close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қалблар эрийдиган вақт келмадими?

 

 

 

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига шундай хитоб қилган: “Имон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръон туфайли қалблари эриб, қўрқиш (вақти) келмадими? (Шунингдек, улар учун) илгари Китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлар ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Улардан кўплари фосиқ-итоатсиздирлар” (Ҳадид сураси, 16-оят).
Аллоҳнинг номи эсланса, Қуръон ўқилса, ҳақиқий мўминнинг дили қуёш тиғида қолган муздек эрийди, кўзидан дув-дув ёш тўкилади. Тошбағирлик, Аллоҳнинг амрига итоатсизлик мўмин кишига бегона иллатдир.
Ривоят қилинишича, машҳур тобеин Фузайл ибн Иёз (ҳали ҳақни танимаган пайтда) кечаси гуноҳ иш қилиш ниятида кетаётганида кимдир мазкур оятни ўқиётганини эшитиб қолиб, қўрқувдан дағ-дағ қалтирай бошлади. Кейин: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг зикрига қалблар юмшайдиган вақт келди”, деб қилмишига пушаймон бўлди, тавба қилди .
Муфассирлар айтишича, мазкур оятда Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлишга, ихлос билан ибодат қилишга чақирилмоқда .
Аллоҳни унутиш, дунё зийнатларига ўчлик, нафсга қул бўлиш инсон қалбини қотиради. Қалбга тўхтовсиз қора доғ тушаверса, кўнгил ойнаси кирланади. Бориб-бориб Аллоҳга бўйсунишни хоҳламай қолади. Шариатда қалбни поклашга бот-бот чақирилишидан мақсад шу. Кўнгил тоза бўлса, банданинг ибодатга иштиёқи баланд, қалби уйғоқ бўлади.
Улуғ саҳоба Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилган яманлик бир гуруҳ одамлар билан суҳбатлашиб ўтирганида юқоридаги оят тиловат қилинди. Қуръон эшитиб меҳмонлар кўзи намланди. Шунда Ҳазрат Абу Бакр: “Аввал биз ҳам худди шундай эдик. Кейин қалбларимиз қотиб қолди...” деди .
Келаси оятда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй мўминлар,) билинглар, албатта, Аллоҳ ўлган ерни тирилтиради ”.
Яъни, Аллоҳ қуриб ётган заминни раҳмат ёмғири билан тирилтирганидек Қуръон билан қалбларга ҳаёт бахш этади.
Қақраб ётган ерга ёмғир ёғса, кўп ўтмай кўзни қувнатувчи майсалар униб чиқади. Шифо талабидаги қалблар Аллоҳни зикр қилиш билан яшнайди. Қуръон ўқиган инсоннинг дилидаги занглар ювилади, ғиллу ғашлик арийди. Қуръон тиловатидан кейин киши ўзини енгил сезишига сабаб шу бўлса не ажаб.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase