close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон эшитиш фазилати

 

 

 

Қуръон ўқилганда мўмин-мусулмон банда бутун вужуди билан Каломуллоҳга соме бўлади. Чунки Аллоҳ таоло бизни Қуръонни диққат-эътибор билан тинглашга буюрган: “Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ тутинг ва жим туринг. Шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят).
Қуръон ўқиш ёки эшитиш учун хаёлни бир ерга жамланади. Зеро, Қуръон ожиз банданинг оддий сўзи эмас, Буюк Аллоҳнинг мўъжизавий Каломидир.
Мужоҳид айтади: “Икки ҳолатда: намозда имом қироат қилаётганида ҳамда жума куни хутба ўқиётганида жим туриш вожибдир”.
Қуъонни ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодат. Киши Қуръонга соме бўлгани учун савоб олади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни эшитса, унга икки ҳисса (кўп) савоб ёзилади. Кимда-ким Қуръонни тиловат қилса, қиёмат куни унинг учун (ёритувчи) нур порлайди ”.
Ким Қуръоннинг бир оятини эшитса, унга ажр-савоблар кўпайтириб ёзилади. Агар Қуръон ўқиса, қуёш зиёси сўниб, ҳамма ёқни зулмат қоплаган қиёмат кунида йўлини ёритувчи нур порлайди. Йўлим ёруғ, толеим баланд бўлсин, деган одам Қуръон ўқийди.
“Файзул қодир” китобида айтилишича, бу ҳадисда Қуръонни овоз чиқариб ўқиш афзаллигига ишора қилинган. Фақат битта шарти бор: риёдан узоқ бўлиш керак. “Фалончи Қуръон ўқишимни бир эшитиб қўйсин!” деган ниятда қироат қилинса, риё бўлади. Риёкор кимса гуноҳга ботади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ азза ва жалла уч (ҳолат)да – Қуръон ўқилганда, жанг майдонида ва жанозада жим туришни яхши кўради ”.
Аллоҳга, охират кунига имон келтирган инсон яхши сўзларни гапиради ёки жим туради. Юқоридаги ҳадисда айтилишича, уч хил ҳолатда жим туришни Аллоҳ яхши кўради:
1. Қуръон ўқилганда.
Бу ҳолатда жим туриш сабаби:
– Жим туриб эшитганда Қуръон оятлари тадаббур қилинади;
– Аллоҳнинг Каломига алоҳида эътибор билан қаралади;
– Қуръонни тинглаган банда номаи аъмолига савоб ёзилади.
2. Душман билан юзма-юз келганда.
Динини, ватани ҳимоя қилиш учун ёғий билан курашаётган бир паллада сукут сақланса, рақиблар қалбига ғулғула тушади. Жим турган киши одамлар кўзига салобатли кўринади. Шу сабаб бўлса керак, Пайғамбар алайҳиссалом жанг майдонида овоз чиқаришни ёқтирмасдилар.
3. Жанозада.
Маййитни юваётганда, тобутни елкага қўйиб кўтариб кетаётганда, дафн қилаётганда сукут сақланади, ўлим эсланади, маййит ҳолидан ибрат олинади.
Хуллас, Қуръон ўқиш билан бирга тиловат эшитиш ҳам матлубдир. Зеро, Қуръонни овоз чиқариб ўқисак, бошқалардан эшитсак, қалбимиз покланади. Қолаверса, қироатимизда айрим хатолар бўлса, тўғрилаб оламиз. Қуръон ўқувчига битта, эшитувчига иккита савоб ёзилиши бежиз эмас. Бунинг тагида ҳикмат кўп.
Ҳакимлар айтадилар: “Уч хил ҳолатда қалбингни қидир: 1. Қуръон эшитганда. 2. Зикр мажлисларида. 3. Ёлғиз қолганда. Агар мана шу ҳолатларда ҳам қалбингни топмасанг, у ҳолда Аллоҳдан сенга қалб беришини сўра. Чунки сенинг қалбинг йўқ экан ”.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase