close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муқаддима

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оламларнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин!
Набийимиз Муҳаммадга, у зотнинг оли байтларига ва барча саҳобаларига Роббимизининг саловотлари, саломлари ва баракотлари бўлсин!
Азиз ўқувчи, қўлингизда «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», яъни унинг шарҳида айтилганидек «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, рисолатлари у зотнинг энг муҳим васийқали сўзлари ва ишлари орқали» китоби турибди.
Бу китобнинг ўзига хос алоҳида жиҳатлари бор.
Биринчидан, бу китоб янги ва имтиёзли маҳсулдир. У, набавий суннатдан танланган матнлар мажмуасидан иборат бўлиб, барчага – мусулмонларга ҳам, номусулмонларга ҳам бирдай мўлжалланган. Ўқувчи ушбу матнлар орқали Ислом ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам билан танишади. Яъни, набавий матн орқали бевосита танишиш имкониятига эга бўлиб, бировнинг шарҳи ёки баёнига муҳтож бўлмайди.
Бу китоб ўзи мустақил ҳолида манбаъ бўлиши ирода қилинган. Жуда ҳам равшан ва осон. Мутахассис бўлмаган мусулмон ёки мусулмонмас ўқувчи ҳам бошқа биров уни равшанлаштириб ва баён қилиб беришига муҳтож бўлмайди.
Иккинчидан, матнларни танлаш шартлари ҳам ўзига хос:
1. Матнларнинг саҳиҳ бўлиши эътиборга олинган. Улар фақат қабул қилинган саҳиҳ, ўзи яхши ва гувоҳлари билан яхши ҳисобланган матнлардир.
2. Барчаси муҳкам матнлар бўлиб, уларнинг ичида насх қилинган (амалдан қолдирилган) матнлар йўқ.
3. Шарҳга, ишколини кетказишга ва у билан бошқа матнни жамлашга муҳтож бўладиган матн ҳам йўқ. Бошқа ибора билан айтганда ушбу набавий ҳадисларнинг мушкули йўқ. Яъни, бу ердаги ҳар бир ҳадис ортиқча изоҳларсиз ҳам тушунилиши осон.
4. Уламолар орасида хилофга сабаб бўладиган масалаларга далил қилинадиган матнлар Ушбу китобга киритилмаган.
5. Асосан, кўпчилик идрок қила оладиган ва уларнинг муаммолари ҳамда эҳтимомларини равшан баён қиладиган матнлар танланган.
Китобнинг мазмунига иттифоқ ҳосил бўлиши учун бундаги барча ҳадислар бир қанча илмий манбаъларга ҳам солиштириб чиқилган.
Учинчидан, китобнинг мақсади холис таништирувдан иборат. Бунда:
1. Набавий суннат орқали Ислом аҳкомлари ва ҳидоятини таърифлаш кўзда тутилган.
2. Набавий ҳадисларда тарқоқ ҳолда бўлган матнларни жамлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотнинг ўз сўзлари, ҳаётларидаги ҳодисалар ва саҳоба розияллоҳу анҳум билан мулоқотлари орқали таърифлаш мақсад қилиб қўйилган.
3. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан иборат, маъноси равшан, ўқилиши равон, ҳар бир онгли киши фаҳмлай оладиган осон китобни юзага келтиришга ҳаракат қилинган. Уни ҳар бир кишига тақдим қилиш ва кенг тарзда нашр қилиш имкони бўлади. Қуръони Карим ва ушбу китобнинг нусхалари барча учун Исломни ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш борасида асосий манбаъ бўлади.
Тўртинчидан, китобни тузишда қуйидаги ишлар қилинди:
1. Набавий ҳадисларни имом Моликнинг «Муваттоъ»сидан, икки «Саҳиҳ»дан, «Сунани Абу Довуд», «Жомеъи Термизий», «Сунани Насаий» ва бошқалардан олинди.
2. Ҳадисларни танлаш аввал айтиб ўтилган шартлар асосида амалга оширилди.
3. Ҳадисларни мавзулар асосида тартибга солинди.
4. Ҳадисларни олинган манбаълари кўрсатилди. Англаниши қийин бўлган сўзларнинг баёни келтирилди.
5. Аллоҳ таолонинг изни ила китоб оламий тилларга таржима қилинади ва дунёдаги барча кутубхона ва илмий марказларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари, суннатлари, сийратлари ва шариатлари билан танишишнинг бевосита васийласи бўлиши учун юборилади.
Ушбу китобнинг ғояси, уни чиқариш, ишга раҳбарлик қилиш ва қайта кўриб чиқиш «Ислам алявм» муассаси бош кузатувчиси Аллоҳ у кишини асрасин, шайх Салмон Фаҳд Авдага оиддир.
 Ушбу режага биноан ҳадисларни доктор Умар ибн Абдуллоҳ Муқбил, доктор Сомий ибн Абдулазиз Можд, доктор Абдулваҳҳоб ибн Носир Торийрий танлашди.
Китобдаги ҳадислар олинган манбаъларни аниқлаш, уларга таълийқ қилиш, мувофиқлаштиришни шайх Маҳмуд Шаъбон Абдулмақсуд раҳбарлигидаги илмий гуруҳ амалга оширди.
Устоз Холид ибн Фаҳд Биҳлол китобни қайта кўриб чиқди ва мусаҳҳиҳлик қилди.
Ушбу китобнинг ишчи гуруҳи китобнинг олий мақсадига хизмат қиладиган ўзгартиш, қўшимча қилиш ва қисқартиш бўйича барча таклиф ва мулоҳазаларни мамнуният билан қабул қилади.
Бу китоб ўқиш учун ҳам, қабул қилиш учун ҳам осондир. Албатта, ҳадисларни бу тарзда жамлаб китоб ҳолида нашр этиш янгилик эмас. Дийнимиз тарихида ҳадисларни жамлаш асосида тузилган китоблар жуда кўп.
Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари ва рисолатларини оламларга яқинлаштириш учун ижтиҳод қилиб ҳадисларни жамлаб китоб ҳолига келтирдик. Буни Аллоҳ азза ва жалладан савоб, тавфиқ, ёрдам ва ишимизни тўғрилаши умидида қилдик.
Аллоҳим, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва ул муборак зотнинг аҳли байтларига, саҳобаи киромларига саловоту дурудлар юборгин. Валҳамдулиллаҳи Роббил оламийн!

 

 

 

Кириш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Аллоҳнинг охирги Расули Муҳаммад Мустафога мукаммал саловоту саломлар бўлсин!
Зарарли бўлиб кўринган баъзи нарсалар ортидан яхшиликлар келиши ҳам мумкин. Ҳамма нарса Аллоҳ азза ва жалланинг иродаси ила бўлади. Баъзи давлатларда Аллоҳ таолонинг Набийларининг афзали ва охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан беодоблик содир бўлиб, у зотга ёмонлик соғиниб масхара қилиш учун расмлар чоп этилганда ҳамма хафа бўлди. Дунёнинг барча тарафларида мусулмонларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мазкур намойишлар баъзи ҳолатларда кўнгилсиз оқибатларга ҳам сабаб бўлди. Баъзида ўлим ҳолатлари ҳам содир бўлди. Баъзида биноларга ўт қўйилди ва ҳоказо.
Аммо мазкур беодобликка қарши юксак одобни ишга солганлар ҳам оз эмас эди. Бу жумладаги кучлар ўша ҳассос вазиятда кўпчиликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятларини ўзига хос услубда танитиш зарурлигини англаб етганлар эди. Биз ҳам уларнинг жумласидан эдик. Беодобларга қарши кўриладиган энг яхши чоралардан бири ҳаммага – мусулмонларга ҳам, бошқаларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхшилаб танитиш керак, деган фикрни қатъият ила ушладик. Ўша вақтда чоп қилинадиган «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидаги китобларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган йигирманчи жузини «Оламларга раҳмат Пайғамбар» номи ила чоп этдик. Турли маърузалар қилдик. Жумладан, мавлуд муносабати билан уюштирилган илмий суҳбатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, сифатлари ва суннатлари ҳақида кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қилдик. Ушбу мавзуга бағишланган халқаро анжуманларда ватанимиз мусулмонлари номидан қатнашдик.
Ўша пайтларда Баҳрайн давлатида бўлиб ўтган анжуманда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам маъносини англатувчи «Дунё нусрат ташкилоти» тузилган эди. Яхши ният билан тузилган бу ташкилот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга яхшироқ таништиришни ўзига вазифа қилиб олган эди.
Милодий 2008 йилнинг ноябр ойи бошида Кувайт давлатида «Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжумани бўлиб ўтди. Унда ходимингиз, ушбу сатрларнинг ёзувчиси ҳам иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Мажлисларда биринчи анжумандан буён қилинган ишлар ҳақида сўзлаб ўтилди. Бу ҳақидаги маълумотлар кишини қувонтирадиган даражада катта ва кенг кўламлилиги билан ажралиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонларга ҳам, бошқаларга ҳам таништириш борасида ибратли ва самарали ишлар олиб борилгани яққол кўриниб турарди.
Анжуманнинг иккинчи ярмида келажакда қилинадиган ишлар ҳақида сўз борди. Турли ташкилотлар ва шахслар ўзлари амалга оширишни кўзлаётган режалар ҳақида сўзладилар. Режалар кўлами қилинган ишлардан кўра бир неча марта кўп ва катталиги билан ажралиб турарди. Бу ҳамма учун қувончли эди.
«Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжуманида шу пайтгача қилинган ишлар ҳақидаги маърузалардан бирида ташкилот томонидан «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» номли китоб тайёрлангани ҳақидаги ахборот ҳам тақдим этилди. Мазкур маърузаларда айтилишича, мазкур китобда «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, рисолатлари у зотнинг энг муҳим ва васийқали сўзлари ва ишлари орқали» баён қилинган. Унда фақат ишончли ҳадислардан фойдаланилган. Ҳеч қандай шарҳ ва тафсилотлар йўқлиги ҳам айтиб ўтилди. Китобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан  танишмоқчи бўлган кишига асл матнларни ўзи баҳолаш имконияти берилиши кўзда тутилган.
Анжуманда кейинчалик қилинадиган ишлар ҳақида сўзланганда мен ҳам ушбу китобни она тилимизга таржима қилишни ният қилдим. Ушбу эзгу ниятнинг амалга ошишида Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраб дуолар қилдим.
«Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжуманидан қайтгандан кейин Аллоҳ азза ва жалланинг инояти ва ёрдами билан Усулул фиқҳ илмига оид китобимни ёзиб битирдим. Шундан сўнг яна Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраган ҳолда «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобини таржима қилишни бошладим. Шу билан бирга иш давомида баъзи мулоҳазалар ҳам хаёлдан ўтди.
Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларига оид бир минг бир юз йигирма тўртта энг сара ҳадислар матнининг бир китобда жамланиши катта илмий бойликдир. Бу бойликдан бизнинг азиз халқимиз ҳам дунёнинг бошқа халқлари билан бир қаторда ўз тилида фойдаланиш имконига эга бўлиши катта бахтимиздир.
Ушбу китобда келтирилган ҳадисларнинг кўп қисмини айнан бизнинг ватанимиз фарзандлари, буюк муҳаддислар Бухорий, Термизий ва Насаий каби боболаримиз ривоят қилгани биз учун алоҳида фахр ва эъзоз боисидир.
Ушбу китобни тузувчилар ўзларининг муқаддималарида: «Аллоҳнинг изни ила китоб оламий тилларга таржима қилинади ва дунёдаги кутубхона ва илмий марказларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари, суннатлари, сийратлари ва шариатлари билан танишишнинг бевосита васийласи бўлиши учун юборилади», дейдилар.
Ана ўша китобнинг режа қилинаётган таржималарининг биринчиларидан бўлиши умид қилинаётган ушбу она тилимдаги таржимаси ватанимиз мусулмонларининг Аллоҳнинг изни ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нусратларига қўшган ҳиссалари бўлади, деган ниятдамиз.
Аллоҳим, бу ожизона хизматларимизни даргоҳингда қабул этгин ва уни ҳаммамиз учун фойдали қилгин!     

Шайх Муҳаммад Содиқ  Муҳаммад Юсуф

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase