close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фотиҳа сураси фазилати

 

 

 

Фотиҳа Қуръони каримнинг биринчи сурасидир. Шунинг учун “Фотиҳа” (яъни, “очувчи”), дейилади. Бу сура “Уммул Китоб” (Китобнинг онаси) деб ҳам аталади. Сабаби Фотиҳа Қуръоннинг мазмунини, Ислом дини асосларини ўзида жамлаган.
Фотиҳа сурасининг фазилати ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқиб, бир жойда қўним топдилар. Бир киши у зотга яқин ерга жойлашди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб: “Сенга Қуръондаги энг улуғ сура қайсилигини айтайми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Шунда Пайғамбаримиз Фотиҳа сурасини тиловат қилдилар .
Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом Абу Зайд деган саҳоба билан кечаси Мадина кўчалари бўйлаб кетаётганларида бир одам таҳажжуд намозида Фотиҳа сурасини ўқиётганини эшитдилар. Қироатни охиригача тингладилар. Кейин: “Қуръонда бунга ўхшаган биронта ҳам сура йўқ”, дедилар .
Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳ Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Фотиҳага ўхшаш сурани нозил қилмаган. У етти такрорланувчи (оятлардан иборат)дир. (Аллоҳ:) “У Мен билан бандам ўртасида иккига тақсимланган. Бандам учун сўрагани (берилади)”, (деб айтган )”.
Аллоҳ таоло Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Фотиҳага ўхшаган фазилатли сурани нозил қилмаган. Бундай улуғ сура фақат Қуръонда бор.
Ривоятнинг иккинчи қисмида Аллоҳ таоло: “У Мен билан бандам ўртасида иккига тақсимланган. Бандам учун сўрагани (берилади)” демоқда. Бундан чиқди, Фотиҳа сурасини ўқигандан кейин ихлос билан дуо қилинса, тилаклар ижобат бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссалом билан бирга эдилар. Шу пайт тепадан бир овоз эшитдилар. Жаброил осмонга қараб: “Бу – осмондан очилган эшик. У ҳеч қачон очилмаганди”, деди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир фаришта тушиб: “Сиз икки нур билан хурсанд бўлинг. Бу иккиси Сиздан олдинги ҳеч бир пайғамбарга берилмаган. Улар Фотиҳа сураси билан Бақаранинг охирги оятларидир. Улардан бирон ҳарф ўқисангиз, сизга берилади”, деди ”.
Бу ривоятдан қуйидаги хулосалар чиқади:
1. Жаброил фаришта Набий алайҳиссалом ҳузурларида турганида осмондан бир фаришта тушиб, Фотиҳа ва Бақаранинг охирги оятлари фазилати ҳақида хабар берган;
2. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Жаброилдан бошқа фаришталар ҳам тушган;
3. Осмоннинг эшиклари кўп. Улар маълум сабабларга кўра очилади;
4. Фотиҳа сурасини ҳамда Бақаранинг охирги оятларини ўқиган одам жуда кўп савоб олади, дуоси мустажоб бўлади.
Муаллим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фотиҳа сураси Уммул Қуръон, Уммул Китоб, Сабъул масонийдир”, деганлар .
Бу ерда Фотиҳа сурасининг бошқа номлари келтирилмоқда.
“Уммул Қуръон” Қуръоннинг онаси дегани. Фотиҳа Қуръони карим маъноларини ўзида жамлаган. Аллоҳ таоло шу қисқагина сурага Қуръоннинг бутун мазмун-моҳиятини жойлаб қўйган.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло аввалги китоблар илмини Қуръонда жамлаган. Қуръон илмини Муфассалда жамлаган. Муфассал илмини Фотиҳада жамлаган. Кимда-ким Фотиҳа сураси тафсирини ўрганса, нозил этилган барча (самовий) китоблар мазмунидан хабардор бўлади ”.
Уммул Китоб ҳам Уммул Қуръон маъносида қўлланади.
Сабъул масоний икки хил маънога эга:
1. Етти такрорланувчи оят.
2. Етти оятдан иборат икки марта нозил қилинган сура.
Маълумки, Фотиҳа сураси намознинг ҳар бир ракатида такрор-такрор ўқилади. Етти оятдан иборат бу қисқа сурани мусулмон банда ҳар куни камида 30-32 марта қайтаради. Агар бошқа нафл ибодатларни ҳам қўшиб ҳисобласак, бундан ҳам ортиб кетади. Лекин шунча такрорласак ҳам Фотиҳа сураси тиловатидан ҳеч зерикмаймиз, ҳар сафар ўзгача иштиёқ билан қироат қиламиз.
Аслини олганда, ҳар қанча нозик дид билан ёзилган шеър ёки бадиий асар ҳам дам-бадам ўқилаверса, кишини зериктиради. Лекин Қуръони карим ундай эмас. Қуръонни ўқиган сари унга бўлган иштиёқ ортиб бораверади. Кунига ўртача 30-32 марта такрорланадиган Фотиҳа сурасини ёши 70-80 га етган одам неча марта такрорлашини тасаввур қилиб кўринг-а!
Фотиҳа сурасини кўп ўқиган одам турли касалликлардан йироқ бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фотиҳа сураси ҳар қандай дардга шифодир”, деб марҳамат қилганлар .
Фотиҳа сураси маънавий иллатларга барҳам беради. Фотиҳани ўқиган инсон Аллоҳдан ўзгага сиғинишдан, ожиз нарсалардан мадад сўрашдан халос бўлади. Қолаверса, бу сура танадаги касалликларни даволайди, кўз тегишига, чаён чақишига шифо бўлади. Беморларга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солинса, Аллоҳнинг изни билан фойдаси тегади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase