close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Болаларга Қуръон ёдлатиш хосияти

 

 

 

Қуръонни ҳар қандай ёшда ёдласа бўлади. Каттами-кичикми ёки ўрта ёшдами, фарқи йўқ. Аммо ёшликда олинган билим тошга ўйилган битикдек хотирага муҳрланади. Болажонлар ҳаёт ташвишларидан холи бўлганлари учун ҳам ёдлашлари осон бўлади. Шунинг учун боланинг зеҳни ўткир, хотираси кучли дамларни ғанимат билиб, уларнинг қалбини Қуръон билан зийнатлай олсак, марра бизники. Аждодларимиз фарзанд тарбиясини Қуръон таҳсилидан бошлаганлари учун ҳам дунёда пешқадам бўлишган.
Собит ибн Ажлон Ансорийдан ривоят қилинишича, Аллоҳ (одамлар гуноҳга ботганлари учун) ер юзидагиларни азоблашни хоҳлайди. Агар болаларга ҳикмат ўргатилаётганини эшитса, улардан азобни қайтаради”. Марвон айтади: “Бу ерда “ҳикмат” деганда, “Қуръон” назарда тутилмоқда ”.
Болаларга Қуръон ўргатиладиган юрт тинч-хотиржам бўлади. Бундай заминга Аллоҳнинг баракаси ёғилади. Фарзандларимизга Қуръони каримни таълим берар эканмиз, Аллоҳнинг азоби биздан йироқ бўлади. Қуръон ёдлаш билан наслимиз давомчилари эътиқоди тўғри, зеҳни ўткир, илми етук, дунёқараши кенг бўлади. Қандайдир тўқима эртаклар, чўпчаклар, асотирлар ҳеч қачон Қуръон ўрнини босолмайди. Қуръон ёдлаб вояга етган ўғил-қизлар миллатимиз асл фарзандлари – дини учун, ватани учун жонкуяр инсонлар бўлиб етишади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қайси бир инсон дунёда фарзандига Қуръон ўргатса, қиёмат куни жаннатда отасига тож кийдирилади. (Буни кўрган) жаннат аҳли ўша киши дунёда фарзандига Қуръон ўргатганини билиб олади ”.
Бир киши фарзандини ҳофизул Қуръон қилиб етиштирса, Ислом уммати учун, эл-юрт манфаати учун жуда катта иш қилган бўлади, дунёю охиратда унинг роҳатини кўради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким ўсмирлигида Қуръон ўрганса, Аллоҳ (Қуръонни) унинг гўштига, қонига аралаштириб юборади ”.
Бола ёшлигида Қуръон ёдласа, Қуръон таълими билан суяги қотса, Аллоҳ Ўз Каломини жажжи қорининг бутун танасига, қон-қонига сингдириб юборади. Энди у саҳобаи киромлар ўхшаб икки оёқда юрадиган тирик Қуръонга айланади.
Яна бир ҳадиси шарифда айтилишича, “Ким ёшлигида Қуръонни ўрганса, Қуръон унинг гўштига, қонига сингиб кетади. Ким кексайганида Қуръонни ўрганса, уни қўлидан қўймаса, тарк этмаса, унга икки баравар (кўп) савоб берилади ”.
Ҳаммада ҳам Қуръонни ёшликда ёдлаш имкони бўлавермайди. Одамлар орасида эллик, олтмиш, ҳатто етмиш ёшида ҳам Қуръон ёдлайдиганлар бор. Ана шундай кишиларга Аллоҳ таоло савобни икки ҳисса кўпайтириб беради. Бу билан Қуръонни қариган чоғида ёдлаш фазилатлароқ, демоқчимасмиз. Бироқ, умидсизликка тушмасдан, куч-қувват етганча ҳаракат қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бинобарин, “Ёшим ўтиб қолди, хотирам сусайди, энди ёдлолмасам керак!” деб кўнгилни чўктирманг, бир оят бўлса ҳам ёдлашга ҳаракат қилаверинг. Аллоҳ ниятингизга яраша ажр беради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан марфу тарзда ривоят қилинади: “Ким балоғатга етмасидан олдин Қуръон ўрганса, унга ёшлигида ҳукм берилибди ”.
Тарих китобларида ёзилишича, Яҳё алайҳиссалом уч ёшида Таврот китобини бемалол ўқиган. Тенгқур болалар кўчада ўйнашга чақиришса, Яҳё уларга: “Биз ўйин учун яратилмаганмиз”, деб айтар экан. Шунинг учун Қуръонни балоғат ёшига етмай туриб ёдлаган қорилар ҳам Яҳё алайҳиссалом каби ҳикмат ато этилган зотлардан саналади .
Маълумки, бизнинг муборак заминдан Ислом тамаддунига катта ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққан. Улар ёшлик чоғларида Қуръон ёдлаб шундай улуғ мартабага эришишган. Мисол учун, имом Бухорий, Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби уламоларимиз бошқа илмларни ўрганишдан олдин Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар.
Бундан ташқари, етти иқлимга донғи кетган, оламшумул кашфиётлар қилган Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби аждодларимиз гўдаклик чоғларидаёқ Қуръон ҳофизи бўлишган.
Муҳаммад Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби олимларимиз ўз асарларини ўша соҳага тегишли оятлар билан бошлаганлар. Ҳазрат Навоий, Фузулий, Бобур каби адибларимиз ижодида Қуръони карим, ҳадиси шарифлар мазмуни акс эттирилган .
Аждодларимиз ҳаётида Қуръони каримнинг ўрни беқиёс бўлган. Уларга муносиб издош бўлиш учун биздан Каломуллоҳни ўқиб-ўрганиш, ёдлаш, Аллоҳнинг амрига бўйсуниш талаб этилади. Шунда ватанимиз яна аввалгидек ҳар соҳада тараққий этган мамлакатлар сафидан жой олади, иншааллоҳ!

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase