close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон Аллоҳ розилиги учун ўқилади

 

 

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқдилар. Ўшанда биз Қуръон ўқиётган эдик. Орамизда аъробий ҳам, ажам ҳам бор эди. Шунда у зот: “(Қуръон) ўқинглар! Ҳаммаси яхши. Яқинда (шундай) қавмлар келади. Улар Қуръонни – худди найзани тўғрилагандек – бехато ўқийдилар. (Бироқ мукофотни) дунёда олишни хоҳлайдилар, (охират) савобидан умид қилмайдилар”, дедилар ”.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон ўқиб ўтирган саҳобалар олдига чиқдилар. Ораларида бадавий араблар ҳам, румликлар, ҳабашлар, форслар ҳам бор эди. Расулуллоҳ уларнинг тиловатига қулоқ солдилар. Кейин: “Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳнинг Китоби бир. Ораларингизда қизил танли ҳам, оқ, қора танли ҳам бор. Ҳар бирингизнинг қироати маъқул. Агар охиратни дунёдан устун қўйса, савобга эришади. Эй саҳобаларим, сизлар шундай бир қавм чиқишидан олдин Каломуллоҳни холис ният ила ўқинглар. Улар Қуръон лафзларини, жумлаларини ўрнига қўйиб, ҳарфлар махражларига эътибор бериб қироат қиладилар. Аммо тиловатлари мукофотини мана шу дунёда олишни истайдилар, ажр-савобидан умид қилмайдилар”, дедилар .
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Олтмиш йилдан кейин намозни зое қиладиган, шаҳватларга қул бўладиган авлод келади. Улар залолатга кетадилар. Кейин (яна бир) авлод келади. Улар Қуръон ўқийдилар. Аммо (ўқиганлари) ўмров суякларидан нарига ўтмайди. (Огоҳ бўлинглар!) Қуръонни уч (тоифа) ўқийди: мўмин, мунофиқ ва фожир ”.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу бир куни Иёс ибн Умарнинг қўлидан ушлаб: “Агар омон бўлсанг, Қуръонни уч тоифа ўқиши(ни кўрасан): бир тоифа Аллоҳ учун, бир тоифа жанжаллашиш учун, яна бир тоифа дунё учун (қироат қилади). Ким (Қуръон) билан бирон нарсани талаб этса, мурод-мақсадига етади”, деди .
Ҳасан Басрий Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу билан бирга кетаётганди. Қараса, бир киши Юсуф сурасини ўқиётган экан. Имрон қироатга соме бўлди. Ҳалиги одам тиловатдан кейин тиланчилик қилишга ўтди. Шунда Имрон ибн Ҳусойн: “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиун”, деб истиржо айтди. Чунки Қуръон ўқиб тиланчилик қилишни мусибат деб биларди. Имрон ҳалиги одамга қараб:
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқиб Аллоҳдан сўранглар. (Яқинда) шундай қавмлар келади. Улар Қуръон ўқиб тиланчилик қиладилар, деб айтганларини эшитганман, – деди.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase