида: «Аллоҳнинг изни ила китоб оламий тилларга таржима қилинади ва дунёдаги кутубхона ва илмий марказларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари, суннатлари, сийратлари ва шариатлари билан танишишнинг бевосита васийласи бўлиши учун юборилади», дейдилар.
Ана ўша китобнинг режа қилинаётган таржималарининг биринчиларидан бўлиши умид қилинаётган ушбу она тилимдаги таржимаси ватанимиз мусулмонларининг Аллоҳнинг изни ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нусратларига қўшган ҳиссалари бўлади, деган ниятдамиз.
Аллоҳим, бу ожизона хизматларимизни даргоҳингда қабул этгин ва уни ҳаммамиз учун фойдали қилгин!     

Шайх Муҳаммад Содиқ  Муҳаммад Юсуф

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase