close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хулқлари Қуръон эди

 

 

 

Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқларини мақтаб шундай деган: “Албатта Сиз улуғ хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят).
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар! Сиз улуғ дин соҳиби, мақталган хулқ эгасисиз.
Пайғамбаримиз Қуръонда буюрилган ишларни қилиб, қайтарилган нарсалардан тийилардилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни энг чиройли хулқ-атвор эгаси қилиб яратганди. У зот инсонларнинг хулқи энг гўзали эдилар . Зеро, Пайғамбаримиз юксак одобларни камолига етказиш учун юборилганлар .
Саъд ибн Ҳишомдан ривоят қилинади: “Мен Оишага: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқлари ҳақида хабар беринг”, дедим. Шунда: “У зотнинг хулқлари Қуръон эди”, дедилар ”.
Ривоят қилинишича, Абу Дардо розияллоҳу анҳу Оиша онамиздан шу ҳақида сўраганида: “Хулқлари Қуръон эди: Қуръон рози бўлган нарсага рози бўлар, Қуръон қоралаган нарсани ёмон кўрардилар”, деганлар .
Яна бир ривоятга кўра, Шом юртидан келган аёллар Оиша онамиз ҳузурларига кириб: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқлари қандай бўлганини айтиб беринг”, деб сўрашган. Уммул мўминин: “Хулқлари Қуръон эди. У зот гўшангадаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар”, деганлар .
Расули акрамнинг хулқлари ҳақида қанча гапирсак оз. Саййидимиз одоблари биз учун ибратдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон ёлғон гапирмаганлар. Қирқ ёшларида илоҳий амр келди. Шунда ҳақ динга даъват қилиш учун одамларни атрофларига тўплаб: “Эй, Қурайш қавми! Мен сизга: “Мана шу тоғ орқасидан душман отлиқлари бостириб келяпти”, десам, ишонасизми?” деб сўрадилар. “Ишонамиз, чунки сен умрингда ёлғон гапирмагансан”, дейишди.
Аллоҳ таоло Расули акрамни оламларга раҳмат қилиб юборди. Марҳаматлари фақат инсонларга эмас, бутун борлиққа, ҳайвонлару ўсимликларга бирдек чексиз эди. Ҳатто жонларига қасд қилганларга ҳам ёмон муомала қилмадилар. Изтиробда қолган яқинлари у зотга озор берганларни дуоибад қилишни сўрашганида: “Мен лаънатловчи қилиб юборилмадим”, деб жавоб бердилар.
Набий алайҳиссалом башарият тарихидаги энг шижоатли инсон бўлганлар. Рақибларини доим ер тишлатган манаман деган паҳлавонларни ҳам доғда қолдирганлар. Жанг майдонида бошқалар у зотнинг шижоатларидан қувват оларди. Энг оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор туриб, олға интилардилар, ҳеч қачон ортга чекинмаганлар, саросимага тушмаганлар .
Макка мушриклари даъволаридан қайтариш учун ўлдириш билан таҳдид қилсалар-да, зарра чўчимай, сабот ила йўлларида давом этганлар.
У зотдек сабр-бардошли инсонни дунё кўрмаган. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга сабр-тоқат, ҳалимлик, кечиримлилик хислатларини берганди. У зот ҳар қандай азиятни, мусибатни бардош билан қарши олардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта саховатли инсон эдилар, фақирликдан қўрқмасдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон “йўқ”, демаганлар. Ҳузурларига келган бирон кишини қуруқ қўл билан қайтармасдилар. “Берувчи Аллоҳдир, мен тарқатувчиман”, деб айтардилар . Топсалар берар, имконлари бўлмаса, ширин сўз билан сўровчи кўнглини олардилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида янаям сахий бўлиб кетардилар, қўли очиқликда худди эсган шамолдек эдилар.
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ансорлардан баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нарса сўрашди. У зот бердилар. Сўнг яна сўрашди. Яна бердилар. Кейин яна сўрашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга сўралган нарсани бериб: “Ҳузуримдаги яхшиликни сизлардан беркитолмайман. Шундай экан, ким ўзини (тиланчиликдан) тийса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди. Ким иффатли бўлишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни иффатли қилиб қўяди. Ким сабр этишга уринса, Аллоҳ уни сабрли қилади. Бирон кишига сабрдан кўра яхшироқ, кенгроқ неъмат берилмаган”, дедилар .
Ҳунайнда қўлга киритилган олий зотли юз туяни кўриб: “Қандай чиройли!” дея хитоб қилган Сафвон ибн Умайяга уларни бериб юбордилар. Шунда Сафвон: “Бундай тантилик фақат пайғамбарларга хос”, дея мусулмон бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам адолатли зот эдилар, каттаю кичикка бир хилда муомала қилганлар. Асҳобларини бирдек яқин олар, одам ажратмасдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ниҳоятда камтар, кибрдан йироқ эдилар. Мискинлар ҳолидан хабар олар, меҳмонга чақиришса, таклифни бажонидил қабул қилардилар. Хонадон соҳибининг моддий ҳолатига, ижтимоий мавқеига қарамасдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерда ўтирар, ерда таомланар, қўйни боғлар, мамлук арпа унидан тайёрланган нонга чақирса, (даъватга) ижобат этардилар .
У зот ўзларини эл қатори тутардилар. Илк бор кўрган одам у кишини саҳобаларидан ажрата олмасди. Мискинларни яхши кўрар, улар билан суҳбатлашиб ўтирар, жанозаларида иштирок этардилар, камбағални камбағаллиги учун зинҳор камситмасдилар.
Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бир қул каби (таом) ейман, бир қул каби ўтираман. Зеро, мен бир қулман”, деганлар .
Айрим ҳолларда пойафзалларини ямар, кийимларининг йиртилган жойини тикар, ўзлари тозалар, қўй-эчкиларни соғар, юмушларини ўзлари бажарардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг хушфеъли, марди, одили, номуслиси эдилар. Аллоҳ у кишига насиб этган егуликдан – хурмо ёки арпа бўладими –эҳтиёжлари учун керагини олиб, қолганини Аллоҳ йўлида тарқатардилар. Ўзларида бор нарса сўралса, дарҳол берардилар.
Ҳаё борасида ҳам инсонларнинг энг мукаммали эдилар. У зот фақат Аллоҳ учун ғазабланар, нафслари учун асло жаҳл қилмасдилар, ўзларига ёки саҳобалари зарарига бўлса ҳам, доим ҳақиқат тарафда турардилар.
Ёқимли ҳидларни севар, ёмон ҳидларни ёқтирмасдилар. Камбағаллар билан ўтирар, мискинлар билан овқатланардилар. Ҳеч кимга қўполлик қилмас, кечирим сўраганнинг узрини қабул этардилар. Ҳазил-мутойиба қилганларида ҳам фақат рост гапирардилар.
Камбағални фақирлиги учун хўрламас, бойни мол-дунёси учун эъзозламас, барчани бирдек кўрардилар. Бемор, ҳожатмандлар ҳолидан хабар олардилар. Ҳатто Мадинанинг бир четида бўлса ҳам, хастани бориб кўришдан эринмасдилар.
Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча гўзал сифатлар билан зийнатланган эдилар. Парвардигорнинг Ўзи у зотнинг одобларини гўзал қилган эди. Мана шу улуғ хислатлар Муҳаммад алайҳиссаломни дилларга яқин, қалбларга севикли инсонга, кўнгиллар талпинадиган йўлбошчига айлантирган. Расулуллоҳдаги буюк хулқ душманларнинг дўстга айланишига, одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб киришларига туртки бўлган.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase