close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ихлос, Фалақ, Нос суралари фазилати

 

 

 

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратиб қолиб, аввал сўз бошладим. У кишининг қўлларини ушлаб:
– Ё Расулуллоҳ, бу ишнинг (яъни, Исломнинг) нажоти нима? – деб сўрадим.
– Эй Уқба, тилингни тий, уйинг сенга кенг бўлсин, гуноҳларинг учун йиғла, – дедилар.
Бошқа сафар у зот мени учратиб қолиб, аввал сўз бошладилар, қўлимни ушлаб:
– Эй, Уқба ибн Омир! Сенга Таврот, Инжил, Забур ва Улуғ Қуръондаги учта яхши сурани айтайми? – дедилар.
– Ҳа, (айтинг). Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – дедим.
У зот менга Ихлос, Фалақ, Носни ўқиб бердилар. Кейин таъкидладилар:
– Эй Уқба, уларни унутма, бирон тунни бу сураларни ўқимай ўтказма!
Мен уларни ҳалигача унутганим йўқ. Бу сураларни ўқимагунимча тонг оттирмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни (бошқа сафар) учратиб қолиб, у зотдан олдин сўз бошладим. Қўлларидан ушлаб дедим:
– Ё Расулуллоҳ, менга фазилатли амаллардан хабар беринг!
– Эй Уқба, сен билан (орани) узган одам ила (яхши) муносабатда бўл, сенга бермаганга бер, сенга зулм қилган кимсадан юз ўгир .
Ибн Хубайб ривоят қилади: Биз ёмғирли, зим-зиё тунда йўлга чиқдик. Намоз ўқиб берсинлар, деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қидирдик. У зотни топганимизда:
– Сизлар намоз ўқидингизми? – деб сўрадилар.
Мен индамадим. У зот:
– Қул (яъни, айт), – дедилар.
Мен ҳеч нима демадим. Кейин яна:
– Қул (айт), – дедилар.
Мен индамай туравердим. У зот яна дедилар:
– Қул (айт).
– Ё Расулуллоҳ, нимани айтаман?
– Қул ҳуваллоҳу аҳад билан муаввизайнни кеч кирганда, тонг отганда уч марта ўқи. Шунда улар сен учун кифоя қилади .
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оила аъзоларидан биронтаси касал бўлиб қолса, муаввизот билан дам солардилар. Вафот этишларидан олдин бетоб бўлиб қолганларида мен у зотга дам солардим, қўллари билан ўзларини силардим. Чунки у зотнинг қўллари меникидан баракалироқ эди ”.
Расули акрам алайҳиссалом Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб, ўзларига, оила аъзоларига дам солардилар. Агар касал бўлсалар, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз Қуръон ўқиб у зотга дам солганлар.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase