close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Имон ва умид – қалблар шифоси

 

 

 

Ҳозирда инсоният учун хавф туғдираётган касалликлардан яна бири руҳий тушкунликдир. Тушкунлик инсонни жуда танг аҳволга солиб қўяди. Бундоқ қараса, ҳаммаёқда бахтсизлик, касаллик, ғам-ғусса тўлиб ётибди. Бахт-саодатдан асар ҳам йўқдек кўринади кўзига. Шунда келажакдан умидини узади, яшаш учун курашишни истамайди. Бу қийноқлар сиртмоғидан халос бўлиш учун дин-диёнатдан узоқ кимсалар ҳатто жонига қасд қилишгача боради. Мана Ғарбнинг муаммоси қаерда!
Мусибатлар инсон руҳини синдириб қўяди. Бироқ Аллоҳга ишонадиган банда бундай вақтда илоҳий марҳаматдан умидини узмайди. Зеро, Қуръони каримда тушкунликка тушмаслик лозимлиги таъкидланган: “(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва У Зотнинг раҳмати билан – мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро,) бу улар тўплайдиган мол-дунёдан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).
Қуръоннинг бу чақириғи ҳаёт фаровонлигидан, қалб хотиржамлигидан маҳрум миллиардлаб шикаста қалблар шифосидир. Улар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлсалар, бой-бадавлат кишиларга ҳавас билан эмас, оддий назар билан қарайдилар. Чунки уларнинг мақсади бойлик орттириш ёки мансаб отига миниш эмас, Аллоҳнинг марҳаматидир .
Тушкунликка асир одамнинг ўзига ишончи йўқ, Аллоҳга имони суст бўлади. Унинг қалбини ғам-ғусса эгаллаб олган, сўнгги илинжи ҳам қолмаган, қалбидаги умид чироғи сўниб бўлган. Лекин мўмин банда бундай аҳволга тушмайди, тушкунликка қалбидан тариқча ҳам жой бермайди. Чунки у борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига аниқ ишонади.
Аллоҳ таоло айтади: “На ерга, на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса), Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (яъни, Лавҳул маҳфузда битилган) бўлади. Албатта бу Аллоҳга осондир. Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар, (Аллоҳ) сизларга ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир, мақтанчоқ кимсани суймайди” (Ҳадид сураси, 22-23-оятлар).
Ҳақиқий мўмин киши барча ишлар Аллоҳнинг измидалигига ишонади, Парвардигоридан яхши гумонда бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло: “Мен бандамнинг Ўзим ҳақимдаги гумонидаман”, дейди .
Мўмин банданинг бахти шундаки, у ҳар қандай ҳолатдан рози бўлади, ҳар бир ишни яхшиликка йўяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Мўминнинг ҳолати ажойиб. Унинг ҳар қандай иши хайрли. Бу фақат мўмингагина хос. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унинг учун яхшидир. Агар бандага бирон зарар етса, сабр қилади. Буям унинг фойдасигадир ”.
Демак, мўмин банда ҳечам зиён кўрмайди. Мусибат ҳам, неъмат ҳам унинг фойдасига ишлайди. У ҳолда нега тушкунликка тушамиз? Нега Аллоҳнинг раҳматидан умид қилмаймиз?
Қодир Аллоҳ доим мўмин банда билан бирга: унга ёрдам беради, дуосини қабул қилади, ёмонликлардан асрайди, сўраганини беради. Бандага яна нима керак? Нега одам боласи шайтон васвасасига учиб, ҳаётдан умидини узади. Ахир Аллоҳ бор. Меҳрибони, Ёрдамчиси, Ҳожатбарори бор унинг! Касал бўлса, Аллоҳ шифо беради. Қанча гуноҳи бўлсаям (ҳақиқий тавба қилса,) кечиради. Бошига юмуш тушса, Рабби унга нажот беради. Имони йўқ одамлар бундай умид-ишончдан маҳрум бўлгани учун ҳам ҳар хил касалликларга чалинаверади. Дарддан халос бўлиш учун бор будини сарфлайди. Кўп ҳолларда бундан ҳеч қандай наф чиқмайди. Чунки касалликнинг асл сабаби қалб билан, эътиқод билан боғлиқ. Бу иллатни дори-дармон ичиш билан тузатиб бўлмайди. Аввал қалбни даволаш керак, қалбни!
Инсон бирон муаммо қаршисида ожиз қолса, оилавий ташвишлар ёки моддий қийинчиликдан азият чекса, ҳаётдан умидини узади, тушкунликка тушади. Бироқ ҳақиқий мўмин банда бундай пайтда Аллоҳнинг “Албатта ҳар бир оғирлик билан бирга енгиллик ҳам бор” оятини  эслаб, қиш ортидан баҳор келишига аниқ ишонади. У ҳар қандай муаммо олдида ўзини йўқотмасдан, Аллоҳга қаттиқ боғланади, Парвардигорига таваккул қилади, раҳматидан умидини узмайди.
Аллоҳ таоло бандаларига шундай хитоб қилган: “Сизлар У Зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда дуо-илтижо қилинг! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси, 56-оят).
Яхши иш қилган одам Аллоҳнинг раҳматига эришади. Энди у тушкунлик дардидан халос бўлади. Аллоҳ эзгулик қилувчи бандасига бахт, омад беради, уни осуда ҳаёт билан сийлайди.
Аллоҳнинг раҳматидан умид қилган инсон улкан руҳий қувватга эга бўлади. Бу қувват билан барча муаммоларни мардонавор енгиб ўтади. Ҳеч нарсадан умиди йўқ одам эса оддий синовлар олдида ҳам ўзини йўқотиб қўяди, бирон муаммога дуч келганда довдираб қолади. Имонли одам Қуръон ўқиб руҳан юксалади, қалбида умид учқунлари пайдо бўлади, эртанги кунга ишончи ортади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase