close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ўқиб имонингизни мустаҳкамланг!

Қуръон ўқиган инсоннинг имони мустаҳкамланади. Қорининг қалби Қуръоний қиссалар, ҳикматли панд-насиҳатлардан қувват олади. Қуръон эшитиб, елкасини тоғдек босиб турган маънавий юкдан халос бўлади, ғам-андуҳлари арийди, дилини ғаш қилиб турган тугунлар ечилади.
Қуръони каримда комил мўминлар шаънига мақтов айтилган: “Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтда қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган, ёлғиз Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир” (Анфол сураси, 2-оят).
Ерга раҳмат ёмғири ёғса, кўп ўтмай кўзни қувнатувчи майсалар униб чиқади, она замин кўм-кўк либосини кияди. Худди шунга ўхшаб Қуръон ўқиган, Қуръон эшитган мўминнинг қалбида имон нури барқ уради. Қуръонга ошно инсон имони мустаҳкамланади, иродаси пўлатдек метин, қалби қордек оппоқ, зилол сувдек мусаффо бўлади. Бу – чин мўминларга хос сифат. Бироқ мунофиқлар Қуръонга бепарво бўладилар, мўминлар ҳақида ножўя гаплар айтадилар: “Агар бирон сура нозил қилинса, (мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб:) “Қани, бу сура қайси бирингизнинг имонини зиёда қилди?” дейишади. Бас, у (сура) имон келтирган зотларнинг имонларини зиёда қилди, улар шод-хуррам бўладилар. Аммо дилларида мараз бўлган кимсаларнинг динсизликларига яна динсизлик қўшди, улар кофир ҳолларида ўлдилар” (Тавба сураси, 124-125-оятлар).
Агар Қуръон сураси нозил бўлса, мунофиқлар мўминларни масхаралаб, бир-бирларига: “Бу қайси бирингизнинг имонингизни зиёда қилди”, деб айтарди. Қуръон суралари мўминларнинг яқийнларини , собитқадамликларини, қўрқувларини зиёда қилади. Улар бундан хурсанд бўладилар .
Ҳидоятдан тўсилган, қалбида касаллик бор кимсага оятлар таъсир қилмайди. Аксинча уларнинг нонкўрликларини янада зиёда қилади. Шундай экан, биз Қуръонга бутун қалбимиз билан юзлансак, холис бўлсак, ана шунда Қуръон бизни иллатлардан тозалайди.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилади” (Исро сураси, 82-оят).
Қуръон ўқиган, ҳукмларига биноан яшаган, уни эъзозлаган мўминлар учун Каломуллоҳ дунёда шифо, охиратда раҳматдир. Қуръондан юз ўгирадиганлар, унга паст назар билан қарайдиганлар учун сўқирлик, ҳасрат-надомат, зулматдир .
Қуръон – қалб касалликларига шифо. Қуръон билан ғам-ташвишлар арийди, муаммолар ҳал бўлади, хатолар тўғриланади, гуноҳлар кечирилади. Аллоҳнинг Каломи кофирларнинг баттар адашишларига, зарар кўришларига сабаб бўлади. Чунки улар Қуръонга имон келтирмайдилар, Каломуллоҳни инкор этадилар .
Демак, имондан йироқ қалбга Қуръон таъсир қилмайди. Қуръон ихлос билан ўқилса, диққат-эътибор билан эшитилса, ана ўшанда имон мустаҳкамланади, қалб шифо оятларидан қувват олади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase