close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ихлос сураси неча марта ўқилади?

 

 

 

Ихлос сурасини 3, 10, 12, 50, 100, 200, ҳатто 1000 марта ўқиш хосияти ҳақида ривоятлар келган.
Ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ихлос, Фалақ, Нос сураларини кеч кирганда ва тонг отганда 3 марта ўқи. Шунда улар сенга етарли бўлади”, деганлар .
Бу ривоят тафсилоти қуйида келтирилади.
Муоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Ихлос сурасини охиригача 10 марта ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир қаср қуради”, дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Ё Расулуллоҳ, ундай бўлса, янаям кўпайтираман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ кўпайтирувчи, чиройли қилувчидир”, деб марҳамат қилдилар .
Мусулмон кишининг амали Аллоҳга малол келмайди. Агар банда амалдан чарчамаса, уни мукофотлаш Аллоҳ учун қийин эмас.
Кимда-ким жаннатни қўлга киритишни истаса, Ихлос сурасини имкони борича кўпроқ ўқийди, маъноларини қалбига жойлаб, эътиқодини кўз қорачиғидек асрайди. Шунда жаннат йўлланмасини қўлга киритади, иншааллоҳ!
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким имонли ҳолида уч нарса билан келса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради, хоҳлаган ҳурга уйланади: қотилини кечирган, (биродари) қарзини ҳеч кимга билдирмай адо этган, ҳар бир фарз намозидан кейин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни 10 марта ўқиган одам”, дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ: “Агар биттаси билан келса-чи?” деб сўраган эди, у зот: “Биттаси билан келса ҳам”, деб марҳамат қилдилар ”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Ихлос сурасини 12 марта ўқиса, Қуръонни тўрт марта ўқиган (яъни, хатм қилган) ҳамда ер юзидагиларнинг энг афзали бўлади ”.
Байҳақий “Шуабул имон”да келтирган бошқа ривоятда: “Ким бомдод намозидан кейин Ихлос сурасини ўн икки марта ўқиса, Қуръонни тўрт марта хатм қилган, агар тақво қилса, ўша куни ер аҳлининг энг афзали саналади”, дейилган.
Бундан чиқди, айтилган фазилатга эришиш учун Аллоҳга тақво қилиш керак.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Ихлос сурасини 50 марта ўқиса, Аллоҳ унинг эллик йиллик гуноҳларини кечириб юборади”, деганлар .
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Ким ҳар куни Ихлос сурасини 50 марта ўқиса, қиёмат куни унга: “Эй, Аллоҳни мақтовчи инсон! Ўрнингдан тур ва жаннатга кир!” дейилади ”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Табукда бўлганимизда бир куни қуёш бошқача зиё таратиб чиқди. Олдин бунақасини ҳеч кўрмагандик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёшнинг зиёсидан ажаблана бошладилар. Шунда Жаброил у зот ҳузурларига келди. Набий алайҳиссалом сўрадилар:
– Эй Жаброил, мен бугун қуёш ўзгача зиё таратиб чиққанини кўряпман. Нима бўлди?
– Мадинада Муовия ибн Муовия Лайсий вафот этди. Аллоҳ унинг жанозасига 70.000 фариштани жўнатди.
– Нима сабабдан, эй Жаброил? – сўрадилар Расулуллоҳ.
Жаброил шундай деди:
– У “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни жуда кўп – турганда, ўтирганда, юрганда, кечасию кундузи ўқирди. Зеро, бу сура Парвардигорингиз сифатидир. Ким уни 50 марта ўқиса, Аллоҳ унинг даражасини 50.000 поғона кўтаради, 50.000 та гуноҳини кечиради, унга 50.000 та ҳасана ёзади. Ким зиёда қилса, Аллоҳ ҳам унга (фазлу марҳаматини) зиёда қилади... Ё Расулуллоҳ, сизга ернинг масофасини қисқартириб берайми, Муовияга жаноза ўқийсизми?
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Ҳа, – дедилар ва унга жаноза ўқидилар .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Ихлос сурасини намозда ёки намоздан ташқарида 100 марта ўқиса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан омонлик ёзади ”.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Ихлос сурасини 200 марта ўқиса, агар тўрт нарса: қонлар, моллар, фаржлар, ичимликлардан йироқ юрса, эллик йиллик гуноҳлари кечирилади ”.
Ихлос сурасини икки юз марта ўқиган одамнинг эллик йиллик гуноҳлари кечирилиши учун беш нарсадан узоқ бўлиш керак:
1. Қарз.
2. Ноҳақ одам ўлдириш.
3. Ўзгалар мулкига кўз олайтириш.
4. Фаҳш ишлар.
5. Маст қилувчи ичимликлар ичиш.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: “Ким Ихлос сурасини ҳар куни 200 марта ўқиса – агар зиммасида қарзи бўлмаса – эллик йиллик гуноҳлари (номаи аъмолидан) ўчирилади ”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким арафа куни заволдан кейин (то шомгача) Ихлос сурасини 1000 марта ўқиса, Аллоҳ азза ва жалла унинг сўраганини беради ”. Яъни, дуоси мустажоб бўлади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase