close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръонни яхши кўриш хосияти

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши: “Аллоҳга қасамки, мен Ихлос сурасини яхши кўраман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу сурага муҳаббатинг сени жаннатга олиб киради”, деб мужда бердилар .
Банданинг Қуръонга муҳаббати уни жаннат дарвозаси сари етаклайди. Жумладан, Ихлос сурасини қалбига жойлаган инсон соф имон-эътиқоди, яхши амаллари сабаб Аллоҳ розилигига эришади.
Мусулмонлар орасида “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни билмайдиган одам йўқ, десак ҳам бўлади. Кўпчилик бу сурани ёдлашга ҳаракат қилади. Афсуски, ҳаммада ҳам Ихлос сурасига муҳаббат йўқ. Бироқ ҳақиқий мўмин банда Ихлосни севиб ўқийди, ўқиб қалби тиниқлашади, кўнгли хотиржам бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: “Ким Қуръонни яхши кўрса, хурсанд бўлсин ”.
Қуръонни яхши кўрган инсон қанча севинса арзийди. Чунки уни Аллоҳ яхши кўради, охиратда Қуръон шафоатига эриштиради.
Лекин бир нарсани эслатиб ўтиш лозим, тилида: “Мен Қуръонни яхши кўраман”, дейиш билан иш битмайди. Қуръонни чинакам яхши кўрган одам Каломуллоҳни ўқийди, куч-қуввати етганча ёдлайди, ҳукмларини ўрганади. Ким: “Қуръонни яхши кўраман”, деб туриб, йиллаб Қуръон ўқимай юрса, ҳақларини адо этмаса, бу гапдан зиғирча наф йўқ.
Яна Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким Қуръонни яхши кўрса, хушласа, яхшилик узрадир ”.
Қуръонга муҳаббати баланд инсон хайр-баракага эришади. Ким Қуръонни яхши кўрса, ўқиб-ўрганса, икки дунёси обод бўлади. Қуръон ошиғини Аллоҳ яхши кўради, ундан рози бўлади, жаннатга киритади.
Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу нафл рўзаларни камроқ тутарди. Бунинг боиси сўралганида: “Агар рўза тутсам, Қуръон ўқишга қийналаман. Рўза тутишдан кўра Қуръон тиловатини яхши кўраман”, деб айтган .
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг жуссаси кичик бўлган. Ҳатто арок дарахтига чиқиб мисвок олган. Унинг болдири шунчалик ингичкалигидан шамол учириб юборгудек бўларди. Бир сафар одамлар Ибн Масъуднинг устидан кулишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
– Нега куляпсизлар?!
– Болдирлари ингичкалигидан куляпмиз.
– Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, Абдуллоҳнинг икки болдири Мезонда Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқдир .
Ривоят қилинишича, Икрима ибн Абу Жаҳл Мусҳафни юзига суртиб: “Парвардигорим Китоби, Парвардигорим Китоби!” деб Қуръонни эъзозларди .
Буюк аждодларимиз Қуръонга муҳаббатлари кучли бўлгани учун Каломуллоҳни қалбларининг, уйларининг тўрида сақлаб келишган, бизга ўхшаб ойлаб, йиллаб токчаларда қолдиришмаган, ўқиб-амал қилиб ҳақини адо этишган.
Қуръон Динимизнинг бош манбаидир. Шу сабаб Қуръон мўминнинг севгисига, ҳурмат-эҳтиромига ортиғи билан лойиқ. Улуғларнинг бу борадаги ҳассосликлари боиси шу эди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase