close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ўқувчининг одоби

Қуръон ўқувчи одамлар орасида бўлганда ҳам, ёлғиз қолганида ҳам Аллоҳга тақво қилади, тилини бефойда сўзлардан тияди, ножоиз нарсаларга қарамайди, қалбида мусулмонларга нисбатан ҳасад, адоват, гина-кудурат сақламайди.
Қуръон ўқиган одам фойдасиз ишларга аралашмайди, вақтини беҳуда кеткизмайди. Агар бирон нарсадан севинса, табассум қилади. Бекорчи нарсалар билан ўралашиб қолмаслик учун ортиқча ўйин-кулгиларни камайтиради. Агар ҳазиллашадиган бўлса, рост гаплар билан ҳазиллашади. Қуръон ўқувчи одамларга очиқ чеҳра билан муомала қилади, ўзини мақтамайди, бажарган эзгу ишларини элга достон қилмайди, гуноҳини яширганидек солиҳ амалларини ҳам пинҳон тутади.
Қуръон ўқийдиган одам Аллоҳга хуш келмайдиган ишлардан сақланади: бировни ғийбат қилмайди, ҳақоратламайди, ҳеч кимни сўкмайди, фақат яхшилик қилади. Одамлар камчиликларини илм билан гапириб, хато-нуқсонларни тўғрилайди.
Қуръон ўқувчига жоҳиллар мурожаат этса, мулойимлик билан жавоб қайтаради, зулм кўрса, кечиради, мусибатларга сабр қилади, Парвардигори розилиги учун ғазабини ичига ютади, кишиларга камсуқумлик билан муомала қилади.
Қуръон ўқувчи Мусҳафни тирикчилик воситаси қилиб олмайди, одамлардан бирон нарса тама қилмайди, борига қаноат қилиб, дунёнинг ортиқча зийнатларини тарк этади.
Қуръон ўқийдиган инсон ота-онасига яхшилик қилади, уларни қаровсиз қолдирмайди, ҳузурларида овозини баланд кўтармайди. Қори бор мол-дунёсини ота-онаси учун фидо қилишга тайёр туради, уларга ҳурмат кўрсатади, ота-онаси ҳақига муттасил дуои хайрлар қилади.
Аллоҳнинг Каломини тиловат қиладиган инсон қариндошлари билан яхши муносабатда бўлади. Арзимас нарсани деб жигарлари билан борди-келдини узмайди, яқинларини аҳилликка, ҳамжиҳатликка ундайди.
Қуръон ўқувчи банда мўмин-мўминаларни ўзининг ака-укаси, опа-сингилллари деб билади, уларга ғамхўрлик қилади, ҳақларига ғойибона дуолар қилади.
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Қуръон ёдлаганларга мурожаат этиб шундай деган: “Эй, Қуръонни кўтарувчилар! Унутманг, Қуръон сизлар учун охиратда яхшилик, саодат, дунёда баланд мартаба, ҳаёт манбаидир. Шундай экан, унинг орқасидан кетинглар. У сизнинг ортингиздан кетмасин! Зеро, Қуръон кимнинг орқасидан кетса, ўша кимса юзтубан ҳолатда йиқилади, судралиб-судралиб жаҳаннамга ташланади. Қуръон орқасидан кетган кишини У Фирдавс жаннати томон бошлайди. Шундай қилингки, Қуръон сизларга даъвогар эмас, шафоатчи бўлсин. Сабаби шафоатчиси Қуръон бўлган киши жаннатий, Қуръон даъвогари бўлган кимса эса дўзахийдир. Шуни унутманг, Қуръоннинг ҳар бир ояти ҳидоят манбаи, бир илм ғунчасидир. Қуръон Аллоҳнинг энг сўнгги Китобидир. Аллоҳ у билан сўқир кўзларни, кар қулоқларни, қулфланган қалбларни очади. Шуни билинглар, банда кечанинг бир қисмида туриб, таҳорат олиб, намозда Қуръон ўқий бошласа, Аллоҳ унга: “Ўқи, покиза, хушбўй оғзинг билан ўқи. Сенга муборак бўлсин!” дейди. Шуни билинг, намозда Қуръон ўқиш фазилатларнинг кўринмас хазинаси, хайр-барака дастурхонидир. Шундай экан, бу улуғ манфаатга эришиш учун кучингиз борича ҳаракат қилинг. Чунки намоз зулмат пардасини йиртувчи зиё, закот яхшиликлар йўлини кўрсатувчи йўлбошчи, рўза ёмонликлардан сақловчи қалқон, сабр мисоли нурдир. Қуръонни эъзозланг, унга бепарво бўлманг. Аллоҳ таоло Қуръон ҳурматини жойига қўйган бандаларини юксак мартабаларга кўтаради, Каломига беписанд бўлганларни хорлайди, мартабаларини туширади. Қуръонни ёдлаб, унга амал қилганлар дуоси Аллоҳ даргоҳида сўзсиз қабул этилади. Аллоҳ хоҳласа, бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга захира қилиб қолдиради. Аллоҳ  даргоҳидаги ажр-савоб Яратганга таваккул қилган зотлар учун дунёнинг ўткинчи матоҳларидан қадрлироқдир ”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Қуръонни тўлиқ ёдлаган инсон бошқа одамлардан қуйидаги фазилатлар билан ажралиб туради:
– Одамлар ухлаган вақтда намоз ўқийди;
– одамлар рўза тутмаган вақтларида соим бўлади;
– одамлар ўйин-кулгига берилганларида охират ғами билан кўзлари намланади;
– одамлар беҳуда гап-сўзларга шўнғиганларида сукут сақлайди;
– одамлар кибр-ҳавога муккадан кетганида камтар бўлади ”.
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Қуръонни мукаммал ёдлаган инсон қўлида Ислом байроғини кўтариб юради, Қуръонга эҳтиром юзасидан беҳуда ўйин-кулгига берилмайди, хато қилувчилар билан бирга хато қилмайди, вақтини беҳуда ўтказадиганларга қўшилиб, маънисиз гапларни гапирмайди”, деган .

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase