Савол:Динимиз рухсат берган жарроҳлик амалиётига тўхталиб ўтсангиз
Жавоб: Қуйидаги амалиётлар динимиз тарафидан изн берилган амалиётлар сирасига киради:
1.Даволаш мақсадидаги амалиётлар. Бунга беморнинг соғлигини сақлаб қолиш учун зудлик билан ўтказиладиган амалиётлар, бемор ҳаётининг нормаллашувига сабаб бўладиган амалиётлар, ўтказилмаса келажакда турли асоратлар келтириб чиқарувчи касалликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган амалиётлар киради. Баданга кирган ўқни олиб ташлаш, ёрилиб кетган ошқозонни даволаш, юрак нуқсонларини бартараф этиш, кўричак, бурунда пайдо бўлган гўштни олиб ташлаш каби амалиётлар ҳам мисол бўла олади. Бу ҳолатларнинг хавфлилик даражасига қараб шифокор беморга зудлик билан ёрдам бериши шарт, уни ёрдамсиз қолдириш қатъиййан ҳаромдир. Бемор ҳолатининг хавфлилик даражасига кўра, баъзи рухсат берилмаган ишларга (наркозлаш, авратни очиш) рухсат берилади. Бу ишлар динимиздаги "қийинчилик бор ерда енгиллик ҳам бор" қоидасига биноан қилинади. ("Қоваидул фиқҳ". Зарқо. 8-бет).
2.Аниқ ташхис қўйиш мақсадидаги амалиётлар. Агар касалликка ташхисни жарроҳлик амалиётисиз қўйиб бўлмаса, унда бундай амалиётга рухсат берилади. Масалан, қорин бўшлиғи аъзолари касалликлари амалиётида.
3.Туғиш жараёнидаги жарроҳлик амалиёти.
а)Онанинг ҳаёти, ҳомиланинг ҳаёти ёки ҳар иккисининг ҳам ҳаёти хавф остида қолганида. Бунга боланинг бачадондан ташқарида ривожланишини мисол қилиш мумкин;
б)ўлим хавфига етиб бормайдиган, лекин қаттиқ қийинчиликлар келтириб чиқарувчи ҳолатлар. Бунга тос суягининг торлиги, туғиш жараёнида иштирок этувчи мускуллардаги нуқсонлар туфайли ўтказиладиган амалиётлар киради;
в)ҳар икки ҳолатда ҳам шифокор ўз илми ва тажрибасидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши, бемор ва унинг яқинларининг ноўрин илтимос, босимларига ён бермаслиги талаб этилади. Акс ҳолда жавобгарлик унинг бўйнидадир.
4.Динимиз кўрсатмаси бўлган жарроҳлик амалиёти. Бунга динимизда тарғиб этилган ўғил болаларни хатна қилиш амалиёти киради.
5.Анатомик мақсаддардаги жаррохдик амалиёти. Бунга инсон аъзоларини мукаммал ўрганиш ва ўргатиш мақсадида ўликларни ёриш амалиёти киради. Бундай амалиётсиз етук мутахасислар етиштириш имконсизлигини ҳисобга олиб, уламолар рухсат беришган. Лекин бундай амалиётлар ҳам зарурат чегарасидан чиқмаган ҳолда ўтказилиши лозим.
Энди, судтибэкспертиза учун ўтказиладиган ёки эпидемия хавфини аниқлаш учун ўтказиладиган ёриш амалиётларига келсак, ҳар иккиси ҳам жоиз.
6.Зарурат учун қилинадиган пластик жарроҳлик амалиёти. Бундай амалиётнинг "зарурат учун" деб қайд этиб қўйилгани бежиз эмас, чунки бундай амалиётнинг ҳеч қандай заруратсиз, ҳавойи нафс хоҳиши билан ўтказиладиган тури ҳам бор. Зарурат учун қилинадиган пластик жарроҳлик амалиёти инсон жисмидаги нуқсонларни, мажруҳликни бартараф этиш учун ўтказилади. Чунки бундай нуқсонлар кишига ҳам жисмоний, ҳам маънавий зарар келтириб, бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқаради. Амалиётнинг бу турига куйиш натижасида қилинадиган туғма нуқсонлар сабабли ўтказиладиган (бармоқларнинг қўшилиб кетиши, очиқ бўлиши лозим бўлган тешикларнинг берклиги ҳолатлари ва ҳоказо) амалиётларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Акмал Аваз
Ҳидоят журнали