Тўртинчи боб. Қиёмат шартларининг сирлари ҳақида
- Шанба, Нояб 11 2023
- 11050 марта кўрилди
Борлиқдаги рамзийлик
Рамзийлик борлиқдаги очиқ ҳақиқат бўлишига қарамасдан, ўта нозиклиги, дақиқлиги сабабли кўпинча сезилмай қолади. Аслида атрофдаги ҳар битта нарса қанча олий сирлару маҳфий маъноларга далолат қилмайди дейсиз. Уларни фақат Аллоҳ билдирган зотларгина била олади.
Иншааллоҳ, қуйида рамзийликнинг борлиқдаги эътиборига далолат қилувчи баъзи ҳадисларни келтириб ўтамиз. Сўнгроқ эса Қиёмат шартларининг сирлари ва уларнинг рамзий маънолари ҳақида баҳс юритамиз.
«Ҳадис» 108. Ҳудайбия сулҳидаги мусулмонлар билан музокара ўтказишга Макка кофирлари Суҳайл ибн Амрни юборишди. Уни кўриб Расулуллоҳ (с.а.в) асҳобларига дедилар:
-Энди сизларга (бу) ишларингиз енгил бўлди («Суҳайл» калимаси араб тилида «енгиллик» маъносини беради).
Расулуллоҳ (с.а.в) қурайшнинг Суҳайлни Маккага юборишидан, яъни Аллоҳнинг мана шуни хоҳлашидан жуда чигал ҳолатда турган сулҳ ишининг Аллоҳ изну иродаси ила енгиллик асосида ҳал этилганини тушундилар. Гўё Суҳайлнинг келиши енгиллик-яхшиликка бир рамзий ишора эди. Ҳақиқатан ҳам, Суҳайл ибн Амр элчилиги остида Ҳудайбия сулҳи тузилди. Аллоҳ таъоло мусулмонларнинг ишини осон қилди.
«Ҳадис» 109. «Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
-Тушимда гўё биз Ақба ибн Рофеънинг ховлисида эканмиз. Рутаб ибн Тоб(ники)дан келибмиз. Мен буни дунёдаги олийлигимиз (рофеъ – баланд), охиратдаги (яхши) оқибатимиз (Ақаба – оқибат) ва динимизнинг яхшилиги-поклиги (тоба – яхши, пок) деб таъвил қилдим».
Биз тушда ҳам, ўнгда ҳам рамзийлик борлигига далил келтираяпмиз. Қуйида фикримизга яна-да ёрқинроқ, яна-да яқинроқ бўлган бошқа бир далил келтирамиз.
«Ҳадис» 110. Абу Муса ал-Ашъарий (р.а)дан: «Абу Мусо ал-Ашъарий уйидан таҳорат олиб чиқди. У ўзича бугун Расулуллоҳ (с.а.в) ёнларидан жилмай, кунимни у Зот билан бирга ўтказаман, деб ният қилди. Масжидга келиб Расулуллоҳ (с.а.в)ни сўраган эди, «Манави томонга кетдилар», дейишди. Абу Мусо айтади:
-Мен Расулуллоҳ (с.а.в)ни одамлардан сўраб-суриштириб юриб Арис қудуғи олдига келдим. Унинг (қўрғонининг) эшиги олдида то Расулуллоҳ (с.а.в) қазои ҳожат қилиб сўнг таҳорат олмагунларига қадар (кутиб) ўтирдим. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в) қудуқ лабидаги сал кўтарилган жойга – қудуқ тўсиғи устига ўтирдилар. Унинг ўртасига жойлашиб олгач, болдирларини очиб оёқларини осилтириб ўтирдилар. Мен Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларига келиб салом бердим-да, яна ортимга қайтдим. Пайғамбар (с.а.в)нинг дорбон (эшикбон)и бўламан, деб эшик олдига ўтириб олдим. Абу Бакр (р.а) келиб эшикни итарди.
-Ким у,- сўрадим мен.
-Абу Бакр
-Бироз кутиб туринг,- дедим-да, Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларига келиб, Абу Бакрнинг киришга изн сўраётганини айтдим.
-Унга изн бер ва жаннат хушхабарини айт,- дедилар Расулуллоҳ (с.а.в).
Мен яна эшик ёнига қайтдим.
-Киринг,- дедим унга,- Расулуллоҳ (с.а.в) сизга жаннат хушхабарини айтдилар!
Абу Бакр кириб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ўнг ёнларидан жой олди. У ҳам худди пайғамбар (с.а.в) каби болдирларини очиб, оёқларини осилтириб ўтирди.
Кейин мен яна жойимга қайтиб бориб ўтирдим. Укам таҳорат олаётганида чиқиб кетган эди. У орқамдан келиши керак эди.
-Агар Аллоҳ фалончига – яъни укамга – яхшиликни хоҳласа, уни (шу ерга) келтиради,- дея умидвор турардим.
Шу пайт кимдир эшик тегинди.
-Ким у?- сўрадим мен.
-Умар ибн Хаттоб!
-Бироз кутиб туринг.
Мен Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларига бориб салом бердим ва «Умар ибн Хаттоб киришга изн сўраяпти»,- дедим.
-Унга изн бер ва жаннат ҳушхабарини айт,- дедилар Расулуллоҳ (с.а.в).
Умар ёнига қайтиб, унга «Расулуллоҳ (с.а.в) сизга изн бердилар ва жаннат хушхабарини айтдилар,- дедим.
Умар кириб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг чап ёнларидан жой олди. У ҳам оёқларини қудуққа осилтириб ўтирди. Мен яна ўз жойимга қайтдим.
-Агар Аллоҳ фалончига – яъни укамга – яхшиликни хоҳласа, уни (шу ерга) келтиради,- дея ҳануз умидвор турардим.
Сўнг яна кимдир келиб эшикни қимирлатди. У Усмон экан.
-Бироз кутиб туринг!- дедим-да, Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларига келиб, Усмон ибн Аффоннинг киришга изн сўраётганини айтдим.
-Унга изн бер ва бошига тушадиган бир бало-синов билан бирга жаннатий бўлишини ҳам айт,- дедилар Расулуллоҳ (с.а.в).
-Кираверинг,- дедим Усмонга,- Расулуллоҳ (с.а.в) бошингизга тушадиган бир бало-синов билан бирга жаннатий бўлишингизни ҳам айтдилар!
Усмон Аллоҳга ҳамд айтиб, «Аллоҳнинг ўзи мададкор!»- деб қўйди. У кириб қудуқ атрофининг тўлганини кўрди-да, бошқа томондан уларнинг рўпарасига ўтирди».
Саййид ибн Мусаййиб айтади:
-Мен буни Уларнинг қабрларига таъфил қилдим».
Яъни ушбу ҳодиса уларнинг қабрларига нисбатан бир рамзий ишора сифатида олинди. Ҳақиқатан ҳам Абу Бакр ва Умарларнинг қабри Пайғамбар алайҳис-салом қабрлари билан ёнма-ён, бир ҳужрада жойлашган. Усмон (р.а)га эса бу ҳужрада жой қолмаган ва у зот ҳужранинг қаршисидаги қабристонга дафн қилинган.
Менимча, мазкур ҳодиса рамзийликнинг эътиборли эканига кучли ва очиқ ҳужжат бўла олади.
Бутун оламлар Парвардигорига ҳамдлар бўлсин!