close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръонни қалбга сингдириш хосияти

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар Қуръон ошланмаган терида бўлганида, унга олов тегмасди ”.
Яъни, Қуръон оятлари ошланмаган терига ёзилиб ўтга ташланса, Каломуллоҳ баракасидан уни олов куйдирмайди.
Айтилишича, кимга Қуръон илми берилган бўлса, унинг танасини дўзах ўти куйдирмайди. Бу ҳадисда қорининг танаси ошланмаган терига ўхшатилмоқда .
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Қуръон ўқинглар. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла Қуръонни (ўзига) сингдирган қалбни азобламайди ”.
Кимда-ким доим Қуръон ўқиса, баҳоли қудрат ёдласа, маъноларини тушунса, Аллоҳ уни азобламайди. Қуръонга ошно қалб эгаси азоб-уқубатдан саломат бўлади.
Абу Умома розияллоҳу анҳу айтади: “Қуръон ўқинглар. Илиб қўйилган мана бу Мусҳафлар сизларни чалғитмасин! Зеро, Аллоҳ Қуръонни ўзига сингдирган қалбни зинҳор азобламайди ”.
Қуръон қўл етмайдиган жойга илиб қўйишга эмас, ўқиб-ўрганиш учун туширилган. Зотан, Қуръон ўқиб мазмунини дилига жойлаган инсон дунёда ҳам, охиратда ҳам машаққатдан йироқ бўлади, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, бошига нурдан тож кийдирилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобалардан: “Энг бой одам ким?” деб сўрадилар. Айримлар: “Суфён ибн Ҳарб”, деб жавоб берди. Кимдир: “Абдураҳмон ибн Авф”, яна бири: “Усмон ибн Аффон”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Одамларнинг энг бойи – агар Аллоҳ қалбига солган бўлса – Қуръонни кўтарувчилардир”, дедилар .
Банда Қуръон билан энг бой одамга айланади. У ўзгалардан беҳожат бўлади. Чунки қалбида қаноат бор, сабр бор. Инсон Қуръон билан бировларга юк бўлишдан, муҳтожликдан қутулади. Бир сўз билан айтганда, Қуръон битмас-тугамас илм манбаи, маърифат чашмаси, хайр-барака омилидир. Қуръонни қалбига жо айлаган инсон шундай улуғ неъматлардан баҳраманд бўлади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase