close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қалбнинг Аллоҳга боғланиши

Мўмин банда Аллоҳга шубҳасиз имон келтиради, У Зотнинг борлигига, бирлигига ишонади, қалбини Парвардигорига боғлайди, Ундан мадад сўрайди.
Қуръони каримда қалбнинг Аллоҳга боғланиши ҳақида бир қанча оятлар келтирилган. Жумладан, Тағобун сурасининг 12-13-оятларида шундай дейилган: “Аллоҳга итоат этинг, Пайғамбарга бўйсунинг! Энди агар (итоатдан) бош тортсангиз, у ҳолда Пайғамбаримиз зиммасида (Бизнинг ваҳийларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш бор холос. Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Шундай экан, мўминлар (Ёлғиз) Аллоҳга таваккул қилсинлар!”
Ризқ берувчи, фойда улашувчи, ўлдирувчи, қайта тирилтирувчи Аллоҳ таолодан ўзга ибодатга муносиб зот йўқ. Аллоҳдан ўзга илоҳлар ботилдир, одамлар ўзлари ўйлаб топган нарсадир. Инсон мана шу ҳақиқатни англаб етса, турли хурофотлардан, ўзгаларга қул бўлишдан қутулади. Бу даражага етган инсон Аллоҳнинг Ўзигагина таваккул қилади, суянади. Аллоҳга таваккул қилган киши хотиржам бўлади, ҳеч нарсадан ҳадиксирамайди, Парвадигори ҳақида яхши гумон қилади. Таваккул имон ҳолатига боғлиқ: банда имони қанча мустаҳкам бўлса, Аллоҳга таваккули ҳам кучли бўлади .
Аллоҳ таоло шундай деган: “Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан қўрқитмоқчи бўлади. Шундай экан, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманг, Мендан қўрқинг!” (Оли Имрон сураси, 175-оят).
Оятда айтилишича, шайтон мўминларни ўзининг мушрик дўстларидан қўрқитади, “Улар жуда кучли”, деб қалбларига ғулғула солади. Шундай экан, мўминлар шайтоннинг дўстларидан қўрқмасинлар. Чунки улар заифдир, ёрдамчилари йўқ. Агар ҳақиқатан мўмин бўлсалар, Аллоҳга таваккул қилсинлар, У Зотга илтижо этсинлар. Зеро, Аллоҳ мўминларга етарли ҳимоячи, нусрат беришга қодир Зотдир.
Мана шу оятда Аллоҳ таолодан қўрқиш вожиблигига ишора қилинмоқда. Зотан, бу имоннинг талабларидандир. Имонли инсон бошқалардан кўра Аллоҳдан қўрқади. Банданинг имони қанча кучли бўлса, Аллоҳга шунча кўп тақво қилади, У Зот ҳаром қилган ишлардан сақланади.
Аллоҳга ишонган, қалби У Зотга боғланган инсоннинг умиди ҳам кучли бўлади. Каломи мажидда шундай дейилган: “Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умид қилса, албатта Аллоҳ (белгилаган мукофот ёки жазо) фурсати, шак-шубҳасиз, келувчидир. У Зот Эшитувчи, Билувчидир” (Анкабут сураси, 5-оят).
Қайси бир банда ўлимдан кейин қайта тирилишга ишонса, Аллоҳ билан учрашганда мукофот олиш умидида бўлса, у ҳолда ўзига фойда келтирадиган амалларни, Парвардигорини рози қиладиган ишларни қилсин, Аллоҳни ғазаблантирадиган гуноҳлардан сақлансин. Чунки Аллоҳ ҳисоб-китоб учун белгилаб қўйган муддат яқинда келади. Бунга шубҳа йўқ. Аллоҳ бандаларнинг сўзларини эшитувчи, амалларини кўриб-билиб турувчи Зотдир.
Қалбнинг Аллоҳга боғланиши воситаларидан яна бири муҳаббатдир. Зеро, Аллоҳни яхши кўрган инсон Парвардигорига қаттиқ боғланади. Аллоҳ таоло айтади: “Одамлар орасида шундай кимсалар бор, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Имонли кишиларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқроқдир...” (Бақара сураси, 165-оят).
Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи мўъжизалар келтирилса ҳам айрим кимсалар Аллоҳга шерик қиладилар, уларга сиғинадилар, бут-санамларни Аллоҳни яхши кўргандек севадилар (Ваҳоланки, Аллоҳнинг шериги йўқ, ўхшаши йўқ). Бироқ имонли зотлар Ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладилар, Унга ихлос қўядилар, фақат Аллоҳни яхши кўрадилар. Мўминлар қалбидаги Аллоҳга нисбатан севги ҳар қандай муҳаббатдан кучлироқдир.
Айрим одамлар “муҳаббат”га асир бўлади, “ўлдим-куйдим” деб фиғони фалакка етади. Шуни билинг, Аллоҳдан ўзга нарсаларни яхши кўриш қалбга азоб беради, кишини мушкул аҳволга солиб қўяди. Шаҳвоний ишқ-муҳаббатнинг давоси – қалбнинг Аллоҳга боғланиши. Қалби Парвардигорига боғланган, Аллоҳни яхши кўрган мухлис банда ҳавойи нарсаларга кўнгил қўймайди, ўткинчи севгидан кўра Парвардигори муҳаббатини афзал билади. Чирой, ҳирс, бойлик, мансаб-мартабага асосланган муҳаббат изтиробларидан қутулишнинг оддий йўли Аллоҳга қайтиш, Унга юзланиш, ихлос билан ибодат қилиш, Парвардигорини яхши кўришдир. Ким шундай мақомга кўтарилса, қалби хотиржам бўлади, икки дунё саодатига эришади.
Уламолар айтишича, қалбнинг Аллоҳдан бошқасига боғланиб қолиши энг катта мусибатдир. Зеро, ким ўзга нарсаларга суянса, Аллоҳ уни ўз ҳолига ташлаб қўяди, қаровсиз қолдиради. Бундай кимса Қудратли Аллоҳдан ўзгаларга кўнгил қўяди, улардан умид қилади, диққат-эътибори ожиз махлуқотларга қаратилади.
Шуни ёдда тутинг: кимда-ким Буюк Аллоҳга боғланмаса, Парвардигоридан узилади. Энди унинг ҳеч қандай ёрдамчиси, мадакори бўлмайди.
Ким Аллоҳдан ўзгасига боғланса, ўша киши ёки нарса сабабидан хорликка юз тутади. Кимки Аллоҳга боғланса, азиз, мукаррам бўлади. Аллоҳ уни ҳифзу ҳимоясида сақлайди.
Ким Аллоҳга боғланса, ҳожатларини Унга арз қилса, ишларини ишониб топширса, Аллоҳ унга кифоя қилади, тўғри йўлга бошлайди, ишларига ривож беради, уни Ўзига яқин қилади, мушкулини осон этади.
Аллоҳга боғланган банданинг икки қадами ерда бўлса ҳам қалби, руҳи Аллоҳ билан бўлади. У фақат Аллоҳдан қўрқади, фақат Аллоҳдан умид қилади, касб-корини сабаб деб билади, ризқни Аллоҳдан сўрайди. Бундай банда дори-дармон ичади, муолажа олади, шифокор кўригидан ўтади, бироқ шифони Аллоҳ беради, деб ишонади, моддий нарсаларга боғланиб қолмайди.
Қалби Аллоҳга боғланган инсоннинг фикру хаёли Парвардигорида бўлади: Аллоҳ учун туради, Аллоҳ учун ўтиради, Аллоҳ учун гапиради. Унинг ҳаракати, жим туриши – барчаси Аллоҳ розилиги учун қилинади. Ким шундай мартабага кўтарилса, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлади. Натижада Аллоҳнинг розилигига эришади. Хожасининг ризосига ноил бўлиш мўмин банда учун энг улуғ бахтдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase