close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръонни бир-икки оятдан ўрганиш фазилати

Илмни бир деганда мукаммал эгаллаб бўлмайди. “Оз-оздан ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур”, деб бежизга айтилмаган. Ҳамма-ҳам шу: оз-оздан ўқиб-ўрганиб олим бўлади. Илм олиш игна билан қудуқ қазиш билан баравар. Қуръони каримни ҳам бир-икки оятдан ўрганиб, аста-секин тўлиқ ёдланади.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Биз суффада ўтирганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб дедилар:
– Қайси бирингиз ҳар куни Бутҳон ёки Ақиққа бориб, гуноҳ қилмаган, қариндошлик алоқаларини узмаган ҳолда ўркачлари катта-катта иккита туя олиб келишни хоҳлайди?
– Ё Расулуллоҳ, ҳаммамиз хоҳлаймиз.
– Биронтангиз масжидга бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан икки оят ўрганиши ёки ўқиши иккита туядан яхшироқ. Учтаси учтадан, тўрттаси тўрттадан яхши. Қанча оят бўлса, шунча туя бўлади .
Суффа – оиласи, бошпанаси йўқ саҳобалар учун ажратилган алоҳида жой эди. Абу Нуайм “Ҳилятул авлиё” китобида ёзишича, суффа аҳли юз кишидан ортиқ бўлган.
Бутҳон – Мадинага яқин жой номи. Ақиқ – Мадинадаги водий.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни савобли амалларга чақирар, ўткинчи ҳою ҳавасларга кўнгил қўйишдан қайтарардилар. Буни мазкур ривоят мисолида кўриш мумкин. Ўша даврда ўркачи катта-катта ҳомиладор туянинг қадри жуда баланд бўлган. Ҳар қандай одам туяси бўлишини хоҳлаган. Ривоятда айтилишича, тонгда масжидга бориб, Қуръондан икки оятни ўрганиш ёки ўқишнинг савоби катта ўркачли иккита туя садақа қилишдан кўпроқ экан. Қанча оят ўрганилса, шунча кўп савоб ёзилаверади. Кўряпсизми, эрта тонгда Қуръон тиловат қилиш, ёдлаш, тафсир ўқишнинг хосияти нақадар улуғ!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан бир оят ўрганса, (ўша оят) қиёмат куни бандани кулиб турган ҳолда қарши олади”, деб марҳамат қилганлар .
Қуръоннинг биргина оятини ўрганишнинг ҳам фазилати бор. Кунда-кунора оятма-оят ўқиб-ёдлаб, ўрганиб борилса, вақт ўтган сари манфаатли илм ҳосил қилинади.
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Абу Зар, эрталаб вақтли туриб, Аллоҳнинг Китобидан битта оят ўрганишинг юз ракат (нафл) намоз ўқишдан яхшироқ. Тонгда туриб – амал қиласанми-йўқми – илмнинг бир бобини ўрганишинг минг ракат (нафл) намоздан хайрлироқ”, деб айтганлар .
Қуръон ўрганиш, илм олиш нафл ибодатдан афзал. Қуръондан бир оят ўрганиш юз ракат нафл намоздан, илмдан бир боб ўрганиш минг ракат (!) нафл намоздан яхшироқ.
Уламолар: “Банда намозни тўғри ўқий оладиган даражада қироатни ўргангач, илм ўқигани афзал”, дейишган.
Бундан чиқди, Қуръон ўқиш, ёдлаш билан бирга илм олинади. Қуръонни тушунар-тушунмас ёдлаб олган билан киши олим бўлиб қолмайди. Олим бўламан, деган одам илмни мукаммал эгаллайди. Бунинг учун сабр-тоқат билан китоб ўқилади, уламолар насиҳатига қулоқ солинади.
Баъзилар бор: майда масалаларни ушлаб олиб, одамлар орасида ихтилоф чиқаради, мустаҳаб амални деб биродарлари билан жанжаллашади. Унинг ўрнига Қуръон ўқисин, Каломуллоҳ маъноларини ўргансин, фарзандларига сабоқ берсин, ҳалол-ҳаромни тушунтирсин. Калима айтишни билмайдиганлар, икки-уч оятни эплаб ўқий олмайдиганлар қанча?! Ихтилоф чиқаришнинг нима кераги бор?! Аллоҳ бизга иноқ бўлишни буюрган. Беҳуда баҳс-мунозарага, фойдасиз ишларга кетадиган куч-қувватимизни оиламиз салоҳиятига, фарзандларимиз таълим-тарбиясига сарфласак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase