close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Иккинчи фасл. Қиёматнинг яқин қолгани ҳақида хабар берувчи зикрлар

Худо хоҳласа, бу фаслда Қиёмат қойимнинг яқинлиги ва унинг кичик шартлари баён қилинган саҳиҳ ҳадисларни ўрганамиз. Узоқ шарҳламасдан, фақат тушуниш қийин бўлган сўзлар устидагина бироз тўхталиб ўтамиз. Аллоҳ мададкордир!
1. Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд ас-Саидий (р.а)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в) икки бармоқларига ишора қилиб, уларни чўзиб туриб айтдилар: «Мен (пайғамбар қилиб) юборилганимда Қиёмат мана шу иккисидек эди».
2. Имом Аҳмад Бурайдадан ривоят қилади: «Мен юборилдим. Қиёмат мендан ўзай-ўзай деб қолди».
3. Муставрид ибн Шаддоддан ривоят қилинади: «Мен Қиёмат нафасида юборилдим. Ундан худди мана бу бунисидан ўзганидек ўздим». Расулуллоҳ (с.а.в) кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар.
«Қиёмат нафасида» – яъни нафас олишида. Бу ҳам яқинликни билдирувчи киноя. Яъни инсон бошқа бир кишининг нафасини эшитиш учун жуда яқин туриши керак.
4. Бухорий ва Муслим Ибн Умардан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
«Сизларнинг муҳлат-ажалларингиз илгаригилар ажали олдида аср номозидан қуёш ботгуничалик (муддат) холос».
5. Мужоҳид йўлидан Ибн Умардан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларида эдик. Асрдан кейинги вақт. Қиёш (қуаъйқион тоғи) устида. Набий алайҳис-салом дедилар: «Ўтган кишилар умри олдида сизларнинг умрларингиз худди мана шу куннинг ўтган қисми олдидаги қолган қисми кабидир».
Қуаъйқион – Маккадаги тоғ.
Ҳадисда асрдан кейинги қуёш ботишига яқин қолганидек, Қиёмат қойимга ҳам яқин қолинганлиги айтилмоқда.
6. Хузайфа ибн Ямон (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, имом (бошлиқ)ларингизни ўлдириб, (бир-бирингизга) қилич солмагунларингизгача ва дунёларингизни ёмонларингиз мерос қилиб олмагунича, Қиёмат қойим бўлмайди».
Бу фитна бўлиб ўтган. Усмон ибн Аффон ўлдирилди. Сўнг фитна авж олди. Аллоҳнинг ўзи асрасин.
7. Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Мусулмонларнинг икки гуруҳи бир-бирлари билан урушмагунича қиймат бўлмайди. Улар ўртасида улкан жанг бўлиб ўтади. ҳар иккисининг даъвоси битта бўлади».
Бу Сиффин жангида воқеда кўринди.
8. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ҳарж кўпаймагунича Қиёмат қойим бўлмайди.
-Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! ҳарж нима ўзи?- сўрашди саҳобалар.
-Қатл, қатл,- жевоб бердилар Набий алайҳис-салом».
9. Анас ибн Молик (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Қиёмат олдидан қоп-қоронғу тун бўлакларидек фитналар бўлади. Киши мўмин ҳолда тонг оттириб, кофир ҳолда кеч киргизади. Мўминлигида кеч киргизган киши кофир бўлиб тонг оттиради. қавмлар ўз динларини дунёнинг бир арази – ўткинчи нарсаси учун сотадилар».
10. Хузайфа ибн Ямон (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дунёда энг саодатли кимса Лукаъ ибн Лукаъ бўлиб қолмагунича Қиёмат қойим бўлмайди».
Лукаъ ибн Лукаъ – паст, ярамас киши, қул ёки нодон кимса.
11. Анас ибн Молик (р.а)дан: Анас ибн Молик вафоти яқинлашганида айтди: «Сизларга Расулуллоҳ (с.а.в)дан бир ҳадис айтиб берайми?! Мендан кейин ҳеч ким уни сизга айтмайди! Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қуйидаги сўзларини эшитганман:
-Илмнинг кўтарилиши, жаҳолатнинг зоҳир бўлиши, хамрнинг ичилиши, зинонинг ёйилиши ва эркакларнинг камайиб, аёлларнинг кўпайиб кетиши Қиёмат қойим шартларидандир. (Ўша кунга келиб) 50 аёлга битта қаровчи-эркак бўлади».
12. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ҳижоз еридан олов чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. (Ҳижоздан чиққан бу олов) Бусрадаги туяларнинг бўйнини ёритади».
Ибн Ҳажар айтади: «Қуртубий ўзининг «Тазкира»сида шундай дейди: «Ҳижоз олови Мадинадан чиқди. У тунги улкан зилзила билан бошланди. Бу 654 ҳижрий сана, жумодил охирнинг учинчи (сешанба) кунида бошланиб, жума куни пешинга яқин тугади».
Нававий айтади: «Барча Шом аҳли бу оловнинг чиққанини жуда яхши билади».
13. Авф ибн Молик (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига бордим. Пайғамбаримиз дедилар: «Қиёмат олдида 6 нарсани сана; менинг вафотим, сўнг Байтил Мақдис фатҳи, сўнг худди чорва ўлати каби орангизда тарқаладиган ўлат, сўнг мол-дунёнинг тўлиб-тошиши (ҳатто киши 100 динор олса ҳам норози-дарғазаб бўлиб қолаверади), сўнг биронта араб хонадонини қолдирмай қирадиган фитна, сўнг сизлар билан Бани Асфар ўртасидаги тинчлик. Улар алдайдилар. Сизларнинг устингизга 80 ғоя-байроқ билан (бостириб) келишади. Ҳар бир байроқ тагида 12.000 (жангчи) бўлади».
«Чорва ўлати каби орангизда тарқаладиган ўлат» – яъни орангизда бир касаллик тарқалади ва шу сабабли ўлим кўпаяди. Бу Умар (р.а) даврида Шомда тарқалган вабо деб таҳмин қилинади. Мана шу вабода Абу Убайда ва бошқа кўплаб мусулмонлар ўлган.
Энди Бани Асфарнинг хиёнатига келсак, Бани Асфар 80 байроқнинг ҳар бири остига 12.000 жангчи тўплаган ҳолда бостириб келади. Яъни қарийб 1.000.000 аскар билан ҳужумга ўтади. Биринчи Жаҳон урушида ғарб ислом халифалигини йўқотиш учун катта қўшин тўплаган эди. Балки мана шу воқеа айтилгандир. Валлоҳу аълам!
14. Анас (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжол (келиши) олдидан бир неча йиллар алдов-макрлар бўлади. Бу йилларда ростгўй ёлғончига чиқарилиб, ёлғончи ростгўй саналади. Омонатдор ҳиёнатчига, ҳиёнаткор эса омонатдорга чиқарилади. Мана шу муддатда Рувайбаза гапга тушади».
Худди шу мазмундаги бошқа бир ҳадисни Ибн Можаҳ Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Унда қуйидаги зиёда ҳам бор:
- Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! Рувайбаза нима дегани ўзи?- дейишди саҳобалар.
Пайғамбаримиз жавоб бердилар: «У омманинг иши (фойдаси, турмуши) ҳақида (ўзича) гапирувчи бемаъни – бачкана кимса».
Биз бугун уни кўпчилик нотиқ ва журналистлар тимсолида кўраяпмиз.
15. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Қиёмат қойим бўлмайди, токи икки улкан жамоа урушмагунича. Улар ўртасида катта жанг бўлиб ўтади. ҳар иккиси бир нарсани даъво қилади. (Қиёмат қойим бўлмайди) токи ҳар бири ўзини пайғамбар ҳисоблагувчи 30та дажжол чиқмагунича, токи илм олиб қўйилиб, зилзилалар кўпайиб, замон яқинлашиб, фитналар зоҳир бўлиб, ҳарж (қатл) кўпайиб кетмагунича, токи орангизда мол дунё тўлиб-тошмагунича. Ҳатто мол эгасига закотни оладиган киши(ни топиш) қайғу бўлмагунича. Мол эгаси бировга закотини берса, у «Бунинг менга кераги йўқ»,- деб айтмагунича токи одамлар уй қуришда мусобақага киришмагунларича токи қабр ёнидан ўтаётган киши «қани эди унинг ўрнида бўлсам»,- деб айтмагунича.. токи қуёш ғарбдан бош кўтармагунича қуёш ғарбдан бош кўтаргач, уни кўриб ҳамма-ҳамма иймон келтиради. Бу илгари иймон келтирмаган ёки иймонида хайр-яхшилик касб қилмаган кишига иймони фойда бермайдиган пайтдир».
Муслим уларни алоҳида-алоҳида ривоят этган ҳадисда санаб ўтилган кичик аломатларнинг барчаси воқеъда кўринди. Аммо катта аломатларига келсак, улар (қуёшнинг ғарбдан чиқиши, замоннинг қисқариши кабилар) энг охирида Ийсо алайҳис-салом тушиб хинзир (чўчқа)ни ўлдирганидан сўнг намоён бўлади.
Кейин Яъжуж ва Маъжуж чиқади. Аллоҳ таъоло Ийсо алайҳис-салом дуолари баракоти билан уларни ҳалок қилади».
Биз «ҳадисда айтиб ўтилган кичик аломатлар воқеъда кўринди»,- дедик. Валлоҳу аълам!
Энг аввал пайғамбарлик даъвосини қилувчи ёлғончилар чиқди. Бу ёлғончиларнинг пешқадами ва ўта хатарлиси Мусайлама Каззоб эди. Уни Абу Бакр халифалиги даврида, Ямома жангида Аллоҳ қиличи Холид ибн Валид қўшини ўлдирди.
Энди бир-бирлари билан урушган икки улкан жамоа ҳақида тўхталиб ўтсак. Усмон ибн Аффон ўлдирилганидан кейинги фитналар Саҳобалар ўртасидаги келишмовчиликлар. Улар турлича ижтиҳод қилдилар. Натижада аввал Жамал, сўнгра эса Сиффин жанглари бўлиб ўтди. Сўнг хулафои рошидинларнинг энг охирги вакили Али ибн Абу Толиб шаҳид этилди. Уни икки ҳовли (дунё) бадбахти Ибн Мулжим ўлдирди. Ҳамма нарса айнан пайғамбар (с.а.в) хабар берганларидек бўлди: «(Эй Али,) Сени дунёю охиратда бадбахт бўлган кимса ўлдиради».
Ниҳоят ўзаро жанглар барҳам топди. Имом Ҳасан ибн Али мусулмонларни бирлаштириш учун Муовия ибн Абу Суфён билан келишди. Уни халифа деб тан олди. Ҳасан (р.а)нинг ҳикмати фазли билан уммат яна бир бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в) бу ҳақда ҳам хабар берган эдилар: «Менинг шу ўғлим саййиддир. Уни сабаб қилиб Аллоҳ таъоло мусулмонларнинг икки улкан жамоасини бирлаштиради деб умид этаман».
Расулуллоҳ (с.а.в) айтганларидек бўлди. Бутун оламлар Парвардигорига беҳад ҳамду санолар айтамиз!
Илмнинг олинишини эса бизга ушбу ҳадис шарҳлаб беради.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а)дан: «Аллоҳ таъоло одамлардан илмни (шундай) олиб қўймайди. Илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто биронта ҳам олим қолмайди. (Сўнг) одамлар ўзларига жоҳил (яъни олимлик даъвосини қилувчи нодон) кимсаларни бошлиқ қиладилар-да, улардан фатво сўрайдилар. Улар ўзлари билмасдан туриб фатво берадилар. Натижада ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар».
Ҳадис зоҳиридан кўриниб турибдики, олиб қўйиладиган илм дунёга тааллуқли илм эмас. У фақат диний илм бўлади. Дунёвий илм гуллаб-яшнамоқда. Одамлар фазога учмоқдалар, ойни текшираяптилар. Лекин олинажак илм – дин йўқолиб бораверади. ҳатто ҳақиқий олимлар қолмагач, жоҳил кимсалар бошлиқ қилиб олинади ва улар ўзлари билмаган нарсаларга фатво берадилар. Натижада ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар.
Бизга Аллоҳ кифоя ва У нақадар яхши кифоя қилгувчидир!
«Зилзилалар кўпаяди» – эҳтимол бу ерда ер юзининг ҳамма бурчакларида зилзилаларнинг кўпайиши ва узлуксиз давом қилиши айтилаётгандир. Чунки зилзила аслан қадимда ҳам мавжуд эди. Демак, унинг кўпайиши ва узлуксиз давом қилиши (ернинг ҳамма қисмида) Қиёмат қойим аломатларидан бўлади. Агар ҳадисни мана шундай тушунадиган бўлсак, ҳали бу аломат воқеъга чиққани йўқ. Эҳтимол, у бутун ер юзини зилзилага кўмиб юборувчи ядровий уруш натижасида зоҳир бўлар. Валлоҳу аълам! «Замон яқинлашади» – мазкур жумлани Термизийнинг Анас (р.а)дан ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қуйидагича шарҳлайди:
Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Замон (бир-бирига) яқинлашмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. (Замон шунчалик бир-бирига яқинлашадики), ҳатто йил ойдек, ой жумъа (ҳафта)дек, жумъа (бир) кундек, кун эса бир парча чўғдек (ёки ялт этиб ўчадиган ёлқиндек) бўлиб қолади».
Агар ҳадис зоҳири олинса, ҳали бу аломат воқеда кўринганича йўқ.
Балки бу воқеа Қиёмат жуда-жуда яқин қолганида юзага чиқар. Унда бутун оламнинг ҳалокатга юз тутганини эълон қилиб ер ва юлдузлар ҳаракати бузилади.
Лекин ҳадис зоҳири олинмаса, унда замон яқинлашувидан мурод турли эҳтиёж-ҳожатларни тезда қондирилиши ва жуда узоқ масофаларни қисқа муддатда босиб ўтишнинг осон бўлиб қолиши дейилади. Илм-фаннинг гуллаб-яшнаши натижасида бу имкониятлар бугунги кунда мавжуд. қадимда бир йил қилинган ишни ҳозирда ўн-йигирма кунда битказиб қўйишаяпти. Ой-ҳафталарни ҳам мана шунга қараб олаверинг Валлоҳу аълам!
«Ҳарж кўпаяди. У қатлдир»
Зоҳиран олинганда, ҳадисда қатл-ўлдиришнинг мисли кўрилмаган суратда кўпайиб кетиши айтилмоқда. Чунки ўзига ўзи зулм қилувчи инсоният тарихида қатл илгари ҳам кўп бўлган. Энди Қиёматнинг катта аломатларидан бири сифатида олинадиган қатлнинг кўпайишига келсак, бу бизнингча даҳшатли ядровий уруш натижасида вужудга келади. Валлоҳу аълам!
Ҳатто мана шу жангдан омон қолган киши ҳам улкан бало-офат ичида ҳис қилади ўзини. Расулуллоҳ (с.а.в) айтганларидек, қабр ёнидан ўтиб кетаётиб, марҳумга ҳавас қилади: «Қани эди мен унинг ўрнида бўлсам!».
Мол-дунёнинг ҳаддан зиёд кўпайиши ва ҳатто мол эгаси «ким закотимни олар экан» деб ташвиш чекиб қолиши Умар ибн Абдулазиз даврида вужудга келган эди. Бу нарса Ийсо алайҳис-салом замонида яна бир марта такрорланади.
Аллоҳ таъоло ошкору ботин фитналардан асрасин. ўзи бизга офият-омонлик ато этсин. Аллоҳ бизга кифоя ва У нақадар яхши кифоя қилгувчидир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase