Зул Қарнайн ким ўзи? Яъжуж ва Маъжужлар кимлар?
- Шанба, Нояб 11 2023
- 11308 марта кўрилди
Зул Қарнайн – «Каҳф» сурасида зикр этилган солиҳ подшоҳ. У Яъжуж ва Маъжужлар билан уларга қўшни турувчи золимлар ўртасига тўсиқ қурган киши.
«Улар: «Эй, Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, биз уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?»- дедилар. У (Зулқарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай».
Биз Зулқарнайн қурдирган деворнинг шарқда эканини қатъий айта оламиз. Чунки Зулқарнайн кунчиқар томонда ўша заиф қавмни учратган эди.
«Ҳатто (у) кунчиқарга етгач».
Аммо айнан маълум бир деворни «Мана шу Зулқарнайн қурдирган тўғон»,- демоқлик мушкул масала.
Балки у ўша машхур Хитой деворидир. Ёки улуғ муҳаддис Имом Термизий юрти Термизда топилган девордир. Валлоҳу аълдам!
Устоз Саййид Қутб «Фи Зилал-ил-Қуръон»да ёзади: «Термиз шаҳридаги бир мақбара ёнидан (эски) девор топилди. У «Темир дарвоза» номи билан танилган. Милодий ўн бешинчи асрнинг бошларида у ердан немис олими (Сайлд Бергер) ўтаётиб, ўз китобида мазкур девор ҳақида ёзган эди. Шунингдек, испан тарихчиси Клавихо ҳам ўзининг 1403 йилдаги сафари тарихини ёзар экан, девор ҳақида тўхталиб ўтади. «Темир дарвоза шаҳрининг девори Самарқанд – Ҳинд йўли устида жойлашган. Бу Зулқарнайн тиклаган ўша (машҳур) девор бўлиши ҳам мумкин».
Юқоридаги фикрларнинг қай бири тасдиқланишидан қатъий назар, Яъжуж ва Маъжужларнинг кичик шарқдан чиқиши аниқ. Хусусан, уларнинг Хитой аҳолиси бўлиб чиқиши кўпроқ эҳтимол қилинади. Биз ушбу фикримизни қувватлайдиган далилларни қуйида санаб ўтамиз:
1. Хитойлар бугунга келиб бир миллирадга етишди. Бу бутун дунё аҳолисининг учдан бири ёки шунга яқинроғи демакдир. Ҳадиси шарифда Яъжуж ва Маъжужларнинг ҳам жуда кўп бўлганлигидан бир ўтишда Табария кўлини қуритишлари айтилган эди.
2. Аллоҳ таъоло Ийсо алайҳис-саломга мусулмонларни Тур тоғига олиб чиқиб кетишни ваҳий қилади. Чунки бундай кўп сонли қўшинга ҳеч ким бас кела олмасди.
3. Яъжуж ва Маъжужлар ҳам ашаддий кофир, фожир кимсалар бўлади. Улар ер аҳлидан бўшаганликларидан сўнг «Келинглар, энди само Парвардигори билан урушамиз»,- дейишади. Бу сифат Хитойдаги Маркс издошлари – социалистларда ҳам топилади. Валлоҳу аълам!
Энди Зулқарнайн ҳақида гапирадиган бўлсак, баъзилар уни Набий десалар, яна баъзилар уни пайғамбар эмас, фақат солиҳ подшоҳ дейишади.
Хўш, бу ерда бошқа муаммо ҳам бор – Зулқарнайн ким ўзи?
У Искандарияни қурдирган юнон шоҳи Искандарми?
Ёки Иброҳим алайҳис-салом билан бир замонда яшаган жуда қадимда ўтган Яман шоҳими?
Олимлар турлича фикр билдирганлар. Ҳақиқат эса ёлғиз Аллоҳга аён.
Устоз Саййид Қутб Александр Македонский (Македониялик Искандар)нинг Зулқарнайн эмаслигини ёзади ва бунга юнон шоҳи Искандарнинг кофир эканлигини, қуръонда зикр қилинган Зулқарнайн эса мўмин-мусулмон киши бўлганини ҳужжат қилиб келтиради. Лекин Саййид Қутбнинг бу далили кучли эмас. Чунки биз фақат тарихга суяниб Македониялик Искандарни кофирга чиқараяпмиз. Тарих эса ҳамиша ҳам фақат аниқ ҳақиқат бўлавермайди. Биз тарихнинг унчалик ишонарли ҳужжат бўла олмаслигига қуйида бир мисол келтирамиз:
Тарих Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳис-саломлар ҳақида ҳеч нарса демаган. Ахир Қуръони Каримда ҳикоя қилинган мазкур ҳақиқатлар тарихнинг очиқ, нурли саҳифаларида нақшланишга ҳақли эмасмиди?!
Афсуски, бундай бўлмади. Тарих улар ҳақида ҳануз гунг.
Менимча, тарихнинг туманли, гумонли эканлигига юқоридаги далил кифоя қилса керак. Биз фақат салафи солиҳларимиз томонидан айтиб ўтилган хабарларни маҳкам тута оламиз. Аллоҳ таъолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.
«Фатҳул Борий»да Ибн Ҳажар қуйидагича ёзади: «Факиҳий улкан тобеъинлардан бўлмиш Убайд ибн Умайр йўлидан ривоят қилинишича, Зулқарнайн пиёда ҳаж қилган ва унинг хабарини эшитган Иброҳим алайҳис-салом Зулқарнайнга пешвоз чиққан».
Ато йўлидан, Абдуллоҳ ибн Аббосдан: «Зулқарнайн масжидул ҳаромга кирган. Иброҳим алайҳис-саломга салом бериб, у зотнинг қўлини олиб кўришган».
Усмон ибн Саж йўлидан: «Зулқарнайн Иброҳим алайҳис-саломдан «Мени дуо қилинг»,- деб сўрайди. «Қандай қилиб сени дуо қилай,- деди Иброҳим, - Ахир сизлар (Замзам) булоғини булғадингиз-ку!»
«Бу иш менинг тарафимдан содир этилгани йўқ»,- деди Зулқарнайн. Яъни бу ишни мендан бесўроқ қилишган.
Ибн Ҳишом ёзади: «Иброҳим бир масалада Зулқарнайндан ҳукм сўради. Зулқарнайн унга ҳукм чиқариб берди».
Ибн Ҳажар айтади: «Мазкур ривоятлар бир-бирини тасдиқлаб-қувватлаб келаяпти».
Юқоридаги ривоятларга кўра, Зулқарнайн Иброҳим алайҳис-саломга замондош бўлган. Демак, у Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳ амрига биноан кишиларни ҳажга чақирганида ҳажга келган.
«Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар».
Қуръонда зикр этилган Зулқарнайннинг юнон шоҳи Искандар эмаслигига Ибн Ҳажар мана шуни далил қилиб кўрсатган. Чунки Искандар Ийсо алайҳис-салом замонларига яқин яшаб ўтган. Демак, бу Иброҳим алайҳис-салом замонларидан қарийб 2000 йил кейин бўлган.
Фахрур Розий ёзади: «Зулқарнайн Набий бўлган. Искандар эса кофир. Унга кофирлигига ҳеч шак-шубҳа бўлмаган Аристотель устозлик қилган. Искандар унинг маслаҳатига кўра иш юритарди».
Ибн Ҳажар айтади: «Зулқарнайнни Искандар деб билувчилар Табарий ва Муҳаммад ибн Робеъларнинг «Мисрга тушган саҳобалар» китобида келтирилган қуйидаги ҳадисига суянишади. Лекин бу ҳадис ровийлари орасида Ибн Лаҳия ҳам бор:
«Ҳадис» 83. Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в)дан Зулқарнайн ҳақида сўради. Пайғамбар алайҳис-салом шундай жавоб бердилар: «У румлик бўлган. Шоҳлик-мулк ато қилингач, Мисрга келиб Искандарияни бино қилди. Искандарияни қуриб битирганидан сўнг унинг олдига бир малак келди. Зулқарнайн самога кўтарилди. Малак унга «Пастга бир қара»,- деди. «Мен (фақат) битта шаҳарни кўраяпман»,- жавоб берди Зулқарнайн. Малак (фаришта) деди: «Бу ер. Аллоҳ таъоло (уни) сенга кўргизишимни хоҳлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ ер юзида сенга салтанат-ҳокимлик берди. Энди сен ер узра юриб билмаган кишига билдиргин, билганларни эса (янада) собит қилгин».
Агар ушбу ҳадис саҳиҳ бўлганида, масала ўз ечимини топарди. Лекин, бу ҳадис заиф. Валлоҳу аълам!».
Ибн Ҳажарнинг ҳадисни Ибн Лаҳия сабабидан заифга чиқариши унчалик тўғри эмас. Абдуллоҳ ибн Лаҳия ривоят қилган ҳадисларни рожиҳ-кучли гапга кўра ҳасан дейиш мумкин.
Демак, юқоридаги ҳадис, агар унда бошқа (иллат) камчилик топилмаса, ҳасан мақомида туради ва уни Зулқарнайннинг Искандар эканлигига далил қилса бўлади. Менимча ҳам шу фикр тўғри. Яна Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир!