close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Намозда Қуръон ўқиш фазилати

 

 

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан сўрадилар:
– Биронтангиз оиласи олдига борганида ўркачлари катта-катта учта ҳомиладор туяни кўришни истайдими?
– Ҳа.
– Сизлардан бирон киши намозда учта оят ўқиши ўркачлари катта учта ҳомиладор туядан яхшироқдир .
Бу ривоятда айтилишича, намозда ўқилган ҳар бир оят учун банда номаи аъмолига битта катта ҳомиладор туя садақа қилганлик савоби ёзилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида ўркачлари катта-катта ҳомиладор туянинг қадри жуда баланд бўлган. Ҳозирги давр билан таққослаганда битта замонавий енгил машина қийматига тенг келган.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Намозда Қуръон ўқиш – намоздан ташқаридаги қироатдан афзал. Намоздан ташқаридаги қироат – такбир ҳамда тасбеҳдан афзал. Тасбеҳ садақадан, садақа эса рўзадан афзал. Рўза жаҳаннамдан (тўсувчи) қалқондир ”.
Шу ерда муҳим бир нарсани эслатиб ўтамиз: банда намозда Қуръондан қанча кўп ўқиса, шунча яхши. Бир ўзи намоз ўқиганда шундай қилса бўлади. Масалан, уйда нафл намоз ўқиётганда хоҳлаганча узун сураларни тиловат қилаверади. Лекин жамоатга имом бўлган одам, “Ҳадисда шундай дейилган экан”, деб қироатни ҳаддан ташқари чўзиб юбориши тўғри эмас. Имом сафда турган кексалар, заифлар, узрли кишиларни ҳисобга олиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ким тунда 100 оят билан намоз ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким кечаси 200 оят билан намоз ўқиса, дуо-илтижо қилувчи ихлослилардан деб ёзилади ”.
Иложи борича кўпроқ Қуръон ўқилса, ўқиганда ҳам намозда тиловат қилинса, савоби зиёда бўлади, устимизга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Кечаси Қуръон ўқиган одам ғофиллар қаторидан чиқади, ихлослилар сафидан жой олади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда шундай дейилган: “Намозни  Ўзим билан бандам ўртасида иккига тақсимладим. Бандам учун сўрагани (берилади). Агар банда: “Алҳамдулиллааҳи роббил ъааламийн”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам менга ҳамд айтди”, дейди. Агар (банда): “Ар-роҳмаанир роҳийм”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени мақтади”, дейди. Агар (банда): “Маалики явмид дийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени улуғлади”, дейди. Агар (банда): “Ийяка наъбуду ва ийяка наста-ъийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу Мен билан бандам ўртасидаги нарса. Бандамга сўрагани (берилади)”, дейди. Агар (банда): “Иҳдинассиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим, ғойрил мағзувби ъалайҳим ва лаз-зооллийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу бандам учун. Унга сўрагани (берилади)”, дейди .
Аллоҳ таоло бизнинг ҳар бир ҳолатимиздан Хабардор. У Зот намоздаги қироатимизни, айтган ҳамду саноларимизни, дуо-илтижоларимизни эшитади. Бу нарса ҳар биримизни хушуъга, янада сергак бўлишга чақиради. Агар бу ҳадисни қалбдан англаб етсак, тобора камёб бўлиб бораётган хушуъни топишимиз осонлашади. Чунки ҳар бир оятга оламлар Парвардигори Аллоҳ таоло жавоб қайтараётганини юракдан сезган инсон Фотиҳа сурасини бепарво ўқиб кетмайди, Раббининг улуғлигини ҳис этади, Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ банданинг икки ракат намозидаги (қироати)га қулоқ солганидек бошқа афзалроқ нарсани эшитмайди. Банда намозда экан, боши узра яхшилик ёғилиб туради. Одамлар Аллоҳга (Қуръондан ) чиққан бошқа (афзалроқ) нарса билан яқинлашолмайдилар ”.
Аллоҳ таоло эшитадиган сўзларнинг энг афзали икки ракат намоздаги қироат экан. Банда яхшилаб таҳорат олиб, хаёлини бир ерга жамлаб намоз ўқишни бошласа, Аллоҳ унинг тиловатини эшитишни яхши кўрар экан. Намозда Аллоҳ бизни кўриб турганини, қироатимизни эшитаётганини ҳис этсак, ибодатга иштиёқимиз ортади, қалбимизда ихлос пайдо бўлади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase