close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръонни унутиш оқибати

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасининг 124-126-оятларида шундай деган: “Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлади, Биз уни қиёмат куни кўр ҳолида тирилтирамиз. У: “Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг. Ахир мен кўрардим-ку?!” дейди. (Аллоҳ): “Шундай. Сенга Бизнинг оятларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай унутиласан”, деб айтади”.
Боши ғамдан чиқмаётган, ишидан барака кетган, рўзғоридан файз кўтарилган одамлар ўзларига бир назар солсинлар: улар Аллоҳнинг Китобига эътиборсизлик қилмаяптиларми? Қуръонни ўқиб-ўрганишни ташлаб қўймадиларми? Чунки Аллоҳ: “Менинг зикримдан юз ўгирган одам бахтсиз бўлади”, деб айтяпти.
Аллоҳга итоатсизлиги туфайли инсон бошига кўп мусибат тушади. Қандайдир кўнгилсиз ҳолатга йўлиқишига ҳам Каломуллоҳга бепарволик сабаб бўлади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли бўлишни истаганлар учун Аллоҳга қайтиш тавсия этилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Менга умматим ажр-мукофотлари, ҳатто бир киши масжиддан олиб чиқиб ташлаган кичкина хас чўпи (учун олган савоби)гача кўрсатилди. Менга умматим гуноҳлари ҳам кўрсатилди. Улар орасида бир кишига Қуръондан бир сура ёки оят берилиб, кейин уни унутиб юборганичалик катта гуноҳни кўрмадим ”.
Қуръонни унутишга бунчалик қаралишининг ўзига яраша сабаби бор. Агар шу даражада қаттиқ турилмаса, одамлар бунга бепарво бўлиб қолишлари мумкин. Аксинча, Қуръони каримни эсдан чиқармасликка ҳаракат қилган киши бошқа муҳим нарсаларни ҳам унутмасликка одатланади. Бу хислат инсонга жуда асқотади .
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бирон киши Қуръонни ўқиб (ёдлаб), кейин унутиб юборса, қиёмат куни Аллоҳ азза ва жаллага қўли кесилган ҳолда йўлиқади ”.
Уламолар бу ҳадисни шундай тушунтиришган:
1. Қуръонни унутган одам қиёмат куни Аллоҳ билан юзлашганида яхшиликлардан холи бўлади;
2. Қиёмат куни унинг фойдасига ишлайдиган биронта ҳам ҳужжат бўлмайди;
3. Қуръонни унутгани учун охиратда жўяли сабаб келтиролмайди.
Аллоҳ таоло бундай аянчли ҳолдан сақласин, Қуръон ҳақларини тўкис адо этиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандалардан қилсин!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase