close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Устоз тарбияси

 

 

 

Бир талаба ҳофизи Қуръон бўлишни орзу қилди. У тонгга қадар Қуръон хатм қилар, намоз ўқир, тонг отгач, домласи олдига чиқарди. Бироқ уйқусиз тунлар сабаб ранг-рўйи сарғая бошлади.
Устоз валий даражасидаги зот эди. У нега бундай ҳолга тушиб қолганини бошқа талабалардан сўради. Улар: “Бу йигит тонггача Қуръон хатм қилади, эрталабгача мижжа қоқмай чиқади”, дейишди.
Талабанинг Қуръон ҳофизи бўлишини истаган устоз, уни ҳузурига чорлади.
– Қуръон ўқишнинг ўз қоидалари бор. Бугундан бошлаб Қуръон ўқиётганингда қаршингда мен турганимни тасаввур қил, – деди. Талаба: “Хўп”, деди.
Ҳар кеча Қуръонни хатм қилаётган шогирд тонгда устози ҳузурига келганда:
– Бу кеча Қуръони каримнинг фақат ярмигача ўқий олдим, – деди.
Устоз:
– Баракалла! Бу кеча уни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида тургандек ўқи, – деди.
Бу сафар талаба: “Қуръон нозил бўлган зот ҳузурида тўғри ўқий оламанми, йўқми?!” деган ҳаяжон билан тиловат қилди. Шу куни тонгда устозига – Қуръоннинг фақат тўртдан бирини тиловат қилганини – айтди. Устози бу юксалишни кўриб суюнди ва деди:
– Сен энди, ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом олдида тургандек ўқи.
Эртаси куни талаба:
– Устоз, бугун фақат бир сура ўқий олдим, – деди. Устози ҳам:
– Ўғлим, энди сен Аллоҳ таоло ҳузурида ўқиганингдек ўқи. Аллоҳ таоло сени тинглаётганини бир зум ҳам унутма, – деб тайинлади.
Талаба эртаси куни устози олдига йиғлаган ҳолда келди:
– Устоз, “Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн”дан “Маалики явмиддин”гача келдим. “Ийяка наъбуду” дейишга тилим бормади. Чунки, бунинг маъноси “Фақат Сенгагина қуллик қиламиз”, дегани. Ҳолбуки, Аллоҳга имконим қадар қуллик қилолганим йўқ!..
Шунда устоз шогирди юксак бир мақомга кўтарилганини айтди, Қуръони каримни ҳамиша тадаббур билан ўқиш лозимлигини яна бир бор таъкидлади.
Бу ривоятни келтиришдан мақсад, “Тушунмасангиз, Қуръон ўқиманг”, дейиш эмас. Балки Қуръон тиловат қилганда уни тушунишга ҳаракат қилиш, маъносини илғаб олиш учун бир оятни ўнлаб, юзлаб марта қайта ўқишимиз лозимлигини айтмоқчимиз. Зотан, Қуръон бизнинг қалб кўзимизни очиш учун юборилган. Қуръон маънолари тушунилиб, ҳаётга татбиқ этиладиган Китоб. Қуръон амрларига кўра яшаладиган Китоб. Деворларга илиб қўйиладиган, фақат қабристонларда ўқиладиган, кўр-кўрона тиловат қилинадиган китоб эмас.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase