close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон – саодат калити

 

 

 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Тоҳа. (Эй Муҳаммад,) Биз Сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас, (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик” (Тоҳа сураси, 1-3-оятлар).
Заҳҳокдан ривоят қилинишича, Аллоҳ Қуръонни нозил қилганида Қурайш мушриклари, “Қуръон Муҳаммад бахтсиз бўлиши учун туширилди!” деб гап-сўз тарқатишган. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлган .
Ҳозирда инсоният бошида жуда кўп ташвишлар бор. Ожиз банда ақл-идрокини, барча имкониятини тўлиқ ишга солсаям уларни батамом ҳал этишга қодир эмас. Шундай иллатлардан бири ОИТСдир!.. Қуръон кўрсатмаларига амал қилинса, жамият бундай ёмон касалликдан буткул халос бўлади. Шунингдек, оилавий муаммоларнинг осон ечими ҳам бор Қуръонда. Ҳатто иқтисодий муаммолар, жумладан пул айланмаси муаммосини ҳал этиш йўллари ҳам кўрсатилган. Қизиғи шундаки, ҳўл мевани овқатдан олдин ейиш кераклигига ҳам ишора қилинган экан.
Каломуллоҳни қунт билан ўқиб-ўрганган инсон деярли ҳамма саволига жавоб топади. Зеро, Қуръон инсонни икки дунё саодатига йўлловчи Китобдир.
“(Аллоҳ) айтди: “Ундан (яъни, жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан тўғри йўл келганида ким тўғри йўлимга эргашса, йўлдан озмас, бахтсиз бўлмас. Ким Эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлади. Биз уни қиёмат куни кўр ҳолида тирилтирамиз” (Тоҳа сураси, 123-124-оятлар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, танг ҳаёт қабр азобидир .
Заҳҳок: “Танг ҳаёт банданинг ёмон амал қилиши, ҳаром ризқ топишидир”, деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу оят тафсирида: “Ким Қуръонга амал қилса, Аллоҳ уни дунёда тўғри йўлга бошлайди, қиёмат куни оғир ҳисоб-китобдан сақлайди”, деган .
Аллоҳнинг амридан бўйин товлаган кимсанинг ҳаловати йўқолади, қалби безовта бўлади. Гарчи бойлиги ошиб-тошиб ётган бўлсаям Аллоҳнинг буйруғига итоат этмаган одамнинг кўнгли хотиржам бўлмайди. Буям етмаганидек, дунёда ҳидоят йўлини кўрмагани учун энди охиратда кўзи кўр ҳолида қабридан чиқиб келади...
Муфассирлар айтишича, бундай кимса жаҳаннам йўлидан бошқасини кўролмас экан . Аллоҳ асрасин!
Энди мана бу оятга эътибор қаратамиз. Аллоҳ таоло айтади: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга покиза ҳаёт ато этамиз, уларни ўзлари қилиб ўтган чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
Бу оятда айтилишича, эркакми, аёлми, ким бўлишидан қатъи назар, агар чин мўмин бўлса, Аллоҳ таолонинг Китобига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ яшаса, Аллоҳ ана ўша бандага бу дунёда покиза, чиройли, мазмунли ҳаёт ато этади, солиҳ амаллари эвазига охиратда жуда кўп мукофотлар билан тақдирлайди.
Қуйидаги оятда мукаммал нажот йўли кўрсатилган: “Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат имон келтирган, яхши амалларни қилган, бир-бирларига ҳақни тавсия этган, бир-бирларига (ана шу ҳақ йўлда) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топадилар)” (Аср сураси, 1-3-оятлар).
Киши чўнтагида қанча кўп пули бўлмасин, одамлар олдида обрў-эътибор қозонмасин, қалбида имон бўлмаса, фойдаси йўқ: барибир бахтли бўлолмайди. Қўша-қўша фарзандлари, ўғил-қизлари, данғиллама иморатлари, энг сўнгги русумдаги машиналари бўлса-ю, имон, ихлос ила эзгу ишларни бажармаса, бахт қасри томон бир қадам ҳам ташлолмайди. Бахтли бўлиш учун имон керак, ихлос билан солиҳ амалларни бажариш керак.
Бор-йўғи уч оятдан иборат мана шу сурада бахт-саодат моҳияти тўлиқ баён этилган. Ким икки дунёда рўшнолик кўришни истаса, Қуръон ўқийди, Аллоҳ айтганини қилади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase