Муҳаммад ибн Салмон – 2018 йил Россия Федерациясида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинини Владимир Путин ва ФИФА президенти Джанни Инфантино билан биргаликда томоша қилган одамдир. Шаҳзода Саудия Арабистонида футболнинг ривожланишини назорат қилади. Баҳорда у молиявий фейр-плейга ўхшаб кетадиган футбол исхоҳотларини таклиф қилди, бундан олдин эса арабистонлик клубларнинг 340 млн доллар атрофидаги кўп сонли ташқи қарзларини қоплаб берди.
Глейзерлар оиласи «Манчестер Юнайтед» клубига 2005 йилдан бери эгалик қилиб келади. 2012 йилда «Юнайтед» акцияларининг бир қисми Нью-Йорк фонд биржасида сотилди, бу акцияларнинг асосий қисмини тўртта инвестиция жамғармаси сотиб олди, лекин Малкольм Глейзернинг олти нафар фарзанди сайлов ҳуқуқларининг 97 фоизини ўз қўлида сақлаган ҳолда барибир клубни тўлиқ назорат қилмоқда. Шу пайтгача Глейзерлар оиласи клубни сотиш ҳақидаги ҳар қандай таклифларни рад қилиб келган.
Глейзерлар бошқарган пайт давомида «Юнайтед» даромадлари рекорд даражагача ўсди, оила эса клуб ҳисобрақамидан миллиард доллардан ортиқ маблағ чиқариб олди ва шу тариқа мухлислар томонидан жуда кқаттиқ қаршиликка учради – «Ньютон-Хит» (клуб ташкил қилинган пайт шундай аталарди) сариқ-яшил футболкалари ва шарффларидан тортиб ҳозир 6-дивизионда қатнашаётган «Юнайтед оф Манчестер» ташкил қилингунга қадар бўлган қаршиликка дуч келди.
2005 йил Глейзерларга клубни сотиб олиш тахминан 790 млн фунтга тушган, ҳозир эса у тахминан 3 млрд доллар баҳоланади – Муҳаммад ибн Салмон ал Саудга «МЮ» сотиб олиш учун айнан шунча тўлаш таклиф қилинди. Ҳатто бу миқдордаги пул ҳам валиаҳд шаҳзодани хижолатга солмаса керак, чунки глобал футбол брендини харид қилишда у Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларига сиёсий ва молиявий қаршилик қилиш борасида жиддий баёнотни кўрмоқда.
Айнан «Юнайтед»га қизиқиш шу билан ҳам изоҳланадики, ушбу клуб Саудия Арабистони спорт вазирлигининг стратегик ҳамокрига айланиб бўлган. «МЮ» валиаҳд шаҳзода томонидан спортни ҳар томонлама ривожлантириш ва нефтга қарамликни пасайтириш учун ташкил қилинган «Saudi Vision 2030» дастури доирасида мамлакатда футболни оммалаштиршга имкон беради. Бундан ташқари, «Юнайтед» мана бир неча йилдан бери Saudi Telecom компанияси билан ҳамкорлик қилиб келади, клубнинг Форс кўрфазидаги мухлислар базаси эса тахминан 5 миллион киши атрофида баҳоланади.
Айтмоқчи, бу «МЮ» Саудия Арабистонидан инвестицияларга умид қилиши мумкин бўлган биринчи ҳолат эмас. 1987 йилларда инглиз газеталари бошқа бир арабистонлик шаҳзода, 15 яшар Абдулазизнинг ташрифи ҳақида ёзганди.
Музокаралар эҳтимоли ҳақида шу ҳам далолат берадики, охирги пайтларда Аврам Глейзер Саудия Арабистонида тез-тез меҳмон бўлмоқда, шу ой эса Муҳаммад ибн Салман Ал-Сауд ҳам иштирок этадиган, ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтадиган етакчи банкирлар ва инвесторлар бутунжаҳон конференциясига ташриф буюришни режалаштирган.
Валиаҳд шаҳзоданинг клубни харид қилишга тайёр эканлигига қарамай, Глейзерлар, афтидан, бу қадар фойда келтирадиган даромад манбасидан бирданига айрилиб қолишни истамаяпти. Экспертларнинг фикрига кўра, америкаликлар клубни бирданига сотиб юбормайди, балки бошланишига «Б» даражадаги акцияларнинг бир қисмини сотиб олишга имкон беради. Улар инвесторларга клубда катта улуш ва келгуси ҳаракатлар учун пойдевор тақдим этади, лекин ҳозирча Глейзерлар назоратни ўз қўлларида ушлаб туриш ниятида. Худди шу тарзда «Манчестер Сити» 2015 йил акцияларининг 13 фоизини хитойлик консорциумга сотганди.
Тўғри, бошқа манбаларнинг таъкидлашича, «МЮ» аввалгидек ҳеч кимга сотилмасдан қолади. Бундай вариант эҳтимоли ҳозирда, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасига кириб кетганиан сўнг ғойиб бўлган мухолиф журналист Жамол Хашукджи билан боғлиқ низо кучайган шароитларда айниқса юқоридир. Жамол Хашукджи бир нечта дўсти ҳибсга олингандан кейин АҚШга кетди, Саудия Хукуматини, шахсан бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири лавозимларини эгаллаган Муҳаммад ибн Салмон ал-Саудни мунтазам танқид қилди. Турк полицияси Саудия Арабистони хавфсизлик хизмати ходимлари журналистни қийнаб, кейин ўлдирган деб ҳисоблайди.
Агар инвестиция барибир амалга ошириладиган бўлса, бу валиаҳд шаҳзода оиласи аъзоларидан бири ёки тўлалигича қиролликка тегишли бўлган компания билан битим бўлиши мумкин. экспертларнинг фикрига кўра, давлат инвестиция фондидан таклиф эҳтимоли энг юқори ҳисобланади. Айтмоқчи, Saudi Telecom акцияларининг назорат пакети ҳам ушбу фондга тегишли.
Саудия Арабистони «Tesla» ва «Uber» каби глобал брендларга инвестиция киритган, WWE ва Formula E билан узоқ муддатли шартномалар имзолаган. «Юнайтед» эса янги чўққи бўлиши ва бутун дунёга жар солиш имконини бериши мумкин.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади