close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қалб қаттиқлиги ва унинг шифоси

Энг хавфли касалликлардан бири қалб қаттиқлигидир. Дили қотиб қолган кимсанинг басират кўзи кўрмайди, қалби ёпилади. Ҳатто унга муҳр урилади. Бу, унинг қалби ўлганини билдиради. Ўлик қалб эгасининг тил-забонсиз жониворлардан фарқи бўлмайди. Чунки инсон айнан қалби билан, ақл-идроки, имон-эътиқоди билан бошқа жонзотлардан ажралиб туради.
Қуръони каримда Бани Исроил қавмига шундай хитоб қилинган: “(Эй Бани Исроил,) сўнгра (имонга келиш ўрнига) дилларингиз қотди. Бас, у (қалблар) тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарё отилиб чиқади. Яна шундайлари борки, ёрилиб ичидан сув чиқади. Яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан (чўққилардан) пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас” (Бақара сураси, 74-оят).
Яъни, эй Бани Исроил қавми! Кўз ўнгингизда ўликка жон киритилганини кўра туриб қалбларингиз қотиб қолди. Дилларингиз тошдек қаттиқ, балки ундан ҳам ёмонроқ. Чунки тошнинг тешикларидан сув сизиб чиқади. Яна баъзи тошлар Аллоҳдан қўрққанидан тоғнинг тик чўққисидан пастга қулайди. Аммо сизлар мавъиза эшитиб, мўъжиза кўрсангиз ҳам дилингиз юмшамайди. Бироқ унутманг, Аллоҳ қилаётган ҳар бир ишингизни кўриб туради.
Бошқа оятда шундай дейилган: “Ахир Аллоҳ кўксини Ислом учун кенг қилиб қўйган, ўзи Парвардигори томонидан бир нур устида бўлган киши (куфр зулматларида адашиб юрган кимса билан тенг бўладими?!) Бас, қалблари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар очиқ залолатдалар!” (Зумар сураси, 22-оят).
Қалбига имон нури кирган, Аллоҳ тарафидан ҳидоятга бошланган бағрикенг инсон билан илоҳий мўъжизалардан юз ўгирган бағритош кимса тенг эмас. Ҳақдан бўйин товлаган, оятлардан ибрат олмайдиган қалби қаттиқ кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ гумроҳдирлар. Улар Парвардигорларидан юз ўгириб, ҳавойи нарсаларга берилганлар.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги оятни ўқиганларида атрофларида давра қуриб ўтирган саҳобаи киромлар сўрашди:
– Ё Расулуллоҳ, қалбнинг очилиши қандай бўлади?
– Агар қалбга нур кирса, очилиб кенгаяди.
– Бунинг белгиси нима?
– Ғурур диёридан узоқлашиш, боқий охират диёрига хоҳиш билдириш, ажал етмасидан бурун ўлимга тайёрланиш .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўрт нарса бахтсизликдир: кўзнинг қуруқлиги, қалбнинг қаттиқлиги, узун орзу, дунёга ҳирс қўйиш”, деганлар .
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг зикридан холи сўзларни кўпайтирманглар. Зеро, Аллоҳнинг зикридан холи сўз қалбни қотиради. Шубҳасиз, инсонлар ичида Аллоҳ таолодан энг узоғи қаттиқ қалб (соҳиби)дир ”.
Тилдан яхши сўз чиқса, Аллоҳ зикр қилинса, қалб ором олади, кўнгил жилоланади, дилдаги ғиллу ғашлик тарқалади. Агар тил беҳуда сўзларни гапирса, бу нарса қалбга салбий таъсир кўрсатади. Тил орқали қилинган гуноҳнинг қора доғлари қалб ойнасини хиралаштиради.
Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Овқат еб бўлиб уйқуга ётиш қалбни қотиради ”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Таомларингизни Аллоҳни зикр қилиш, намоз ўқиш билан ҳазм қилинлар. Зинҳор (таомдан сўнг) ухламанглар. Акс ҳолда қалбларингиз қотиб қолади ”.
Таом егандан кейин уйқуга кетиш кўп касалликларга сабаб бўлади. Юқоридаги ривоятда бу нарса нафақат моддий, балки маънавий касалликларга, хусусан қалб қаттиқлигига сабаб бўлиши таъкидланмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уч нарса қалбни қотиради: таомга ҳирс қўйиш, уйқуга ўчлик, роҳат-фароғатни яхши кўриш ”.
Шунингдек, гуноҳи кабираларга қўл уриш, “кичик” бўлса-да, гуноҳларда бардавом бўлиш, сабабсиз кўп кулиш, номаҳрамлардан кўзни тиймаслик, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаслик, Қуръони каримни тиловат қилмаслик, илмга аҳамиятсизлик, китоб ўқимаслик, ҳатто (ейиш-ичиш, ухлаш каби) мубоҳ амалларда меъёрни унутиш ҳам қалбни қотиради, шуурни ўтмаслаштиради.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase