XI. Ислом эътиқоди тақдирга ишонишга чорлайдими?
- Душанба, Дек 25 2023
- 14584 марта кўрилди
1. Кимки Қуръон оятларини ўқиб таафаккур қилса, Ислом инсонни ҳаракат қилишга, ҳаёт ва яшаш учун ишлашга ундайди. Шунинг учун кўплаб Қуръон оятларида Аллоҳ ҳалол амал ҳамда ҳақиқий иймонга чорлайди.
“Айтинг: (хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) билгувчи зотга қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амаларингизнинг хабарини берур”.(9:105)
Қуръонда ҳатто мусулмонларнинг дам олиш ва асосий ибодат куни даражасига чиққан Жумъа куни ҳам одамларни ишлашга даъват қилади:
“Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса, (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига-Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яяхшироқдир”. (62:9)
“Энди қачон намоз адо қилингач ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажод топурсизлар”.(62:10)
2. Пайғамбар (а.с.) одамларни то ҳаётларининг сўнггига қадар ишлашга даъват қилган. У зот деганларки: “Агар ҳаётингизнинг сўнгги лаҳзаси келган бўлса-ю, қўлингизда экиладиган кўчат бўлса, шуни экинг”. Пайғамбар (а.с.) бир инсон масжидда ўтириб узундан-узун, кечаю кундуз ибодатда бўлсаю, лекин бошқалар ҳисобига яшаса ҳамда қўллаб-қувватлашига умид қилса, бундай одамни оқламаганлар. Ул муборак зот қўли меҳнатда бўлиб ўзи яшаш учун ҳаракат қилганларни мақтаган ҳамда Аллоҳ ва Расулининг розилигига олиб боришини таъкидлаганлар.
3. Мусулмонлар раҳнамоси сарвари коинот Пайғамбар (а.с.) ҳам ишлаганлар, ҳам экканлар, қисқаси ҳаёт учун нима керак бўлса, ҳаммасини қилганлар ва шу билан бирга, Аллоҳ розилиги йўлида ҳаракат қилганлар. Аллоҳга иймон келтириш бу ишдан бутунлай бўшаш ёки умидларимизни амалга ошириш учун фақат ибодат билан чекланиш керак дегани эмас. Бунга сабаб шуки, Аллоҳга ишониш нафақат керак, балки шартдир. Иймон бизни барча қийинчиликлар ва тўсиқларни сабр ва матонат билан енгиб ўтишимизга сабаб бўладиган илоҳий қувват билан илҳомланишимизга олиб келади. Бу иймон ва Аллоҳ билан боғликлик лоқайдликка ва салбий кайфиятга эмас, балки кучли ва бардамлигини вужудга келтиради.
Аллоҳ хоҳлаган бўлса бўлади, деб ҳаракат қилмай қўйишлик Ислом томонидан қабул қилинмайди. Аллоҳ ўзига ўзи ёрдам бермайдиган одамга ёрдам бермайди. Аллоҳ ўз мақсадига эришишга ҳаракат қилган инсонга ёрдам беради.
“Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас”. (13:11)
Умар бин ал-Хаттоб ишламасдан фақат ибодатга вақт сарфлаб, бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб яшайдиганлардан норози эканликларини айтиб, деганларки: “Осмондан кумуш ёки олтин ёғмайди”. Умар (р.а.) ўз фикрларини Пайғамбарнинг (а.с.) қуйидаги ҳадиси билан далиллайди: ”Қушлар нимани қилса қилинглар. Улар ҳар куни эрталаб бўм-бўш панжалари билан чиқиб кетиб, куннинг охирида уларни тўлдириб қайтади”. Одамлар ҳам қушлардан ибрат олишлари керак.