Қуръон фикрлашга ундайди
- Пайшанба, Июл 18 2024
- 37 марта кўрилди
Олимлар айтишича, Аллоҳ таоло яратган мавжудотлар ҳақида фикр юритиш мия ҳажмини кенгайтиради, маълумотларни тез, осон қабул қилиш қобилиятини ўстиради.
Тафаккур доирангизни кенгайтиришни истасангиз, Қуръоннинг илмий мўъжизаларини ўқинг, осмонга назар солиб, само жисмлари ҳақида мушоҳада юритинг. Ўсимликлар оламига, атрофингиздаги барча нарсага ибрат кўзи билан боқинг. Шунда оддий кўз билан кўриш ҳамда ибрат ила назар солиш орасида катта фарқ борлигига амин бўласиз.
Ота-боболаримиз фарзандларини Қуръон ёдлашга, оятлар мазмунини англашга қизиқтирганлари учун ҳам улар орасидан имом Бухорий, Ибн Сино, Улуғбек каби олиму фузалолар етишиб чиққан.
Маълумки, Қуръонда тарихий воқеалар ҳам зикр этилган. Аммо кўп ҳолларда уларнинг қачон, қаерда бўлгани айтилмаган, асосан ибратли томонларига эътибор қаратилган. Чунки тарихни ўрганишдан мақсад воқеа-ҳодисалар санасини, шахслар номини ёдлаб олиш эмас, ўтмишда содир этилган хатолардан керакли хулоса чиқариш, уларни такрорламасликдир.
Очиғини айтиш керак, ҳозир кўпчиликда таҳлил қилиш, мушоҳада юритиш қобилияти анча суст. Шунинг учун ким нима деса, ишониб кетаверадиганлар ҳам бор. Бунинг сабаби китоб мутолаа қилмаслик, кишини фикрлашга ундайдиган маълумотларни ўқиб-ўрганишга ҳафсаласизликдир. Мана шу камчилик ҳам Қуръон ёрдамида даволанади. Қуръон бизни теран фикр юритишга ўргатади. Зеро, инсон тафаккур неъмати билан қадрли. Одам боласи бошқа тирик мавжудотлардан фақат тил-забони билан эмас, ақл-заковати, онги, мушоҳада юритиш билан ҳам ажралиб туради.