close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бойликка ҳирс қўйиш оқибатлари

Қалб касалликларидан яна бири – бойликка ружу қўйиш. Қуръонда шундай дейилган: “Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз, на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан тўсиб қўймасин! Ким шундай қилса, ана ўшалар зиён кўрувчилардир!” (Мунофиқун сураси, 9-оят).
Яъни: эй, Аллоҳга ишонган, охиратга имони бор мўминлар! Парвардигорингизни кўп зикр қилинглар! Бойликка кўнгил қўйиб, ибодатни унутиб қўйманг! Кимда-ким дунё ҳаётига алданиб, Аллоҳни зикр қилишдан чалғиса, қиёмат куни ҳоли танг бўлади.
Ҳою ҳавасларга берилиш, бойлик кетидан қувиш мана шундай оқибатларга олиб боради. Энг ёмони, бойлик тўплаш иштиёқидаги одам Аллоҳга ибодат қилишни тарк этади, охиратни унутади, фақат мана шу дунё икир-чикирлари атрофида ўралашиб қолади.
Мол-дунёга муккадан кетиб, сўнгги нафасигача бир-бири билан кимўзарга ўйнаган кимсалар ҳақида Каломуллоҳда шундай дейилган: “(Эй инсонлар,) қабрларни зиёрат қилгунингизгача (мол-дунё) кўпайтириш(да мусобақалашиш) сизларни тўсиб қўйди. Йўқ! Сизлар яқинда биласизлар! Яна Йўқ! Сизлар яқинда билиб оласизлар! Йўқ! Агар сизлар аниқ илм билан билганингизда эди... Жаҳаннамни, албатта кўрасизлар. Сўнг уни ишонч кўзи билан, албатта кўрасизлар. Кейин ўша куни неъматлар ҳақида, албатта сўраласизлар” (Такосур сураси, 1-8-оятлар).
Яъни: эй одамлар, бойлик тўплаш, мансаб-мартаба орттириш, бола-чақа кўпайтиришда мусобақа ўйнадингиз, мол-дунёни жондан ортиқ кўрдингиз. Натижада Аллоҳга ибодат қилишни унутдингиз. Умрингиз охиригача зеб-зар йиғиш, давлатингизни одамларга кўз-кўз қилиш билан овора бўлдингиз.
Бу ишингизни бас қилинг! Шубҳасиз, қиёматда бунинг оқибатини билиб оласиз! Агар қилмишингиз қандай якун топишини билганингизда, охирини ўйлаб иш қилардингиз...
Шундай экан, бойлик тўплайман, мансабга эришаман, деб Аллоҳга ибодат қилишни унутиб қўйманг!
Агар ўзингизни ислоҳ қилмасангиз, бу кетишда охиратда жаҳаннам азобларини ўз кўзингиз билан кўрасизлар. Бунга шубҳа йўқ.
Эй бандалар, қиёматда неъматлар ҳақида сўраласиз. “Бойликни қаердан топдинг, қаерга сарфладинг?”, “Аллоҳнинг ҳақини адо этдингми?” деган саволларга жавоб берасиз?
Аллоҳ бандага мансаб-мартаба, бойлик бериб синайди. Кўзимизга ялтир-юлтир бўлиб кўринаётган нарсаларнинг ҳаммаси имтиҳон. Уларга кўнгил берманг. Умр ғанимат. Елдек ўтади-кетади. Шунинг учун вақт борида Аллоҳга тавба қилинг, намоз ўқинг, билиб-билмай қилган гуноҳларингизга мағфират сўранг. Аллоҳ – кечирувчи Зот. Қабрга киргунча, алданиб юрманг. “Озроқ бор”, “Сал бор”, деб юрмасдан бошланг ибодатни. Кўряпсиз, уч яшар ҳам кетяпти, йигирма, ўттиз, қирқ яшар ҳам кетяпти. Ҳеч бир инсоннинг қўлига, “Фалон ёшга кирасан”, деб кафолат хати берилмаган. Инсон ҳаётдан қачон ўтишини билмайди. Эртага кетамизми, индин кетамизми, фақат Аллоҳга аён. Шунинг учун умрни ғанимат билиб, яхши амаллар қилайлик!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизлар учун камбағалликдан қўрқмайман, мол-дунё тўплашда кимўзар ўйнашингиздан қўрқаман. Мен сизлар (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман, гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман”, деганлар .
Расулуллоҳ даврларида ҳеч бир саҳоба бойликка ружу қўймаган, қўша-қўша сарпо-суруқ олмаган, ҳаётлари оддий, файзли ўтган. Шунга яраша қалблари ҳам хотиржам бўлган. Мол-дунёга ўчлик кейинчалик пайдо бўлган. Қиёмат яқинлашгани сари бойликка муҳаббат кучайгандан-кучайиб бормоқда. Ҳатто келин ёки куёв танлашда ҳам бойлик энг асосий мезон бўлиб қолди. Келиннинг эпига эмас, сепига қаралмоқда: “Қизни отаси фалон жойда ишларкан, данғиллама учаскаси боракан” каби юзаки қарашлар билан ёшлар ҳаёти ҳал этиб юборилмоқда. Келиннинг ҳаёси, имон-эътиқоди қандай, рўзғор ишларига уқуви борми, куёв бола соғломми, бирон ишнинг бошини тутганми, деган саволлар деярли эътиборсиз қолдирилмоқда. Моддий жиҳатдан тўкисми, тамом, тўй бошлаб юборилмоқда...
Бир ўйлаб кўрайлик: жуда кўп ёшларнинг бахтсиз бўлиб қолаётганига, арзимас сабаблар билан ажралишлар сони ортишига мана шундай енгил-елпи қарашлар, юзаки хулосалар сабаб бўлмаяптимикан?..
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Банда, бойлигим, бойлигим, дейди. Ваҳоланки, унинг учун бойлигидан учта нарса: еб битиргани, кийиб чиритгани, садақа қилиб қолдиргани бўлади ”.
Кўзи очлик – ёмон дард. Унга мубтало одам ҳамма нарсадан, ҳатто имонидан ҳам айрилади. Зеро, бу оч кўзни фақат тупроқ тўлдиради. Халқ орасида “Кўз тупроққа тўлганда тўяди”, деган нақл бор. Аллоҳ ҳеч кимнинг назарини оч қилиб қўймасин.
Банда “бойлик, бойлик”, деб югуради, уни бунга уриб мол-дунё йиғади. Аммо шунча топганидан фақат еб-ичгани, кийгани қолади. Берган садақасининг савоби ўзи билан кетади.
Демак, зиқналик қилиб сандиққа тиқаверишнинг фойдаси йўқ экан. Ҳалолдан топилган пулни савобли ишларга сарфласа, хайр-эҳсонлар қилса, савоби қабрини нурга тўлдиради, охиратда фойда беради.
Кези келганда, бир нарсани айтиб ўтамиз: Ислом мол-дунёнинг айнан ўзини эмас, бойликка кўнгил қўйишни қоралайди, бахилликдан қайтаради, Тўғри, бахтли яшаш учун инсонга пул ҳам керак. Бироқ, бойлик йиғаман, деб охиратни унутиш яхши эмас. Кўп одамлар бойлик тўплаш илинжида ҳаром-ҳариш йўлларга кириб кетади, чўнтагига уч-тўрт сўм пул тушса, манмансираб, унча-мунчасини назар-писанд қилмай қўяди, одамгарчиликни унутади. Ислом айнан шундай иллатларга қарши курашади, қалбни ҳою ҳавасдан, зиқналикдан поклашга чақиради.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase