close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ва ҳавойи нафс

Қалб касалликлари нафсга бўйсунишдан келиб чиқади. Аллоҳ айтганини эмас, кўнглига келганини қиладиган кимса нафсига қул бўлади. Қуръон нафсга бўйсунмасликка чақиради, Аллоҳга итоат этишга ундайди, шаҳватга муте бўлганларни қоралайди: “Хабар беринг-чи, ким ҳавойи нафсини илоҳ қилиб олган бўлса, Сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўласизми? Ёки Сиз уларнинг кўпларини (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ёки англайдилар деб ўйлайсизми?! (Ундай эмас. Зеро,) улар ҳеч нарса эмаслар. Магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озган кимсалардир!” (Фурқон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, нафсини ўзига илоҳ қилиб олган одамнинг ҳолига боқинг. У енгил-елпи нарсаларга кўнгил қўйиб йўлдан озди. Сиз бундай одамни ҳидоят қилолмайсиз, фақат огоҳлантирасиз. Аллоҳ хоҳласа, уни тўғри йўлга бошлайди, хоҳласа, адаштиради. Улар ҳақиқатни эшитмайди, тушунмайди. Уларнинг ҳоли анави чорваларникидан ҳам баттар. Чунки ҳайвонлар эгасини танийди, унга итоат этади. Бироқ улар фақат нафс йўриғига юради.
Бошқа оятда шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад,) ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоғини, кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олади?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!” (Жосия сураси, 23-оят).
Нафсига сиғинган шахснинг қулоғига, қалбига муҳр урилади, кўзига парда тортилади. Натижада ҳақиқатни кўрмайди, ҳидоят йўлига юрмайди, тўғри сўзни эшитмайди. Нафси: “Ҳаром е”, деса, ҳаром ейди, “Ёлғон гапир, бўлмаса ишинг битмайди”, деса, ҳеч нарсадан тап тортмай ёлғон гапиради.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган, дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлади! Энди ким (ҳаётлик пайтида қиёмат куни маҳшаргоҳда) Парвардигори (ҳузурида) туриши (ҳамда У Зотга ҳисоб бериши)дан қўрққан, нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлади” (Нозиот сураси, 40-41-оятлар).
Кимда-ким ҳадидан ошса, ўткинчи дунё лаззатларини боқий охират неъматидан устун қўйса, ундай кимсанинг борар жойи жаҳаннамдир. Қилган ишларига қиёмат куни жавоб беришини унутмаган, Аллоҳга итоат этган, ҳавойи нафсига эрк бермаган инсон жаннатга киради.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase